Россия алдаяптими ёки Украина - ким кимёвий қурол қўллаган? Саволга жавоб Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Алистер Коулман ва Кейлин Девлин
- Role, BBC Monitoring
- Published
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
Москва авваллари ҳам ўз душманларини ҳеч қачон содир бўлмаган "провокациялар"да асоссиз айблаб келган. Россиянинг бу галги даъвоси қанчалик тўғри? Украина кимёвий қурол қўллаганми?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
Таҳлил:
- Украина ўзини Россия тажовузидан қандай ҳимоя қила олади?
- Украинадаги ўзбекистонликлар эвакуация қилинади. Жабрланганлар орасида ўзбеклар борми? Ўзбек зиёлиларининг мурожаати Кремлга етиб борадими?
- Украина - Россия низоси ўзбек мигрантлари ҳаёти ва ишига энди қандай таъсир қилиши мумкин?
- Ўзбекистон, Украина: 'Украинлар бизнинг озодлигимиз учун ҳам курашяпти' - ўзбекистонликлар нима демоқда?
Россия душманни ҳужумларда айблаш учун таниш тактикадан фойдаланмоқда - ҳозир у Украина кучларини ўғит омборини атай портлатишда айбламоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги даъвосича, ҳужумдан мақсад Россия кучларини кимёвий қурол ишлатганликда айблаш бўлган.
Россия, шунингдек, Украина хавфсизлик кучлари жасадлардан фойдаланиб, Россияни ҳаво ҳужумида айблаш учун иккинчи "сохта байроқ" кампаниясини уюштирганини даъво қилмоқда.
Ушбу даъволарнинг ҳеч бирига далил йўқ.
Москва авваллари ҳам ўз душманларини ҳеч қачон содир бўлмаган ёки кейинчалик ўзлари ёки иттифоқчилари томонидан амалга оширилган "провокациялар"да асоссиз айблаб келган.
Москва нимани айтмоқда?
Россия Мудофаа вазирлигининг 11 май куни бўлиб ўтган брифингида Украина кучлари "аммиакли селитра бўлиши тахмин қилинаётган ўғит солинган танкерни портлатиб юборгани, натижада бир мунча вақт ўтиб, тўқ сариқ тутун булути тарқалганини" иддао қилди.
Москвага кўра, Харьков вилоятида рўй берган портлашдан мақсад Россияни кимёвий қурол қўллаганликда айблаш орқали "Киев режими Ғарбдан қўшимча ҳарбий ёрдам олиши" бўлган.
Портлаш учун Украина кучлари жавобгар эканлиги ҳақидаги даъвони тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирилмаган.
Воқеа ҳақида нима маълум?
Осмонга кўтарилаётган тўқ сариқ тутун видеоси олинган жой сунъий йўлдош тасвирлари орқали текширилганда Харьков яқинидаги Долгенкое қишлоқ хўжалиги ҳудуди эканлиги аниқланган.
Украина оммавий ахборот воситаларидан бири Telegram'да тарқалган хабардан иқтибос келтирган ҳолда "Россия дрони ҳужуми" ортидан тутун булути пайдо бўлганини хабар қилди.
Портлашдан сўнг Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Олексей Арестович бу Россия кимёвий ҳужуми эканлигига ишонмаслигини айтди, аммо "бундай дастлабки маълумотларга аниқлик киритиш керак" деб қўшиб қўйди.
Би-би-си Украина расмийлари кейинроқ Россияни кимёвий қурол қўллаганликда айблаганига оид далил топа олмади.

Сурат манбаси, TELEGRAM
Нидерландиянинг Pax гуманитар ташкилотининг қурол тадқиқотчиси Вим Звейненбургнинг айтишича, қишлоқ хўжалиги бинолари портлагани акс этган видео ва сунъий йўлдош тасвирлари аммиакли селитра бўлган объектлар портлашига билан мос келади.
Жаноб Звейненбургнинг айтишича, февраль ойида Россия босқинининг бошидан бери Украинада 40 тагача шундай қишлоқ хўжалиги объектлари вайрон қилинган.
Сўнгги ҳафталарда Долгенкое Россия кучлари томонидан ўққа тутилди ва сунъий йўлдошдан олинган суратларда ўққа тутилган ҳудуддаги турли майдонлар кўрсатилган.

Сурат манбаси, WIM ZWIJNENBURG
Россиянинг бошқа "сохта байроқ" ҳақидаги даъволари
800 000 га яқин обуначига эга россияпараст ижтимоий медиа канали "Операция Z" яқинда Украинадаги шифокорларга аёллар ва болаларнинг жасадларини касалхонага олиб бориш ва у ердан "гўё Россия авиацияси ҳужум қиладиган ижтимоий объектлардан бирига олиб бориш" топширилганини даъво қилди.
12 май кунги Telegram хабарида: "Украина махсус хизматлари Днепр (Днепровск) вилоятида россиялик ҳарбийларни тинч аҳолини ўлдиришда айблаш учун провокация тайёрламоқда", дейилади.
Россияпараст оммавий ахборот воситаларининг бошқа шунга ўхшаш даъволаридан кейин янгарган бу версия учун ҳам ҳеч қандай далил йўқ.
Апрель ойи бошида Россия Мудофаа вазирлиги Британия разведкаси ходимлари Суми вилоятидаги ертўлаларга тинч аҳоли жасадларини жойлаштираётгани, кейинчалик улар Ғарбда "Россия қирғини" қурбонлари сифатида кўрсатилиши мумкинлигини эълон қилди.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу иш бўлганлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай далил йўқ.
Россия узоқ вақтдан бери ўз душманларини Россияга тўнкаш учун "провокациявий" театрлар уюштиришда айблаб келади.
Баъзи ҳолларда даъволар Россия ёки унинг вассаллари томонидан амалга оширилган ҳужумлар билан боғлиқ бўлади; бошқаларида эса умуман содир бўлмаслиги мумкин бўлган келажакдаги воқеаларга ишора қилади.
Сурия можароси пайтида Москва бир неча бор "Оқ дубулғалар" фуқаролик мудофааси гуруҳини, Буюк Британия, АҚШ, Франция ва Бельгияни кимёвий ҳужумлар тайёрлашда айблаган, кейинчалик Россия ва Суриянинг ўзи бу ишда айбланиши мумкин эди.
Бироқ уруш давридаги кимёвий ҳужумлар юзасидан олиб борилган тергов хулосасига кўра, Дума ва Ғутага қилинган ҳужумлар учун Сурия ҳукумати жавобгардир.
Украинага босқин бошланишидан аввал Би-би-си бир қанча сохта байроқлар ҳақида хабар берган эди, жумладан, ёндирилган ва ўқдан илма-тешик бўлиб кетган машина Украинанинг тинч аҳолига қилган ҳужумлари "далили" эканлиги ҳақидаги Россия томони иддаолари янграган эди.
Бироқ россиялик айирмачиларнинг ҳодиса ҳақида эълон қилган фотосуратлари синчиклаб ўрганилганда, унда тасвирланган жасадлар ўлимдан кейин ёриб текширилган жасадлар экани ва улар ҳужум вақтидан анча аввал ўлганларга тегишлилиги маълум бўлди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek






























