Британиялик она: Ўғлим, Афғонистон учун ўлиминг бесамар бўлди - video Afg'oniston Tolibon Britaniya

Толибон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганидан кейин Афғонистонда ҳалок бўлган ва яраланган Британия аскарлари ва уларнинг қариндошлари "биз нега қурбонлик бергандик" деган савол устида ўйланиб қолдилар.
Би-би-си мухбири Марк Гревлинг Афғонистондаги урушда қатнашганидан кейин ҳаёти ўзгарган британиялик аскарлар ва уларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жанубий Йоркширдаги Донкастер шаҳрида яшайдиган Бен Паркинсон ўтирган Британия армиясининг Land Roverи 2006 йили Афғонистонда йўлда ўрнатилган минада портлаган.
Ўшанда Бен 22 ёшда эди.
"Беннинг уйига қайтишига 10 кун қолганди. Биз "бўлди, у хизматини ўтиб бўлди", деб ўйлагандик. Кечки соат 6 ларда эшигимиз тақиллади. Ҳарбий кийимдаги одам нохуш хабар келтирди. Бир дақиқада ҳаёт ўзгариб кетди," дейди Беннинг онаси Диане Дерни.

Сурат манбаси, Shaxsiy arxiv fotosi
Унинг икки ўпкаси яраланган. Талоғидан айрилди. Кўкрак қафасида ва бошида катта жароҳат бўлган. Ёнидаги зобит "Бен уйига тирик қайтолмайди", деб айтган.
Унинг икки оёғини кесиб ташлашга мажбур бўлганлар.
Бен Афғонистондаги урушда энг қаттиқ жароҳатланган Британ аскарларидан бири бўлди.

"Биз Афғонистонга 15 йил олдин боргандик. Британия армияси 20 йил олдин. Ҳаммаси бекорга кетди. Ҳеч нарсани ўзгартиролмадик. Буларнинг баридан мақсад нима эди?", дея савол беради Бен.
"Бен Афғонистонда бўлиб қайтган кўпчилик жароҳатдан кейинги азоб-уқубатларни бошдан кечираётганидан хабардор. У қанчалар кўп қурбон берилганини билади ва булардан бирор маъни бўлмаганини кўриш оғир," дейди Диане Дерни.

Сурат манбаси, Oilaviy arxiv fotosi
Оиласи Бенга ўзини тиклашига ёрдам бераяпти, бошқалар эса шундан ҳам маҳрум.
Уэлсдаги Абергавенни шаҳрилик Ҳезел Ҳантнинг ўғли Ричард 22 ёшга тўлишига бир ҳафта қолганда жони узилди.
2009 йили Ричард Ҳант ўлимини Британия ҳукумати Афғонистонда ҳалок бўлган 200-Британ ҳарбийси деб эълон қилганди.

"Эрим ўғлимдан сўради: "Хатар қанчалар катталигини биласанми?" Ўғлимнинг жавоби эса шундай бўлди: "Ота, хатарлар борлигини биламиз, лекин бу ҳақда ўйламаган афзал. Акс ҳолда ҳеч ким у ерга боришни истамайди", деб эслайди Ҳезел Ҳант.
Ричарднинг Ҳелманд вилоятидаги патрулдаги автомобили портлаган, у ўта оғир яраланган ҳолида Британияга олиб келинганди.
"Улар менга "яшашига умид йўқ", деб айтишди. "Ёнида қанча ҳоҳласангиз, шунча бўлинг", дейишди. Тўшаги олдига бордим. Руҳоний, "истасангиз видолашинг", деди. Мен айтганини қилдим. Бу ҳаётимдаги энг оғир иш бўлди. Мен ҳозир ҳаддан зиёд ғамга ботдим, жуда жаҳлим чиқди. Чунки йигит-қизлар жонини берган шунча иш ҳавога совурилди", дейди Ҳезел Ҳант.
Толибон Афғонистонни қўлга олдик деган 15 август куни Ҳант хоним ўғлининг қабрини зиёрат қилишга борганини айтади.
"Мен қабрига гул қўйдим. Ўтириб у билан гаплашдим. Охирги ҳодисаларни айтдим. "Азизим, сенинг қурбонлигинг бесамар бўлди, бундан афсусдаман", дедим", дейди Ҳезел Ҳант.
Бомбани зарарсизлантириш бўйича собиқ мутахассис Жак Каммингс Афғонистонга икки марта сафар қилган.

У 2010 йилдаги портлашда икки оёғидан айрилган.
Афғонистондаги сўнгги ҳодисалар ортидан матбуотга интервью берган Жек Каммингс, "бизнинг сафдошларимиз беҳудага ўлиб кетишди", деб айтди.
"Биз фронт олди сафига тизилгандик, хатар катталигини билардик. Мен мамлакатимга хизмат қилганимдан фахрланаман. Лекин Афғонистон қулаганини кўриб, ўзинга ўзинг савол берасан: Арзирмиди? Ўйлайманки, йўқ", дейди собиқ аскар Каммингс.
2001 йилдан 2021 йилгача Британия Афғонистонга 100 мингдан ортиқ ҳарбий юборган.
Британия ҳукумати 457 ҳарбий ҳалок бўлганини хабар қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























