Россия ва Толибон: Россия Афғонистонда қонли ҳужумга учради, Москва энди нима қилмоқчи? Afg‘oniston Rossiya Dunyo Yangiliklar Tolibon

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистонда ким ва нега Россияни айнан ҳозир нишонга олгани сабаби маълум эмас. Қурбонлар орасида Россия элчихонаси ходимлари ҳам бор. Ҳалокатли худкушлик ҳужумига масъулиятни ҳозирча бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олиб чиқмаган. Расмий Москва айбдорларнинг зудлик билан жазоланиши истагида. Толибон ҳозирча жим.
Алоқадор мавзулар:
- Россия Ўзбекистон, Тожикистондан кейин энди Хитойга ўтдими? Афғонистон ва Толибон
- Афғонистон: Толибон сафида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳам жанг қилаяптими?
- Афғонистон: АҚШ ал-Қоида лидерини ўлдирди, бунга Толибон нима деди?
- Ўзбекистон Исломий ҳаракати, ИШИД ва бошқа жиҳодий гуруҳлар Толибоннинг ютуғига нима дейишмоқда?
Кутилмаган худкушлик ҳужуми
Бу - Толибон муваққат ҳукумати бошқаруви остида Афғонистонда бир хорижий давлат элчихонасига қаратилган илк ҳужум экани айтилмоқда.
Ҳарбий таҳлилчилар доирасида Россия Ғарб ва ИШИДга қарши Толибоннинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиларидан бири сифатида кўриб келинган.
Россия элчихонасининг нега айнан бугун худкушлик ҳужуми нишонига айлангани ва бундан мақсад нима бўлгани сабаблари ҳозирча маълум эмас.
Ҳужумга масъулиятни ҳам ҳозирча Афғонистондаги бирор бир жангари гуруҳ ўз зиммасига олиб чиқмаган.
Хабарларга кўра, Россия элчихонасига қаратилган худкушлик ҳужумида камида олти киши қурбон бўлган.
Улардан икки нафарининг Россия элчихонаси ходимлари эканликлари айтилмоқда.
Яраланганлар сонига ҳалича аниқлик киритилмаган.
Толибон сал аввал уларнинг сони ўнга яқин эканини маълум қилган.
Россиянинг "Новости" давлат ахборот агентлиги яраланганлар орасида ҳам бир россиялик дипломат ва элчихона қўриқчисининг борлиги ҳақида хабар берган.
Аммо талафотларнинг сони Толибон ва Россия вакиллари айтаётганидан анча кўп эканига оид хабарлар ҳам бор.
Ҳужумчи ким?

Сурат манбаси, LOS ANGELES TIMES/GETTY
Толибон томонига кўра, Россия элчихонаси атрофидаги ўз қўриқчилари худкуш ҳужумчини ўз вақтида пайқаб қолишган.
Ҳужумчини элчихона консуллик биноси эшиги яқинида отиб ўлдиришган, портлашга ҳам худди шу нарса сабаб бўлган, дейишмоқда улар.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳужумчини "номаълум жангари" сифатида тилга олган.
Президент Путиннинг матбуот котиби ҳужум "шак-шубҳасиз террорчилик амали" эканини айтган.
Дмитрий Песков "буни мутлақо қабул қилиб бўлмаслиги"ни таъкидлаган.
Россия Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистонда ўзининг дипломатик ваколатхоналарини ёпмаган дунёнинг саноқли давлатларидан бири бўлади.
Москва толибларнинг муваққат ҳукуматини расман тан олмаган.
Аммо Толибон билан мулоқотларини тўхтатмаган.
Ваъда ва рақиблар

Сурат манбаси, Reuters
Толибон бутун Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш ваъдаси билан ҳам қудратга келган.
Лекин сўнгги ойларда бутун Афғонистон бўйлаб, айниқса, пойтахт Кобулда хавфсизлик билан боғлиқ аҳвол анчайин ёмонлашган.
Кузатилаётган устма-уст қонли ҳужумларга масъулиятни асосан ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.
ИШИД Хуросон қаноти Толибоннинг Афғонистондаги "ашаддий" рақиби бўлади.
Сўнгги ҳужумларидан мақсад ҳам Толибоннинг қудратига соя солиш, унга бўлган ишончга дарз етказиш эканига оид қарашлар йўқ эмас.
ИШИД Хуросон қаноти охирги пайтларда Толибоннинг, ўз таъбирларидаги, "иттифоқчилари"га қарши мавқеидаги пропагандасига зўр берган.
Шу йил апрель ва май ойларида Ўзбекистон ҳамда Тожикистон нишонга олинган ракета ҳужумларига масъулиятни ҳам айнан ИШИДнинг Хуросон қаноти ўз зиммасига олиб чиққан.
Ўзбекистон ҳам Толибон ҳаракатининг қудратга қайтиши арафасида ва ундан кейин ҳам ўзининг Афғонистондаги дипломатик ваколатхоналарини ёпмаган. Толиблар билан ҳануз мулоқотда.
Аммо толиблар Афғонистон шимолини забат этишларидан аввал Россиянинг Ҳайратондаги Бош консулхонаси ходимлари "эҳтиёт чораси" сифатида маълум муддат Ўзбекистонга кўчирилгани расман хабар берилган.
Россиянинг Афғонистондаги элчихонасига қаратилган ҳужум, бошқа томондан, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистон мезбонлик қилиши кутилаётган саммитига икки ҳафтача қолган бир пайтга тўғри келмоқда.
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Россия ва Толибон билан алоқалари яхши бўлган яна бир минтақа давлати - Хитой шамсияси остидаги ташкилот, деб кўрилади.
Саммит арафасида Ўзбекистон кўраётган хавфсизлик чоралари шу кунларда алоҳида эътиборга тушган мавзулардан ҳам бирига айланган.
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош уч давлати бўлишади.
Россия эса, бу чегараларни ўзининг жанубий сарҳадлари сифатида кўриб келади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























