Россия бош вазири Қирғизистондаги "ҳалол" рус компанияларига "юқори доиралардан" босим ўтказилаётганидан шикоят қилди. Қирғиз томони ҳолатга "сиёсий бўёқ" берилганини айтмоқда

Сурат манбаси, Government.ru
Россия Бош вазири Михаил Мишустин Қирғизистон ҳукуматини мамлакатда фаолият юритаётган рус компанияларга нисбатан маъмурий босим ва "асоссиз даъволар"ни тўхтатишга чақирган. Қирғиз томони "хўжалик масалаларига сиёсий бўёқ бериб юборилгани"ни билдирган.
Қирғизистон Бош вазири Адилбек Қосималиев билан учрашув чоғида сўз олган Мишустин мамлакатнинг юқори мартабали мансабдорлари Қирғизистонда фаолият юритаётган россиялик бизнеслар, инвесторларга нисбатан босим қилаётгани ҳамда бу ҳолат Россия томонини "ташвишга солаётгани"ни тилга олган.
31 январь куни Қозоғистонда ўтган Евроосия иқтисодий иттифоқи ҳукуматлараро кенгаши йиғини чоғида учрашган икки Бош вазир мулоқоти видеосини Россия ҳукумати ўзининг Telegramдаги каналида эълон қилган.
"Бизни жиддий хавотирга солаётган бир қатор масалалар мавжуд. Булар – Қирғизистон давлат органларининг юқори лавозимли вакиллари томонидан Қирғизистон иқтисодиётини ривожлантираётган, янги иш ўринлари яратаётган ва энг йирик солиқ тўловчилар қаторига кирадиган ҳалол, ишончли россиялик компанияларга нисбатан илгари сурилаётган асоссиз даъволар ҳамда ҳуқуққа зид баёнотлардир", деган Мишустин.
У видео давомида "ноқонуний, баъзан ҳатто товламачиликка тенг ҳаракатлар аниқ далиллари билан" Россия Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик нотаси орқали қирғиз томонига етказилганини билдирган.
Россия Бош вазири Қирғизистон раҳбариятини маъмурий босимни тўхтатишга ва россиялик инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга чақирган.
У шунингдек, бу каби босимнинг давом этиши икки томонлама иқтисодий алоқаларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини эслатиб ўтган.

Сурат манбаси, Government.ru
На Мишустиннинг бу сўзлари, на Адилбек Қосималиевнинг унинг ундовига нисбатан муносабати Қирғизистон ҳукуматининг учрашув борасидаги расмий хабарида тилга олинмаган.
Аммо Россия ҳукуматининг Telegramдаги расмий каналида тарқатилган видеода Қосималиев Мишустинга масала ечими бўйича шахсан маълумот беришга ваъда қилаётгани эшитилади.
"Биз Россия компаниялари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласини аллақачон муҳокама қилдик, ва келишувимизга кўра, мен Бишкекка қайтгач, бу масалани батафсил кўриб чиқиб, сизга маълумот бераман", деган Қирғизистон Бош вазири россиялик ҳамкасбига.
Ҳозирча, икки ҳукумат раҳбари ўртасида бўлган бу мулоқотда россиялик айнан қайси компаниялар ёки инвесторлар тилга олингани маълум эмас.
Эслатма ўрнида, ўтган йил ноябрида Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси Яндекс.Такси офисида тинтув ўтказган ва бу ҳаракат ўта йирик миқдордаги солиқлар тўлашдан бош товлашга оид иш доирасида бўлгани маълум қилинганди.
Ўз навбатида, Яндекс.Такси солиқдан бош товлаш айбловларини рад этган ва Қирғизистон қонунчилигига тўлиқ амал қилган ҳолда фаолият юритаётганини таъкидлаган.
"Хўжалик масаласи"
Қирғиз томонидан вазиятга муносабат билдирган Давлат солиқ хизмати раҳбари Алмамбет Шикмаматов Россия ҳукумати раиси асоссиз даъволар илгари сураётганини тилга олган.
"Давлат раҳбарияти ҳақида сўз юритар экан, жаноб Мишустин аниқ бўлмаган ифода ишлатди, 'товламачиликʼ сўзи эса жуда бўрттирилган. Айтиш мумкинки, хўжалик масалаларига сиёсий тус берилди. Бўлиши мумкин, бу Михаил Мишустиннинг объектив маълумотга эга эмаслиги билан боғлиқдир. Мамлакат раҳбарияти аксинча, кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиб, барча соҳаларда коррупцион схемаларни тугатиш ва шаффофликни таъминлаш бўйича жиддий чора-тадбирлар кўрмоқда", деган қирғизистонлик мулозим.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда солиқ сиёсати такомиллаштирилмоқда ва жараёнда ҳаммага тенг талаблар қўйилади.
"Фискал сиёсатни такомиллаштириш ҳисобига солиқ йиғимлари йилдан йилга ошиб бормоқда. 2020 йилда 62 миллиард 958 миллион сом ундирган бўлсак, 2023 йилда бу кўрсаткич 296 миллиард, 2024 йилда эса 342 миллиард сомга етди. Бизда ъбу компания фалончининг компаниясиʼ, 'бу кимнингдир танишиʼ деган тушунча йўқ. Солиқ тўловчиларни ўзимизникига ёки йирик давлатдан ёки кичик давлатдан келганига қараб ажратмаймиз. Барча учун қонунда белгиланган солиқ меъёрлари тенг амал қилади ва ҳамма уларга риоя қилади. Қонун ҳаммага баробар, солиқ тўлаш — муқаддас бурч. Ким атайлаб солиқдан бўйин товлашга ҳаракат қилса, тегишли органлар миллий қонунчилик доирасида чора кўради. Россияда ҳам бу тамойиллар бузилмаслигича қолган. Россиядаги энг муваффақиятли солиқ ислоҳотларидан бирининг "отаси" сифатида танилган Михаил Владимирович ҳам буни жуда яхши тушунишига аминман", дея қўшимча қилган Шикмаматов.






























