Ўзбеклар, тожиклар ва қирғизлар "бошқа сифатдаги одамлар"ми – Москвада муҳим янгилик, Россия ва мигрантлар Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Москва мэри

Сурат манбаси, GAVRIIL GRIGOROV/TASS

Published

Москва мэри қурилишларда мигрантлар сонини қисқартирмоқда. Россиядаги энг катта сондаги ўзбекистонлик мигрантлар айнан Москва ҳисобига тўғри келади. Қурилиш улар энг кўп банд соҳалардан бири бўлади.

Маълум бўлишича, Сергей Собянин пандемия сабаб мигрантлар сонининг камайиши фонида худди шу каби қарорга келган.

Москва мэри турар-жой бинолари қурилишига россияликлар ўзларини таклиф қилиш ва уларга кўпроқ пул тўлашни мақсад қилган.

Мэрия ҳали бундан аввал Москва қурилиш майдонларида мигрантлардан воз кечишни назарда тутувчи режа тайёрланаётганини маълум қилганди.

Алоқадор мавзулар:

Ташриф ва таклиф

Қурувчилар

Сурат манбаси, TASS/ILLYUSTRATIVSURAT

Собянин ўтган ҳафта Бауманская кўчасида таъмирлаш дастури асосида қурилган уйлардан бирини бориб кўрган.

Кенг кўламли мазкур дастур мэрияники, бундан бир неча йил аввал йўлга қўйилган.

Дастур эски "Хрушёвка"лар ўрнига бутунбошлик янги турар-жой мавзеъларини барпо этишни мақсад қилган.

Москва мэрининг айни мазмундаги сўзлари буюртмачи ширкат Бош директори Алексей Добашин билан мулоқоти чоғида янграган.

Сергей Собянин унга, "Бошқа маош билан бошқача сифатдаги одамлар (керак), сизда ҳозир сони анчагина бўлган мигрантлар камроқ бўлсин. Кўпроқ яқин-атрофдаги минтақалардан россияликларни жалб қилинг, ойлигини оширинг ва иш шароитларини яратиб беринг", - деб айтган (иқтибос Россиянинг Новости ахборот агентлигидан олинди).

Собянин, шунингдек, меҳнат унумдорлигини ошириш, механизациялаш ва "қурилишни саноатлаштириш"ни ҳам таклиф қилган.

Добашин эса, йил давомида ўзининг ширкатидаги мигрантлар сони 15 фоизга камайиб кетгани, малакали қурувчилар ойига 120-150 минг рублга яқин маош олишганини айтган.

"Коммерсантъ" келтирган иқтибосига таянилса, Сергей Собянин унга, "бу маошнинг мигрантлар эмас, москваликлар учун" эканини айтиб жавоб қайтарган.

Россия ва қурувчи мигрантлар

Toshkent, O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Узоқ йиллар давомида Москвадаги қурувчиларнинг асосий қисмини айнан мигрантлар ташкил этиб келишган.

Аммо пандемия бошланиши билан уларнинг сони сезиларли даражада камайган.

Добашиннинг маълум қилишича, уларнинг миллий таркиби ҳам ўзгарган.

Унга кўра, авваллари қурувчиларнинг аксарияти тожикистонликлар ҳисобига тўғри келган.

Аммо, ҳозирга келиб, Москвадаги қурилишларда "асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари" ишлашмоқда.

Москва мэрининг маҳаллий қурувчиларга кўпроқ маош тўлашга оид сўзларига унинг ёрдамчиси ойдинлик киритгандек бўлган.

У ҳозир мигрантларнинг ўзлари ҳам аввалги ойликка ишлашга кўнмаётганликларини айтган.

"Ҳозир қурилишда ишлаётган мигрантнинг маоши ўртача 50-60 рубль. Аввал эса 30 рубль эди. Аммо уларнинг кўпчилиги ҳозир ҳатто 80 минг рублга ишлашга рози эмас", - деб айтган Бочкарев.

Россиялик масъуллар эса, ҳали март ойи бошида бутун мамлакат бўйлаб бир миллиондан ортиқ қурувчига эҳтиёжлари борлигини айтишган.

Қурилишларга кўпроқ мигрантларни жалб қилиш вазифасини қўйишганди.

Ўз вақтида Собянин билан бирга ишлаган Россия Бош вазирининг қурилиш соҳасига масъул муовини Марат Хуснуллин эса, 2024 йилгача ўзларига 5 миллионга яқин мигрант-қурувчи керак бўлишини ҳам айтган.

Энг йирик меҳнат бозори

Россиядаги мигрантлар

Сурат манбаси, Getty Images

Россия Ўзбекистон фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори бўлади.

Йилларки, миллионлаб ўзбекистонлик айнан Россияда ишлаб, ортда қолган оиласини боқиб келади.

Лекин Россия ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган бешта давлатидан биттаси бўлади.

Ўзбекистонлик мигрантларнинг энг кўпи эса, айнан Россиянинг икки энг йирик шаҳри - Москва ва Санкт-Петербургда меҳнат қилиб келишган.

Сўнгги ойларда Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият яна кескин ёмонлашган.

Бу каби бир аҳвол эса, юз минглаб Ўзбекистон фуқаролари ишлаш учун яна Россияга қайтиш илинжи ва ҳаракатида бўлган бир пайтга тўғри келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek