Россия ва мигрантлар: урушга кўнгилли кетмаганларга қийноқлар қўлланилаяптими? Video Rossiya O‘zbekiston Yangilikar

камок

Сурат манбаси, Getty Images

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия қамоқхоналарида жазо муддатларини ўтаётган ўзбекистонликлар Украинадаги урушга кетган Марказий осиёлик маҳкумларнинг катта қисми жангда қурбон бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан кўнгиллилар сони камайиб кетганини айтишмоқда.

Новосибирскдаги қамоқхоналарнинг биридаги ўзбекистонлик муҳожир махбуслар эндиликда урушга боришга мажбурланаётгани, кўнгилли равишда кетишни истамаган маҳкумларга муносабат ёмонлашгани, қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар беришди.

Исми сир сақланишини истаган маҳкум муҳожир Би-би-си билан суҳбатда аввалроқ кўнгилли равишда урушга кетган ўзбекистонликларнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар олишганини айтди.

"Кўнгилли равишда кетган 200 га яқин одамнинг 25 тачаси ўзбек, қирғиз ва тожикистонликлар эди. Ҳозир уларнинг 5-6 тачаси тирик дейишаяпти.

Бошқа зонадагилар билан ҳам гаплашаяпмиз, улар ҳам энди мажбурий олиб кетиш бошланганини айтишди", дейди маҳкум мигрант.

Алоқадор мавзулар:

Маҳкум муҳожирлар қамоқдан урушга кетган шерикларининг Украинада жангда вафот этган ҳолида олинган расмларини юборишди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Маҳкум муҳожир қамоқхонада урушга кўнгилли равишда ёлланишни истовчилар тобора камайиб бораётганини айтади.

"Энди мажбурий олиб кетишаяпти. Ҳар биримиздан ҳарбий хизмат қилганимиз ҳақида маълумотларни олишди. Аввалги келганлар тарғиботда урушга борганларга бериладиган имтиёзлар ҳақида тушунтиришарди. Ҳозир эса муносабат ёмонлашди.

Бизга келаётган расмлар, Телеграмларда урушда ўлганларнинг расмларини кўраяпмиз. Ўлганлар ичида биз билан бирга "ўтирган" шерикларимиз ҳам бор. Уларни кўриб, кўпчилик кўнгилли бўлиб кетишни рад қила бошлади.

Ҳозир қамоқхона ходимлари бизга жуда ёмон муносабатда, тартибларни қаттиқлаштиришди. Қийноқлар ҳам қўллашаяпти", гапириб берди маҳкум мигрант.

камок

Сурат манбаси, Getty Images

Маҳкум ўзбекистонликлар Россияда урушга мажбурий олиб кетилиш уларнинг ҳаётини таҳликага қўйиш эканлиги, шундай вазиятда Ўзбекистон ҳукумати уларга ёрдам беришини сўрашди.

"Ўзбекистонга жазони ватанимда ўташга ўтказиб беришларини сўраб кўп марта хат ёздим. Президент порталига ҳам чиқдим. Авваллари "шартномамиз йўқ", дейишарди. Кейин эса жавоб ҳам бермай қўйишди", дейди мигрант.

Муҳожир 10 йил аввал тирикчилик учун Москвага келгани, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаганини гапириб берди.

"Қамалиб қолганимдан кейин Новосибирскка жўнатишди. У вақтларда чет эл фуқароларини узоқ жойларга жўнатиб юборишарди. Шу билан "ўтирибман". Яна 1 йилим қолди", дейди у.

Маҳкум мигрант яқинларини, оила аъзоларини 10 йилдан бери кўрмаганини айтди.

"Ота-онамиз билан телефонда гаплашиб турамиз. Турмага келганимда фарзандим 4 ойлик чақалоқ эди. Ҳозир 3-чи синфда ўқияпти, кўрмаганман", дейди маҳкум муҳожир.

Би-би-си ўзбек хизматига Россиядаги ҳозирги вазият ҳисобга олиниб, қамоқхоналаридаги ўзбекистонликларни жазони ўташ учун ватанига кўчиришни Ўзбекистон ҳукумати ва Президентидан сўралган мурожаатлар келиши давом этмоқда.

Биз бу борада расмийларга бир неча бор мурожаат қилдик ва ҳозиргача аниқ бир жавоб ололганимиз йўқ.

Шунингдек, Би-би-си ўзбек хизмати ўзбекистонлик маҳкум мигрантларнинг иддаолари юзасидан Россия жазони ижро этиш федерал хизмати изоҳини олиш ҳаракатида.

Россиядаги ҳуқуқ фаоллари, жумладан, мигрантлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи "Тонг жаҳони" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳуқуқшунослари маҳкум муҳожирлар даъволарини ўрганаётганликларини маълум қилишди.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002