Россия армияси Украина урушининг биринчи кунида босиб олган Илон оролидан чекинди - Yangiliklar, urush

Сурат манбаси, Maxar
Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Одесса шаҳридан унча узоқ бўлмаган Қора денгиздаги Илон оролидан қўшинларини олиб чиққанини хабар қилди. Украина Қуролли кучлари оролдаги техникани йўқ қилиш учун ракеталар билан бир неча маротаба ҳужум қилганини айтганди.
Россия армияси баёнотида айтилишича, қўшинларни олиб чиқиш қарори "эзгу амал сифатида" қабул қилинган. Россия ҳарбийлари шунга ўхшаш жумлани Украинанинг шимолий ҳудудларидан чекинаётганда ишлатганди.
Ғарб таҳлилчиларига кўра, Россия ушбу минтақаларда мағлубиятга учраган ва чекинишга мажбур бўлган.
Украинанинг "Жануб" тезкор бўлими Россия армияси ҳарбий қисмлари жойлашган Илон оролига ракета ва замбараклардан зарба бериб ҳарбий амалиёт ўтказганини маълум қилди.
Натижада Россия ҳарбийлари "қолган аскарларини иккита тез юрар катерда шошилинч олиб чиқди ва катта эҳтимол билан оролни тарк этди", дейилади хабарда.
Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак ҳам россияликлар Илон оролида энди йўқлигини айтди.
Айни дамда оролда ёнғин ва портлаш овозлари эшитилмоқда, дейилади "Жануб" бўлинмаси хабарида.
Таҳлил: Илон оролининг стратегик аҳамияти нимада?
Илья Абишев, Би-би-си мухбири
Россия Украинага бостириб киришдан олдин Илон ороли ҳақида кўпчилик билмасди. Майдони 20,5 гектар бўлган ушбу тошлоқ кичик оролча энг яқин денгиз қирғоғидан 35 чақирим узоқликда ва Одессадан 140 километр олисда.
Урушгача оролда украин чегарачилари хизмат қилган ва Одесса Миллий университети олимлари ишлаган.
У ерда қайиқ боғлайдиган нуқта, почта, банк ва ретранслятори бор кичик қишлоқ қурилганди. Сайёҳлик ва дайвинг маркази қуриш режалаштирилганди.
Бу оролча Россия ҳарбийларига нега қизиқ, деган савол туғилади.
Бироқ улар уни урушнинг илк кунидаёқ босиб олишди.
Британия Мудофаа вазирлигининг айтишича, агар Россия оролга ўрнашиб олиб, у ерга Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва қанотли ракеталар тизимини ўрнатганида Қора денгизнинг шимолий-ғарбий қисмида ҳукмронликни қўлга киритарди.
"Москва" ҳарбий кемасини йўқотганига ва Украинанинг кемаларга қарши ракеталар таҳдидига қарамасдан Россия ҳарбийлари Украина қирғоқларига аскар тушириш ниятидан қайтганини айтмаяпти.
Илон ороли ҳарбий ҳужумни бошлаш нуқтаси, артиллерия қуролларини жойлаштириладиган жой бўлиши ва у ерга алоқа станцияси ўрнатилиши мумкин эди.
Орол шундай жойлашганки, ундаги кузатув нуқтаси нафақат Одесса вилояти, балки Молдованинг Приднестровье ва Руминия атрофларини ҳам ҳаво ва денгиздан назорат қилиш имконини беради.
Россия учун ҳам, Украина учун ҳам муаммо шундаки, Илон оролини ушлаб қолишдан босиб олиш осонроқ.
У ерда ўқлардан қочадиган бошпана йўқ, агар душман оролга оғир қуроллардан ўт очса гарнизонни ҳимоя қилиш имконсиз.

Сурат манбаси, Ukrainian Ground Forces/Handout via REUTERS
Уятсиз мем
Украина ерларига 24 февралда бостириб кирган Россия ҳарбийлари урушнинг илк кунидаёқ Илон оролида назорат ўрнатишди.
Ижтимоий тармоқларда Россия ҳарбий кемаси украиналик аскарларга таслим бўлишни таклиф қилгани, улар бўлса сўкиниш билан жавоб бергани қайд қилинган аудио тарқалди.

Сурат манбаси, Getty Images
Шундан сўнг Украина Президенти Володимир Зеленский Россия ҳарбий кемаси томонидан оролга амалга оширилган ракета-артиллерия ҳужуми натижасида оролда 13 украин чегарачиси ҳалок бўлганини айтди.
Бироқ кейин маълум бўлишича, Илон оролида хизмат қилган Украина ҳарбийлари тирик бўлган ва Россияга асир тушган. Кейинчалик уларни россиялик асирларга айирбошлашди.
Илон оролини босиб олишда иштирок этган "Москва" ҳарбий кемаси 13 апрел куни ракета билан урилди ва бир кун ўтиб чўкди.
Чегарачилар Россия кемасига жавоб берган сўкиниш ибораси мемга айланди. "Укрпочта" эса ушбу ҳодисага бағишлаб почта маркаси чиқарди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek




























