Лос Анжелес намойишлари: Трамп ва губернатор бир-бирини аямади, намойишда ўзбекистонликлар ҳам борми?

namoyish

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Кристал Ҳаес
    • Role, BBC News
    • Author, Люси Кларк-Биллингс
    • Role, BBC News
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Президент Доналд Трамп денгиз пиёдалари ва 2 000 Миллий Гвардия аскарини Лос Анжелесга юборишни буюрди.

Шу билан бирга миграция ҳибсга олишларига қарши норозилик билдираётганларга мисли кўрилмаган тарзда "зарба бериш"га ваъда берди.

Трампнинг 700 нафар профессионал ҳарбий хизматчилар ва минглаб Миллий Гвардия аскарларини жойлаштириш ҳақидаги ғайриоддий қарори - миграция бўйича кўплаб ҳибсга олишлар натижасида бошланган кўча норозиликларининг тўртинчи кунида амалга ошди.

Лос Анжелес чет элда туғилган ва лотин америкаси аҳолисига эга бўлган шаҳар.

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом бу қарорни қоралаб, Х тармоғида шундай деб ёзди: "АҚШ денгиз пиёдалари диктатор президентнинг ақлдан озган фантазиясини амалга ошириш учун Америка тупроғида ўз ватандошлари қаршисига қўйилмаслиги керак. Бу Америка учун хос эмас".

Трамп ва Ньюсом ўртасидаги даҳанаки жанг

Reuters
Hozirda mazkur namoyishlarda O‘zbekiston Respublikasi fuqarolarining ishtirok etgani to‘g‘risida hech qanday rasmiy tasdiqlangan ma’lumot kelib tushmadi.
O'zbekiston TIV
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Кун давомида Президент Трамп ва Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги акканутлари орқали ўзаро зарбалар алмашишди.

Мана, уларнинг бир-бирига айтганлари:

Трамп Ньюсомни "қобилиятсиз" деб атади.

Трамп Truth Social саҳифасида усиз Лос Анжелес "йўқ бўлиб кетишини" айтди.

"Ўта лаёқатсиз 'губернатор' Гэвин Нюсом ва 'мэр' Карен Басс, шундай дейишлари керак эди: 'РАҲМАТ, ПРEЗИДEНТ ТРАМП, СИЗ ЖУДАЯМ АЖОЙИБСИЗ. БИЗ СИЗСИЗ ҲЕЧ КИМММИЗ, ЖАНОБ'".

Видео тагсўзи, Миллий гвардия намойишчилар билан тўқнашгани акс этган тасвирлар

Ньюсом Трампнинг ҳибсга олиш таклифи ортидан жавоб қайтарди.

Трамп журналистларга Ньюсомни ҳибсга олиш "ажойиб" бўлар эди, деди.

Ньюсом ижтимоий тармоқларда бунга жавобан, бу "авторитаризм сари дадил қадам" эканини айтди.

Аввалроқ, Трампнинг чегаралар бўйича вакили Том Ҳоман ҳам шундай таҳдид қилган эди, Ньюсом эса: "Мени ҳибсга олинг. Келинг, бунга барҳам берайлик, жасур йигит", дейишдан тортинмади.

"Агар улар тупуришса, биз уларни урамиз"

Трамп Ньюсомни тўнтаришларни рағбатлантиришда ва Миллий Гвардия аъзоларининг юзига тупуришда айблади.

"Уларга мисли кўрилмаган тарзда зарба берилишига ваъда қиламан," деди у Truth Social да.

Ньюсом Трампни "улғайишга" чақирди

Ҳаммаси қандай бошланди?

Лос-Анжелесдаги иммиграция рейдларига қарши норозилик акциялари якшанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп "қўшинларни олиб кириш"га чақирган пайтда авж олди.

Ошиб борувчи бетартибликлар натижасида асосий магистрал ёпилди ва ўзини ўзи бошқарадиган машиналар қатори ёқиб юборилди. Бунга ҳуқуқ-тартибот идораларининг оломонни қайтариш учун кўздан ёш оқизувчи газ, резинали ўқлар ва ёрилиш гранаталаридан фойдалангани сабаб бўлган.

Якшанба куни маҳаллий вақт билан соат 23:15 да полиция Лос-Анджелес марказини "ноқонуний йиғилиш" зонаси деб эълон қилди, бу уч кунлик норозилик намойишлари ва ўнлаб ҳибслардан сўнг юз берди.

Видео тагсўзи, 9 канал мухбири Лаурен Томасига резина ўқ келиб урилган онлар

Намойишлар Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) ходимлари шаҳар бўйлаб рейдлар ўтказаётгани маълум бўлгач, жума куни Лос-Анжелес марказидаги Федерал бино олдида бошланди.

Калифорния губернатор Гэвин Ньюсом ва Лос-Анжелес мэри Карен Басс шанба куни алоҳида изоҳларда маҳаллий полиция норозиликларни енгишга қодир деб ҳисоблашларини айтди.

Аммо шанба кечаси, намойишчилар ва иммиграция идоралари ўртасида икки кунлик тўқнашувлардан сўнг, Трамп Ньюсомнинг хоҳишига қарши чиқиб, 2000 нафар Миллий Гвардия аскарини жойлаштиришни буюрди.

Якшанба эрталаб шаҳарга биринчи гуруҳ қўшинлар етиб кела бошлади ва улар ноқонуний мигрантлар ҳибсга олингандан сўнг олиб бориладиган ҳибсхона маркази ташқарисида жойлашди.

Ньюсом Трампнинг қўшинларни жойлаштириш қарорини "ноқонуний" ва "ахлоқсиз" деб атади ва администрацияни судга бериш билан таҳдид қилди.

ICE кимларни чиқариб юбормоқда?

Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) АҚШ президентининг мамлакат тарихидаги "энг йирик депортация операцияси"ни амалга ошириш мақсадида ноқонуний мигрантларни депортация қилмоқда. Лос-Анжелес, аҳолининг учдан бир қисмидан кўпроғи АҚШдан ташқарида туғилган шаҳар, амалиётлар учун асосий нишон бўлди.

Май ойи бошида ICE Лос-Анжелес минтақасида бир ҳафталик операция давомида 239 та ноқонуний мигрантни ҳибсга олганини эълон қилди. Умумий ҳибслар ва депортациялар Трамп кутганидек эмас эди.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Кейинги ойда Оқ уй ICE ходимлари учун кунлик камида 3000 та ҳибсга олиш режасини қўйди.

Расмийлар иш жойлари, жумладан, ресторан ва чакана савдо дўконларини қамраб олиб, қидирув доирасини кенгайтирди.

Ушбу амбициоз депортация кампанияси доирасида Салвадордаги мега-қамоқхонага мигрантларни, жумладан, АҚШда қонуний бўлган камида бир шахсни кўчиришни ўз ичига олди. Трампнинг кўплаб хатти-ҳаракатлари ҳуқуқий эътирозларга дуч келди.

Ўзбекистонликлар ҳам намойишда иштирок этмоқдами?

Ўзбекистон ТИВ Лос-Анжелесда бўлаётган намойишлар юзасидан ОАВлар томонидан келаётган саволларга изоҳ берди.

"Ҳозирда мазкур намойишларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этгани тўғрисида ҳеч қандай расмий тасдиқланган маълумот келиб тушмади", дейилади хабарда.

Вазирлик АҚШдаги барча ўзбекистонликларни ушбу мамлакатнинг амалдаги қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга, тинчлик ва хавфсизликни бузиши мумкин бўлган ҳар қандай оммавий намойишларда иштирок этмасликка чақирган.

"Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади. Зарур ҳолларда фуқароларимиз АҚШдаги Элчихонамиз ва Бош консулхонамизга мурожаат қилишлари мумкин".