Янгиланмоқда: Ҳамас сулҳга рози, аммо Нетаняҳу бунга кўнмаяпти - Исроил кучлари Рафаҳга кирди

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳамас Қатар ва Миср томонидан таклиф қилинган сулҳ шартларига рози эканлигини эълон қилишига қарамасдан Исроил уни рад қилди. Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу маъмурияти чиқарган баёнотда ушбу таклиф "Исроилнинг асосий талабларидан йироқ" эканлиги айтилди.
Исроил уруш кабинети ҳарбий амалиётни давом эттириш учун овоз берган, аммо шу билан бирга музокараларни давом эттириш учун Мисрга ҳайъат юборди.
Ушбу ҳолат Исроил ҳарбийлари душанба куни Ғазонинг жанубий шаҳрида "чекланган" амалиёт ўтказиш арафасида фаластинликларни шарқий Рафаҳдаги маълум ҳудудларни тарк қилишни ва "кенгайтирилган гуманитар ҳудуд"га ўтишни сўрашидан сўнг содир бўлди.
Исроил тунда Рафаҳга зарбалар берди. Исроил матбуотининг ёзишича, Ғазо жанубидаги Миср билан чегарадош Рафаҳ чегара назорат нуқтаси яқинида Исроил кучлари ва танклари кўринган.
БМТ, АҚШ ва бошқа давлатлар миллиондан ортиқ фаластинлик қочқин бошпана топган шаҳарга ҳужум қилиш ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантириб келади.
6 май: 100 минг одам Рафаҳдан чиқарила бошланди - шаҳарга ҳужум кутилмоқда; Исроил Ал-Жазирани ёпди

Сурат манбаси, AFP
Душанба куни Исроил юз минг нафар тинч аҳолини Рафаҳ шаҳрининг бир қисмидан чиқиб кетишга чақирган. Бир вақтнинг ўзида, Исроил ҳукумати Ал-Жазира телеканалининг мамлакатдаги фаолиятига чек қўйишга қарор қилган.
Душанба куни Исроил ҳарбийлар Рафаҳнинг шарқий қисмидаги фаластинликларни шаҳардан 20 чақирим наридаги "кенгайтирилган гуманитар ҳудуд"га кўчиб ўтишга чақира бошлаган.
Исроил ҳарбийлари фаластинликларни белгиланган ҳудудни ташлаб чиқишга ундаш йўлида араб тилидаги матнли хабарлар, варақалар тарқатган ва ижтимоий тармоқдан фойдаланган.
Осмондан ташланган варақаларда Исроил ўз ҳарбийлари шаҳарнинг қайси қисмларида амалиёт олиб боришини тинч аҳолига маълум қилган ҳамда "террорчи ташкилотлар яқинида дуч келинган ҳар бир шахс ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиши"дан огоҳлантирган.
Исроил ҳарбийлари эвакуация амалиётини "чекланган ва вақтинчалик" дея атаган, аммо бирор аниқ муддатни тилга олмаган.
Маълум қилинишича, тахминан юз минг чоғли одам Хон Юнис ва ал-Маваси ҳудудларидаги чодир шаҳарчалар томон "аста-секин" чиқарила бошланади.
Алоқадор мавзулар:
- АҚШ ва Исроил ўртасидаги “жарлик”: Нетаняҳу Фаластин давлати бўлмаслигини айтди
- Фаластин қандай кичрайиб, Исроил қандай кенгаймоқда? Тарихий ва бугунги хариталар - Янгиликлар Дунё
- Кўкарган баданлар, cинган қовурғалар – Исроил қамоқхоналарида ўлаётган фаластинликлар
- Исроил урушдан сўнгги Ғазо бўйича режаларини маълум қилди

Сурат манбаси, Getty Images
Исроилнинг ундови ортидан Рафаҳ шарқида қўним топган фаластинликлар кўчишга тайёргарлик бошлангани тасвирланган суратлар пайдо бўлган.
Уларнинг айримлари Исроил ҳарбийлари буйруғи ортидан мушкул вазиятга тушиб қолгани ҳақида гапирган.
"Бомбалар туфайли тунги соат иккидан бери ухлолмадик. Тонгда кўз очганимизда ёмғир қуяётганини кўрдик - кийимларимиз ва бошқа нарсаларимиз сувга бўккан эди. Ўзи шундоқ ҳам кўчада бўлсак. Бундан ташқари Рафаҳни ташлаб чиқиш тўғрисидаги янада ёмон хабарни эшитдик. Мен бутун Араб дунёсини тинчлик сулҳи тузилиши йўлида аралашишга чақираман - аралашишсин ва бизни бу вазиятдан қутқаришсин. Биз чарчадик", дейди Омина Адван.
Рафаҳда бошпана топган бошқа бир фаластинлик Абу Раэд шундай дейди: "Жуда кучли ёмғир ёғмоқда, биз эса қаерга боришимизни билмаймиз. Бу кун келишидан хавотирда эдим ўзи. Энди оиламни қаерга олиб кетишни ўйлашим керак".
Reuters билан гаплашган Ҳамаснинг юқори рутбали расмийси Сами Абу Зуҳри Исроилнинг душанба куни янграган эвакуация буйруғини "оқибатларга олиб келувчи хавфли эскалация" дея атаган.

Исроил армияси эса Рафаҳда "ҳарбий ҳаракат олиб бориш зарурият" эканини таъкидлаган.
Ғазо жанубидаги жойлашган, Миср билан чегарадаги Рафаҳ шаҳрида 1,4 миллиондан зиёд инсон бошпана топган.
Таҳлилчилар Рафаҳда бошланган эвакуация амалиёти Исроил армияси шаҳарга ҳужум уюштиришнинг янги босқичига тайёргарлик кўраётгани даракчиси эканини билдирган.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу бир неча ойдан бери Рафаҳда кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказмасдан туриб Ҳамас устидан ғалаба қозонишнинг имкони йўқлигини таъкидлаб келади.
Жумладан, ўтган ҳафта Бинямин Нетаняҳу Ҳамас билан музокаралар олиб борилаётганидан қатъий назар Ғазо жанубидаги бу шаҳарга ҳужум амалга оширилишини таъкидлаган.
"Барча мақсадларимизга эришишдан аввал урушни тўхтатишимиз ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз Рафаҳга кирамиз ва тўлиқ ғалабага эришиш йўлида у ердаги Ҳамас бўлинмаларини йўқ қиламиз", дейилади Нетаняҳу офиси томонидан эълон қилинган баёнотда.
Бироқ қатор Ғарб ва Араб давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар Рафаҳда бундай кўламли амалиёт ўтказиш кўп сонли тинч аҳоли умрига завол бўлиши мумкинлигини айтиб, бир неча бор огоҳлантириш билан чиққан.

Хусусан, қатор гуманитар ташкилотлар ҳудудда "хавфсиз жойлар қолмагани" туфайли Рафаҳ шарқидан одамларни эвакуация қилиш режаси "мисли кўрилмаган оқибатларга олиб келиши"дан огоҳлантирган.
"Уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган ва борарга хавфсиз жойи қолмаган миллиондан зиёд фаластинликни Рафаҳдан эвакуация қилиш нафақат қонунга зид, балки мисли кўрилмаган оқибатларга ҳам олиб келади", деган Британиянинг Action Aid хайрия ташкилоти воизи.
"Бизнинг ходимларимиз касалликларнинг кенг тарқалиши, очарчилик ва тартибсизликдан иборат энг оғир ҳолатлар ҳақида хабар бермоқда. Келинг, очиқ айтайлик - Ғазода хавфсиз жой қолмади", қўшимча қилган воиз.
Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеф Боррел ҳам Рафаҳда эвакуация ва қуруқликдаги ҳарбий амалиёт режасини танқидга тутган.
"Исроилнинг Рафаҳдаги тинч аҳолини кўчириш буйруғи энг ёмон нарсадан дарак беради: янада кўп уруш ва очарчилик. Исроил қуруқликдаги ҳужум режасидан воз кечиши керак. Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият бундай сценарийнинг олдини олиши мумкин ва шундай қилиши ҳам керак", таъкидлаган Боррел.
Боши берк кўчадаги музокара

Сурат манбаси, Reuters
Рафаҳнинг шарқий қисмларида эълон қилинган эвакуация буйруғи Ғазода оташкесим жорий қилиш ва исроиллик асирларни озод этишга қаратилган музокаралар боши берк кўчага кириб қолган бир вақтда янграган.
Ўтган ҳафта икки кун давомида Исроил ва Ҳамас вакиллари Миср пойтахти Қоҳирада воситачилар иштирокида музокаралар ўтказган.
Ҳозирча бирор сезиларли натижа келтирмаган музокаралар душанба куни қайтадан бошланиши кутилмоқда.
Ўтган сафардагидек, томонлар 40 кунлик оташкесим, Ғазодаги асирлар ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган бир қанча фаластинлик маҳбусларни озод қилишни ўз ичига олган тинчлик сулҳига эришишга ҳаракат қилмоқда.
Ҳамас мазкур таклифни "ижобий нуқтаи назар"дан кўриб чиқаётганини маълум қилган, аммо бу жараёндаги асосий тўсиқ сулҳ битими доимийми ё вақтинчалик, деган масала бўлаётган кўринади.
Ҳамас ҳар қандай келишув урушни тугатиш бўйича аниқ мажбуриятларини ўз ичига олиши лозимлигини таъкидлаган, аммо якшанба куни Бош вазир Бинямин Нетаняҳу бу фикрни рад этган:
"Исроил давлати буни [Ҳамас талабларини] қабул қила олмайди, биз Ҳамас бригадалари ўз бункерларидан чиқиб, Ғазо устидан назоратни қайта қўлга олиб, ҳарбий инфратузилмани қайта тиклаб ва Исроил фуқароларига яна таҳдид соладиган вазиятни қабул қилишга тайёр эмасмиз".
"Бу Исроил давлати учун даҳшатли мағлубият бўлади", деган у.
Ал-Жазира офисига рейд

Сурат манбаси, Reuters
Бир вақтнинг ўзида, Исроил ҳукумати ўзи Ҳамаснинг жарчиси дея атаган Ал-Жазира телеканалининг мамлакатдаги фаолиятига чек қўйишга қарор қилган.
Якшанба куни Исроил полицияси телеканалнинг Қуддусдаги Ambassador меҳмонхонасида жойлашган офисида тинтув ўтказган, электрон жиҳозлар олиб қўйилган.
Бир қатор ҳуқуқбонлар ва матбуот гуруҳлари Ал-Жазиранинг Исроилда эфирдан олинишини танқидга тутган.
Телеканалнинг ўзи эса Ҳамас пропагандаси йўлида хизмат қилиши тўғрисидаги даъвони "асоссиз ёлғон" дея атаб, Исроил ҳукуматининг мазкур қарори устидан судга арз киритишини маълум қилган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси Х (собиқ Twitter)даги саҳифасида қуйидаги твитни қолдирган:
"Эркин ва мустақил ОАВ шаффофлик ва ҳисобдорлик учун жуда муҳим. Ғазодан хабар узатишдаги қаттиқ чекловларни ҳисобга олганда, ҳозирда, янада муҳимроқ".
Хорижлик журналистларнинг Ғазога киришига тақиқ қўйилган ва Ал-Жазира мухбирлари ҳудуддан хабар узатаётган озчилик қаторида эди.
Кўп йиллар давомида Исроил расмийлари телеканални тарафкашлик ва аксил-исроил фаолиятда айблаб келади.
Апрель ойида Исроил парламенти ҳукуматга Ҳамас билан уруш даврида миллий хавфсизликка таҳдид саналган хорижий телеканалларни вақтинча ёпиш ҳуқуқини берувчи қонунни қабул қилган.
Ал-Жазира Исроилни телеканал ходимларини қасддан нишонга олиб келишда айблаб чиққан.
Январь ойида телеканалнинг Ғазо бўлими раҳбари ўғли бўлмиш Ҳамза ал-Даҳду бошқа журналистлар билан бирга Исроил ҳужумида ҳалок бўлган эди.
Исроил журналистларни нишонга олаётгани борасидаги даъволарни рад этади.
"Исроилнинг ўз жиноятларини яшириш йўлида журналистларни ўлдириш ва ҳибс этиш орқали эркин матбуотни бўғиши бизни бурчимизни бажаришдан қайтара олмади", дея муносабат билдирган телеканал Исроил ҳукуматининг 5 май кунги қарорига нисбатан.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.































