Ҳижобни танлаган муслималарни ҳурмат қилинг – Европада бошланган кампания чиппакка чиқдими? Fransiya Islom dini musulmonlar dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, COUNCIL OF EUROPE
Европа Кенгаши Ҳижобни ранг-баранглик ва аёлларнинг эркин танлови сифатида тақдим этган ўз плакатларини йиғиштириб олди.
Ҳижобни танлаган муслималарни ҳурмат қилишга чақирилган плакатлар Франциянинг қаршилигига учради.
Франция - Европанинг энг кўп мусулмон истиқомат қилувчи давлати.
Мамлакатда қарийб 5 миллионга яқин мусулмон яшайди.
Таҳлил:
Франция муслималарнинг жамоат жойларида ниқобда юришларини ҳам бундан ўн йил бурун расман тақиқлаган.
Ўшанда бу ишга қарор қилган Европадаги биринчи давлатга айланган.
Алоқадор мавзулар:
Плакатлар

Сурат манбаси, COUNCIL OF EUROPE
Европа Кенгаши ўзининг плакатларини ўтган ҳафта эълон қилган.
Плакатлар мусулмонларга қарши дискриминацияга чек қўйишга қаратилган махсус кампаниянинг бир қисми бўлган.
Уларнинг бирида "Эркинлик ҳижобда бўлгани каби гўзаллик хилма-хилликда", - деб ёзилган.
Худди шу сўзлар франциялик қатор етакчи сиёсатчиларга ёқмаган.
Сиёсатчилар ҳижоб эркинликни намоён этмаслигини даъво қилишган.
Уларнинг айни мазмундаги иддаоларини айрим муслималар ҳам беэътибор қолдиришмаган.
Бу каби акс-садолар Францияда турфахиллик ва шахснинг ўзи истаган либосда юриш эркинлигига ҳурматнинг йўқлигини кўрсатишини айтишган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 1
Расмий муносабат
Франциянинг Ёшлар масалалари бўйича вазири Сара ал-Хайрий эса, плакатлардан бирини кўриб, ўзининг шокка тушганлигини айтган.
Маълум бўлишича, вазирни шокка солган плакатда бир аёл ҳам ҳижобли ва ҳам ҳижобсиз қиёфада акс этган.
Франция телевидениеси билан суҳбатда у буни хотин-қизларни ҳижоб ўрашга тарғиб қилиш, дея талқин қилган.
Вазир бу каби пайғом Франциянинг дунёвий қадриятларига зид эканини таъкидлаб, ўзининг мазкур кампанияга қарши эканини айтган.
Европа Кенгаши нима дейди?
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 2
Ўтган ҳафта Европа Кенгаши бу хусусда Би-би-сига ўз муносабатини билдирган.
"Мазкур лойиҳани яхшироқ тақдим қилиш борасида бир қарорга келгунларига қадар", ўз твитларини ўчириб туришни маъқул, деб топганликларини билдирган.
Матбуот воизининг маълум қилишича, бу твитлар Европа Кенгаши Инклюзивлик ва аксил-дискриминация бўлими томонидан олиб борилаётган нафрат уйғотишга қарши кампаниянинг бир қисми бўлган.
Мазкур кенгаш Европада биринчилардан бўлиб асос солинган сиёсий ташкилотлардан бири саналади.
Кенгаш инсон ҳуқуқлари, демократия ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида иш олиб боради.
Унинг фаолияти Европа Иттифоқиникидан фарқ қилади, аммо қисман худди шу ташкилот томонидан молияланади.
Франция, Ислом ва мусулмонлар

Сурат манбаси, Getty Images
Барча мусулмон гуруҳларининг француз жамиятига интеграциялашуви - сўнгги йилларда ўта қизғин, ҳассос ва зиддиятли сиёсий масалалардан бирига айланган.
Ҳижобни танлаган муслималарни ҳурмат қилишга ҳам ундовчи плакатларга қарши чиққанлар орасида эса, Франция президентлигига етакчи номзодларнинг ҳам борликлари кўрилган.
Францияда навбатдаги президент сайлови келаси йилга режаланган.

Сурат манбаси, Reuters
Франциянинг амалдаги президенти ўтган йил охирида мамлакат Мусулмонлар Кенгаши қаршисига ультиматум ҳам қўйган, уларга "Республика қадриятлари низоми"ни қабул қилишлари учун 15 кун муҳлат берган.
Франция Ички ишлар вазири эса, ҳуқуқ-тартибот идоралари диний экстремизмга қарши "кенг кўламли ва шу пайтгача мисли кўрилмаган" кампания ҳам ўтказишларини маълум қилган, "бўлгинчи", деб кўрилган ўнлаб масжиднинг текширилишини айтганди.
Янги низом Францияда радикал Исломга қарши кенг қамровли курашнинг бир қисми сифатида тақдим этилган.
Низомда сиёсий Исломдан воз кечиш ҳақида сўз борган, Ислом сиёсий ҳаракат эмас, дин экани қатъий таъкидланиши айтилганди.
Тарихча ўрнида

Сурат манбаси, EPA
Воқеаларнинг бу каби ривожи Францияда қарийб бир ойнинг ичида устма-уст юз берган учта ҳужум ортидан бўй кўрсатган. Ҳужумлар радикал исломчиларнинг иши сифатида кўрилган.
Ҳужумларнинг бирида Ислом дини пайғамбари ҳажв қилинган карикатурани ўқувчиларига кўрсатиши ортидан, бир мактаб ўқитувчисининг боши танасидан жудо қилинган.
Ҳужумлар ортидан, президент Эммануэль Макрон Франциянинг дунёвий қадриятларини қатъий ҳимоя қилиб чиққан.
Президент Макрон орада дунёвийлик ва сўз эркинлиги Франция Республикасининг асосий қадриятларидан бири эканлигини эслатаркан, Исломни "инқирозга учраган дин", деб ҳам атаган.
Нашрларда Исломда тақиқланган ва мусулмонлар учун ҳақоратли ҳисобланган иш - Муҳаммад пайғамбар(с.а.в) карикатураларини нашр этиш ҳуқуқини ҳимоя қилган.
Айни мазмундаги чиқиши ортидан, Макрон қатор исломий давлатлар томонидан "ҳужум"га учраган, ҳақоратлар ва танқидлар остида қолган, дунёнинг қатор давлатларида давомий оммавий намойишлар кузатилган, француз товарларини бойкот қилишга бўлган чақириқлар янграган.
Франция ва Туркия президентлари орасида даҳанаки жанг ҳам келиб чиққан.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































