Украина: Россия ҳолдан тойиб бораётгани борасида МИ6 фарази ва Европанинг янги чекловлари Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Россия Украинадаги ҳарбий амалиётини давом эттиришга қийналади ва Украинанинг қўли устун келиши мумкин, дейди Британия ташқи жосуслик хизмати раҳбари.
МИ6 директори Ричард Морнинг айтишича, Россия ўзининг илк мақсадларида, хусусан Украина президентини ағдариш, Киевни босиб олиш ва Ғарбда тарқоқликни келтириб чиқариш режаларида «йирик мағлубиятлар»га учради.
Алоқадор мавзулар:
Ричард Мор Америкада ўтган Аспен Хавфсизлик форумида нутқ сўзлади. У камдан-кам омма олдида кўриниш беради.
Унинг айтишича, Россиянинг ғалабалари шу вақтгача «ўта кичик» бўлди ва у «ҳолдан тойиш»ига сал қолган.
«Бизнинг чамаларимизга кўра, Россия келгуси ҳафталарда аскар ва заҳиралар топишга қийналади», деди у Колорадода ўтган анжуманда.
«Россия танаффус қилишга мажбур бўлади ва ана шунда украинларда қайта зарба бериш имконияти пайдо бўлади», деди МИ6 раҳбари.

Сурат манбаси, Magnum Photos
Унинг бу фикри оптимистик деб кўрилиши мумкин, чунки Украинанинг қайта зарба бериш қобилияти Ғарбдан кўпроқ қурол-аслаҳа келиш-келмаслигига боғлиқ бўлади.
Украинлар эса бу секин кетаётганидан шикоят қилишяпти.
Янги санкциялар
Европа Иттифоқи Украинадаги босқин сабаб Россияга қарши янги жазо чораларини киритди.
Янги санкциялар тўпламига кўра, Россия олтини билан бевосита ва билвосита савдо тақиқланади.
Европа Иттифоқи Россия учун олтин савдоси газ ва нефтдан сўнг энг муҳим экспорт эканига ишонади.

Сурат манбаси, Reuters
Ҳужжатга кўра, «Россиянинг технологик тараққиёти, ҳамда мудофаа ва хавфсизлик соҳасини ривожлантиришга ёрдам берувчи» маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилган.
Рўйхатга 57 Россия фуқароси ва жисмоний шахслар тушган.
Улар орасида, жумладан, Бош вазир ўринбосари Андрей Белоусов, Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилев, «Ростех» раҳбари Сергей Чемезов, Москва ҳокими Сергей Собянин ва Россия президентининг Шимолий Қофқоз федерал округидаги вакили Юрий Чайка ҳам бор.
Сбербанкка қарши ҳам янги чекловлар киритилди.
Аммо айни дамда ЕИ буғдой ва ўғитларни экспорт қилувчи, ҳамда учинчи давлатларга нефтни ташувчи давлат компанияларини санкциялардан чиқарди.
Унинг изоҳига кўра, бу жаҳондаги озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш учун қилинмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































