Дунёда яна бир ҳижобли президент қудратга келди – Ислом ва мусулмонлар, dunyo, yangiliklar

Tanzaniyaning yangi prezidenti

Сурат манбаси, AFP

Published

Дунёда яна бир ҳижобли президент қудратга келди. Самия Сулуҳу Ҳассан энди Танзанияни бошқаради. У бунгача вице-президент лавозимида бўлган.

У илк бор 2015 йилда вице-президент этиб сайланган, ўтган йил президент Жон Магуфули билан бирга яна сайловда ютиб чиққан ва энди мамлакат конституциясига мувофиқ, Танзанияни расман ваколати тугагунча, яъни 2025 йилгача бошқаради.

61 ёшли сиёсатчи Самия-она номи билан танилган.

Маълум бўлишича, уни аёллиги учун эмас, сиёсатчи сифатида қозонган ҳурмат-эътибори учун шундай деб аташган.

Танзаниянинг амалдаги президенти Жон Магуфули 17 март куни вафот этган.

Унинг ўлимини чоршанба куни вице-президенти ўлароқ Самия Сулуҳу Ҳассаннинг ўзи бутун мамлакатга расман эълон қилган.

Самия Сулуҳу Ҳассан энди Африка қитъасида ягона аёл президентга айланган.

2015 йилги сайловда унинг Жон Магуфулига вице-президент номзодлигига танланиши кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Самия Сулуҳу Ҳассан Чама Ча Мапиндузи партиясидан бўлган таниқли сиёсатчиларни ортда қолдириб кетган.

Чунки айни шу партия вакиллари Танзания ўз мустақиллигини қўлга киритган 1961 йилда буён асосан бу каби юқори лавозимларни эгаллаб келишган.

У биринчи марта 2000 йилда давлат хизматига келган.

2014 йилда янги конституцияни ишлаб чиқиш учун ташкил этилган Таъсисчилар йиғини раисининг ўринбосари сифатида бутун мамлакатга танилган.

Жанжалли вазиятларни оғир-босиқлик билан ҳал этишдаги маҳорати билан кўпчиликнинг олқишларига сазовар бўлиб келган.

Шахсияти ҳам президент Жон Магуфулиникидан тамом фарқ қилиши айтилади.

Tanzaniyaning eski va yangi prezidentlari

Сурат манбаси, AFP

Жон Магуфули ўзининг жиззакилиги ва шарттакилиги билан танилган бўлса, Самия Сулуҳу Ҳассан анчайин вазмин, мулоҳазакор инсон ўлароқ тилга олинади.

Бундан ташқари, у бошқаларнинг фикрига очиқ, қонун-қоидага риоя этишни мақбул кўрувчи сиёсатчи сифатида ҳам кўрилади.

Самия Сулуҳу Ҳассан билан бирга вице-президентлик идорасида ишлаган депутатлардан бири Январ Макамба уни, "Танзаниядаги салоҳиятига яраша баҳо топмаган сиёсатчи", - деб ҳам атаган.

"Мен унинг иш одоб-ахлоқи, қарор қабул қилишдаги уқуви ва ўзини қандай тутишини яқиндан кузатдим. У жуда қобилиятли раҳбар", - деб айтган депутат.

Аммо, шунда ҳам, Самия Сулуҳу Ҳассаннинг президент ўлароқ қандай сиёсат юритиши ҳозирча маълум эмас.

Айниқса, собиқ президентнинг скептик мавқеи назарда тутиларкан, янгисининг коронавирус борасида қандай қарорга келиши энг муҳим масала сифатида кўрилмоқда.

Унинг президентга садоқати шубҳа остига олинмаса-да, Самия Сулуҳу Ҳассан сиёсатчи сифатида ҳам ўзини намоён этишга қодир бўлгани айтилади.

Хабарларга кўра, 2015 йилдан бери вице-президент ва ундан аввалги ҳукумат даврида давлат вазири бўлиб ишлаганига қарамай, Самия хонимнинг шахсий ҳаёти ҳақида оз нарса маълум.

Маълум бўлишича, у аввал Танзанияда ўқиган, аспирантурасини Британиянинг Манчестер университетида қилган.

Тўрт фарзанднинг онаси, турмуш ўртоғи академик, аммо хабарларда айтилишича, Самия хоним вице-президент бўлгандан буён, икковлоннинг бирга суратга тушишгани ҳеч кўрилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek