Янгиликлар: Мирзиёев кескин қоралаган муаммо ниҳоят ўз ечимини топдими ёки қамоқ жазоси, таҳдид ва янги огоҳлантириш, ўндан ортиқ қурбон ва мусулмоннинг боласини урса бўлаверадими? Dunyo Yangiliklar

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Published

Дунёда нима гап?

Алоқадор мавзулар

Qur'onning tahqirlanishiga qarshi namoyishlar

Сурат манбаси, YAHYA ARHAB/EPA-EFE/REX/SHUTTERSTOCK

Сурат тагсўзи, Ислом дини муқаддас китобига кетма-кет ўт қўйилиши ва унинг ошкора тепкиланиши мусулмон оламида кескин акс-садоларга сабаб бўлган. Ўзбекистон бу ишга мамлакат президенти даражасида муносабат билдирган.

Янги жазо

Қуръони Каримга ошкора ўт қўйиш энди қамоқ жазоси билан жазоланиши мумкин.

Дания ўзининг янги режасини эълон қилди.

Ҳукумати Қуръонни омма олдида ёқишни тақиқлаш таклифи билан чиқди.

Сўнгги ойларда бунга ўхшаш ҳолларнинг сони кескин ортган.

Ислом дини муқаддас китобига кетма-кет ўт қўйилиши ва унинг ошкора тепкиланиши мусулмон оламида кескин акс-садоларга сабаб бўлган.

Ўзбекистон бу ишга мамлакат президенти даражасида муносабат билдирган.

Шавкат Мирзиёев ўзларининг турли миллат ва халқларнинг диний қадриятларига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатишга мутлақо қарши эканликларини баён қилган.

"Ер юзидаги миллионлаб инсонларнинг дину диёнати, эзгу ҳиссиётларини ҳақорат қиладиган бундай ҳолатларга асло йўл қўйиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.

Ўзбекистон постсовет ҳудудидаги энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, .

Дания Адлия вазирининг айтишича, бунга ўхшаш воқеалар мамлакатга зиён етказади ва данияликларнинг хавфсизлигини хавф остига қўяди.

Режаланаётган қонунга мувофиқ, Қуръон ёки Инжилга нисбатан номақбул муносабатда бўлиш жарима ва икки йилгача қамоқ жазосини кўзда тутувчи жиноят сирасига киритилади.

Ўнг марказчи ҳукуматнинг айтишича, бу билан дунёга сигнал юборишмоқчи.

Дания Ташқи ишлар вазири Ларс Локке Расмуссен келтирган рақамларга таянилса, сўнгги ҳафталарда хорижий элчихоналар олдида Қуръон нусхаларига ёқилганлари илова мамлакати икки юзга яқин намойишга саҳна бўлган.

Дания Разведка хизмати сўнгги воқеалар террорчилик таҳдидини кучайтирганидан огоҳлантирди.

Худди шу манзарада қўшни Швецияда ҳам Қуръони Каримга бир неча бор ўт қўйилди.

У ерда ҳам Швеция Хавфсизлик хизмати хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашганидан хавотир билдирди.

Ислом Ҳамкорлик ташкилоти эса, орада ўз аъзоларини Қуръони Карим таҳқирланаётган давлатларга нисбатан тегишли чоралар кўришга чақирганди.

Даниялик вазирлар 1 сентябрь куни қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қилиб, йил охиригача уни парламентда маъқуллатишмоқчи.

Тақиқ амалдаги Жиноят Кодексининг хорижий давлат, унинг давлат байроғи ёки бошқа рамзини ошкора таҳқирлашни тақиқловчи бандига қўшимча ўлароқ киритилиши кутилмоқда.

Янги огоҳлантириш

ISHID Xuroson qanoti

Сурат манбаси, Skrinshot

Сурат тагсўзи, ИШИД Хуросон қаноти сўнгги ойларда ўз ҳужумлари баробарида пропагандасини ҳам янада кучайтирган

ИШИД глобал хавфсизликка ҳалиям таҳдид.

Янги огоҳлик шу кунларда БМТ Хавфсизлик Кенгашида янгради.

БМТ Бош котибининг Террорчиликка қарши кураш масалалари бўйича муовини Владимир Воронков Хавфсизлик Кенгашига ўзининг янги ҳисоботини тақдим этди.

Янги ҳисобот ИШИД таҳдиди ва уни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга бағишлангани айтилади.

Ҳисоботда хулоса қилинишича, раҳбариятидаги йўқотиш ва ҳозир киримидан чиқими катта эканига қарамай, ИШИД бугун ҳам халқаро тинчлик ва хавфсизликка таҳдиддир.

ИШИД 2015 йилда Афғонистонда экан, Ўзбекистон Исломий ҳаракати тўлиғича байъат келтирган сўнгги жангари гуруҳ бўлади.

Худди ўша йили Покистонда Жанубий Осиёдаги тармоғи, деб асос солинган ИШИД Хуросон қаноти эса, Толибон қудратга қайтиши ортидан, Ўзбекистон ҳам чегарадош бўлган Афғонистонда қайта фаоллашишга муваффақ бўлган жангари гуруҳ саналади.

Ўтган йил Афғонистон ҳудудидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистонга уюштирилган ракета ҳужумларига масъулиятни ҳам айнан ИШИД Хуросон қаноти ўзининг зиммасига олиб чиққан.

Бунақаси ҳам бу икки мустақил давлат ва ҳам жангари ташкилот ўзининг фаолияти тарихида кўрилмагани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган, янгилик ўшанда сарлавҳаларга чиққан.

Doved A'zamiy

Сурат манбаси, .

Владимир Воронков ўзининг янги ҳисоботида ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистондаги бугунги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтган.

Унда айтилишича, ИШИД Хуросон қаноти Толибоннинг асосий рақибилигича қолмоқда ва қатор ҳудудларида ўзининг ҳужумларини уюштириш қобилиятини намойиш этмоқда.

Ҳисоботда ташкилотга аъзо минтақа давлатлариники, деб келтирилган ҳисоб-китобларга таянилса, ИШИД Хуросон қанотининг ҳозир 1000 дан 3 мингтагача жангариси бор. Шундан 200 га яқини Марказий осиёликлардир.

Бошқа аъзо давлатлар эса, улар сони 6000 кишигача етиши мумкин, деб ҳисоблашади, дейилади ҳисоботда.

Аммо ҳисоботда улардан аниқ қанчаси қай бир Марказий Осиё давлати фуқароси экани очиқланмаган.

ISHID jangarilari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ўз вақтида ИШИД Хуросон қаноти жангариларининг сони минглаб экани айтилган

Айтилишича, гуруҳнинг "Хуросон овози" нашри минтақадаги этник гуруҳлардан янги аъзолар ёллаш учун пуштун, форс, тожик, ўзбек ва рус тилларида тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб бормоқда.

ИШИД жангари гуруҳи Яқин Шарқда мавҳ этилиши арафасида эълон қилинган сўнгги халқаро ҳисоботларда унинг сафларида жанг қилган ўзбекистонликлар сони 1500 нафар экани айтилган.

Ўзбекистон ўшанда Россия билан бирга бу соҳада энг олд ўринларни эгаллаган иккита постсовет давлатидан биттаси экани кўрилган.

Гуруҳнинг исломий халифати яксон этилиши ортидан шунча сондаги ўзбекистонлик жангариларнинг тақдири нима бўлганига оид аниқ ва ишончли маълумотлар ҳануз имконсиз.

2018 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти минтақавий аксилтеррор бўлинмаси ижроий қўмитаси раиси, "Сурияда омон қолган ИШИД жангариларининг 90 фоизи Афғонистонга ўтишган"ини даъво қилиб чиққан.

У, "бу жангариларнинг 80 фоизи Россия, Марказий Осиё ва Хитой фуқаролари бўлишгани, улардан 4500 нафари Афғонистон шимолига сафарбар этилишгани"ини иддао қилган.

Аммо ўшанда Жумахон Ғиёсовнинг айни мазмундаги баёноти минтақавий экспертларнинг қарама-қарши акс-садоларига сабаб бўлган, бу Кремлнинг ўз геосиёсий мақсадлари йўлидаги навбатдаги "олабўжи" сиёсати сифатида ҳам талқин этилганди.

Яқин Шарқда "деярли тор-мор этилгуни"га қадар ИШИД гуруҳи сафларида икки мингдан тўрт мингтагача Марказий Осиё фуқаролари жанг қилишгани ишонилган.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, Rasmiy

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон халқаро рейтингларда Марказий Осиёнинг Қуролли кучлари энг жанговари бўлган давлати сифатида эътироф этилади. Расмий Тошкент сўнгги йилларда Афғонистон билан чегарасида турли ҳарбий ўқув машғулотларини ҳам фаоллаштирган

Владимир Воронковнинг айтишича, БМТга аъзо давлатлар бундан аввал ҳам ИШИДнинг можаро ҳудудларидан ташқарида таҳдид яратишга интилишда давом этаётганидан ўз хавотирларини билдиришган.

Алоҳида шахслар ёки ўзларининг тарғиботлари остида радикаллашган кичикроқ ячейкаларни ҳужумга ундашга интилиши ҳам шулар сирасида тилга олиб ўтилган.

"Жанговар тажрибага эга хорижий террорчи жангариларнинг ўз мамлакатларига ёки учинчи бир давлатга ўтишлари эса, бу таҳдидни янада кучайтиради", - дейилади янги ҳисоботда.

Янги ҳисобот хулосаларига Ўзбекистонга илова Афғонистонга чегарадош қолган икки Марказий Осиё давлати - Тожикистон ва Туркманистоннинг ҳам расмий муносабати ҳозирча маълум эмас.

Афғонистондаги Толибон ҳукумати эса, айни мазмундаги халқаро ҳисоботларни "асоссиз" эканини айтиб, мамлакат обрўсини тўкишга қаратилган "салбий пропаганда", деб атайди.

Айрим етакчи минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, ИШИД минтақада катта уруш чиқаришни истайди.

Уларга кўра, бу гуруҳнинг янада каттароқ манфаатларига мос келади.

"ИШИД минтақавий гуруҳ ва бир қанча давлатларда фаолият олиб боради. Шу боис ҳам, унга қарши курашиш давлатлараро механизм ва ҳамкорликни талаб қилади", - дейди, жумладан, Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамий.

Бир кунда ўндан ортиқ қурбон

Tojikistondagi tabiiy ofat

Сурат манбаси, Rasmiy/asiaplus

Сурат тагсўзи, Расмийларнинг мамлакатдаги етакчи Asia-Plus нашрига айтишларича, табиий офат 13 кишининг умрига зомин бўлган

Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, 27 август кунги тинимсиз ёғингарчилик Тожикистонда устма-уст табиий офатга сабаб бўлган.

Душанбе, Ваҳдат, Ҳисоp шаҳарлари ва яна қатор туманлари сел ва кўчкилардан жиддий зарар кўрган.

Расмийларнинг мамлакатдаги етакчи Asia-Plus нашрига айтишларича, табиий офат 13 кишининг умрига зомин бўлган.

Қурбонлар орасида аёллар ҳам бор.

Президент Эмомали Раҳмон қурбонлар яқинлари ва табиий офатлардан омон қолганларга ўзининг чуқур ҳамдарлигини изҳор этган.

Қурбонларнинг Ваҳдат шаҳри ва Рудакий туманлари ҳисобига тўғри келиши айтилаётир.

100 дан ортиқ хўжалик вақтинчалик хавфсиз ерларга ҳам кўчирилган.

Мазкур нашрнинг ёзишича, Тожикистон президенти жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича аллақачон кўрсатма берган ва вазият шахсан унинг назорати остида.

Кучли ёғингарчиликлар бутун минтақани ўз забтига олган бир неча ойлик жазирама иссиқдан сўнг кузатилган.

Тарсаки туширсангиз бўлади...

Hindistonlik o'quvchilar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Воқеаларнинг сўнгги ривожи Ҳиндистонда амалдаги Бош вазири бошқаруви остида ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасида танглик тобора кучайиб бораётган бир пайтда кузатилган

Ҳиндистонда ўқитувчи ўқувчиларга мусулмон синфдошларини бемалол тарсакилашлари мумкинлигини айтди.

Воқеа акс этган видео интернетда тарқалиб кетгач, масъулларнинг эътиборини ўзига тортди, текширув ишлари бошланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, бола тўғри кўпайтира олмагани учун шу куйга солинган.

Йиғлаётган болакайнинг қандай тарсакиланаётгани акс этган видеотасвирлар бутун Ҳиндистонда норозилик уйғотган.

Ҳиндистон мухолифати етакчиси Раҳул Ганди ҳукуматни диний адоват қўзғатаётганликда айблаган.

Калтаклаш билан боғлиқ ҳодиса шу кунларда Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги хусусий мактабда юз берган.

"Нега бунчалик аста ураяпсиз? Уни қаттиқроқ уринг", - дейди видеода ўқитувчи.

Кейин болакайнинг юзи қизариб кетганини айтиб, бошқа тарсакиламасликка чақираркан, калтаклаш унинг танасига кўчади.

Ҳиндистонлик масъуллар видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлашган ва чора кўришга ваъда берганлар.

2017 йилдан бери Уттар-Прадеш штатини Бош вазир Моди бошчилигидаги BJP ҳинд миллатчи партияси бошқариб келади.

Ҳиндистон Бош вазири Америка Қўшма Штатларига шу йил июнида қилган ташрифи чоғида мамлакатида "камситишларга мутлақ ўрин йўқ"лигини иддао қилганди.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Ҳиндистонда амалдаги Бош вазири бошқаруви остида ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасида танглик тобора кучайиб бораётган бир пайтда кузатилган.

Ҳиндистон мусулмон аҳолиси сони бўйича Индонезиядан кейин дунёнинг иккинчи йирик давлати саналади.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002