Янгиликлар. Афғонистон: Толибон кучаймоқчи, Ўзбекистонга таҳдид яна ортадими? Ўзбекистон O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Сурат манбаси, AFGHAN ISLAMIC PRESS
Ҳаракат яна таҳдидга айланадими? Толибон Бош қўмондони режаларини очиқлади.
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар. Ўзбекистон: Мирзиёев нега жиддий ташвишда эканликларини айтди, Россия бекорга қўрқитмаяптими?
- Янгиликлар. Афғонистон: Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди - ИШИД Ўзбекистон билан чегарадош Балхда шов-шувли ҳужумга қўл урди
- Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?
- Ўзбекистон, президент Мирзиёев Толибонни гапга кўндира оладими?
Толибон муваққат ҳукумати Қуролли кучларининг Бош қўмондони Афғонистон бюджетининг энг катта қисми мудофаа соҳасига ажратилганини маълум қилди.
Толибон ўз хавфсизлик кучлари сонини учдан бирга оширмоқчи.
Ўзининг ҳаводан мудофаа салоҳиятини кучайтирмоқчи.
Толибон муваққат ҳукумати Қуролли кучларининг Бош қўмондони хорижий матбуотга берган камдан-кам суҳбатларининг сўнггисида бу ҳақда тўхталиб ўтди.
У шу кунларда Reuters га интервью берди.

Сурат манбаси, .
Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлган.
Халқаро ҳарбий доираларда ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони 100 мингга яқин экани айтилган.
Жорий пайтда эса, хавфсизлик кучларининг сони 150 мингни ташкил этади.
Агар учдан бир қисмга оширса, бу рақамлар 200 мингтага етади.
Бу каби йирик Армия эса, Ўзбекистон илова аксарияти Афғонистонга чегарадош бирор бир Марказий Осиё давлати ҳукумати ихтиёрида йўқ.
Толибон ҳукумати Қуролли кучлари Бош қўмондони жорий пайтда ўзларига нега бунча катта Армия кераклиги ва уни қандай тутиб туришлари тафсилотларига тўхталмаган.
Сўнгги янгилик фавқулодда инсонпарварлик ёрдами кўрсатилмаса, Афғонистон "Ер юзининг жаҳаннамига айланади", деган жиддий хавотирлар аримаган бир пайтда ҳам бўй кўрсатган.
Жорий пайтда Афғонистонда бирор бир хорижий аскар қолмаган, сўнггиси Толибон ва Вашингтон ўртасидаги "тарихий" битим шартларига мувофиқ 2021 йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этган.
Қори Фасиҳуддин Фитратнинг Афғонистоннинг Тожикистонга чегарадош шимолий-шарқий Бадахшон вилоятидан экани айтилади.
У интервью чоғида хорижий давлатлар дронлари томонидан ўз ҳаво ҳудудларининг бузилишини ҳам қоралаган.
Буёғи қандай бўлади?

Сурат манбаси, ANADOLU
Афғонистон бошқаруви, қарийб икки йилдирки, Толибон қўлида.
Аммо ҳаракатнинг муваққат ҳукумати ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан қонуний, деб тан олинмаган.
Толибон муваққат ҳукуматининг кучайиш нияти ва режаси ўзлари халқаро ҳамжамиятнинг кескин танқидларига юз тутиб турган бир пайтда бўй кўрсатган.
Толибон ҳукумати ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамиятнинг асосий талабларига қулоқ илмаган.
Афғонистонда инклюзив ҳукумат яратиш, афғон хотин-қизларининг ишлаш, таълим олиш имкониятларини тўлиғича таъминлаш ва миллий озчиликларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш каби шартлари ҳануз кун тартибидан тушмаган.
Кеча, 13 апрель куни Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг пойтахт Тошкентдаги тўртинчи учрашувида ҳам бу талаблар яна бир бор янграган.
Қолган уч аввалги учрашувлардан фарқли тарзда Тошкентдагисида Толибон муваққат Ташқи ишлар вазири ҳам шахсан ҳозир бўлган.
Учрашувда Афғонистоннинг иқтисодий таназзулга йўл тутишига йўл қўймаслик кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлгани кўрилган.
Толибон томони ҳам иқтисодий ҳамкорликка ўта мойил кўринган.
Учрашувда дунёнинг уч ядровий қудрати - Россия, Хитой ва Покистон ташқи ишлар вазирлари ҳам иштирок этишган.
Қўшни давлатлар бу каби бир эҳтимол минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни издан чиқариб юборишидан жиддий хавотирда.
Халқаро ҳамжамият эса, Толибоннинг қудратни куч билан эгаллаши ва ўзларининг асосий талабларини беэътибор қолдириб келаётгани боис, Афғонистоннинг четдаги миллиардлаб долларлик активларини деярли тўлиғича музлатиб турибди.
Кесиб қўйган миллионлаб долларлик йиллик молиявий кўмакларини ҳам тикламаган.
Толибон бюджети

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон муваққат ҳукумати Қуролли кучларининг Бош қўмондони Афғонистон Мудофаа вазирлигининг пойтахт Кобулдаги кучли қўриқланувчи биносида интервью берган.
Аммо мудофаа соҳасига ажратган маблағларининг аниқ миқдорини очиқламаган.
У Мудофаа вазирлиги бюджетда энг юқори ўринни эгаллашини айтаркан, худди шу боис ҳам, бошқа вазирликларга қараганда анча кўп пул олганлигини билдирган.
Бош қўмондон бу кўпроқ солиқ ва божхона тушумлари ҳисобидан молияланаётганлигини айтган.
Толибон муваққат ҳукумати йиллик бюджетининг аниқ суммаси ва манбаси ҳақида ишончли маълумотлар имконсиз.
Толибон ҳаракати томонидан қулатилган сўнгги афғон ҳукуматиникини эса, донор давлатлар кўтариб келишган.
Сўнгги 20 йил давомида АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари томонидан дастакланган Афғонистон ҳукуматига урушиб келган Толибон ҳозир ўзининг фуқаровий маъмурияти ва Армиясига асос солиш ҳаракатида.
Тошкентдаги йиғинда эса, халқаро терроризм баробарида гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва уларнинг контрабандасига қарши курашда Афғонистонга қўшни давлатларнинг чора-тадбирларини кучайтиришнинг муҳимлиги ҳам таъкидланган.
Афғонистон, йилларки, афюн ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи давлат бўлиб келган.
Толибоннинг мақсади нима?

Сурат манбаси, Getty Images
Фитратнинг айтишича, мудофаанинг асосий эътибори Афғонистон ҳаво ҳудудини дронлар ва бошқа босқинлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Унга кўра, "зенит ракеталари - давлатларнинг эҳтиёжидир".
"Барча давлатлар ўзларининг ҳудудий яхлитликларини таъминлаш учун қурол-яроғ ишлаб чиқаришга интилишади ва Афғонистон ҳам шу муаммога тўқнаш келиб турибди".
"Шубҳа йўқки, Афғонистон ҳам унга эга бўлиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилмоқда", - дея баён қилган Толибон муваққат ҳукумати Қуролли кучларининг Бош қўмондони.
Аммо у расмийлар зенит ракеталарини қаердан харид қилмоқчи эканликлари тафсилотларини очиқламаган, бунга рўйхушлик бермаган.
Фитратнинг айтишича, Афғонистон кучларининг салмоқли қисмини ташкил қилувчи собиқ афғон ҳукуматининг ҳарбийларига худди ўзларининг жангариларидек маош тўланмоқда, муомала қилинаётир.
Бундан аввал эса, халқаро инсон ҳақларини сақлаш гуруҳлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти афғон хавфсизлик кучлари собиқ ходимларининг нишонга олиниб, ўлдирилаётгани ҳақидаги хабарлар юзасидан ўзларининг жиддий хавотирларини билдиришганди.
Афғонистон дунёнинг яқин-яқингача турли жангари гуруҳлар фаол саноқли давлатларидан бири дўлиб келган.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам ўз вақтида Афғонистон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган.
Толибон муваққат ҳукуматининг ўз ҳарбий салоҳиятини кучайтириш ҳаракатига Марказий Осиёда Армияси энг жанговари бўлган Ўзбекистон ва Афғонистонга қўшни қолган Марказий Осиё давлатларининг муносабати ҳозирча маълум эмас.
Толибон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазирининг Тошкентда баён қилишича, "ҳеч бир шароитда Афғонистоннинг салбий қарама-қаршиликлар ва ноқонуний рақобат майдонига айланишига йўл қўйишмайди".
Геостратегик жойлашувининг муҳимлиги боис, Афғонистон ҳам хавфсизлик ва ҳам иқтисодий нуқтаи назардан глобал қудратларнинг диққат-марказида бўлиб келаётган давлатлардан бири бўлади.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002






























