Кобулда махфий учрашув: Мулла Бародар АҚШ Бош разведкачиси билан нимани гаплашди? Афғонистон Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Агар тасдиқланса, бу Толибон яна Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги ўн кун ичида томонлар ўртасидаги энг олий даражадаги илк мулоқот бўлади

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Агар тасдиқланса, бу Толибон яна Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги ўн кун ичида томонлар ўртасидаги энг олий даражадаги илк мулоқот бўлади
Published

Толибон сиёсий лидери пойтахт Кобулда АҚШ Марказий Разведка бошқармаси бошлиғи билан яширинча учрашгани айтилмоқда. Аммо ҳар икки томон ҳам Уильям Бернс ва Мулла Бародар ўртасидаги махфий учрашув борасида ҳозирча жим.

Аммо АҚШ оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таянган ҳолда бу ҳақда хабар бериб бўлишди.

Толибон ҳаракатининг сиёсий лидери аллақачон пойтахт Кобулда.

У шаҳарга Қандаҳордан ўтган шанба куни қайтган ва ҳозир толибларнинг Афғонистондаги энг юқори мартабали лидери бўлиб турибди.

Махфий учрашув

Кобулдаги махфий учрашув ҳақидаги хабар кеча, 24 август куни матбуотда бўй кўрсатган.

Президент Жо Байден АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши учун 31 августни якуний муҳлат қилиб белгилаган.

Аммо Американинг иттифоқчилари, шу жумладан, Буюк Британия ҳам бу муддатнинг узайтирилишини исташмоқда.

АҚШ қўшинлари Афғонистонга 2001 йили, 11 сентябрь ҳужумлари ортидан киришган ва 20 йил деганда мамлакатни деярли буткул ташлаб чиқишмоқчи.

Кобулдаги махфий учрашув ҳақида манбалар АҚШнинг қатор нашрлари, жумладан, New York Times, Washington Post, Associated Press ва NPR (Миллий Давлат радиоси)га айтишган.

Аммо кам тафсилот беришган.

Агар тасдиқланса, бу Толибон яна Афғонистонда қудратга қайтган сўнгги ўн кун ичида томонлар ўртасидаги энг олий даражадаги илк мулоқот бўлади.

Ҳозир Кобул халқаро аэропортида 5800 га яқин АҚШ ҳарбийси бор.

Улар минглаб одамнинг махсус самолётларда Афғонистонни тарк этишларига кўмаклашишмоқда.

АҚШ ва унинг бир қанча иттифоқчилари ҳозир эвакуация жараёнини ўз вақтида якунлай олмасликларидан хавотирда.

Тахминлар

Washington Post нинг ёзишича, махфий мулоқот чоғида томонлар айнан АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонда қолиш муҳлати масаласини муҳокама этган бўлишлари мумкин.

Аммо кеча, сешанба куни Толибон ортиқ бирор бир афғоннинг мамлакатни тарк этишига изн бермаслиги, АҚШ ҳарбийларининг чиқиб кетишлари учун белгиланган якуний муҳлат ҳам узайтирилмаслигини айтиб чиқди.

Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд эса, Толибон ҳаракатининг тўртта ҳамасосчисидан биттаси бўлади.

У Толибон етакчисининг сиёсий масалалар бўйича муовини.

2010 йилда АҚШ ва Покистоннинг қўшма рейди чоғида қўлга олинган, 8 йил умрини қамоқда ўтказган.

Тинчлик жараёнининг шартлари асосида озод қилиниши ортидан, 2019 йилда Толибон сиёсий қанотининг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари этиб тайинланган.

АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетишларига оид 2020 йилги Доҳа битимини ҳам ҳаракат номидан айнан у имзолаган.

Мулла Абдул Ғани Бародар Ахунд бир АҚШ президенти билан тўғридан-тўғри мулоқот қилган биринчи ва ҳозирча ягона Толибон етакчиси ҳам бўлади.

У ўтган йили Дональд Трамп билан телефон орқали гаплашган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek