Янгиликлар. Озод этилган исроиллик аёл: Мен жаҳаннамдан ўтдим Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳамас гаровга олган исроиллик 85 яшар кекса аёл Йохевед Лифшиц матбуот анжуманида бошидан нималар ўтганини айтиб берди.
23 октябр куни Ҳамас икки гаровга олинган инсонни озод қилди.
Улар - 79 ёшли Нурит Купер ва 85 ёшли Йохевед Лифшиц.
Лифшиц хоним Тел-Авив шаҳридаги шифохонада оммавий ахборот воситаларига гапирди.
У иброний тилда сўзлади, унинг гапларини қизи Шэрон инглиз тилига ўгириб турди.
Алоқадор мавзулар:
- Ғарбий соҳилда яҳудий келгиндиларнинг фаластинликларга зўравонлиги ортиб бормоқда
- Исроил-Ғазо уруши ҳақидаги ёлғон ва нафратни интернетда кимлар тарқатмоқда?
- Исроил масжидга зарба берди, ҳужумлари кучайишини айтди, Ғазода кафанлик тугаяпти, Эрон Исроил ва АҚШни огоҳлантирди
- Исроил ва Фаластин: Ҳамас ҳаракати етакчилари кимлар?
- Исроилдаги яҳудий келгиндиларга Chelsea эгаси ёрдам берган

Сурат манбаси, BBC video screengrab
Лифшиц хоним айтишича, у "жаҳаннамдан ўтган. Уни мотоцикл минган Ҳамас жангарилари асирга олганлар.
Таёқча билан калтаклаб, пиёда юришга мажбур қилганлар.
Лекин Йохевед Лифшиц Ҳамас уни олиб кириб кетган ер остидаги туннелдаги шароитни буткул бошқача тасвирлаб берди.
Лифшиц хонимдан нега озод қилинганидан кейин дарров Ҳамас жангарисига қўл бергани сабабини сўрашди.
"Улар бизга жуда юмшоқ муомала қилишди, керак бўлган ҳамма нарса билан таъминлашди", деб жавоб қайтарди кекса аёл.
"Биз улар ўзлари нима еган бўлсалар, ўшани едик - пишлоқли нон, суюқ пишлоқ ва бодринглар. Бу бир кунлик овқат эди", — деди Лифшиц хоним.
Ундан гаровгирлар қандай одамлар экани ҳақида сўрашди.
Лифшиц хоним ўз гаровгирларини "жуда хушмуомала инсонлар" деб таърифлади.
Унинг сўзларига кўра, Ҳамас одамларни гаровга олишга олдиндан тайёргарлик кўриб қўйган бўлган.
"Кўринишича, улар бунга тайёр бўлишган. Уларда аёл ва эркаклар учун зарур бўлган ҳамма нарса, ҳатто шампун ҳам бор эди", деди Йохевед Лифшиц.
Туннелда ҳар тўрт-беш кунда асирларни саломатлигини текшириш учун шифокор келиб турган.
"Улар бизни бетоб бўлиб қолишимиздан қўрқишарди", деди кекса аёл.
Ҳамма кўрпача устида ухлаган.
У Ҳамас қўли остидаги "улкан туннеллар тармоғини ўргимчак тўри"га қиёслади.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳамас 7 октябр куни гаровга олган исроилликларнинг тўрт нафарини озод этди.
Дастлаб АҚШ ватандошлари бўлган Жудит Раанан ва унинг қизи Натали қўйиб юборилган эдилар.
Нурит Купер ва Йохевед Лифшицларнинг эрлари ҳам гаровга олинган, ҳозирча уларнинг тақдири номаълум.
Йохевед Лифшицнинг турмуш ўртоғи Одед Лифшиц ҳам асирга олинган.
У журналист бўлиб ишлаган ва у фаластинликлар билан тинчлик тарафдори сифатида танилган.
Одед Лифшиц журналистлик фаолияти давомида Ғазо жанубидан кўчирилган фаластинликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан ва охирги йилларда бетоб бўлган ғазоликларни Исроил шифохоналарига олиб бориб даволатиш ишларига ёрдамлашган.
Одед Лифшиц араб тилида сўзлашади, шунинг учун ҳам яқинлари Ҳамас қуроллилари унга яхши муомала қилишаётган бўлса керак, деган фикрдалар.
Йохевед Лифшиц матбуот конференцияси пайти Исроил ҳукумати фаолиятини танқид қилди.
Унинг айтишича, Исроил ҳукумати Ҳамас таҳдидига жиддий қарамаган.
Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, шу вақтгача Ҳамас 222 инсонни гаровда ушлаб турибди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002
































