Қозоғистон Минскка парвозларини бекор қилмоқдами? Belarus, Rossiya, Lukashenko, Putin, yangiliklar

Сурат манбаси, Airastana.com
Европа Иттифоқининг Беларусга қарши янги санкциялари манзарасида бўй кўрсатган бу хабар минтақадаги айрим етакчи нашрларнинг эътиборини ўзига тортмай қолмади. Беларусь Ўзбекистон ҳам мунтазам парвозларни қайта тиклаган саноқли давлатлардан бири бўлади.
Ryanair самолёти ва диссидент журналистнинг қўлга олиниши билан боғлиқ можаро ортидан, Украина Беларусь билан икки томонлама парвозларни буткул тўхтатган биринчи собиқ Шўро давлати бўлди.
Польша ҳам шундай қилишини айтди, Буюк Британия эса, Беларусь самолётларининг ўз ҳаво ҳудудига киришини тақиқлади.
Европанинг қатор ширкатлари эса, Беларусь устидан учмасликларини айтишди.
Ғарб давлатлари Беларусни халқаро йўловчи самолётини "олиб қочиш"да айблашмоқда.
Айрим ахборот агентликларининг 25 май куни авиаширкат матбуот хизматига таяниб хабар беришларича, Air Astana ҳам Олма отадан Минскка тўғридан-тўғри парвозларини бекор қилган.
Kapital.kz га кўра, Қозоғистоннинг энг йирик шаҳридан Беларусь пойтахтига парвоз 31 май кунига режаланаётган бўлган.
Мазкур нашрнинг ёзишича, дастлаб рейсни бекор қилиш сабаби расман кўрсатилмаган.
Аммо кейинроқ Air Astana Олма ота-Минск рейсининг бекор қилиниши сабабини талабнинг камлиги билан изоҳлади, дейди Kapital.kz.
Ўзбекистон Беларусь билан глобал коронавирус пандемияси боис тўхтатилган мунтазам авиақатновларни қайта тиклаш қарорида экани шу йилнинг 18 март куни хабар берилган.
Тошкент ва Минск ўртасидаги рейсларнинг 24 мартдан бошлаб амалга оширилиши айтилган.

Сурат манбаси, official
Интернетдаги чипталар олди-сотдиси билан боғлиқ маълумотларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги мунтазам парвозларнинг амалда экани, уларнинг Ўзбекистон Ҳаво йўллари ва Белавиа ширкатлари томонидан амалга оширилаётганини кўриш мумкин бўлади.
Европа Иттифоқи лидерлари шу ҳафта душанба куни Брюсселда йиғилишган, Ryanair йўловчи самолёти билан боғлиқ можаро ортидан, ўз авиаширкатларини Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмасликка чақиришган.
Улар, шунингдек, аъзо давлатлардан Беларуснинг Белавиа ширкатига берган рухсатномаларини бекор қилишларини ҳам сўрашган.
Сингапур Ҳаво ширкати ҳам Беларусни четлаб ўтиш учун ўз парвозлари йўналишини ўзгартираётганини маълум қилган.
Беларусь Европа Иттифоқига кирмаса-да, уч Европа давлати билан чегарадош мамлакат бўлади.
Осиёга ўзаро қатновлар ва Европага парвозларнинг кўпчилиги Беларусь ҳаво ҳудуди орқали ўтади.
Кунига 400 га яқин самолёт Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланади.
Eurocontrol агентлигининг маълумотларига таянилса, уларнинг 100 таси Европа Иттифоқи ёки Британия самолётлари ҳисобига тўғри келади.
Агентлик бу самолётлар тегишли ҳаво ширкатларини ўз парвозлари йўналишини яқин-атрофдаги бошқа давлатлар орқали ўзгартиришга ундаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































