Швейцария: Масжид миноралари ортидан, бурқа ва ниқоб ҳам тақиқланади - dunyo, Islom dini, musulmonlar, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Швейцария: Масжид миноралари ортидан, бурқа ва ниқоб ҳам тақиқланади - мамлакат аҳолиси кеча, якшанба куни тақиқни ёқлаб, овоз берди. Референдум худди шундай натижа билан якунланди. Маҳаллий мусулмонлар бунинг "қора кунлар" эканини айтишди.
Тақиқ аллақачон ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро миқёсда танқидларга учраган.
Швейцариядаги кўзга кўринган исломий гуруҳ буни "мусулмонлар учун қора кунлар" эканини айтган.
Тақиқ мусулмон жамоасининг янада яккалантириб қўйилишига олиб келади, деган хавотирлар янграган.
"Бу - Швейцарияда мусулмон жамоасига қарши ҳужум" эканига оид баёнотлар ҳам кўзга ташланган.
Швейцария Франция, Бельгия, Голландия, Болгария ва Австриядан кейин жамоат жойларида ниқобни расман тақиқлаётган яна бир давлатга айланган.
Тақиқ

Сурат манбаси, Getty Images
Якшанба кунги референдумда Швейцария аҳолисининг ярмидан кўпроғи - 51% тақиқни ёқлаши маълум бўлган.
Бундан буёғига бурқа ва ниқобда фақат намозхоналар ичкариси ёки карнавалларга ўхшаш турли маҳаллий байрамларда кўриниш бериш мумкин бўлади, холос.
Кўча, дўкон ва ресторанларда эса, юзингизни очиб юришингиз тақозо этилади.
Хабарларга кўра, янги тақиқ коронавирусга қарши қўлланилаётган тиббий юз ниқобларини кўзда тутмайди.
Мазкур таклиф ўзининг "Экстремизмни тўхтатинг" кампанияси билан танилган ўнг қанот Швейцария Халқ партияси томонидан илгари сурилган.
Швейцария ҳукуматининг ўзи янги тақиққа қарши чиққан, хотин-қизларнинг қандай либосда юришлари давлатнинг иши эмаслигини айтган.
Швейцария ва мусулмонлар

Сурат манбаси, Getty Images
Люцерн университети ҳисоб-китобларига кўра, Швейцарияда фақат 30 га яқин аёл ниқобда юради, бурқада бўлганлари эса, деярли йўқ.
Аммо Швейцария аҳолисининг 5 фоизга яқинини келиб чиқиши Туркия, Босния ва косоволик мусулмонлар ташкил этишади.
Швейцарияда амалда бўлган демократик тизимга мувофиқ, мамлакат аҳолиси ўзини қизиқтирган масала бўйича тўғридан-тўғри овоз бериш ҳуқуқига эга саналади.
Улар турли масалалар бўйича миллий ёки минтақавий референдумларда мунтазам овоз бериб келишади.
2009 йилда швейцарияликлар ҳукуматнинг маслаҳатига қарши бориб, миноралар қурилишига қарши ҳам овоз беришган.
Мазкур таклиф ҳам Швейцария Халқ партияси томонидан илгари сурилган.
Партия ўшанда минораларни "исломийлашув" нишонаси сифатида кўрган.
Хабарларга кўра, якшанба кунги референдум тўғридан-тўғри Исломдан ном тутмаган.
Зўравон намойишчиларнинг ниқобда бўлишларини ҳам тақиқлаши айтилган.
Аммо кўпчилик наздида, бу айнан бурқани ва ниқобни кўзда тутган.

Сурат манбаси, Reuters
"Хавфли сиёсат" эканини айтиб, халқаро Amnesty International ташкилоти ҳам Швейцариядаги тақиққа қарши чиққан.
Халқаро ташкилотга кўра, бу хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, сўз ва диний эътиқод эркинлигини поймол этади.
Муслималарнинг жамоат жойларида ниқоб ва бурқада юришлари масаласи бундан аввал ҳам қатор Европа давлатларида кўтарилган.
Франция, Бельгия, Голландия, Дания, Австрия ва Болгария ҳам ниқоб ва бурқани тўлиқ ёки қисман тақиқлашга қарор қилишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek





























