Украина Россия газини элтувчи қувурлар портлатилишига алоқани рад этяпти Dunyo Yangiliklar Янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Украина Россия табиий газини Германияга олиб ўтиш учун қурилган Nord Stream (Шимолий оқим) қувурларига сентябр ойида уюштирилган ҳужумга алоқадорлигини рад этди.
"New York Times" газетаси АҚШ разведка хизматининг аноним расмийларига таяниб, Украинага хайрихоҳ гуруҳ айбдор деб тахмин қилган хабарни тарқатганди.
Украина президентининг маслаҳатчиси Михайло Подолякнинг айтишича, Украинанинг "мутлақо иштироки бўлмаган".
Москва бу ҳисоботни "сохта ахборот воситаларининг мувофиқлаштирилган кампанияси" деб рад этди.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ терговсиз қандай қилиб тахминлар қилиши мумкинлиги ҳақида савол берди. "Шубҳасиз, ҳужум муаллифлари эътиборни чалғитмоқчи", деди у Риа-Новости давлат ахборот агентлигига.
Немис оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, терговчилар портловчи моддаларни жойлаштиришда фойдаланилган қайиқни аниқлаганларини айтишган.
Портлашлар бошланишидан олдин Россияга газ етказиб бериш тўхтатилган эди. Россия ўтган йилнинг августида Nord Stream 1 қувурини ёпиб қўйган ва унга техник хизмат кўрсатиш зарурлигини сабаб қилиб кўрсатган эди. Nord Stream 2 эса умуман ишга туширилмаган.
26 сентабрда табиий газ қувурларида содир бўлган бу портлашларнинг аниқ сабаблари номаълум, аммо уларга ҳужум қилинган деб ишонилади.

Сурат манбаси, Reuters
Москва портлашларда Ғарбни айблаб, БМТ Хавфсизлик кенгашини уларни мустақил текширишга чақирганди.

НАТО ва Ғарб етакчилари Россияни ўз газ қувурларига ҳужум қилишда бевосита айблашдан тийилди, гарчи Европа Иттифоқи аввалроқ Россия ўз газ қувурларидан Ғарбга қарши қурол сифатида фойдаланишини айтган эди.
Сешанба куни "New York Times" газетасининг хабар беришича, АҚШ расмийлари томонидан текширилган янги разведка маълумотларига кўра, Nord Stream қувурларига ҳужумни Украинапараст гуруҳ амалга оширган.
Аноним АҚШ расмийларига иқтибос келтирган ҳолда хабарда айтилишича, Украина президенти Владимир Зеленский ёки унинг бош лейтенантлари операцияда иштирок этгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.
АҚШ газетасининг хабар беришича, расмийлар разведка маълумотларининг моҳияти, қандай олингани ёки ундаги далилларнинг қанчалар кучлилиги ҳақидаги тафсилотларни ошкор қилишдан бош тортишган.
Шунингдек, "разведка маълумотларини ўрганиб чиққан расмийлар, қўпорувчилар Украина ёки Россия фуқаролари бўлган ёки иккаласининг бирлашмаси бўлган деб ҳисоблашган", дейилади мақолада.
"New York Times" хабарига жавобан жаноб Подоляк нима бўлганлиги ҳақида Киевда ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.
Шунингдек, сешанба куни Германиянинг "Die Zeit" газетаси немис ҳукумати ҳужумлар сабабларини текширишда муваффақиятга эришганини хабар қилди.
Газета ва бошқа немис оммавий ахборот воситалари томонидан чоп этилган қўшма тадқиқотларга кўра, портловчи моддаларни жойлаштиришда фойдаланилган қайиқ Полшада жойлашган фирмадан ижарага олинган яхта бўлиб, у икки украиналикка тегишли бўлган. Ҳужумни амалга оширганларнинг миллати аниқ эмас.
Германия прокурори ҳисоботга изоҳ беришдан бош тортди, аммо Мудофаа вазири Борис Писториус шошилинч хулоса чиқармасликка чақирди. "Бу Украинапараст гуруҳларга айбни юклашга қаратилган ёлғон амалиёт бўлиши мумкин", деди у немис радиосига.
Россия газини Германияга олиб келувчи "Nord Stream 1" сув ости қувурининг камида 50 метри сентабр ойидаги портлаш оқибатида вайрон бўлган деб тахмин қилинади.
Дания полициясининг фикрича, "кучли портлашлар" қувур ва унинг янги эгизаки "Nord Stream 2"да тўртта тешик пайдо қилган.
Германия, Дания ва Швеция расмийлари воқеа юзасидан тергов олиб боришган.
Жаноб Песковнинг айтишича, "Шимолий оқим" акциядорлари зудлик билан шаффоф тергов ўтказилишини талаб қилишлари керак.
"Бизни терговга ҳали ҳам яқинлаштиришмаяпти. Бир неча кун олдин биз данияликлар ва шведлардан бу ҳақда эслатма олдик. Ҳамма нарса шунчаки ғалати. Бундан жирканч жиноят ҳиди келяпти", деди у.
Ўнлаб йиллар давомида Россия Ғарбий Европага катта миқдорда табиий газ етказиб бериб келди. Бироқ ўтган йилнинг феврал ойида Украинадаги уруш бошланганидан сўнг, Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари Россия энергетикасига қарамликларини кескин камайтирдилар.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.






























