Украина уруши: Кимга зарар ва кимга фойда ёки Осиёда яшил энергияга ўтиш тезлашадими? Urush, yangiliklar

Graphic representation of hydrogen.

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Марико Ой
    • Role, Би-би-си
  • Published

Кўп йиллар давомида Осиёдаги атмосферага энг кўп карбонад ангидрид чиқарадиган давлатларга иқлим ўзгариши билан курашиш учун қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишга чақириқлар бўлиб келмоқда.

Минтақадаги давлатлар, жумладан, учта йирик иқтисодиёт - Хитой, Япония ва Ҳиндистон ўтган йили СОP26 глобал иқлим ўзгариши конференциясида кучлироқ мажбуриятларни олмагани учун танқид қилинган эди.

Аммо олти ой ўтгач, Осиёда нефть, газ ва кўмирдан узоқлашиш учун яна бир, эҳтимол, жиддийроқ сабаб бор: пул.

Февраль ойи охирида Россия Украинага бостириб кириши бошланганидан бери жаҳон энергия нархлари кескин ошди.

Алоқадор мавзулар:

Бу Европа мамлакатларини Россия газига камроқ таяниш йўлларини топишга ундади ва Германия бу муаммони водород ҳал қилиши мумкинлигига умид қилмоқда.

Япония ва Жанубий Корея ҳам Украина билан урушдан олдин водород технологиясига катта миқдорда сармоя киритган ва энергия нархининг кескин ошиши уларнинг тоза ёқилғига ўтишини тезлаштириш учун қўшимча туртки бўлди.

Бироқ, Осиё иқтисодлари қанчалик экологик ифлос бўлмасин, электр энергияси учун кўмир ёқишда давом этмоқда.

Баъзи давлатлар қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишда муваффақиятга эришган бўлса да, фавқулодда вазиятларда, масалан, минтақанинг икки иқтисодий гиганти Хитой ва Ҳиндистон электр тақчиллигига дуч келганида, улар кўмирдан фойдаланишди.

Япония ўнлаб йиллар давомида атом энергетикасига сармоя киритиб келади, бироқ 2011 йилда Фукусимадаги авариядан сўнг у ҳам қазиб олинадиган ёқилғига қайтди.

Баъзи экспертларнинг фикрича, водород мамлакатларга қазиб олинадиган ёқилғидан қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишга ёрдам бериши мумкин ва Жанубий Корея компаниялари сони ортиб бораётгани шундандир.

Ҳозиргача мамлакат водород технологиясини ривожлантириш учун Осиёдаги энг катта давлат харажатларини эълон қилди.

Сеул водород ишлаб чиқариш, шунингдек, энергия ишлаб чиқариш технологияси ва водород транспорт воситаларига сармоя киритишни рағбатлантирмоқда.

Баъзи мутахассислар водородни, шунингдек, қазиб олинадиган ёқилғига амалий жиҳатдан энг қулай муқобил деб ҳисоблайди, чунки у қаттиқ, суюқ ёки газсимон ҳолатда сақланиши мумкин.

Бу қуёш ва шамол энергияси билан солиштирганда уни сақлаш ва ташиш осонроқ эканлигини англатади.

"Водород энергия ташувчига ўхшайди", дейди Сеулдаги S&P Global Commodity Insights вакили Винс Хео.

"Сиз энергияни водородда тўплашингиз ва уни хоҳлаган вақтда ишлатишингиз мумкин."

Асосий масала шундаки, водороднинг ҳар хил турлари мавжуд ва Жанубий Корея ҳозирда сармоя киритаётган нарса эмиссиядан холи эмас.

"Яшил водород"га ўтиш

Мақсад, охир-оқибат, "тоза водород" деб ҳам аталадиган "яшил водород"га ўтишдир.

У шамол ёки қуёш энергияси каби қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади, аммо у ишлаб чиқариш учун энг қиммат водород шаклидир.

Шунинг учун қазиб олинадиган ёқилғида ишлаб чиқарилган водород баъзи мутахассислар томонидан яшил водородга биринчи қадам сифатида қаралади.

"Жанубий Кореяда водород ҳозирда табиий газдан ишлаб чиқарилади", дейди BloombergNEF компаниясининг водород бўйича етакчи таҳлилчиси Мартин Тенглер ва у "кулранг водород" деб аталишини тушунтиради.

Ўтишнинг кейинги босқичи "кўк водород" бўлиб, у ҳам қазиб олинадиган ёқилғилар ёрдамида ишлаб чиқарилади, аммо жараёнда ҳосил бўлган карбонат ангидриднинг 60% дан 90% гача қисми тутиб қолинади ва сақланади.

Жанубий Кореянинг энг йирик табиий газ етказиб берувчиси SK 18 триллион вон (15 миллиард доллар; 12 миллиард фунт) сармоя киритди, лекин фақат кулранг ва кўк водородга.

Водород бизнеси бўлими раҳбари Хюн-Вук Чунинг Би би сига айтишича, компания яшил водородга дарҳол сармоя киритмаган, чунки бу кўпроқ технология ва сармояни талаб қилади.

Қайта тикланадиган энергия манбалари ва уни йиғиш ва тарқатиш учун инфратузилма Осиёнинг кўп қисмида доим ҳам мавжуд бўлавермаслиги сабабли, асосий муаммо водородни оммавий ишлаб чиқаришда етарли энергиядан фойдаланиш учун керакли технологияларни ишлаб чиқиш эди.

"Биз водородни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва истеъмол қилиш орқали бозорни ривожлантиришимиз мумкин. Шундай қилиб, яшил водород мавжуд бўлганда, бу водород бизнесини кенгайтириш учун кўпроқ имконият беради», - дея қўшимча қилди жаноб Чу.

Водород бизнеси бўлими раҳбари Хюн-Вук Чу
Сурат тагсўзи, Водород бизнеси бўлими раҳбари Хюн-Вук Чу

Бунинг ортидаги муҳим савол - ҳар хил турдаги газни ишлаб чиқариш қанча туради.

"Яшил водород кулранг водороддан икки-уч баравар қиммат туради", дейди S&P Global компаниясидан жаноб Ҳео.

"Ҳозирда ҳар бир килограмм яшил водород ишлаб чиқариш тахминан 10 доллар туради."

Жаноб Ҳеонинг айтишича, даромадли бўлиш учун давлат субсидияларисиз бу миқдорни 70% га, ҳар бир килограмм учун тахминан 3 долларгача камайтириш керак.

Аммо глобал энергия нархларининг ўсиши "яшил водород аниқ суръатга эга эканлигини англатади, чунки у қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқарилади ва ёқилғи нархи юқори бўлмайди", дея қўшимча қилди у.

Масалан, Rystad Energy консалтинг компанияси маълумотларига кўра, Европада кўк ва кулранг водород ишлаб чиқариш харажатлари Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин баъзан 70% дан кўпроққа ошган.

Агар арзон яшил водород мавжуд бўлса, ундан фойда олиши мумкин бўлган бир қатор саноат тармоқлари мавжуд.

"Биз нефтни қайта ишлаш, ўғит ишлаб чиқариш ва юқори ҳарорат талаб қилинадиган оғир саноат каби паст эмиссияли альтернативлар мавжуд бўлмаган тармоқларга кулранг водородни татбиқ қила оламиз", дейди жаноб Тенглер.

Жаҳон миқёсида рақобатлаша олиш учун Жанубий Корея водород иттифоқини яратди ва унга ўндан ортиқ компаниялар қўшилди.

"Водород саноати ҳозирда тахминан 20 йил илгариги қуёш саноатига ўхшайди, кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда ва бозорда катта амбициялар мавжуд", дейди жаноб Хео.

Корея Денгиз ва Океан университети бошчилигидаги консорциум Пусан шаҳрида денгизда сузувчи яшил водород заводини ишлаб чиқмоқда.
Сурат тагсўзи, Корея Денгиз ва Океан университети бошчилигидаги консорциум Пусан шаҳрида денгизда сузувчи яшил водород заводини ишлаб чиқмоқда.

Шамол энергияси Жанубий Кореянинг яшил водород амбицияларининг калитларидан биридир.

Корея Денгиз ва Океан университети бошчилигидаги консорциум Пусан шаҳрида денгизда сузувчи яшил водород заводини ишлаб чиқмоқда.

Мазкур университет президенти До Деог Хи: "Биз денгизда яшил водород ишлаб чиқариш учун денгиз сувини қайнатиш ва электролиз қилиш учун шамол ва қуёш энергиясидан фойдаланишни назарда тутяпмизамиз» дейди.

Унинг афзаллиги водород истеъмолчиларига яқинлигидадир, дейди жаноб Хео: "Сиз водородни ташишда тежаб қолишингиз мумкин, чунки айнан транспорт масаласи водород қиймат занжиридаги катта ва жуда қиммат қисмидир".

"Аммо денгизда сузувчи шамол ҳар бир мегаватга 300 доллардан ошади, ваҳоланки, қуёш энергияси 100 долларга тушади, шунинг учун катта савол бу объектда водород ишлаб чиқариш харажатларини қандай оптималлаштиришдир", дея қўшимча қилди у.

Тоза энергия манбаларига ўтиш ҳар доим қимматга тушади.

Ноябрь ойида жаҳон етакчилари СОP26 да учрашган вақтда, пандемия туфайли локдаундан кейин ошган талаб туфайли дунё ёқилғи нархи кўтарилиши билан кураша бошлади.

Кўпгина мамлакатлар учун қазиб олинадиган ёқилғига қайтиш жуда жозибали бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда.

Ёқилғи нархининг кўтарилиши ўзгаришлар учун кучли туртки бўлиши мумкинми деган савол туғилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek