"Жуда, жуда заҳарли": Ғазо вайроналаридаги асбест хавфи

rasmlar
    • Author, Том Беннет
    • Role, BBC News
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Исроилнинг Ғазодаги вайронкор ҳарбий кампанияси кўзга кўринмас қотилни озод қилди: асбест.

Бир пайтлар қурилиш материалларида кенг қўлланган бу минерал бузилганда ўпкага ёпишиб қоладиган ва ўнлаб йиллар давомида саратон касаллигини келтириб чиқарадиган заҳарли толаларни ҳавога чиқаради.

Ҳозирги кунда дунёнинг кўп давлатларида ундан фойдаланиш тақиқланган, аммо у ҳали ҳам кўплаб эски биноларда бор.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастури (UNEP) маълумотларига кўра, Ғазода асбест асосан 1948-49 йиллардаги араб-исроил уруши пайтида қочган ёки ўз уйларидан ҳайдалган фаластинликлар учун қурилган саккизта қочқинлар лагерларидаги томларда учрайди.

2024 йил октябрь ойида UNEP Ғазо бўйлаб 2,3 миллион тоннагача вайроналар асбест билан ифлосланиши мумкинлигини тахмин қилган эди.

"Ғазо вайроналари жуда заҳарли муҳит," дейди Лондондаги Месотелиома тадқиқотлари миллий маркази директори, профессор Билл Куксон. "Одамлар нафақат ўткир, балки узоқ муддатли азоб-уқубатларни ҳам бошдан кечиришади, бу болаларнинг бутун келажагига таъсир қилиши мумкин."

"Ҳозир йўқотилган умрлар бу билан тугамайди. Асоратлар давом этади," дейди Буюк Британиянинг "Месотелиома" ташкилоти бош директори Лиз Дарлисон.

Асбест ҳаво зарбасига ўхшаш нарса билан бузилганда, унинг кўзга кўринмас толалари яқин атрофдаги одамлар ўпкасига тушади ва унинг шиллиқ қаватига ўтиши мумкин.

Кўп йиллар давомида – одатда ўнлаб йиллар ўтиб – улар чандиқлар ҳосил қилиши мумкин, бу эса асбестоз деб аталадиган жиддий ўпка касаллигига ёки баъзи ҳолларда месотелиома деб аталадиган ўпка саратонининг тажовузкор шаклига сабаб бўлади.

Getty Images
G‘azo vayronalari juda zaharli muhit. Odamlar nafaqat o‘tkir, balki uzoq muddatli azob-uqubatlarni ham boshdan kechirishadi, bu bolalarning butun kelajagiga ta’sir qilishi mumkin.
Professor Bill Kukson
London Mesotelioma tadqiqotlari milliy markazi direktori (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Месотелиома – бу даҳшатли, даволаб бўлмайдиган касаллик," дейди профессор Куксон.

"Энг ташвишли томони шундаки, – деб қўшимча қилади у, – бу дозага боғлиқ эмас. Ҳатто асбест толасини оз миқдорда нафас олиниши ҳам кейинчалик месотелиомага олиб келиши мумкин.

У плевра бўшлиғида ўсади. Бу жуда оғриқли. Ҳар доим кеч аниқланади ва деярли барча даволаш усуллари кор қилмайди."

Одатда, месотелиома билан касалланганлар буни таъсирдан 20-60 йил ўтгач бошдан кечиришади, яъни бутун ҳудуд бўйлаб мумкин бўлган таъсир сезилгунга қадар ўнлаб йиллар ўтади. Юқори даражадаги таъсир ёки узоқ муддатли таъсир касаллик ривожланишини тезлаштиради деб ҳисобланади.

UNEP томонидан чангдан нафас олиш бўйича тадқиқотлари келтирилган доктор Раян Хойнинг айтишича, асбест толаларидан нафас олмаслик жуда қийин, чунки улар "ҳавода сузиб юрадиган жуда майда заррачалар бўлиб, ўпкага жуда чуқур кириб бориши мумкин."

Унинг айтишича, улардан сақланиш янада қийинроқ, чунки Ғазода "аҳоли зич жойлашган." Ҳудудда тахминан 2,1 миллион киши истиқомат қилади ва майдони 365 кв км – Лондоннинг тўртдан бир қисмига тенг.

У ердаги мутахассислар айтишича, одамлар Исроилнинг ҳарбий ҳужуми бевосита хавф туғдираётгани сабабли асбест ёки чангдан нафас олиш хавфини бошқара олмаяпти.

"Ҳозирги вақтда [чангдан нафас олишни] аҳоли хавотирли нарса сифатида қабул қилмаяпти. Уларда ҳатто ейишга ҳеч вақо йўқ ва улар бомбалардан ҳалок бўлишдан кўпроқ қўрқишмоқда," дейди "Чегара билмас шифокорлар" нодавлат ташкилотининг Ғазодаги тиббий координатори Чиара Лоди.

"Асбестнинг хавфи ҳақида хабардорликнинг йўқлиги, [Ғазодаги одамлар] ўз ҳаётларини тиклашга уринишда дуч келаётган қийинчиликлар улар ўзларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўра олмаслигини англатади," дейди Ғазодаги Médecins Sans Frontières ноҳукумат ташкилоти вакили.

Кўпчилик "чанг ва чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан тўлиқ хабардор эмас," дея қўшимча қилди у.

Ғазодаги олдинги можарадан сўнг, 2009 йилда БМТ томонидан ҳудудни ўрганиш натижасида эски бинолар, омборлар, вақтинчалик бинолар, томлар ва чорва моллари қамалган жойлар деворлари қолдиқларида асбест топилган.

Асбестнинг бир нечта турлари мавжуд бўлиб, улар энг кам хавфли бўлган "оқ асбест"дан тортиб, энг кўп хавфли "кўк" ёки крокидолитгача. Юқори канцероген крокидолит асбестни БМТ аввалроқ Ғазода топган эди.

Дунё бўйича 68 га яқин мамлакатда асбестдан фойдаланиш тақиқланган, аммо баъзилари махсус фойдаланиш учун истисноларни сақлаб қолмоқда. У 1999 йилда Буюк Британияда, 2011 йилда эса Исроил биноларида қўлланилиши тақиқланган.

Месотелиома билан бир қаторда, асбест ўпка, ҳиқилдоқ ва тухумдон саратонининг бошқа шаклларини келтириб чиқариши мумкин.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Бундан ташқари, камроқ маълум бўлган хавф силикоз бўлиб, бу одатда кўп йиллар давомида силикат чангидан нафас олиш натижасида келиб чиқадиган ўпка касаллигидир. Бетон таркибида одатда 20-60% кремнезем бўлади.

Доктор Хойнинг айтишича, Ғазодаги ҳаддан ташқари кўп чанг "нафас йўллари инфекциялари, юқори ва пастки нафас йўллари инфекциялари, пневмония, астма каби олдиндан мавжуд ўпка касаллигини кучайтириши," шунингдек, "чангнинг ўткир таъсирида кучайиши мумкин бўлган эмфизема ва сурункали обструктив ўпка касаллигига" олиб келиши мумкин.

Йиллар давомида Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказига қилинган 11 сентябрь ҳужумларида кўтарилган катта заҳарли чанг булутининг тинч аҳолига таъсирини ўрганиш соғлиқни сақлаш мутахассислари учун амалий тадқиқотга айланган.

"Эгизак миноралар уруш зонасида жойлашмаган эди, – дейди Дарлисон хоним, – шунинг учун бу ҳодисани ўлчаш ва миқдорий баҳолаш бизга нисбатан осонроқ бўлганди."

2023 йил декабрь ҳолатига кўра, АҚШ ҳукуматининг Жаҳон савдо маркази соғлиқни сақлаш дастурида рўйхатга олинганларнинг 5249 нафари аэродигестив касалликлар ёки саратон оқибатида вафот этган – бу ҳужумнинг ўзида ҳалок бўлган 2296 кишидан анча юқори кўрсаткичдир. Шу даврда жами 34 113 кишида саратон касаллиги аниқланган.

Шу каби асбест тошлари қазиб олиниб, кейин том ёпиш учун таркибида асбест бор  қурилиш материалларига айлантирилади.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Шу каби асбест тошлари қазиб олиниб, кейин том ёпиш учун таркибида асбест бор қурилиш материалларига айлантирилади.
БМТга кўра, Ғазодаги қочқинлар жамлоқларининг кўпида асбестли шиферлар мавжуд.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, БМТга кўра, Ғазодаги қочқинлар жамлоқларининг кўпида асбестли шиферлар мавжуд.

АҚШ ва бир гуруҳ араб давлатлари Ғазони қайта тиклаш бўйича ўзаро рақобатдош режаларни таклиф қилди. БМТ асбест билан ифлосланган вайроналарнинг улкан миқдорини қўзғамаслик учун жараённи эҳтиёткорлик билан бошқариш кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

"Афсуски, – дейди Дарлисон хоним, – асбестдан кўп фойдаланишимизга сабаб бўлган хусусиятлар ундан халос бўлишни ҳам қийинлаштиради."

UNEP вакилининг Би-би-сига айтишича, чиқиндиларни олиб ташлаш жараёни "асбестнинг бузилиши ва ҳавога хавфли толалар чиқиши эҳтимолини оширади."

UNEP баҳолашига кўра, барча чиқиндиларни тозалаш 21 йил давом этиши ва 1,2 миллиард долларгача маблағ талаб қилиши мумкин.

Исроил ҳарбийлари 2023 йил октябрь ойида ҲАМАСнинг Исроилга қилган ҳужумига жавобан Ғазога ҳужум бошлади. Ўша ҳужум натижасида 1200 га яқин одам, асосан тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 251 киши гаровга олинганди.

Ғазонинг ҲАМАС томонидан бошқариладиган Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, Исроилнинг ҳужуми Ғазода 53 мингдан ортиқ фаластинликни, асосан аёллар ва болаларни ўлдирган.

Исроил мудофаа кучлари Би-би-сининг изоҳ сўровига жавоб бермади.