Бомбаланган автобусдан одамларни қутқарган бола: "Улар ҳатто қичқира ҳам олишмасди"
Россиянинг Украинада 35 кишининг ўлимига ва 117 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган катта ҳужумидан бир кун ўтиб, Доналд Трамп Россия билан урушни бошлаганликда Володимир Зеленскийни айблади.
Президент Зеленский ва унинг бош қўмондони Шарқий эса Украинанинг айрим ҳудудларида, жумладан Суми вилоятида Россиянинг янги ҳужуми бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Якшанба куни Украина шаҳри Сумига иккита Россия ракетаси урилганида, 13 ёшли Кирило Иляшенко онаси билан автобусда эди.
У маҳаллий оммавий ахборот воситаларига берган видеоинтервюсида "нимадир ҳуштак чалиб тушаётганини", кейин эса қичқириқлар ва синаётган ойналар овозини эшитганини айтди.
Шокда қолган, лекин ёнаётган ҳидни сезган Кирило, автобуснинг эшиги қулфланганини англади, шунинг учун у деразадан чиқиб, ташқаридан эшикни очишга муваффақ бўлди ва шок ҳолатида бўлган йўловчиларнинг чиқиб кетишларига ёрдам берди.
"Овозлари зўрға чиқар эди, чунки улар шокда эдилар", деди у. "Юзи қонга бўялган онамни кўрдим. Ва онам учун жуда қўрқдим."
Украина расмийлари икки зарба оқибатида камида 35 киши ҳалок бўлганини, зарбалар Пальма якшанбаси христиан байрамини нишонлаш учун кўчага чиққан одамлар орасида бир неча дақиқа фарқ билан содир бўлганини айтишди.

Сурат манбаси, Reuters
Кирилонинг саъй-ҳаракатларига қарамай, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги, шу жумладан ҳайдовчи ҳам "Электроавтотранс" транспорт компаниясига тегишли автобусда вафот этишди.
Шаҳар ҳокимининг вазифасини бажарувчи Артем Кобзарнинг сўзларига кўра, Кирило касалхонага олиб кетилган, у ерда шифокорлар унинг бошидан бир бўлак осколкани олиб ташлашган, аммо яна иккитасини эса қолиб кетган.
Бу ҳужум Россия 2022 йилда Украинага тўлиқ миқёсли босқинини бошлаганидан бери шимолий-шарқий шаҳарга қилинган энг қонли зарба бўлди.
Шаҳар аҳолиси қаттиқ шокда қолишган. Ҳалок бўлганларнинг исмлари маълум бўла бошлади. Улар орасида рассом, юристлар, тиббиёт талабалари, мусиқачи ва мактаб ўқитувчиси бор. Ҳалок бўлганлардан бири - Суми миллий театри оркестрининг орган созандаси Олена Коҳут.
Театр ходимлари уни ўта меҳрибон инсон, ҳақиқий профессионал сифатида йодга олишларини ва унинг мусиқасини, табассумини, меҳрибонлигини ҳеч қачон унутмасликларини айтишди.
Суми 2-сонли ўрта мактаби ўқитувчиларидан бири Марйна Чудесани йўқотди.
Хабарда айтилишича, у ва онаси биринчи ракета зарбасидан кейин бошқаларга ёрдам беришга шошилишган, аммо ўзлари ҳам иккинчи зарбага тутилишган.
Яна бир мактаб, Староситский лицейи 6-синф ўқувчиси Максйм Мартйненко ва унинг ота-онаси Наталя ва Мйколанинг ўлими ҳақида хабар берди, улар черковга кетишган, аммо қайтиб келишмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Энг кўп зарар кўрган ҳудуд Суми давлат университети ва унинг конгресс маркази бўлиб, у болалар ва ёшлар учун йиғилишлар ва машғулотлар, шунингдек, маданий ва бизнес тадбирлари учун ишлатилиб келинган.
Ҳужумдан олдин болалар учун "Малика ва чўпон" эртаги асосида саҳна кўриниши тайёрланган эди.
Биринчи ракета бинонинг томидан тешиб ўтган. Фотосуратларда унинг поли вайроналар билан қопланганини кўриш мумкин.
Якшанба куни Россия билан чегарага яқин бўлган шаҳарга қилинган қўшалоқ ҳужум халқаро миқёсда кенг қораланди. Украина президенти Володимир Зеленский "фақатгина бутунлай ақли расо бўлмаган тубанлар бундай ишни қила олади", деди.
Россия Мудофаа вазирлиги душанба куни ракеталар Сумидаги Украина ҳарбий офицерларининг йиғилишига қаратилганини айтиб, тинч аҳолини нишонга олганини рад этди.

Сурат манбаси, Getty Images
Об-ҳавонинг илиқ бўлишига қарамай, шаҳарликлар ҳужумнинг зарбасидан сўнг ташқарига чиқишга қўрқишмоқда, деб хабар берди маҳаллий аҳоли вакили Олексий Сахно BBC Украина хизматига.
У урушдан зарар кўрган маҳаллий аҳолига ёрдам берадиган ташкилот раҳбари. Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, шаҳарда 50 та уй зарар кўрган. Жаноб Сахнонинг айтишича, у одамларга компенсация олишга ёрдам бериш билан банд.
Президент Зеленский ва унинг бош қўмондони Шарқий Украинанинг айрим ҳудудларида, жумладан Суми вилоятида Россиянинг янги ҳужуми бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Маҳаллий аҳоли ҳозир ижтимоий тармоқларда шаҳарни тарк этиш вақти келдими ёки йўқми деган масалани муҳокама қилмоқда. Янгиликлардаги хабарларга кўра, аҳоли чегарадаги қишлоқлардан аллақачон эвакуация қилинмоқда.
Жаноб Сахнонинг айтишича, Сумида қолган одамлар кетишга тўғри келиб қолиши мумкинлиги учун сўнгги уч йилдан бери тугунларини тайёрлаб қўйишган.
"Кайфият айнан ваҳимали эмас, лекин одамлар ўз имкониятларини кўриб чиқишмоқда", деди у.






























