Россия-Ўзбекистон. Аҳоли норози бўлган тест бекор қилинди. Кунига 57 минг қўнғироқ. Дайжест O'zbekiston Rossiya dunyo yangiliklar

5 долларлик мажбурий экпресс тест бекор килинди. Сериалдан кейинги текширувлар. Ўзбекистонда қайси каналлар тақиқланган? Кунига 57 минг марта шифокор чақирилди - bbcuzbek.com дайжести.
Алоқадор мавзулар:
- Дайжест. Ўзбекистон: Мигрантлардан бир йилда 8 млрд доллар келди. Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида нима гап?
- Янгиланди: Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма, яраланганлар бор
- Дайжест. Россия, мигрантлар: Бу йил кўп пул юборилаяпти, Москвада патент нархи кескин ошди, Собянин мигрантларни камайтирмоқчи
- Россия: Мигрантлар "импорти" асосан Ўзбекистондан - Россия ва мигрантлар, дайжест
Бу гал 10 кунда
Ўзбекистон ҳукумати 25 январдан бошлаб Ўзбекистонга кириб келаётганлар учун жорий қилинган коронавирусга мажбурий экспресс-тест синовларини бекор қилишга қарор қилди.
Мазкур қарор Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.
Мажбурий тест синовлари 15 январ куни жорий қилинган, унга кўра, Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтувчи ҳар бир фуқаро аэропортлар, вокзаллар ва чегара пунктларида коронавирусга тезкор тестдан мажбурий ўтиши керак эди. Шу билан бирга, мамлакатга келган барча фуқаролар чегарани кесиб ўтишдан камида 48 соат олдин ўтказилган CОВИД-19 учун ПЗР тестининг салбий натижаларини тақдим этишлари шарт.
Бу тартиб назорат-ўтказиш пунктларида катта навбатларга ва аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлганди.
Ўзбекистонга кириб келган авиайўловчилар қўлларида сўнгги 48 соат ичида топширилган ПЗР тестнинг ижобий натижаси бўлишига қарамай, мамлакат аэропортларида 5 доллар миқдорида нақд пул тўлаб экпресс-тест топшириш талаб этилаётганига эътироз билдиришди.
Экспресс-тест нархининг 5 доллар этиб белгилангани ҳам ҳуқуқшунослар томонидан ноқонуний дея баҳоланган. Мутахассислар эса бу тестларнинг сифати ва натижасини шубҳа остига олганлар.
Маҳаллий ОАВлар, фаоллар ва блогерлар аэропортларда жорий этилган экспресс-тест билан боғлиқ мустақил суриштирувларни эълон қилишди.
Бу каби кенг норозиликлар ортидан Республика Махсус комиссияси 25 январдан барча транспорт турларида чегарани кесиб ўтишда тест синовлари бекор қилиш қарорини эълон қилди.
Сериалдан кейинги текширув
Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги Кинематография агентлиги ва «Севимли ТВ» раҳбарлари ўртасидаги манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ва аффилланганлик ҳолатлари бўйича ўрганиш ўтказганини маълум қилди.
«Ўрганиш натижаларига кўра, Кинематография агентлиги томонидан шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланди», - дея хабар берди агентлик ахборот хизмати Телеграмдаги расмий каналида.
Агентлик маълумотига кўра, Кинематография агентлиги директори ва бир вақтнинг ўзида субсидия маблағларини тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатига эга Бадиий кенгаш раиси - Ф. Абдухаликов субсидия маблағларининг тақсимланиши ва контрагентни танлаш жараёнида яқин қариндошлари бенефициар бўлган (таъсисчилари: Шарапова Ф.С. - Ф.Абдухаликовнинг турмуш ўртоғи 70%, Рашидова А.Ф. - Ф. Абдухаликовнинг қизи 20%, Абдухаликов А.Ф. - Ф. Абдухаликовнинг ўғли - 10%) "Master Media Production and Broadcast" МЧЖ билан манфаатлар тўқнашувига эга бўлса-да, бу ҳолатни бартараф қилиш чораларини кўрмасдан, мазкур жамият манфаатларини ёқлаб овоз беришда ва қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита иштирок этган.
Агентлик ахборот хизмати расмий маълумотида билдирилишича, Кинематография агентлиги бош директори Ф. Ф. Абдухаликов яқин қариндошлари таъсисчилигидаги МЧЖнинг манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришган.
«Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўрганиш натижалари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилди», - маълум қилди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати.
Адлияда тақиқланган материаллар рўйхати
Ўзбекистон республикаси Олий судининг ҳал қилув қарори билан ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифалар ва каналлар экстремистик деб топилди, дея хабар берди Адлия вазирлиги.
Вазирлик текширилган ташкилотлар ёки манбаларга «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунига кўра қарор берилишини билдирган.
Вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими Телеграм каналида Ўзбекистонда ижтимоий тармоқларга жойланган бир қатор материаллар экстремистик материаллар деб топилгани ва ушбу материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, намойиш этиш ҳамда сақлаш тақиқлангани эълон қилган.
Адлия вазирлиги Ўзбекистонда тақиқланган ташкилотлар (материаллар)нинг тўлиқ рўйхатини веб-сайтида эълон қилган. Рўйхатдаги канал ва аккаунтларнинг аксарияти YouTube, Telegram, Facebook, Instagram ва Одноклассники каби ижтимоий платформаларда жойлашган.
Россияда эса яна антирекорд

Россияда ўтган кун давомида 65 109 та янги ковид инфекцияси аниқланди.
Махсус штаб хабарига кўра, бир кунда 6000 киши касалхонага ётқизилган. Пойтахт поликлиникалари шошилинч тартибда ишламоқда. Беморларни қабул қилишга улгуриши учун навбатчи шифокорлар бригадалари кучайтирилган.
Энг кўп кўрсатгичлар Москва шаҳри ва вилоятида қолмоқда.
Пойтахтда аҳолининг уйга шифокор чақириш учун мурожаатлари сони кунига 50 мингдан ошмоқда.
"Кеча энг юқори нуқта - 57 минг қўнғироқ бўлди. Шу муносабат билан биз қўшимча кучларни жалб қилдик. Юз нафар талабани ишга жалб этилишини сўрадик", - дейди Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв.
Россияда расмий рақамларга кўра, 12 миллионга яқин чет элликлар бўлиб, унинг катта қисмини меҳнат муҳожирлигида банд бўлган ўзбекистонликлар ташкил қилади.
Роспотребнадзор ёки алоқадор бошқа соҳалар коронавирусга чалинганлар рўйхати бўйича чет элликлар сонини ҳозирча очиқламаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02





























