Украинадан туриб урушни ёритаётган блогер ватанида хоинга чиқарилди - Хитой, янгиликлар

Украинадаги уруш ҳақида видеолар чоп қилган Хитойлик блогер ватанидаги миллатчилар томонидан "ватан хоинига" чиқарилди. Пекинлик АйТичи Ванг Жишан 3 ой олдин Украинанинг Одесса шаҳрига бориб жойлашганди. Уруш бошланиб кетгач, у Украинани тарк этмади. Балки бомбардимон қилинаётган шаҳарда оддий одамларнинг ҳаётини кўрсатишга аҳд қилди.
Ота-онаси у Хитойга қайтгач тақдири қандай бўлишидан хавотирга тушишмоқда, чунки Ванг аллақачон Хитой цензураси назарига тушган.
"Украина, Одессада соат тонги 5, 15 март. Ҳар туни шу аҳвол. Бу сафар сирена жуда ҳам яқиндан эшитилди. 23 март, соат тонги 7:30. Қаергадир бомба ташлашганга ўхшайди", Вангнинг видеолари мана шундай бошланади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
У 3 ой олдин АйТи соҳасида иш топиб Украинага кўчиб келганди. Ванг мамлакатга келгач Украинадаги ҳаёти ҳақида ижтимоий тармоққа постлар қўя бошлаган.
"Бу ҳақда биринчи WeChatда дўстларим ва қариндошларимга айтдим. Улар бу ерда ҳаёт унчалик ёмон эмаслигига ишонишмади. Кейин уларга видеолар кўрсатдим".
Хитойда Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига қараш иккига бўлинган. Хитой ҳукумати буни ҳануз босқин дегани йўқ.
Хитой ижтимоий тармоқларидаги айрим фойдаланувчилар Украинани дастаклайди. Кўпчилик эса Путинни қўллайди.
"Бир нарсани тушунмайман, сизга бундан нима фойда? Нима учун Путин бу ерга қўшин юборганига қаттиқ қувоняпсиз? Менинг Россия ва украиналик ҳамкасбларим бор. Бу россияликлар Путинни унчалик кўллашмайди. Айрим хитойликлар руслардан ҳам кўра кўпроқ Путинпарастга ўхшайди".
Вангнинг постлари Хитой матбуотида Украина уруши ҳақида гапларга зид келади.
"Бу жойлардан ким кетиши керак? Босқинчилар, тўғрими? Сиз бу ерга бостириб кирганлар билан биргаман, демоқчимисиз?", дейди у.
Унинг постлари кўп кўрилади ва танқид қилинади. Хитойдаги ашаддий миллатчилар уни хоин дейишади. Вангнинг таъкидлашича, танқид ва ҳақоратлар уни безовта қилмайди. Бироқ у ўзини Хитой цензураси нишонига айланганини айтади.
"Агар улар видеони ёқтиришмаса, уни ўчириб юборишлари мумкин. Ёки тарқатишни тақиқиқлашади, мендан бошқа ҳеч ким кўролмайди".
Март ойида бир неча ғарб нашрлари Вангдан интервю олишди. Шундан сўнг унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари блокланди. У ҳатто бир муддат оиласи билан хабарлашолмай қолди.
"Ҳамма онлайн саҳифаларим бир вақтда йўқ бўлди. Ҳатто мусиқа ва янгиликлар ҳақидаги саҳифаларим ҳам. Ҳаммаси ўчди".
31 март куни YouTube зўравонлик акс этган деган шикоят билан Вангнинг саҳифасини бир ҳафтага блоклади. Айтишича, ота-онаси унинг Хитойдаги келажагидан хавотирланмоқда.
Ванг Украинадаги ҳаёт ҳақида YouTubeга видео йўқишда давом этяпти. Кўпчилик уйини ташлаб қочди. Аммо айримлар қолган ва яшашга ҳаракат қилмоқда, дейди у.
"Мен ёрдам бермоқчиман. Мен ракетларга қарши туролмайман, аммо уруш қўрқуви билан олишишим мумкин. Биз ваҳимага тушганга ўхшаймизми? Қўшниларимга қаранг. Бомбардимон товушлари эшитилиб турган бўлса-да, улар дам олишяпти ва таом пиширишяпти, мушук ва итларининг овқатини беришяпти".
"Уруш бошланганидан бери жуда кўп қаҳрамонликларни кўрдим. Менга бу ер ёқади. Мен шу ерда қолиб, уларнинг ҳаётини тиклашга ва ўтган яхши кунлари қайтишига ёрдам беришни истайман. Агар бугун шу ерда ўлсам, ёлғиз қолмайман. Афсусланмайман. Бу урушдан олдин мен ҳеч ким эдим. Мен яна ҳеч ким бўлишга қайтишни хоҳлайман".
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























