Янгиликлар. Украина: "Ифлос бомба" пўписаси иш бермадими? Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Радиоактив ифлосланиш ҳақида огоҳлантириш белгиси

Сурат манбаси, Getty Images

Published

Россия расмийларининг гўёки Украина қўлбола ядровий бомба портлатиб Россияни айбдорга чиқармоқчи экани ҳақидаги баёнотлари бутун дунёда катта шубҳалар билан қарши олинди, БМТнинг атом қуввати бўйича агентлиги Украина қўлбола атом бомбаси ясаши мумкин бўлган икки иншоотни мунтазам текшириб туришини хабар қилди.

Дастлаб Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг хориждаги ҳарбий раҳбарлар билан телефон қўнғироқларида илгари сурилган даъволарнинг маъноси шуки, Украина Россияга қарши провокация тайёрлаяпти, қўлбола ялровий бомба ёки "ифлос бомба" портлатиб, бу портлашда Россияни ёмонотлиқ қилиш мақсадини кўзлаган.

Ифлос бомбани қандай тайёрлаш мумкин?

Сурат манбаси, .

Алоқадор мавзулар:

Радиоактив ифлосланишни текшираётган мутахассислар

Сурат манбаси, Getty Images

Шундан кейин АҚШ, Буюк Британия ва Франция ташқи ишлар вазирликлари қўшма баёнот эълон қилдилар, бу баёнотда ушбу даъволарни "очиқдан-очиқ сохта" деб қоралаладилар, "бундай даъвога ҳар қандай ҳаракатни дунё вазиятни янада кескинлатиш баҳонаси сифатида кўради", дедилар.

Президент Зеленский эса ўзининг кундалик видео мурожаатида шундай деди: "Агар Украина гўёки ниманидир тайёрлаяпти деяётган бўлса, бу бир нарсани англатади: Демак Россия буни аллақачон тайёрлаб бўлган".

Россия тарафи бирор бир исбот-далилсиз қўлбола атом бомба гўёки Украинадаги икки жойда тайёрланаётган бўлиши мумкинлигини хабар қилди.

Булар Днепропетровск шаҳридаги Шарқий Минерал бойитиш заводи ва Киевдаги Ядровий Тадқиқотлар институти.

Ушбу даъвога БМТнинг ядровий қувват бўйича агентлиги IAEA(International Atomic Energy Agency) раҳбари Рафаэл Гросси ўз назоратчилари ушбу икки ядровий иншоотни мунтазам текшириб туришлари, бу жойлардан бирини атиги бир ой олдин текширганларини айтди.

Россия иддаосидан кейин Украина яна IAEA назоратчиларини келиб текширув ўтказишга чақирди, Рафаэл Гросси агентлик назоратчилари ушбу сўровга жавобан яқинда боришларини хабар қилди.

"Ифлос бомба" қўнғироғидан мақсад - қўрқитиб қўйиш

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу

Сурат манбаси, EPA

Украина уруши бошланганидан буён вазиятни мунтазам кузатиб келаётган АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертлари фикрича, Сергей Шойгу қўнғироқларидан мақсад, Россиянинг Ғарбни қўрқитиб қўйиш нияти бўлган.

ISWнинг кундалик ҳисоботида айтилишича, ушбу қўнғироқлар билан Россия Ғарб мамлакатларини қўрқитиб қўйиш, НАТО аъзолари орасида бўлинишни келтириб чиқариш, Украинага ёрдамни секинлатиш ёки буткул тўхтатилишига эришиш мақсадини кўзлаган бўлган.

Урушни ўрганиш институтига кўра, Россиянинг ўзининг "бегона байроқ остида" "ифлос бомба" портлатиш амалиётини тайёрлаётгани эҳтимоли кам.

Улар ҳали Украинага бостириб киришдан олдин Москва Украинани оммавий қирғин қуролини қўлга киритиш ва Россияга қарши қўлламоқчи бўлаётганликда исбот-далилсиз айблаб келганини эслатадилар.

Бундай бомбани қўллаш қарорини шахсан Президент Владимир Путиннинг ўзи қабул қилади, буни олдиндан башорат қилиб бўлмайди, дея қайд этишган ISW экспертлари.

Шойгу Украина иттифоқчиларини қўрқитиб қўймоқчи, уларнинг ҳарбий кўмагини секинлатмоқчи ёки тўхтатмоқчи бўлган, деб ҳисоблашади таҳлилчилар.

Украинага ҳар ой 5 миллиард Евро зарур

Берлинда Украинани қайта тиклаш масаласига бағишланган анжуман бошланди.

Уни "21 аср Маршалл режаси" деб ҳам атамоқдалар.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг конференцияда айтишича, бюджет харажатларини қоплаш учун ҳар ойда Украинага 5 миллиард Евро маблағ зарур.

Европа Иттифоқи 2023 йил январидан ҳар ой Украинага 1,4 млрд Евро ажратиб туришга розилигини билдирган.

Урсула фон дер Ляйен сўзларига кўра, қолган маблағлар билан АҚШ, бошқа мамлакат ва халқаро ташкилотлар ёрдам берадилар.

Конференцияда видео алоқа воситасида гапирган Президент Зеленский, Украинани тез қайта тиклаш мақсадида ваъда қилинган 17 миллиард Евро маблағдан бирор цент ҳам олмаганларини айтди.

Шу куни АҚШ раҳбарияти Украинага эски Hawk ҳаво мудофаасига қарши тизим бериши ҳақида хабар қилдилар.

Украина 10 октбярдан буён ракета ва дронлар ҳужумларига дуч келаяпти, Hawk Украинага ушбу ҳужумлардан мудофаа учун зарур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek