Россия Украина: Путин босим остида - жабрини эса мигрантлар тортиши мумкин Dunyo Yangiliklar

Владимир Путин

Сурат манбаси, Reuters

Published

Владимир Путин тобора кучли босим остида қолмоқда.

Унинг Украина уруши кутилганидек натижа бермади.

Украинлар ҳарбий жавоб зарбаларини кучайтиришмоқда, Россия эса ишғол қилган ҳудудларини йўқотмоқда.

Россиянинг Украинага чегарадош ҳудудлари ҳам мунтазам ҳужумларга тутиляпти.

Путин эълон қилган "қисман сафарбарлик" эса Россия жамиятида норозиликларга етаклади, ўн минглаб одамлар қўшни давлатларга қочиб ўтишди.

Путин нима қилди?

Владимир Путин жавоб чораларини кескинлаштирмоқда.

Россия ўзига қўшиб олганини айтаётган Украинанинг тўрт вилоятида ҳарбий ҳолат жорий этди.

Украинлар эса бу вилоятларини қайтариб олишга қатъий аҳд қилганлар.

Айни пайтда, Россияда ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Украинага чегарадош минтақалар - Белгород, Брянск, Ростов ва Краснодарда ҳамда илгари қўшиб олинган Қримда ҳаракатланиш ва ушбу ҳудудларга кириб чиқишни чекловчи чоралар кўзда тутилади.

"Кучайтирилган ҳозирлик" ё ҳушёрлик эса Россиянинг аксар мусулмонлар яшовчи жанубий минтақалари ҳамда пойтахт Москвани қамраб олади.

Бу ерларда ҳаракатланиш чекланиши ва машиналар текширилиши мумкин.

Шу қаторда, жамоат тартиби хавфсизлиги кучайтирилади.

Алоқадор мавзулар:

Мигрантлар жабр кўрадими?

Мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images

Мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Мигрантлар кўп яшовчи ҳудудларда текширувлар кучайтирилади.

Россиянинг мигрантлар зич яшовчи ҳудудларида кенг кўламли чоралар киритилмоқда.

Хавфсизлик Кенгаши мулозимларига таяниб ёзаётган ТАСС хабар агентлигига кўра, муҳожирлар устидан назоратни кучайтирувчи қонун ўзгаришлари кутилаётир.

Унда чет элликларнинг Россияда бўлган пайтида елкасига тушадиган масъулият ҳам кучайтирилади.

Махсус хизматларга эса Мигрантлар орасидан халқаро террорчи ва экстремист гуруҳларнинг аъзоларини аниқлаш бўйича вазифалар юкланади.

Бир неча кун олдин Россиядаги бир ҳарбий ўқув марказида отишма юз берган ва камида 13 инсон ҳалок бўлганди.

Россия ҳарбий мулозимлари эса ўт очганлар МДҲ давлатидан бўлган икки киши, деб айтишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek