Тошкентда гапирган Эрон расмийси "душманлар"ни қаттиқ огоҳлантирди, Мирзиёев парадга бормоқда ва Россия-Тожикистон кимга қарши курашмоқчи? – дайжест
Куннинг энг муҳим ва долзарб хабарларини дайжестимизда ўқинг.

Сурат манбаси, IPU
Эрон парламенти спикерининг биринчи ўринбосари Ҳамид Реза Ҳожи-Бобой 8 апрель куни Тошкентда ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей саммитида чиқиш қилган.
Ҳожи-Бобой ўз нутқидан Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини қоралаш, Эроннинг душманлари огоҳлантириш йўлида фойдаланган.
Эронлик мулозим Исроилни Ғазода "ақл бовар қилмас геноцид"га қўл уришда айблаган, Тел-Авив ҳаракатларини "инсоният тарихидаги энг йирик доғ" дея атаган.
У, шунингдек, Исроил-Фаластин можаросини ҳал этиш йўлида таклиф этилган икки давлатчилик ечимини рад этган.
Ҳожи-Бобой бундай ечим "террорчи режимни легитимлаштириш"га тенг эканини даъво қилиб, бунинг ўрнига пойтахти Қуддус бўладиган мустақил давлат ташкил этиш учун "барча фаластинликлар учун референдум" ўтказишни талаб этган.
Бундан ташқари Эрон расмийси Доналд Трамп 30 март куни Эронни бомбардимон қилиш билан таҳдид этганини эсга олиб, АҚШ президентини халқаро ҳуқуқни поймол этишда айблаган ва миллий парламентларни "сукунатни бузиш"га чақирган.
Islomiy Respublika mintaqaviy tinchlikni taʼminlash ahdida qatʼiy… ammo biz har qanday avantyurizm jiddiy oqibatlarga olib kelishidan ogohlantiramiz.
"Исломий Республика минтақавий тинчликни таъминлаш аҳдида қатъий… аммо биз ҳар қандай авантюризм жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирамиз", таъкидлаган Ҳожи-Бобой.
Март ойи охирида президент Трамп агар расмий Теҳрон ўзининг ядровий дастури бўйича муроса қилмаса, Эронни бомбалаш билан таҳдид этганди.
Ҳожи-Бобой Тошкентда нафақат Эрон душманларини огоҳлантирувчи нутқ ирод қилган, балки АҚШ билан совуқ муносабатлардаги яна бир давлат – Венесуэла Миллий Ассамблеяси иккинчи вице-президенти билан учрашган ҳам.
Эрон матбуоти Тошкентда ўтган учрашувни батафсил ёритган – ундан Ҳожи-Бобой расмий Теҳронни аксил-ғарб ҳаракатидаги муҳим етакчи ўлароқ тасвирлагани кўринади.
"Бизнинг умумий шарафимиз Америка томонидан санкцияга учрамоқда", дея Ҳожи-Бобойдан иқтибос келтирган ISNA нашри.
Мирзиёев парадга боради

Сурат манбаси, President's press service
Президент Шавкат Мирзиёев 9 май куни Москвада Икки жаҳон урушидаги ғалаба муносабати билан ўтказиладиган парадда иштирок этиш учун Россияга боради.
Нуфузли Газета.уз президент матбуот котиби Шерзод Асадов бу маълумотни нашрга тасдиқлагани ҳақида ёзмоқда.
"Бу масала Ўзбекистон етакчисининг Россия Федерал мажлиси федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашувида кўриб чиқилган", дея Асадовдан иқтибос келтирган Газета.уз.
Россия матбуоти Матвиенконинг Ўзбекистон раҳбарининг параддаги иштирокига оид видео-жавобини тарқатган.
Shavkat Miromonovichga Moskvadagi Gʻalaba Paradida qatnashasizmi, deb savol berdim. U albatta, oʻsha kuni hamma bilan Moskvada boʻlaman, deb javob berdi.
"Шавкат Миромоновичга Москвадаги Ғалаба Парадида қатнашасизми, деб савол бердим. У албатта, ўша куни ҳамма билан Москвада бўламан, деб жавоб берди", дейди россиялик мулозим ушбу видеода.
Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг юбилей саммитида иштирок этиш учун Тошкентга келган Матвиенко билан 7 апрель куни кўришган эди.
Президент матбуот хизмати ушбу учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилганини маълум қилган.
Жорий йилда Россия советларнинг Нацист Германия устидан қозонган ғалабасининг 80 йиллигини нишонламоқда.
Очиқ маълумотларга кўра, шу вақтга қадар, камида, 12 нафар давлат раҳбарининг иштироки тасдиқланган.
Улар орасида Хитой раҳбари Си Жингпинг, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳамда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари бор.
Аксил-террор ўқув

Сурат манбаси, Screenshot/MoD of Russia
Россия ва Тожикистон Хатлон вилоятида қўшма аксил-террор ўқув машғулотлари бошлади.
Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар бермоқда.
"Машғулотлар давомида икки давлат ҳарбий контингентлари террорчи қуролли гуруҳларни яксон қилиш бўйича Қуролли Кучларни қўллашни ташкил этиш, шунингдек, тоғли шароитда топшириқларни бажаришга тайёргарлик кўришни машқ қилишади. Машғулотнинг асосий босқичи ноқонуний қуролли тузилмаларни йўқ қилиш бўйича қўшма амалиётни олиб бориш ва давлат чегарасини қўриқлаш ҳамда чегарани бузиб ўтган қуролли гуруҳларни йўқ қилиш жараёнида бўлинмаларни бошқаришдан иборат бўлади", маълум қилган Россия томони.
Ўқув машғулотлари 11 апрелга қадар давом этиши айтилмоқда.





























