Дуров иши: Энди Telegram нима бўлади? Россия, Ўзбекистон ва минтақада баҳс

Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Telegram асосчиси Павел Дуровга қарши Россияда террорчилик фаолиятига кўмаклашиш бўйича жиноий иш қўзғатилиши ва унинг "террористлар ва экстремистлар" рўйхатига киритилиши нафақат Россияда, балки Марказий Осиё мамлакатларида ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.

Чунки Telegram бугун Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва минтақанинг бошқа давлатларида нафақат мулоқот воситаси, балки янгиликлар, бизнес ва давлат идоралари учун муҳим ахборот платформасига айланган.

Шу боис кўпчиликни бир савол қизиқтирмоқда: Павел Дуровга қарши иш Telegram келажагига таъсир қиладими?

Қисқа жавоб шуки, ҳозирча йўқ. Аммо бу воқеалар платформанинг келажаги ҳақида муҳим саволларни кун тартибига чиқарди.

Ишнинг моҳияти нимада?

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) 29 июль куни Павел Дуровга террорчилик фаолиятига кўмаклашиш моддаси бўйича сиртдан айблов эълон қилди ва уни халқаро қидирувга бериш жараёни бошланганини маълум қилди.

ФСБ талқинига кўра, Telegram маъмурияти террорчиликка алоқадор деб ҳисобланган айрим чатлар, каналлар ва ботларни ўз вақтида ўчирмаган.

Россия махсус хизмати, айниқса, "Дайвинчик" номли танишув ботини мисол қилиб келтирган.

Иддао қилинишича, ушбу сервис орқали айрим ёшлар ноқонуний фаолиятга жалб қилинган.

ФСБ маълумотига кўра, Telegram раҳбариятига бу ҳақда мурожаатлар юборилган, бироқ зарур чоралар кўрилмаган.

Орадан бир кун ўтиб, 30 июль куни Росфинмониторинг Павел Дуровни "террористлар ва экстремистлар" рўйхатига киритди.

Шу билан бирга идора бу қарор Telegram компаниясига эмас, шахсан Дуровга нисбатан қабул қилинганини таъкидлади.

Нега бу муҳим?

Сўнгги ўн йилликда Telegram оддий мессенжердан глобал рақамли платформага айланди.

Бугун миллионлаб одамлар ахборотни айнан Telegram каналлари орқали оладилар.

Кўплаб давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари ва бизнеслар ҳам ўз аудиторияси билан шу ерда мулоқот қилади.

Марказий Осиёда бу боғлиқлик янада кучли.

Масалан, Ўзбекистонда аксарият вазирлик ва идоралар расмий Telegram каналларига эга.

Кўплаб мустақил журналистлар ва блогерлар учун ҳам айнан Telegram асосий платформа ҳисобланади.

Шу сабабли Telegram асосчисига қарши ҳар қандай ҳуқуқий ҳаракат автоматик равишда платформанинг келажаги ҳақидаги хавотирларни кучайтиради.

Skip Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг: and continue readingБизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

End of Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Ҳозирча Telegram хавф остида эмасми?

Ҳозирча Россиянинг ўзи ҳам Telegram платформасини экстремистик ёки террористик ташкилот, деб эълон қилгани йўқ. Айбловлар фақат Павел Дуровга қаратилган.

Бу ҳуқуқий нуқтаи назардан катта фарқдир.

Компания асосчисига қарши иш очилиши компаниянинг ўзига қарши чора кўрилганини англатмайди.

Шунинг учун айни пайтда Telegram каналларини юритиш, хабар алмашиш, видеолар ва постлар жойлаштириш, Premium хизматидан фойдаланиш каби имкониятлар ўзгаришсиз қолмоқда.

Бошқача айтганда, Марказий Осиё фойдаланувчилари учун Telegram ишлашда давом этмоқда ва унинг ҳуқуқий мақоми ўзгармаган.

Telegram босим остида қоладими?

Плафторма босимлар таҳдидига дуч келиши эҳтимолини бутунлай рад этиб бўлмайди.

ФСБ баёнотлари Россия ҳокимияти билан Telegram ўртасидаги муносабатлар яна таранглашганини кўрсатмоқда. Агар келажакда тергов доираси кенгайса ёки айбловлар кучайтирилса, босим алоҳида шахсдан компаниянинг ўзига ҳам ўтиши мумкин.

Бироқ бундай сценарийнинг амалга ошиши қатор мураккаб оқибатларни келтириб чиқаради.

Биринчидан, Telegram Россиянинг ўзида ҳам давлат идоралари фаол фойдаланадиган платформалардан бири ҳисобланади.

Иккинчидан, мессенжерни тўлиқ тақиқлаш ёки унга қарши кескин чоралар кўриш миллионлаб фойдаланувчиларга таъсир қилади.

Учинчидан, бундай қарорлар халқаро даражада ҳам катта резонанс келтириб чиқаради.

Шу сабабли экспертларнинг бир қисми яқин вақтда Telegram тақиқланиши эҳтимолини паст, деб баҳоламоқдалар.

Яъни Дуровга қарши иш ҳозирча Россиядаги ички ҳуқуқий жараёни бўлиб қолмоқда.

Айни ишнинг оқибатлари Марказий Осиёдаги фойдаланувчларга қандай таъсир қилиши эҳтимоли ҳали тадқиқ қилингани йўқ.

Бироқ бугун минтақада ахборот майдонининг катта қисми ягона хусусий платформага боғланиб қолганини кўриш мумкин.

Агар келажакда Telegram билан боғлиқ халқаро ҳуқуқий ёки сиёсий муаммолар кучайса, давлатлар, медиа ташкилотлар ва блогерлар аудитория билан мулоқот қилишнинг муқобил каналларини ҳам ривожлантиришга мажбур бўлишлари мумкин.