Дайжест. Ғарб Россияга қарши нима ҳаракатда? Россияда қанча одам ўлган? Ўзбекистонда қачондан свет ўчиш муаммоси тугайди? O'zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar

sanksiya

Сурат манбаси, Reuters

Published

Ғарб ваъда қилган санкцияларини эълон қилмоқчи. Россия сўнгги рақамларни очиқлади. Ўзбекистон янгича энергетика тизими қурмоқчи. Human Rights Watch баёнот билан чиқди. Ленинградда 2 ёшли ўзбекистонлик қизча ўлдирилган - bbcuzbek.com дайжести.

Алоқадор мавзулар:

Янги санкция кимларга қўлланиши мумкин?

Россия Украинага бостириб кирган тақдирда Ғарб санкциялари остида қолиши мумкин.

Душанба куни Британия парламентида Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан санкция қўлланилиши мумкин бўлган активлар ва Кремль билан алоқадор шахслар рўйхатини кенгайтириш имконини берувчи қонун лойиҳаси тақдим этилади.

Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс якшанба куни маълум қилди.

Расмийга кўра, Россия молия идоралари, энергетика компаниялари ва Россия ҳукуматини қўллаб-қувватловчи ҳар қандай фирма ва жисмоний шахслар янги санкциялар остида қолиши мумкин.

"Биз Кремль манфаатдор бўлган ҳар қандай компания ва Россия режимининг ўзига нисбатан санкциялар қўлланилиши учун қамровни кенгайтиришни истаймиз, токи Путиннинг олигархлари ва Россия давлатини қўллаб-қувватловчи компаниялар яширинадиган жой қолмасин", деди Британия ТИВ раҳбари.

Айни пайтда АҚШнинг икки етакчи сенатори - демократ Боб Менендес ва республикачи Жеймс Риш АҚШнинг Россияга қарши янги санкцияларини шу ҳафтанинг бошида эълон қилиши мумкинлигини айтди.

Коронавирус болаларда кўпаймоқда

Россия статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда Россияда коронавирус ташхиси қўйилган 500 мингдан ортиқ одам вафот этган.

Агентликка кўра, 2020 йилда коронавирус билан касалланган россияликлар вафоти 3,2 баравар (163,3 минг киши) кам қайд этилган.

коронавирус

Сурат манбаси, Valentin Egorshin/tass

Россияда коронавирус билан касалланганларнинг кунлик кўрсаткичи 121 228 ни ташкил қилди, бу пандемия бошланганидан буён Россиядаги энг юқори кўрсаткичдир.

Россия оператив штаби маълумотига кўра, пандемия даврида жами 11 737 007 киши коронавирус инфекциясини юқтирган. Энг кўп ҳолатлар пойтахт Москва ва вилоятида қайд этилмоқда.

Айни пайтда тиббиётчилар коронавирус айниқса, болалар орасида кўпайиб бораётганидан ташвишда.

Москвада вояга етмаганлар орасида вирусдан касалланганлар кўрсаткичи сўнгги икки хафтада 14 баробар ошган, яъни 2 мингдан 28 гача етган.

Қачон свет ўчмайди?

Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди Президент матбуот хизмати.

Хабарга кўра, тақдимотда 25 январь куни минтақадаги электр таъминотидаги техник узилиш сабаблари, электр энергияси қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳам муҳокама қилинган.

"Ягона энергетика тизими 220-500 киловольтли магистрал электр тармоқлар орқали тўлиқ халқалаштирилмаган. Шимоли-Ғарбий ва Жануби-Ғарбий энергоузелнинг асосий қисмида 500 киловольтли тармоқлар йўқ. Баъзи магистрал тармоқлар қўшни давлатлар ҳудуди орқали ўтган, - электр таъминоти узилиши сабаблари кўрсатилади хабарда.

Шунингдек, мамлакатда ягона халқа тизимини ҳосил қилиш режалаштирилаётгани билдирилган.

"2026 йилга бориб, жами генерация қувватларини 27 минг 400 мегаваттга, йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 110 миллиард киловатт соатга етказиш мўлжалланган. Шунда юртимизнинг барча ҳудудлари 500-750 киловольтли тармоқлар орқали мустаҳкам боғланади ва бир бутун тизим яратилади", - дейилади хабарда.

Президент матбуот хизмати давлат раҳбарининг электр энергияси тизимини барқарор қилиб, хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимизни бу муҳим манба билан узлуксиз таъминлаш билан бирга Бош вазир раислигида тузилган ҳукумат комиссияси авария сабабларини ўрганишни давом эттираётганини келтиради.

HRW: блогер қийноқлари текширилмаган

Human Rights Watch баёнотига кўра, инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзбекистонлик блогер Фозилхўжа Орифхўжаевнинг қамоқхонада қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақидаги даъволарини ҳукумат идоралари текширмаган.

блогер

Сурат манбаси, Social media

Тошкент шахри Олмазор туман суди блогер Фозилхўжа Орифхўжаевни "оммавий ахборот воситалари, телекоммуникациялар ёки интернетдан фойдаланган ҳолда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки намойиш қилиш"да айбдор, деб топган.

41 ёшли блогер Фозилхўжа Орифхўжаев 26 январ куни 7 ярим йилга қамалган эди.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Тошкентдаги суд Орифхўжаевни "кўп одамлар Facebook да ҳар куни қиладиган иш - беозор хабарлар жойлаштиргани учун "қамоққа ҳукм қилган".

Блогернинг адвокати Сергей Майоров Орифхўжаевнинг соғлиги тергов ҳибсхонасида етти ой давомида ёмонлашгани, бундан ташқари у 25 январь куни ўз ишидаги адолатсизликка норозилик билдириш учун очлик ҳам эълон қилганини билдирган.

Адвокат Майоров, "ҳибсхонада блогерга ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан ёмон муносабатда бўлингани, сентябрь ойининг охирида милиция ходимлари Орифхўжаевнинг қўлига трубкага кишан боғлаб, уни 12 соатга яқин стресс ҳолатида ўтиришга мажбурлагани, бу эса унга чидаб бўлмас оғриқ келтирганлари" ҳақида даъво қилган.

HRW расмийлар шу пайтгача бу холатларни текширмаганлигини билдирмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти Орифхўжаевга қўйилган барча айбловларни "сиёсий" ҳисоблаб, Ўзбекистон расмийларини бу айбловларни олиб ташлаш ва уни озод қилишга чақириб келмоқда.

"Орқасида ва бўйнида кўкаришлар бор"

Ленинград вилоятида 2 ёшли ўзбекистонлик қизча вафот этган, унинг ўлимида 34 ёшли энагаси айбланмоқда. Россия ОАВга кўра, энага икки кун давомида қарамоғидаги қизалоқнинг ўлимини яширган.

Менделеев бульваридаги уйларнинг бирида 2 ёшли қизалоқнинг жасади топилган. Воқеа жойига етиб келган "Тез ёрдам" шифокорлари бу ҳақда қизнинг онасига хабар беришган.

Воқеа юзасидан тергов-суриштирув ишлари бошланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, 34 ёшли Ўзбекистон фуқароси бўлган она ўтган йили қизини энагага берган.

Энага воқеадан бир кун аввал унга қўнғироқ қилиб, бола касал бўлиб қолганини айтган. Қизидан хабар олгани келган она унинг ўлганини кўрган.

"Боланинг орқа ва бўйнида кўкаришлар бор", дейилади хабарда.

Айни пайтда боланинг энагаси қўлга олинган, Тергов қўмитаси ҳодисанинг барча ҳолатлари аниқламоқда, дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek