Исроил-Фаластин можароси: Ғазода вазият ‘ҳалокатли’ - video Isroil Falastin dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Чегара билмас шифокорлар ташкилоти жиддий хавотирда. Ташкилотга кўра, бир ҳафталик қақшатқич бомбалашлар Ғазо Бўлгаси учун "ҳалокатли" бўлган. Ҳаммаёқ вайронага айланган. Шундоқ ҳам ночор бўлган соғлиқни сақлаш тизими ўта босим остида, касалхоналарга "бош суқиб бўлмайди".
"Йўллар, сув таъминоти, канализация ва бошқа инфратузилмалар бузилган, бўлганинг шундоқ ҳам ночор соғлиқни сақлаш тизимини ўта босим остида қолдирган".
Чегара билмас шифокорлар ташкилотининг Ғазодаги ваколатхонаси раҳбарининг айтишича, ҳозир касалхоналарга "бош суқиб бўлмайди".
"Фақат яраланган яқинларини шундоққина замбилда келтираётган одамларгина касалхоналарга қабул қилинмоқда, холос".
Ҳелен Оттенс-Паттерсон Ғазодаги электр станциясининг ёқилғиси тугаб бораётганидан ҳам хавотирда.
Унга кўра, тез орада бўлга электр энергиясисиз қолиши мумкин.
"Бу ҳам бўлга соғлиқни сақлаш тизимига ҳалокатли таъсир қилади", - дейди Чегара билмас шифокорлар ташкилоти вакиласи.
- Исроил - Ғазо можароси: Якшанба Ғазода 'энг қонли кун' бўлди, Исроил яна зарба бердиИсроил ва Фаластин можароси: Тўқнашувлар Ғарбий Соҳилга ҳам ёйилди
- Исроил-Фаластин можароси: Ҳужумлар тинмаётир, қурбонлар сони янада ортмоқда
- Мирзиёев, Ўзбекистон ва Қозоғистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда
- Исроил фавқулодда ҳолат эълон қилди, минтақада вазият танг - можаро илдизи қаерда?

Сурат манбаси, EPA
Ташкилот вакиласига кўра, Ғазо Бўлгасидаги тинч аҳоли учун жуда ташвишдалар.
"Биз қурбонлар ва яраланганлар сонининг ошиб бораётганидан жиддий хавотирдамиз. Яна бир қўрқувимиз шундаки, бунга бўлга соғлиқни сақлаш тизими ортиқ дош бера олмаслиги мумкин", - дейди Ҳелен Оттенс-Паттерсон.
Унинг айтишича, Ғазодаги тиббиёт ходимлари ҳозир замбарак ўқи парчалари теккан, портлаш натижасида яраланган, суяклари синган, ёрилган ва этлари эзилган одамларга ёрдам кўрсатишмоқда.
Чегара билмас шифокорлар ходимлари эса, аҳволи ўта оғирларнинг жонини сақлаб қолиш илинжида касалхоналарни имкон қадар енгиллатишга уринишмоқда.
"Одамлар руҳан тамом бўлган. Мен ҳамкасбларим билан қўнғироқлашдим. Улар зўрға оёқларида туришибди", - дейди у.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон Озиқ-овқат дастури ташкилоти эса, Ғазо шимолидаги 50 мингдан зиёд одамга фавқулодда кўмак беришни бошлаган.
Ташкилотнинг айтишича, "ҳозирги кундаги энг долзарб эҳтиёжлардан бири бу озиқ-овқатдир".
"Кўмак беришнинг энг тезкор ва самарали усули эса, электрон ваучерлар шаклида одамларга нақд пул етказиб бериш бўлаяпти".
Мазкур ташкилотнинг ўз баёнотида маълум қилишича, "жорий пайтда озиқ-овқат имконли, бўлгадаги акарият дўконлар ишлаб турибди".
Аммо улар ҳам хавотирда.
"Агар, бўлга узоқ вақт ёпиқ қолса, нарх-наволар осмонга сапчиши ва озиқ-овқатнинг ҳам таги кўриниб қолиши мумкин".

Сурат манбаси, Getty Images
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига таянилса, сўнгги бир неча куннинг ўзида бўлгадаги 40 та мактаб ва тўртта касалхона буткул ёки қисман вайрон қилинган.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти эса, тиббиёт муассасаларига ҳар қандай ҳужумни зудлик билан бас қилишга чақириб чиққан.
Ғазо Бўлгасида икки миллион одам яшайди.
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги қуролли низолар эса, ўзининг иккинчи ҳафтасига кириб бормоқда.
Ҳозирча рақиб томонларнинг бир муросага бориш истаги ва қатъиятида эканликлари кўрилмайди.
Ҳар икки рақиб томон қисқа танаффусдан сўнг ўтган тун яна ўзаро ҳужумларига зўр беришган.
Исроил қирувчи учоқлари бўлгага 60 дан зиёд ҳужум уюштирган.
Ғазодаги Фаластин қуролли гуруҳлари ҳам Исроилга ракеталар билан қайта зарба беришган.
Улар Исроилнинг жанубига юзга яқин ракета отишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































