Мусулмон афғон болаларни қутқараётган яҳудий раввин Afg'oniston musulmon yahudiy

Сурат манбаси, Tzedek Association
- Author, Мал Сирет
- Role, BBC News
- Published
Афғонистон пойтахти Кобулда Толибондан яширинган тўрт бола ҳақида минглаб километр олисда, Нью-Йоркнинг Бруклинида эшитган раввин қўлига телефонини олиб, муҳим қўнғироқ учун рақам терди.
15 август куни Толибон ҳокимиятни қўлга олганда мингларча афғонлар мамлакатни тарк этиш илинжида Кобул аэропорти дарвозасига ёпирилишидан бир неча кун муқаддам эди.
"Бари 18 ёшга бўлмаган бу тўрт нафар бола ҳақида ўйлар эдим. Улар тирикми, ким билади? Уларни топишим керак, деган хаёл айланарди бошимда", дейди 41 ёшли раввин Моше Маргареттен Би-би-сига.
Болаларнинг онаси сал аввалроқ эри ғойиб бўлгач, уларни қариндошларига қолдириб, ўзи АҚШга келганини билгач, раввин уларнинг оиласига вакиллик қилувчи адвокатни излаб топди.
"Унга, хоҳ ишонинг, хоҳ йўқ, болаларни аэропортга келтиришга ёрдам беришим мумкинлигини айтдим."
Ҳеч нарса қилмаслик чора эмас
Ўзининг айтишича, раввин Маргареттен болаларни АҚШдаги оналари олдига олиб келиш вазифасини тезроқ амалга оширишга ошиқаётган эди.
У ўзининг ташкилоти "Тзедек ассоциацияси" ва ҳудуддаги танишларини ишга солиб, ғилдиракни ҳаракатга келтиришга киришда.
"Биз у ерда болаларга қарайдиган одамларимизни топдик, бир соат ўтиб улар аэропортда эди", дейди у, бир неча соат ичида улар парвоз қилгани ва Қатарга йўл олгани ва ниҳоят Нью Йорк штатидаги Албани аэропортига етиб келишганини қўшимча қилар экан.
У оила аъзолари бир бири билан топишганини кўрганида нақадар ҳаяжонлангани ҳақида сўзлади.

Сурат манбаси, Tzedek Association
Раввиннинг ассоциацияси айтишича, ташкилот собиқ афғон ҳукумати билан ишлаган ёки Британия ва АҚШ кучларига таржимонлик қилган фаоллар, судьялар ва бошқа ўнлаб одамларга ёрдам бермоқда.
"Нега Бруклиндан бир ортодоксал яҳудий раввин Афғонистондаги мусулмонларга ёрдам бермоқда? Жавоби оддий, - дейди у, - менинг ота онам ва бобо бувим ҳолокостдан омон қолган."
Бобо бувиси Венгриядан бўлган раввиннинг айтишича, Иккинчи Жаҳон уруши вақтида унинг оиласи кўрган Европани қоплаган нацизм ва ҳозирда Афғонистонда бўлаётган ҳодисалар ҳеч нарса қилмай ўтириш чора эмаслигини англатади.
"Ота оналаримиз тирик қолиш учун қочишга мажбур бўлган ва ҳозир афғонлар ҳам айни шу нарсани бошдан кечирмоқда", дейди у.
My parents and grandparents are Holocaust survivors... I'm going to step up to the plate and do whatever I can

Раввин Маргареттен август ойида яҳудий афғон гиламфуруши Заблон Симинтов билан учрашгунча, уни Афғонистон билан ҳеч қандай алоқаси йўқ эди.
Афғонистоннинг охирги яҳудийси сифатида танилган жаноб Симинтов мамлакатдан кетишни жуда истаган. Унинг айтишича, мамлакат 20 йил олдин Толибон назорат қилган вақтдагидан ҳам хавфлироқ бўлиб қолган.
"Заблонни у ердан олиб чиққанимдан сўнг, ўша ердаги бошқа одамлар билан ҳам гаплаша бошладим, улар менга кўплаб одамлар хавф остида эканини айтиб, балки сен ҳам бирор нима қиларсан, деб айтишди."
Раввин хавф остидаги афғонларни имкон қадар олиб чиқиш учун Бруклин ва Чикагодаги яҳудий жамоасидан маблағ тўплай бошлади.
Унинг ассоциацияси Афғонистон ёшлар футбол жамоасининг аёл аъзоларини олиб чиқиш учун хавфсиз йўлак ҳозирлаш, уларни ва оила аъзоларини чегарадан ўтказишга кўмаклашди.
13-19 ёшлардаги аксар ўйинчилар бир неча ҳафта Покистонда тургач, Британияга кўчиш учун рухсат олинди.

Сурат манбаси, Getty Images
Раввин Маргареттон бу ишларга аралашгани сари, унга кўпроқ қўнғироқлар бўларди, уларга жавоб бериш эса зумда оғир бўлиб қолди.
"Менга мурожаат қилаётганлар кўпайиб борди, одамлар ярим кечаси ҳам қўнғироқ қилар, йиғлар, "раввин ёрдам беринг, ҳаётим хавфда" дерди."
Унинг айтишича, ким энг кўп хавфда экани, кимни биринчи бўлиб олиб чиқишни ҳал қилиш осон бўлмаган.
"Бир томондан ёрдам берган одамларим учун жуда хурсандман, бошқа томондан имкониятим чекланганидан хафаман."
Раввин Маргареттон хавф остидаги афғонларга виза олиб бериш ва бошқа қоғозбозликлар билан кеча кундуз шуғулланувчи жамоа ташкил қилади. "Улар нима қилаётганликларини билишади", дейди у.
Энг катта харажат, дейди у, одамларни мамлакатдан олиб чиқишда бўлади, аммо унинг ассоциацияси ҳам хавфсиз уй ва меҳмонхоналар, озиқ овқат, кийим кечак ва тиббий ёрдамлар учун ҳам тўлайди.
"Улар мени 24 соатда олиб чиқишди"
Раввин Маргареттен ёрдам берганлардан бири Фаридадир (асл исми эмас). У аёллар ва болалар ҳуқуқлари учун курашувчи фаол бўлган.
"Толибон ҳокимиятга келганда мен ҳамма нарсани йўқотдим, - дейди 25 ёшли бу аёл. - Умидларим, орзуларим, эрким. Кўчага чиқа олмасдим, ишлай олмасдим. Университетга бора олмасдим. Мен ўз шахсиятимни йўқотдим."
Унинг айтишича, у йиллар давомида ўзининг ҳуқуқлари учун "курашган, заҳмат чеккан". Аммо Толибоннинг қудратга қайтиши вайронкор бўлган.
"Мен Толибон ўз ҳуқуқларимизни сақлаб қолишини талаб қилиб намойиш ташкиллаштирдим", дейди у. Фарида намойишлардан олинган суратларни ижтимоий медиада улашар эди. Бу намойишларда баъзида Толибон ўқотар қуроллар, таёқ ва қамчилар билан зўравонлик қилар эди.
Кейинчалик бу суратлардан уни таниб олиш учун фойдаланишди.
"Улар мен яшайдиган туманга келишди", дейди Фарида, толиблар келиб, эшикни урганда яширинишга мажбур бўлганини тасвирлар экан.
Хавотирга тушиб қолган Фарида ёрдам сўради ва тезда раввин Маргареттеннинг жамоасига мурожаат қилди.
"Улар мени топиб, оилам билан Афғонистондан 24 соатда олиб чиқиб кетишди. Жуда хурсандман", дейди у.

Сурат манбаси, Reuters
Август ойида Толибон кучлари бутун мамлакат бўйлаб илгарилар экан, БМТ толиблар собиқ ҳукумат хизматчилари ва хорижий кучлар билан ишлаганларни қидираётганини айтиб огоҳлантирганди.
Аалем (асл исми эмас) афғон таржимон бўлиб, у ҳам ўзининг халқаро алоқалари орқали раввин билан боғланган.
Унинг айтишича, у 2003 йили ўша вақтда АҚШнинг мудофаа вазири бўлган Дональд Рамсфелд учун кўнгилли таржимонлик қилганда ўсмир эди.
Ҳозир 36 ёшда бўлган Аалем ўз мамлакати келажагидан хавотир олаётганини, мамлакатдан чиқиб кетганида енгил тортганини айтади. "Мен қочишга мажбур бўлган фаоллардан бириман, - дейди у. - Режим ўзгариши мени жуда заиф аҳволга солиб қўйди. Собиқ таржимонлар учун жуда хавфли. Афғонистон яшаш мумкин бўлган жой бўлмай қолди."
Унинг айтишича, Тзедек ассоциацияси хавф остидаги одамларни аниқлашда самарали ишлаган, аммо "ёрдамга муҳтож яна минглаб одамлар бор", деб қўшимча қилади у.
Толибон Кобулни олганидан кейинги кунлар, АҚШ ва коалиция учоқлари 123000 тинч аҳолини эвакуация қилган. Аммо уларнинг қанча қисми Афғонистон фуқароси экани номаълум.
Минглаб одамлар ҳамон ҳар куни мамлакатдан чиқиб кетиш учун уринмоқда. Раввин Маргареттеннинг айтишича, у уларга ёрдам бериш учун "қанча керак бўлса шунча" ҳаракатни давом эттиради.

Мақола ёзилаётган вақтда эвакуация қилинган, аммо ҳали охирги манзилга етиб бормай, учинчи мамлакатда турганларнинг исмлари ўзгартирилди.
































