Россия, мигрантлар: Оммавий тўқнашувлар 'уюштирилган'ми? Rossiya dunyo yangiliklar

Ботиржон Шермуҳаммад

Сурат манбаси, Screenshot

Published

Сўнгги икки ой ичида Россияда мигрантлар иштирокида ўнга яқин оммавий тўқнашув юз берди.

Жанжалларнинг юзлаб иштирокчиси ҳибсга олинди. Уларнинг ярмига яқини депортация қилинди.

Айримларининг 40 йилгача, баъзиларининг эса, умрбод Россияга кириши тақиқланди.

Жанжаллар Кремлгача етиб борди, Ташқи ишлар вазирликлари ўз фуқароларини огоҳлантирди.

Аммо, буларнинг барчасига қарамай, оммавий тўқнашувлар ҳануз тинмаётир.

Биргина ўтган ҳафтанинг ўзида Россия яна худди шунга ўхшаш қўшалоқ жанжалга саҳна бўлган.

Москва мэри Сергей Собъянин шу шанба куни яна бир бор қатъий огоҳлантириш билан чиққан.

Шундай экан, бу жанжалларда умумий боғлиқлик борми? Оммавий тўқнашувлар ортида нималар турибди?

Би-би-си Ўзбек хизмати мавзу юзасидан миграция масалалари бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммад билан суҳбатлашди:

Би-би-си: Сиз кўп йиллардан буён меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келасиз. Оммавий жанжалларда иштирок этган мигрантлардан мурожаатлар бўлдими?

Ботиржон Шермуҳаммад: Айнан улардан бизга мурожаат бўлгани йўқ, лекин оммавий тўқнашувлар бўлганидан кейин мигрантларнинг ҳужжатларини оммавий текширишлар, полиция рейдлари бўлди. Шулар бўйича шикоят қилганлар бўлди.

Оммавий жанжалларда бевосита қатнашган одамлардан шикоят бўлмади. Чунки ўзи Россия миқёсида оладиган бўлсак, улар кўп эмас-да. Кўпи билан бир неча юзлаб одам бўладиган бўлса, Россиянинг бир неча миллион фуқаролари ичида жуда кам миқдор.

Буни бўрттириб, айниқса, ОАВда мигрантлар аксарияти шунақа экан, тўполон қилавераркан, деб кўрсатиш тўғри эмас. Афсуски, ҳозир шунақа вазият.

Россия полициячилари

Сурат манбаси, Rossiya Ichki ishlar vazirligi

Би-би-си: Кейинги 2-3 ой ичида бир неча марта кетма-кет кузатилган бу оммавий тўқнашувлар нима билан боғлиқ, деб ўйлайсиз?

Ботиржон Шермуҳаммад: Ҳаммасининг ўзига яраша сабаблари бор. Масалан, охирги марта ўзбекистонликларнинг чеченлар билан бўлган жанжалини оладиган бўлсак, бизга айтишлари бўйича, ўша бозорда чеченлар ўзбек-тожик сотувчилардан маълум миқдорда тўлов олиб туришган - ўлпон солиқ. Яъни рекет билан шуғулланишган. Тушунишимча, охирги пайтда ўзбеклар буни тўлашдан бош тортган. Шунинг ортидан муаммо келиб чиққан.

Ҳозирги замонда бунақанги 90-йилларда бўлган рекет тизими ишлаши керак эмас. Бир жиҳатдан ўзбекистонликлар тўғри қилишган: ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб ҳаракат қилишган.

Буни бир ачинарли томони бор. Ўзбек, қирғиз, тожик фуқаролардан мамлакатдан чиқариб юбориб қутилишаяпти. Ўз фуқаролари бўлган кавказликларни нима қилишади, уларни депортация қилиб бўлмаса?! Уларга қарши жиддий чора кўрганини ҳам кўрганимиз йўқ.

Асосан, ҳамма эътибор ҳамма томондан мигрантларга қаралаяпти. Тагини кўрадиган бўлсак, чеченлар билан нуқтада бизникилар кўпроқ ҳақ. Улар давлатга солиқ тўлаётган, жойини ижара ҳақини бераётган бўлса, нега бекорга яна пул бериб туришлари керак?

Ҳозирги даврда рекет каби нарсалар бўлиши керак эмас.

Афсуски, яна бир фикр бор, тўғрироғи, гумон. Яқинда Давлат Думасига сайловлар бўлади. Сайлов арафасида оммавий муштлашувлар атайин уюштирилган, деган гумонларимиз бор. Сабаби, шу пайтгача бўлмаган нарсалар нега охирги ойда бир қанча жойда (айниқса, Москва ҳудудида эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак) бирданига бўлаяпти? Одамлар ўзгариб, бирданига тўполончи бўлиб қолганми?

Асосимиз йўқ, аммо айрим ҳолатда атайин қилинаяпти, деган тахминларимиз бор. Чунки Россиянинг ўзида ҳам сиёсий, иқтисодий муаммолар етарли. Сайловдан олдин сиёсатчилар томонидан халқни муаммолардан чалғитиш мақсадида кимларнидир айбдор қилиб кўрсатишга эҳтиёжлари бор.

Россиядаги мигрантлар

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Би-би-си: Нима учун мигрантлар? Оддий мигрантлардан "душман" ясаш кимга керак бўлиши мумкин, мисол учун?

Ботиржон Шермуҳаммад: Россия фуқаросини ёки улардан иборат бирон гуруҳни душман қилишмоқчи бўлишса, улар албатта, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Давлат уларнинг ҳақларини ҳимоя қилади. Уларнинг бўйнига бир айбни қўйиш осонмас, депортация қилиб бўлмайди.

Чет эл фуқароларининг ҳуқуқлари эса яхши ҳимоя қилинмаган, уларни қўллаб-қувватловчи сиёсий кучлар йўқ. Шунинг учун бундан фойдаланилади. Энг ҳимоясиз қатлам сифатида уларни қандайдир муаммо бўлса, айблаб депортация қилиб юбориш осон.

Ҳозирги кунда оммавий текширув бўлаяпти, кимни нима сабабдан депортация қилганини тушуниш қийин. Жанжалга алоқаси борми-йўқми, ўша ерда тасодифан ўтаётган одам бўлганми, буни ҳеч ким текшириб ўтирмайди.

Менинг фикримча, шундай ҳолатларда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларининг Россиядаги ваколатхоналари ҳам фуқароларининг ҳимоясида туриши керак.

Би-би-си: Жанжаллар уюштирилган бўлиши мумкин, деяяпсиз. Муҳожирларни оммавий жанжалларга қандай қилиб жалб этаётган бўлишлари мумкин? Тахминларингиз қанақа?

Ботиржон Шермуҳаммад: Оддий қурилиш объектларида оладиган бўлсак, сир эмас, жанжаллар қурилиш объектларида кўп бўлаяпти. Иш ҳақини вақтида бермаслик каби ҳолатлар норозилик келтириб чиқаради.

Одамлар оғир аҳволда ишлаяпти ва бир неча ойлаб иш ҳақини ололмаганидан ёки ҳужжатларини олиб қўйишганидан кейин, албатта, уларнинг жон-жонидан ўтиб кетиши мумкин. Шу вазиятда кичик бир ҳаракат билан ўт олдириб, тўполон юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Буни уюштириш осон бу вазиятда.

Чеченлар билан бўлган вазиятда - адолатсизлик, яъни одам ишлаяпти, тирикчилик қилаяптию қандайдир бир жиноятчи келиб, ундан пул талаб қилаяпти. Нима учун талаб қилаётгани ҳам тушунарсиз.

Бу ҳамма жойда бўлиши мумкин. Агар бутун жанжалларни олиб кўрсак, жами 800-1000 та одам қатнашган. Россияда 145 млн аҳоли, 10 млндан ошиқ чет эл фуқароси бор. Албатта яхшимас, аммо жуда кам миқдор. Буни ОАВларга олиб чиқиб, мигрантлар кўп урушаяпти, деб кўрсатиш ҳам тўғри эмас.

Би-би-си: Бу йил карантин чекловларининг иккинчи йили, балки иш ва маош билан боғлиқ муаммолар мигрантлар руҳиятига таъсир қилган бўлиши мумкинми, нима деб ўйлайсиз?

Мигрантлар

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ботиржон Шермуҳаммад: Одамларнинг психологик ҳолатига таъсири бўлади, чунки ота-онасидан узоқдалар, бир неча йиллардан бери уйига бормаганлар бор. Кимдир соғинган, кимдир зериккан, қийналган. Айниқса, пандемия даврида иқтисодий ва бошқа қийинчиликлар кўп бўлди.

Ноаниқлик: уйга борса - у ердаям иш йўқ, Россиянинг ўзида қолса, иш муаммо, камига кўчада қолиб кетиш ҳавфи бўлди. Шу вазиятга тушганлар руҳий қийналиб қолган бўлишлари мумкин. Бу нарсалар маълум вақтда ўзини тута олмаслик каби ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Би-би-си: Нима учун ўта қаттиққўл жазолар (40 йиллик депортация каби) ҳам мигрантларни тўхтата олмаяпти? Ваҳоланки, улар Россиядан қувилишдан энг кўп зарар кўрадиган қатлам.

Ботиржон Шермуҳаммад: Ҳар қандай жазо жиноятчини қайтариш керак, лекин ҳеч қайси жиноятчи жазо ҳақида ўйламайди. Инсонлар вазиятга кўра эҳтиросга берилиб ҳаракат қилади. Ўйлайманки, жанжалларда қатнашган мигрантларнинг камдан-камининг миясига "эртага мени бу учун депортация қилиб юборади", деган фикр келган бўлиши мумкин. Кўпчилик бунинг оммавийлашиб, ҳамма жойга тарқалиб кетишини ҳам кутмагандир. Оддий майда тўполон каби кўрингандир бу.

Ва кўпчилик 40 йилга депортация қилинганини ҳам тушунмайди. ИИВ томонидан бу масалани кенгроқ тарғиб қилиш ҳам йўқ. Давлатга кўпроқ мигрантларнинг тўполон қилишидан кўра, митингларга қатнашмаса, қандайдир экстремизм билан шуғулланмаса, шу қизиқроқ. Тўполонлар - майда безориликларни тартибга солиши мумкин. Бу давлат учун муаммо эмас. Россияда давлатнинг фикру хаёли - мигрантлар сиёсий томонга ўтиб кетиб қолишмаса, намойишларда қатнашиб қўйишмаса, шундан хавотирда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek