Сиз ушбу сайтнинг камроқ интернет сарфлайдиган, фақат матндан иборат версиясини кўрмоқдасиз. Барча суратлар ва видеоларни ўз ичига олган сайтнинг асосий версиясини кўринг.
Қозоғистон Африка каби бўлишга интилмоқдами, Ўзбекистон-чи?
Қозоғистон Африка даражасига етмоқчими, деган савол бироз ғалати туюлиши мумкин. Аммо бир жабҳада қозоқларнинг ҳаракати худди шуни кўрсатади.
Африка ва Жанубий Америка ёввойи табиат энг яхши сақланган, хусусан, ҳайвонот дунёси ўта бой қитъалар саналади.
Қозоқлар эса кейинги йиллари нафақат сайғоқлар ё лочинларни кўпайтиришмоқда, балки ўз ҳудудларида илгари яшаб, ўтган асрда йўқолиб кетган ёввойи отлар ҳамда ҳатто йўлбарсларни ҳам табиатга қайтаришмоқчи.
Бу йўлда аллақачон амалий чоралар ҳам кўрилаётир.
Қадимий отлар
Яқинда ёввойи табиатда йўқолиб кетгани айтиладиган иккита от 5000 километр узоқдаги ҳайвонот боғидан Қозоғистонга келтирилди.
Шара ва Тогс исмли бу икки Пржевалский оти Буюк Британиядаги Марвел ҳайвонот боғида ўсиб улғайган.
Уларнинг эндиликда Қозоғистон ёввойи табиатида ўз наслини давом эттиришига умид қилинмоқда.
Европа ҳайвонот боғлари ҳозир ёввойи табиатда йўқолган жонзодларни қайта урчишини истаб, бу йўлда саъй-ҳаракатлар олиб боришмоқда.
Бир пайтлар Осиё даштлари ҳамда кенгликларида яшаган бу отлар, ёввойи табиатда охирги марта 1960 йиллари кузатилган.
Ўшандан бери фақат бир неча ўн нафари тутқунликда, яъни ҳайвонот боғларида қолганди, холос.
Пржевалский отлари йўқолиб кетиш хавфи остида бўлиб, 2014 йили уларнинг жами сони атиги 178 та эди.
Отлар узоқ йиллар Марвел ҳайвонот боғида ўрганилган.
"Бу ажойиб отларни ёввойи табиатга қайтаришга ҳисса қўшганимиздан жуда ҳам фахрланамиз" - дейди Британиядаги Марвел ҳайвонот боғи мутахассиси Иан Гудвин.
"Ҳайвонот боғи 1972 йили очилганда келтирилган илк жониворлардан бири бу отлар эди ва биз уларни ярим асрдан кўпроқ ўргандик".
End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:
Қозоғистон охирги йиллари сайғоқлар сонини кўпайтиришга муваффақ бўлди. Ва бу сайғоқлар бугун Ўзбекистон ҳудудларига ҳам ўтишади.
Лочинларни кўпайтириш йўлида ҳам самарали ишлар олиб борилган.
Ҳатто минтақа ёввойи табиатида йўқолиб кетган ва яқин-яқинда ҳам Ўзбек ёки Қозоқ халқ оғзаки ижодида ўрин тутган йўлбарсларни ёввойи табиатга қайтариш учун қадамлар қўйилмоқда.
Минтақада қор қоплони, оқ тирноқли айиқ, тоғ архари ҳамда тоғ ва саҳро ҳудудларида яшовчи оҳулар каби ноёб ҳайвонлар сақланиб қолган.
Йўқотилган дунё
Аммо 20-асрда бу ҳайвонлар ёки йўқолиб, ёки ўта камайиб кетди.
Нафақат аҳоли масканлари кенгайиши, балки Орол денгизи қуриши, жониворлар яшайдиган ва ов қиладиган ҳудудларнинг пахтазорларга айлантирилиши ҳамда табиат шароитларининг ўзгариши ҳам бунга сабаб бўлгани эҳтимоли катта.
Иқлим исиши эса ёввойи табиатга, хусусан, жонзодларга янада кучлироқ тарзда салбий таъсир қилиши хавотирларини уйғотмай қолмайди..
Чунки об-ҳаво жадал ўзгариб борса, ҳайвонлар ҳам, улар истеъмол қиладиган ўсимликлар ҳам янги иқлим шароитларига мослашишга улгурмай қолиши эҳтимоли йўқ эмас.
Масалан, Шимолий-Шарқий Африка ҳамда Яқин Шарқда об-ҳаво исиши ортидан ҳатто жазирамага чидамли жонивор саналмиш туялар ҳам иссиққа дош беролмай қолмоқда.
Африканинг айрим давлатларида эса қорамол, қўй-эчки янгича иссиқ шароитга мослаша олмаётгани боис, чорвадорлар кўпроқ туя боқишга ўтаётганди.
Ёввойи ҳайвонлар яшаб қолиши, асосан, табиатдаги шарт-шароитга боғлиқ бўлади.
Кимсасиз кенг чўллари ёки баланд тоғлари боис Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонда ёввойи ҳайвонлар ҳанўз тез-тез учрайди.
Дейлик, Бишкек шаҳрида ҳалигача ёввойи қизил олмахонни учратиш мумкин.
Аммо аҳолиси зич, улкан ёввойи ҳудудлари пахтазорларга айлантирилган ва Орол денгизи қуришидан ҳудудининг (фоиз ҳисобида) салмоқли қисмлари азият чеккан Ўзбекистонда аҳвол бошқача.
Ўтган аср ўрталарида ҳам Ўзбекистоннинг кичик шаҳарларида чиябўри, бўри, тулки, тошбақа ёки ёввойи ўрдакларни учратиш мумкин бўлган.
Бугун айни ҳайвонларни нафақат шаҳарлар, ҳатто қишлоқларда ҳам кўришингиз даргумон.
Муҳофаза қилинадиган жониворлар, асосан, қўриқхоналарда қолган.
Қайта "тирилаётган" жонзодлар
Худди шундай вазиятда, Қозоғистон табиатни қайта тиклашга интилмоқда.
Ўтган йиллари Қозоғистонда юз минглаб сайғоқлар ўлганди, бироқ уларнинг сонини кўпайтириш имкони бўлди.
Булар орасида энг йирик лойиҳалардан бири - ёввойи йўлбарсларни Қозоғистонда қайта "тирилтириш" саъй-ҳаракатлари.
Марказий Осиёда қадимдан Каспий йўлбарслари яшаган.
Қозоғистон уларга энг яқин бўлган Амур йўлбарсларини табиатга қайтармоқчи.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳам ёввоийи табиатни асрашга эътибор қарата бошлади.
Хусусан, сайғоқларни асраш ва кўпайтириш йўлида ўзбеклар ҳам қозоқ қўшнилари билан бирга иш олиб боришмоқда. Бу оҳулар тарихан Ўзбекистон ҳудудларида ҳам яшаган.
Қозоғистон кенг далаларини Африка саванналари каби турли ёввойи жониворларга бой табиатга айлантира оладими? Ўзбекистоннинг бу борадаги ҳаракатлари қанчалик самара бера олади?
Бу саволларнинг жавоблари биргина бу давлатлар бошлаган лойиҳаларга боғлиқ бўлмаслиги мумкин.
Иқлим ўзгариши аллақачон сезилаётган, Орол денгизи қуриши асоратлари билан курашишга маҳкум бўлган минтақа учун қадимий ёввойи табиатни тиклаш осон кечмаслиги ҳам аниқ.
Бу учун режали мақсад, кўп маблағ, кучли истак-ирода, узоқ вақт ва жамиятда қўллов ҳам зарур.