Исроил: Энг миллатчи ҳукумат нега йирик норозиликка сабаб бўляпти? Янгиликлар Yangiliklar Dunyo

Сурат манбаси, Getty Images
Исроилда Бош вазир Бенямин Нетаняҳу қонунларни ўзгартиришга ҳаракат қилиши ортидан катта босим остида қоляпти. Унинг адлия тизимида қилишга уринаётган ислоҳотлари Исроилнинг деярли барча қатламлари, жумладан қудратли армиянинг ҳам ғазабига сабаб бўлди.
Исроил ҳаво кучларининг қатор зобитлари матбуотга улар "диктатор режимига хизмат қилиш"ни истамасликларини айтишган.
Якшанба куни ўн минглаб одамлар норозиликларини изҳор қилиш учун кўчаларга чиқдилар. Нетаняҳу эса бу ислоҳотларни тўхтатиб туришга чақирган Мудофаа вазирини лавозимидан бўшатди.
Қуддус шаҳрида полиция Нетаняҳунинг уйи ташқарисига йиғилган намойишчиларга қарши сув пуркагичларни ишлатди.
Тел-Авив шаҳрининг Бен Гурион аэропорти ишчилари ислоҳотлардан норозилик сабаб иш ташлашлари барча парвозларнинг тўхтатилишига олиб келди.

Сурат манбаси, REUTERS/Ronen Zvulun
Нетаняҳу бошқарувчи ҳукумат ҳакамларни тайинлайдиган қўмита устидан тўлиқ назоратни қўлга олишга уриняпти.
Исроил тарихида энг миллатчи ва ўнг қанот дея кўрилаётган ҳукуматнинг Молия вазири Белазел Шмотрич ўтган ҳафта "Фаластин халқи деган нарса йўқ" деб айтгани ортидан кўп танқидларга учраганди.
Нетаняҳунинг айтишича, бу ўзгаришлар судларнинг ўз ваколатларини суиистемол қилишини бартараф этади, аммо танқилчиларга кўра, Нетаняҳу бу билан ўзи юз тутаётган коррупция суд ишига таъсир қилмоқчи.
Нетаняҳу 2021 йил апрелидан бери порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни оқламаслик айбловларига қарши учта суд ишида ўзини ҳимоя қилиб келяпти.

Сурат манбаси, AFP
Би-би-сининг Қуддусдаги мухбири Том Бейтман хабар қилишича, юзлаб намойишчилар Исроил парламенти ташқарисида "демократия" дея қичқиришмоқда.
Тўсиқлар ортида эса полиция икки сув пуркагич машиналар билан тайёр турибди.
Мамлакатдаги норозилик ҳисси шу даражага етганки, ҳамма Бош вазирнинг оғзига қараб турибди, дейди у.
Бош вазир атрофидаги ўнг-қанот вазирлар ислоҳотларни давом эттиришни талаб қилишяпти.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002




























