Украина уруши: Ғарб ҳозирча бирлашди, бўлинса нима бўлади? Ukraina Dunyo Yangiliklar

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Published

Россиянинг Украинага бостириб кириши Ғарбни бирлаштирди ва бу уруш унинг қадриятларини олд планга чиқарди. Аммо можаронинг кейинги босқичига келганда, бу бирлик қачонгача давом этади? Қуйида Ғарб иттифоқини бўлиб юбориши мумкин бўлган беш масала.

Уруш мақсадлари

Урушдан олдин либерал демократиялар баъзида ўз йўли ва келажагига ишончсиздек туюларди. Баъзилар ўзларининг иттифоқчиликларини шубҳа остига қўйди, бошқалари миллатчилик туйғуларига берилди. Аммо ҳозирги зиддият Ғарбга ўзи ифодалаган нарса - эркинлик, суверенитет ва қонун устуворлигини эслатди. Бу, ўз навбатида, Россия агрессиясига қарши бирлашган ҳолда жавоб беришга туртки бўлди.

Аммо БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва бошқаларнинг барча дипломатик ҳаракатларига қарамай, бу уруш ҳали ҳам бир муддат давом этиши мумкин. Ғарбий иттифоқдаги энг юқори консенсус нуқтасига эриша оламизми? Олдинда Ғарб давлатларининг бир хил дипломатик мавқеда қолишига тўсқинлик қиладиган қийин танлов турибди.

Эҳтимол, энг муҳим тарангликлар уруш мақсадлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳозирча Ғарбни Украина мудофааси бирлаштириб турибди. У мамлакатга ўзини ҳимоя қилишда ёрдам бериш учун иқтисодий ва ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда.

Аммо узоқ муддатли мақсад нима? Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, албатта. Аммо Россия мағлуб бўлиши керакми? Украина ғалаба қозониши керакми? Мағлубият ва ғалаба амалда қандай бўлади? Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон ўтган ҳафта халқ вакилларига шундай деди: "Владимир Путин муваффақиятсизликка учраши ва бу тўкис бўлиши учун биз биргаликда қўлимиздан келганини қилишимиз керак".

Аммо «муваффақиятсизлик» нимани англатади? Жаноб Жонсон бунга жавоб бермади. У рад этган ягона нарса бу Москвадаги режимни ўзгартириш истаги эди. "Биз Россия раҳбарини лавозимидан четлатиш ёки Россиядаги сиёсатни ўзгартиришни мақсад қилмаслигимиз жуда муҳим, - деди у. - Мақсад Украина халқини ҳимоя қилишдир. Путин буни ўзи ва Ғарб ўртасидаги кураш сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади, аммо биз буни қабул қила олмаймиз".

Бироқ бу Қўшма Штатлар тобора кўпроқ қилаётган ишдир. АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Россия қўшинларини шунчаки мағлуб этишнинг ўзи етарли эмаслигини айтди. "Биз Россиянинг Украинага бостириб кириши вақтида қилган ишни қайта такрорлай олмайдиган даражада заифлашишини истаймиз", деди у.

Бу Россия мудофаа секторига қарши санкциялар жорий этишни англатиши мумкин. Ёки бу Украинага Россия қуролли кучларининг салмоқли қисмини йўқ қилиш воситаларини беришни англатиши мумкин. Қандай бўлмасин, Ғарб иттифоқчиларининг ҳаммаси ҳам бундай амбицияга эга эмас, чунки Путин бу каби риторикалардан фойдаланиб, Ғарб ҳақиқатан ҳам Россия учун экзистенциал таҳдид, деб даъво қилишидан қўрқишади.

Украинага ҳарбий ёрдам

Ғарб Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда деярли бирлашган. Аммо айрим жузъий жиҳатларда фарқ бор. Баъзи давлатлар қон тўкилишини узайтириши мумкинлигидан қўрқиб, оғир қуроллар беришни истамайди. Бошқалар эса ўқ-дорилар ва кучлироқ қуролларни етказиб беришни кучайтирмоқда.

Ғарб етказиб бераётган ҳарбий ёрдам ичида аксилтанк қуроллар ҳам бор.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ғарб етказиб бераётган ҳарбий ёрдам ичида аксилтанк қуроллар ҳам бор.

Мудофаа махсус қўмитаси раиси Тобиас Эллвуд Буюк Британия кўпроқ ёрдам бериши керак дейди. "Биз Украинани мағлуб бўлишига йўл қўймаслик учун етарли ҳаракат қилмоқдамиз, лекин унинг ғалабасини кафолатлаш учун бу етарли эмас, - деди у BBC Radio 4'нинг "Today" дастурига. - Биз Украинага фақат мавжуд чизиқларни ҳимоя қилиш учунгина эмас, балки мутлақо ғалаба қозонишига ёрдам беришимиз керак".

У воситалар ҳақидаги гапни мақсадлар ҳақидаги баҳс билан қандай боғлашига эътибор беринг.

Аммо Ғарбдаги бошқалар Украина мудофаасини Россия билан тўлақонли прокси урушга айлантириш Путиннинг бошқа Ғарб иншоотларига ҳужум қилиши, киберҳужумлар уюштириш ёки ҳатто оммавий қирғин қуролларини қўллаш орқали можарони кучайтиришига сабаб бўлиши мумкинлигидан қўрқади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ядро урушининг "жиддий ва реал" хавфи ҳақида огоҳлантиргани бежиз эмас эди.

Сиёсий келишув

Қайсидир нуқтада ҳарбий турғунлик юзага келиши мумкин ва сиёсий ечим учун босим кучаяди. Кенг тарқалган фикрга кўра, Ғарб Украинанинг ҳар қандай қарорини қўллаб-қувватлайди. Аммо бундай бўлмаса чи?

Агар баъзи Ғарб давлатлари Украинага босим ўтказиб, тинчлик талаб қилса ю, лекин Киев раҳбарияти курашни давом эттирмоқчи бўлса чи? Баъзи давлатлар Украинага ҳарбий ёрдамни чеклашни бошлашлари мумкинми? Ёки аксинча, Украина Россияга ортиқча имконият бериб юборганига ишонган Ғарб, унинг сиёсий келишувга рози бўлса чи? Айрим давлатлар Россияга қарши санкцияларни бекор қилишдан бош тортиши ва тинчлик битимини издан чиқариши мумкинми?

Ғарб сиёсатчилари ўртасида Украинада қандай сиёсий келишувга эришиш мумкинлиги ҳақида баҳслар давом этмоқда. Россия босиб олган ҳудуд устидан назоратни қайта тиклаш ёки ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгандан кейин қолганига шукр қилиб, мамлакатнинг келажакдаги хавфсизлиги, яхлитлиги ва ҳаётини таъминлаш устувор вазифа бўладими?

Ғарбнинг юқори мартабали амалдори бу кескинликларни ошкор қилди. "Путин Украинанинг суверен чегараларини куч билан муваффақиятли ўзгартирди деб бўлмайди, - деди у, - Украина бўйича бизнинг узоқ муддатли режамиз унинг суверен ва мустақил давлат сифатида муваффақият қозонишидир". Бу икки мақсад бир хил бўлиши шарт эмас.

Getty Images

Сурат манбаси, Getty Images

Амалий нуқтаи назардан, бу сиёсий келишув масаласида қийин танловлар борлигини англатади. Масалан, Ғарб Россия қўшинларини 2022 йил февралгача бўлган чегараларга бутунлай олиб чиқиб кетишни талаб қилиши керакми ёки босиб олинган ҳудудларнинг бир қисмидан воз кечиш керакми?

Британия мудофаа вазири Бен Уоллес вариантлардан ҳеч бирини қабул қилмайди. "Мен Путин нафақат февралгача бўлган чегарадан чиқиб кетишини хоҳлайман, - деди у депутатларга. - У Қримга ноқонуний бостириб кирди, Донецкни ноқонуний босиб олди. У халқаро қонунларга риоя қилиши ва охир-оқибат Украинани тарк этиши керак".

Бу фикрни Ғарбдаги бошқалар ҳам қўлламаслиги мумкин.

Россияга қарши энергия санкциялари

Ғарб давлатлари санкциялар юзасидан жанжаллашиб қолишлари мумкин. Ҳозирча улар Россияни қанчалик қаттиқ жазолаш, айниқса, унинг нефть ва газ экспортига нисбатан кўпроқ санкциялар қўллаш кераклиги борасида келишмовчиликка келишиб бўлган.

Россия энергетикасига қарам давлатлар иқтисодиёти бусиз яшай олмаслигини айтади. Аммо агар жанглар бир мунча вақт давом этса, қарши босим бўлиши мумкин. Баъзи давлатлар боши берк кўчадан чиқиш учун Москвага қарши санкцияларни кучайтиришни хоҳлашлари мумкин. Бошқалар эса энергия санкцияларини юмшатишни хоҳлаши мумкин, чунки аҳолиси иқтисодий харажатларга ортиқ тоқат қилмайди.

Украина келажаги

Худди шундай Ғарб ҳам Украинанинг узоқ муддатли келажаги борасида келиша олмаслиги мумкин. Агар Украинанинг ўз ичида бўлиниш бўлса нима бўлади? Агар курашни давом эттирмоқчи бўлган миллатчилар ва келишувга эришмоқчи бўлган муросачилар пайдо бўлса чи? Ғарб тараф олиши керакми?

Украина ичидаги бўлинишлар қанчалик кескин бўлиши мумкин? Баъзи таҳлилчилар ҳатто 1922 йилда Ирландиядаги келишмовчилик билан таққослаб, фуқаролар уруши эҳтимоли ҳақида тахмин қилди.

Ёки Украина Ғарб эътироз билдириши мумкин бўлган сиёсий қарорлар қабул қила бошласа чи?

Россия бўйича эксперт ва Миллий хавфсизлик кенгашининг собиқ ходими Фиона Хилл Украина келажакда ўз хавфсизлигини таъминлаш учун ҳатто ядровий қуролга эга бўлишга ҳам уриниши мумкинлигини айтди.

"Путин у ерга ядровий қуролни қанчалик кўп жойлаштирса, бу Украина каби давлатларга ягона ҳақиқий мудофаа ядровий қуролга эга бўлиш деб ўйлаш учун кучли асос беради", деди у "Ўзгараётган Европа" таҳлил марказидаги семинарда.

Ғарб шундай шароитда Украинани оддий қуроллар билан таъминлашга тайёрми? Ёки ҳатто унинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши мумкинлигини ҳам ўйлаб кўрадими?

Гап шундаки, зиддиятли сиёсий позициялар камдан-кам ҳолларда турғун бўлади ва Ғарбнинг ҳозирги бирдамлиги олдинда турган қийинчиликларга бардош беради, деб ўйлаш хато бўлар эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek