Янгиликлар. Украина: Путинни тўхтатадиган куч йўқми? Rossiya Ukraina Putin Dunyo Yangiliklar

Poster

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, "Биз ҳимоя қиладиган ватан" деган ватанпарварона руҳдаги плакатлар урушга ватанпарварлик руҳини кучайтиришга қаратилган
    • Author, Андрей Гурьянов
    • Role, Би-би-си Рус хизмати
  • Published

Россиядаги кўпчилик уруш масаласида Кремлга қаршилик қилмасликни афзал кўради, аммо бу каби мавқеъ уларнинг бунга маънан розиликларини ҳам англатади.

Алоқадор мавзулар:

Россиянинг Украинага босқини бошланмасидан илгари Би-би-сининг Москвадаги офиси жойлашган Замоскворечье туманида соатлаб пиёда юрар эдим. Бу ерда етти йил ишлаганман.

Шаҳарнинг сокин бу қисми Россиянинг мураккаб ўтмиши ва бугунини гавдалантиради.

Асрлар давомида москваликлар бу ерга келиб иморат солиб, тадбиркорлик қилиб, тинч ҳаёт кечиришган, улар мамлакат раҳбарларининг оддий россияликларнинг ўрни бўлмаган спектаклларида иштирок этишмас эди.

Бу ер Москва дарёсига туташ, унинг бир томонида Кремль жойлашган, бошқа томонида эса сталинча кўп қаватли уйлар, 21-асрда қурилган осмонўпар бинолар тушган ва сершовқин Садовое ҳалқа йўли ўтган.

Уйқашиб кетган, ҳар ер ҳар ерда черковлар ва 19-асрда солинган зодагонлар саройлари жойлашган тор кўчалар ўтмишдан садо беради. Большая Ординка кўчаси Москва князларидан ўлпон ундирган татар мўғул ҳукмдори номига қўйилган.

Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковда туғилган ва Москвада ишлаётган дўстим қўнғироқ қилиб қолган феврал ойида ана шу ерда эдим.

Путин чиндан Украинада уруш бошламоқчими, деб сўради у. Иккимиз ҳам бунга ишонгимиз келмасди.

Россиянинг тажовузкор ўтмишини назарда тутсак, ҳа, уруш муқаррардек туюларди.

Rossiyaliklar

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Путин ўтган йил сентябрь ойида қисман сафарбарлик эълон қилган пайтда катта сондаги россиялик мамлакатни тарк этди

Юз минглаб россияликлар Россияни тарк этди, шу жумладан мен ва менинг Би-би-си Рус хизматидаги ҳамкасбларим ҳам. Аммо Россияда қолганларнинг аксари учун ҳаёт сиртдан қараганда ҳамон ўша ўша.

Айниқса, катта шаҳарларда.

Замоскворечьедаги аксар дўконлар, кафелар, бизнеслар ва банклар ҳозир ҳам очиқ. Кўплаб журналистлар, IT мутахассислари кетган бўлса ҳам, уларнинг ўрнини бошқалар эгаллаган.

Харидорлар ошган нархлардан шикоят қилади, аммо маҳаллий маҳсулотлар импорт маҳсулотлар ўрнини эгалламоқда.

Qahvaxona
Сурат тагсўзи, Сиз ҳали ҳам бир финжон қаҳва устида дўстингиз ёки ҳамкасбингиз билан учрашишингиз мумкин. Қаҳвахона номи ҳам деярли ўзгармагандек, аммо Starbucks'нинг ўзи Россияни аллақачон тарк этиб бўлган

Китоб дўконларида номақбул деб топилган китоблар пластик ўрамларда сотилаётган бўлса ҳам, турли номдаги китоблар бисёр.

Автомобиллар ижараси ҳам ишлаб турибди, аммо уларнинг аксариси Хитойда ишлаб чиқарилган.

Халқаро санкциялар ҳам Россияни 1990-йиллардагидек иқтисодий инқироз ёқасига олиб бориб қўйгани йўқ. Аммо Белфастда яшовчи рус олими Александр Титовнинг кузатишича, шунга қарамай, Россия инқирозда яшамоқда.

Бу секин кечадиган инқироз, лекин диққат билан қарасангиз, ҳамма жойда унинг аломатларини кўришингиз мумкин.

Украина чегарасига яқин ва урушдан вайронага айланган Харьковдан атиги 80 км узоқликда жойлашган Белгородда маҳаллий аҳоли ҳарбий юк машиналар колонналарининг фронтга қатнашига кўникиб ҳам қолди.

Улар Россия кўпчиликнинг дўст ва қариндошлари бўлган шаҳарни бомбалаётганидан хавотирда бўлса ҳам, буни кўрсатмасликка ҳаракат қилишади.

Urush sathi

Сурат манбаси, SERGEY BOBOK/AFP

Сурат тагсўзи, Аксарият одамлар ўз ҳарбийларининг Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковни нималар қилганини билишмайди ёки билишни хоҳлашмайди

Маҳаллий губернатор томонидан ўтказиладиган кўча фестивалларига борувчилар кўп, дейди бир дўстим.

Аммо маҳаллий шифокорлар маҳаллий шифохоналарга олиб келинган ярадорлар оқимига дош беролмай, оммавий равишда ишларини тарк этмоқда.

Чегара оша учаётган снарядлар кундалик реалликка айланган чегарадаги кичик Шебекино шаҳри аҳолиси ўзларини ташлаб қўйилгандек ҳис қилмоқда.

Санкт-Петербургга борган маҳаллий оилалардан бири бу ердаги ҳаёт тубдан ўзгариб кетган бир пайтда у ерда ҳеч нарса ўзгармаганини кўриб ҳайратда қолди.

Менга айтишларича, Псковда - Эстония ва Латвия билан чегарадош ҳудудда муҳит жуда маҳзун, аммо ҳамма гўё уруш уларга тегишли эмасдек кўринишга уринади.

76-гвардия ҳаво ҳужуми дивизияси Псковда жойлашган бўлиб, ҳозирда унинг қўшинлари Киев яқинидаги Бучада ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланмоқда.

Шаҳарни Украинада ҳалок бўлган аскарлар дафн қилинаётган маҳаллий қабристон билан боғловчи автобус қатнови йўлга қўйилди. Кўприк остида кимдир катта қизил ҳарфлар билан ТИНЧЛИК деб ёзган.

Pskovdagi qabriston
Сурат тагсўзи, Би-би-си Псков яқинидаги қабристонга борганида россиялик десантчиларнинг ўнлаб янги қабрларига гувоҳ бўлди

Финляндия чегараси яқинида Петрозаводскка кетаётган поездда бир дўстим "шаҳарга ном бериш" ўйинини ўйнаётган бир гуруҳ ўсмирларга дуч келади.

Кимдир Донецк ҳақида гапиради: бу Россиями ёки Украина? Уларнинг ҳеч бири аниқ билмайди. Бу ер уларнинг ҳукумати томонидан ноқонуний босиб, қўшиб олинган.

Улар уруш ҳақида қандай фикрда? Урушнинг уларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Петрозаводск ўзининг маъюс ўтмишига қайтганга ўхшайди. Бўш пештахталар, хорижий брендлар йўқ, жуда юқори нархлар.

Руслар ҳақиқатан ҳам Украинада уларнинг номидан содир этилаётган ваҳшийликни қўллаб-қувватлаяптими ёки қулоғим тинч бўлсин деб, ўзини ҳеч нимани билмаётгандек кўрсатяптими?

Ўткинчи таассуротлар ва суҳбатлардан аниқ хулоса чиқариш қийин. Социологлар буни аниқлашга ҳаракат қилишди, лекин Россияда сўз ёки маълумот олиш эркинлиги йўқ, шунинг учун одамларнинг қанчалик самимийлигини аниқлаш жуда мушкул.

Сўровлар шуни кўрсатадики, русларнинг аксарияти урушни қўллаб-қувватламаса ҳам, унга қарши эмас.

Бу хориждаги руслар орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Россия ҳақида ўрганаётган ва ёзаётганларнинг кўпчилиги, жумладан, мен ҳам одамларнинг кичик бир қисми урушни фаол қўллаб-қувватлаётгани, яна оз қисми унга қарши эканлигига ишонамиз.

Аксарият оддий руслар ўртада, улар ўзлари қарор қилмаган, тушунмаган ва ўзгартира олишига ишонмаган вазиятни англашга ҳаракат қилади.

Улар буни тўхтата оладими? Агар кўпроқ одамлар ўз эркинлиги учун туриб берса, Ғарб ва Украинадан бўладиган таҳдид ҳақида давлат телевидениеси ташвиқотига қарши чиқса, эҳтимол, ҳа, шундай бўлади.

Кўпчилик россияликлар сиёсатдан четда қолишни истайди ва Кремль ўзлари учун қарор қабул қилишига қўйиб беради.

Аммо бош эгиш одамга ёқмайдиган шаклда муросага боришни англатади.

Урушни ўзларидан нари тутиш учун руслар буни босқинчилик эмас деб ҳисоблаши, ўн минглаб одамлар ўлдирилган ва яраланган, миллионлаб одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган ва Кремль "махсус ҳарбий операция" деб атайдиган бу урушга панжа орасидан қараши керак.

Ruhoniy va Rossiya harbiylari

Сурат манбаси, MIKHAIL KLIMENTYEV/SPUTNIK/AFP

Сурат тагсўзи, Рус православ черкови раҳбари ва Путиннинг иттифоқчиси Патриарх Кирилл Россиянинг уруш ҳаракатларини ёрлақади

Руслар аскарлар мактабларга бориб, уларнинг болаларига уруш яхши эканини уқтиришини нормал қабул қилиши керак.

Руҳонийларнинг урушни қўллаб-қувватлаши ва тинчлик учун ибодат қилмай қўйиши ҳам нормал ҳолдек.

Энг муҳими шундаки, улар энди аввалгидек саёҳат қила олмайди ёки катта дунёнинг бир қисми эмас.

Улар учун Кремль аксарият мустақил нашрларни тўсиб қўйгани ҳам тўғри иш бўлган.

Маслаҳатчимисиз ёки журналистми, уруш ҳақида ўз фикрингизни айтганингиз учун йилларча қамоқда ўтиришингиз ҳам тўғри иш.

Нима учун россияликлар норозилик билдирмай сукут сақлаётганини жамоатчилик фикрини ўрганиш орқали эмас, Россия тарихи орқали тушуниш мумкин.

Президент Владимир Путин ҳокимиятга келганидан бери Россияни қайта тиклаш ва дунё у билан ҳисоблашиши кераклигини таъкидлашдан чарчамайди.

Нутқ ва мақолаларида у Россия Шарқ ва Ғарбнинг бир қисми сифатида дунёда ўзига хос ўринни эгаллашига ишонажагини айтиб келади. Унинг қарашича, Россиянинг ўзига хос анъаналари, дини ва турмуш тарзи бор. Русларга тартиб ва назорат керак ва улар ўзларини ҳурмат қилишларини талаб қилади.

Бу ишонч асрлар давомида акс-садо бериб келган ва унинг ўзгаришига ҳозирча умид йўқ.

Rossiyaliklar

Сурат манбаси, YURI KADOBNOV/AFP

Сурат тагсўзи, Владимир Путин ҳар доим урушда Ғарбни айблайди ва давлат телевидениеси унинг қарашини такрорлайди

Путиннинг бу қарашлари арзонга тушмаяпти: руслар ўз эркинликлари билан ҳақ тўламоқда; Украиналиклар ўз ҳаётлари билан.

Россия баъзида турли фалокат ва инқирозлардан кейин очилган.

1989 йилда Афғонистондаги мағлубиятдан кейин Горбачев даври бошланди. 1905 йилда Япониядан мағлубият конституциявий ислоҳотга, 1856 йилдаги Қрим урушидаги мағлубиятдан сўнг крепостнойлар озодликка чиқди.

Ижтимоий сўровларда кўпчилик россияликлар урушни тугатиш учун тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлашларини айтишган. Аммо улар мустақил Украинага қандай кафолатлар бериши мумкинлиги ҳозирча аниқ эмас.

Эртами-кечми бунга жавоб бериш керак, руслар эса ўз мамлакати қилаётган ишга қарши туришлари керак бўлади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.