Янги чегарадаги ҳаёт: Арманлар ўзларини таҳқирланган ҳис қилишмоқда - Озарбайжон ва Арманистон, Tog‘li Qorabog‘, Rossiya, Turkiya, yangiliklar

Ozarbayjon-Armaniston chegarasi

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

    • Author, Илья Барабанов, Марина Катаева
    • Role, Би-би-си, Арманистон
  • Published

Бўлинган қишлоқлар, кесилган йўллар, тўхтаб қолган ишлаб чиқариш - 2020 йил кузги урушдан сўнг Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ўнлаб километрлик янги чегара пайдо бўлди, уларнинг аниқ чизиғи ҳали маълум эмас. Би-би-си Pус хизматининг Арманистондаги мухбирлари янги чегара бўйлаб юриб, маҳаллий аҳоли ўз қўшниларига қандай кўникаётганини кузатди.

Арманистоннинг Горис шаҳридан Арманистоннинг Капанигача олиб борувчи катта йўл четидаги пешлавҳага "Welcome to Azerbaijan!" деб ёзиб қўйилибди. Уни суратга олиш учун машинани тўхтатганимизда, россиялик чегарачилар бизнинг кимлигимиз ва нима учун бу ерда турганимизни суриштириш учун пайдо бўлди: "Умуман олганда, бу ерда суратга олиш тақиқланади. Агар йўлни кесиб ўтсангиз, у ёғи Озарбайжон ҳудуди. Аммо Москвадан бўлганингиз учун биз сизни ҳимоя қиламиз", деб ҳазиллашади аскар.

Совет Иттифоқи йилларида бу йўл қулайликни ўйлаб, аммо республикалар ўртасидаги маъмурий чегараларни ҳисобга олмай қурилган эди. СССР қулагач, биринчи уруш Арманистон ва Озарбайжон ўртасида бошланди. Боку нафақат Тоғли Қорабоғ, балки унинг атрофидаги етти вилоятни ҳам қўлдан бой берди. Арманистон аллақачон ютқазган 2020 йил кузги урушдан сўнг, ушбу ҳудудлар Озарбайжон тасарруфига қайтди.

Горисдан Капангача бўлган бу йўлнинг орадаги узилишлар билан бир қанча қисми энди Озарбайжонга қайтарилган ҳудудга айланди. Урушдан сўнг Озарбайжон ҳарбийлари дарҳол унинг ёнида бир нечта шундай пешлавҳаларни ўрнатди: ҳатто озарилар бу йўл бўйлаб юрмаса ҳам, улар мағлубиятга учраган арманларга нима юз берганини эслатиб турувчи рамзий белгига айланди.

Ozarbayjon-Armaniston chegarasi

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Арманлар ва озарбайжонлар ўртасида янги тўқнашувлар олдини олиш учун тинчлик битимини тузишда воситачилик қилган Россия нафақат тинчлик сақловчи кучларни Тоғли Қорабоққа олиб кирди, балки низоли вазиятлар юзага келиши мумкин бўлган янги чегараларга ҳам жойлаштирди.

Чегарачиларнинг айтишича, маҳаллий аҳоли чегара чизиғи қандай ўзгараётгани, қаерга бориш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида Арманистон ҳукуматидан эмас, балки улардан билиб олади: "Озарбайжонликлар нимани истаётганини аниқ билишади ва ҳар бир баҳсли майдон учун охиригача тортишади. Арманистон томондан бундай тайёргарлик сезилмайди, - дейди россиялик чегарачи. - Олдинда яна Озарбайжон пости келади. Аммо Капангача хотиржам етиб борасизлар".

Қирқ минг аҳолилик Капан - Арманистоннинг Сюник вилояти маркази. Шарқдан у Озарбайжон билан, ғарбдан Озарбайжоннинг Нахичеван эксклави билан, жанубда Эрон билан чегарадош. Биз Капанга томон кетаётганимизда, Эрон рақамлари бўлган юк машиналари қаршимиздан келарди. Йўллар бўйлаб тишида калит ушлаб турган айиқ тасвирлари учрайди.

Афсоналардан бирига кўра, Сюник ёки Зангезур, маҳаллий аҳоли айтганидек (минтақанинг катта қисми Зангезур тизмаси ён бағирларида жойлашган), бутун Арманистон учун калит ҳисобланади. Қорабоғда жанглар кечаётганда, арманистонлик суҳбатдошлардан озарбайжон-турк коалициясининг навбатдаги нишони Сюник бўлишини бир неча бор эшитган эдик, чунки уни эгаллаш орқали Озарбайжон нафақат Нахичеван билан, балки Туркия билан ҳам боғланиши мумкин эди.

Qishloq

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Йўлларни қор босиб қолгани боис, биз Агарак қишлоғига бора олмадик

Афтидан ҳозир ҳеч ким Сюникка ҳужум қилмоқчи эмас, аммо Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян имзолаган тинчлик битимига биноан бу жойлар орқали йўл ўтиши керак, бу эса Озарбайжонни Нахичеван билан боғлайди.

Президент Алиев кузги уруш билан Озарбайжонга қайтарилган Горадиздан Зангеланга, ундан Арманистон чегарасига қадар темир йўл қуришни буюрди. Аммо биз Капанда учрашган расмийлар янги йўл ўз вилоятларидан қандай ўтиши ҳақида ҳали ҳеч нарса билмайди.

Январь ойида Озарбайжон, Арманистон ва Россия ҳукуматлари Бош вазир ўринбосарларидан тузилган ҳукуматлараро комиссия минтақадаги барча транспорт йўлакларини очиш бўйича "йўл харитаси" устида ишламоқда.

"Ватаннинг бир қисмини йўқотиш, ютқазилган уруш сабабли стресс бор. Ва бу ҳали ўтгани йўқ, бунинг учун кўпроқ вақт керак", дейди исмини ошкор этмасликни сўраган вилоят мулозимларидан бири.

Pishloq korxonasi

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Қорабоғдаги уруш сабаб, Варденисдаги пишлоқ ишлаб чиқариш корхонаси ҳам катта йўқотишга учради

Озарбайжонликлар йўлнинг бир қисмини назоратга олиб, нафақат Горисдан Капанга, балки ундан - вилоят марказидан жанубга, Эрон чегарасигача бўлган транспорт ҳаракатини ҳали ҳам тўсмаган. Фақат шаҳар чеккасиги йўл ҳаракати полицияси ходимлари огоҳлантиради: "Бир неча муюлишдан кейин чодирларни кўрасиз, улар озарбайжонликлар, у ерда тўхташ мумкин эмас".

Чегарадаги ёпиқ йўллар ва аэропорт

Бироқ янги чегара баъзи йўлларни тўсиб қўйди: масалан, Капандан Агарак қишлоғигача бўлган энг қисқа йўл тўсилган. Февраль ойи ўрталарида унинг аҳолиси Озарбайжон томонда бир неча марта отишма овозлари эшитилгани тўғрисида хабар бергач, қишлоқ яқинида рус чегарачиларининг яна бир пости ташкил этилди. Энди Агаракка айланиб ўтиш керак - 10 дақиқа эмас, 40 дақиқа юришга тўғри келади.

Аммо у ерга боришга доим ҳам имкон бўлавермайди: биринчи куни Би-би-си мухбирлари Агаракка боришга уринганларида, қалин қор тупроқ йўлни қоплади. Машина бу тоғли ердан ўтолмай, ҳар бир тепаликда лойга ботиб, ниҳоят Вартаванк қишлоғида қолди.

"Эртага келинг, трактор келиб йўлни тозалаши керак, кейин Агаракка этиб бориш мумкин, аммо ҳозирча ҳатто "Нива" ҳам ўтолмайди бу ердан", деб маслаҳат берди маҳаллий аҳоли вакили. Унинг айтишича, урушдан илгари юзлаб одамлар атрофдаги қишлоқларда яшаган, аммо жанглар бошланиши билан улар бу ерларни ташлаб кетган ва ҳанузгача чегара бўйича музокаралар тугашини кутиб қайтишга шошилмаяпти.

Yo'l

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Горисдан Капанга элтувчи йўл энди бир неча жойдан Озарбайжонга қайтарилган ҳудудларга қайрилади

Март ойида, экин мавсуми бошланганда, қишлоқ аҳолиси қайтиб келади, аммо ҳозирча кўчаларда тирик одамдан кўра итлар кўпроқ. Одамни соғинган ва янги тушган қордан шод оқ кучуквачча узоқ вақт атрофимизда гир айланиб ўйнар эди, аммо у билан янги Арманистон-Озарбайжон чегарасини муҳокама қилиб бўлармиди?

Ҳарбий ҳаракатлар тугагач, Капанда шаҳар аэропорти ҳам Озарбайжонга ўтиши мумкинлигини қизғин муҳокама қилишди. Аммо ҳозирча томонлар янги чегара учиш-қўниш йўлагига параллель оқадиган дарё бўйлаб ўтишига келишиб олдилар. СССР қулаганидан кейин самолётлар Капанга учишни тўхтатган, 25 йил давомида эски аэродром харобага айланганди, аммо 2017 йил ёзида шаҳарда янги аэропорт қурилиши бошланди.

"Ҳам бино, ҳам унга кириш жойлари, ҳам бутун учиш-қўниш йўлаги - барчаси нолдан қилинган", деб фахр билан гапиради обьектда ишлаганлар. Янги аэропорт 2020 йил ноябрида, уруш тугаганидан сўнг янги чегара унинг четидан ўтиши аниқ бўлгач, сертификатланди. Ўшандан бери ходимлар ишлашга тайёр бинога хизмат кўрсатиш билан шуғулланмоқда, лекин у ерга биринчи самолёт қачон қўнишини билмайдилар. Ҳозирга қадар рейслар фақат Еревандан режалаштирилган бўлиб, ундан Капанга машинада етиб бориш учун 5-6 соат вақт кетади, аммо келажакда аэропорт халқаро парвозларни қабул қилиши ҳам мумкин.

"Аэропортдан 150 метр нарида - дарёдан ўтгач чегара бор, у ер ҳозир, улар айтганидек, Озарбайжон", дейди елка қисиб суҳбатдошларимиз, Озарбайжон чорак аср давомида назорат қилмаган ҳудудларни қайтариб олишга қодир эканига ҳамон ишонқирамай.

Valeriy Gasparyan

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Валерий Гаспарян ўзи 20 йил яшаган Гадрутни тарк этишга мажбур бўлди

Чегарага айланган дарёнинг икки қирғоғи бўйлаб аэропорт хавфсизлигини Озарбайжон, Арманистон ва Россия чегарачилари таъминлайди. "Сиз озарбайжонларни шу ердан кўра оласизми?" деб сўраймиз. "Уларнинг чодирлари кўриниб турибди. Улар очиқ майдонда футбол ўйнагани чиқишганда ҳам кўрамиз."

Озарбайжонга қайтарилган ҳудудлардан 800 киши Капанга, 4700 киши бутун Сюник вилоятига кўчиб ўтди. Гадрут (Тоғли Қорабоғдаги шаҳар, ҳозирда Озарбайжон тасарруфида), Зангелан (Озарбайжонга қайтарилган туман маркази), Минживанни (Зангелан туманидаги қишлоқ) тарк этган саккиз оила ҳозирда Капандаги собиқ мактаб-интернат биносида яшамоқда.

"Тўртинчи куни Путин урушни тўхтатишни таклиф қилди, аммо Пашинян охиригача курашишини айтди. Тоғли Қорабоғдан энди нима қолди?" Валерий Гаспарян 20 йил яшаган Гадрутни тарк этишга мажбур бўлганидан ғазабланмоқда. Унинг катта ўғли Тоғли Қорабоғ армиясида хизмат қилмоқда, кенжаси жанговар ҳаракатларда қатнашиб яраланган.

Kapan

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Капаннинг сарҳадлари қор билан қопланган эди ва тасвирга олиш гуруҳининг йўллар тозалангунча кутишга тўғри келди

Бу ерда қанча бўлишларини Гаспарян билмайди: "Бизни бу ерга жойлаштирган яхши одамга раҳмат, акс ҳолда биз бундай об-ҳавода очиқ ҳавода тунашимиз керак эди".

Кўчиб келганлар электр, газ учун пул тўламайди, уларга озиқ-овқат олиб келишади. У 35 минг драм, тахминан 30 доллар пенсия олади. Капанда уйни ижара олиш, унинг айтишича, 50 минг драмдан бошланади. Қочқинларни нима кўпроқ ташвишга солмоқда, деган саволга, у энг муҳими маҳбусларни уйга қайтариш кераклигини айтади. Ўлганларни қидириш ва маҳбусларни қайтариш уруш тугаганидан уч ой ўтгач, мамлакатда энг оғриқли мавзулар бўлиб қолмоқда. Боз устига, барча кўчиб ўтганларни янги уй-жой билан таъминлаш керак.

Shurnux qishlog'i

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги янги чегара чизиғи Шурнухни қоқ иккига бўлган

"Яхши, Тоғли Қорабоғни бердингиз. Аммо нега энди Зангезурни ҳам беряпсиз? Бу Арманистоннинг юраги. Турклар нима деса, у дарҳол: "Ҳа, бажонудил", деяпти", дейди Гаспарян Арманистон Бош вазири Пашинян ҳақида.

Унинг мактаб-интернатдаги вақтинчалик қўшнилари - улар ҳам ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган - унинг мамлакатдаги сиёсий вазиятни баҳолашига қўшилмайди: "Нима ёмон деманг, ҳаммаси ёмон. Асосийси болаларни асирликдан қайтариш, кейин эса давлат барча бошқа муаммоларни ҳал қилади, - дейди Нарбик ва одатда ҳамма уни негадир Коля деб аташини айтиб. - Бошимизда том бор, электр, сув, иссиқлик, озиқ-овқат - ҳамма нарса бор, бепул. Давлат одамларга умуман эътибор бермаяпти дейиш керак эмас".

Шурнух - бўлинган қишлоқ

Shurnux qishlog'i

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Шурнухнинг икки қисми орасидаги чегара айнан шу йўл бўйлаб ўтади. Чапда - Арманистон, ўнгда - Озарбайжон

Баъзи жойларда уйларини тарк этишга мажбур бўлган одамлар учун янги уйлар қуриш аллақачон бошланган. Арманистон-Озарбайжоннинг янги чегараси Шурнух қишлоғини деярли ярмидан иккига бўлиб юборди.

Шурнухда 80 га яқин киши истиқомат қилади, 35 уй бор. Декабрь ойи охирида бу ерга учта Озарбайжон генерали, битта рус ва арман армиясининг подполковнигидан иборат делегация келди. Ҳозирда 11 та уй Озарбайжонда жойлашгани ва уларни бўшатиб қўйиш кераклиги ҳақида аҳоли огоҳлантирилган.

Shurnux qishlog'idagilar

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Шурнух раҳбари Акоп Аршакян қишлоқнинг Озарбайжонга ўтган қисмидан кўчиб ўтди. У маъмурият биносида оиласи билан яшайди ва ишлайди

"Бу генераллардан бири қўлларини белига қўйиб, менга "Бу энди Озарбайжон ери!" деди. Биз томондан фақат индамай турган бир подполковник бор эди. Биласизми, бу қандай хўрлик эди?", дейди ўз уйини ташлаб, оиласи билан қишлоқ маъмурияти биносига кўчиб ўтишга мажбур бўлган қишлоқ оқсоқоли Акоп.

Совет даврида бу бир қаватли оқ бинода тиббиёт пункти жойлашган бўлиб, маъмурият яқин атрофдаги катта икки қаватли бинода бўлган. Аммо биринчи Қорабоғ урушида бино "Град" билан ўққа тутилган. Шу билан у қайта тикланмаган, маъмуриятни тиббиёт пункти билан бир бинога жойлаштиришган.

57 ёшли Лариса ҳозир оиласи билан бирга турган уй деразаларидан йўлнинг нариги томонидаги, улар ташлаб кетишга мажбур бўлган аввалги уйлари кўриниб туради.

"Кўпчилик товон пули оламиз деб барча нарсамизни ташлаб келдик дейишади, лекин аслида бор нарсасини олиб кетишган, - деб ҳазиллашади у. - Биз ловия ўсиши учун боққа қўйган таёқлардан бошқа ҳамма нарсани олдик. Уларни ҳам олмоқчи эдим, лекин кейин уларни озарбайжонликлар гулxанга олиб кетишаётганини кўрдим".

"Йиғламоқчи эмасман, лекин ўт йўқ, молга жой йўқ, улар шу сабабли ўлмоқда", дейди аёл. Ҳозир у оиласи билан яшайдиган уйнинг даҳлизида нимталанган сигир гўшти турибди. "Сўйишди, чунки молхона кичик, сиғмайди". Лариса чой ичиб, деразадан олдинги уйига қарайди. Столда ёнғоқли мураббо ва пишлоқ турибди. У ёнғоқни ёзда ҳозир Озарбайжонникига айланган Зангелан шаҳридан олиб келган, пишлоқни эса ўз уйида тайёрлаган, уйи ҳам ҳозир хорижда жойлашган.

Yo'l

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, 57 ёшли Лариса оиласи билан бирга яшайдиган уйнинг деразаларидан аввалги ҳовлиси улар кетишга мажбур бўлган йўлнинг нариги томонида кўринади

Уларнинг назорати остига ўтган уйлардан бирининг томига озарбайжон ҳарбийлари видеокамера ўрнатган, шу билан қишлоқдаги вазиятни кузатиб туришибди. Журналистлар келиб, суратга олаётганини кўришгач, шу ерда навбатчилик қилаётган рус чегарачиларига мурожаат қилишди.

Яна бир ўз уйини ташлаб кетган Эдик Айрапетяннинг айтишича, Россиядан келган чегарачилар уйларини ташлаб кетган фуқароларга, агар бирор нарсани олишни унутган бўлса, у ерга яна бориб келишларига ёрдам берган.

"Бир бобо у ерда пойабзалини унутиб қолдирибди. Кейин қор ёға бошлади, у аввалги уйига бориб келиши керак эди, руслардан ёрдам сўради. Улар озарбайжонликлар билан боғланиб, унга эски уйидан пойабзалини олиб келиши учун рухсат олиб беришди", дейди Эдик.

Лариса ҳам, Эдик ҳам Шурнух аҳолиси чорва молларини боқадиган яйловлар Озарбайжонга ўтиб кетганидан шикоят қилади. Энди мол боқиш учун жой йўқ, ҳатто уларни суғоришга ҳам кетида кузатиб бориш керак, бирортаси тасодифан Озарбайжон ҳудудига кириб кетса, уларни қайтариб олиб бўлмаслиги мумкин. Қишлоқ чеккасида аллақачон кўчиб ўтганлар учун 12 та янги уй қурилган, уларни 2021 йил охирига қадар қуриб беришга ваъда қилишмоқда.

Erik Ayrapetyan

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Эдик Айрапетяннинг айтишича, россиялик чегарачилар уйларини ташлаб кетган фуқароларга, агар улар бирор нарсани олишни унутиб қўйишган бўлса, у ерга қайтишга ёрдам беришган

Боши берк кўча

"Одамлар катта қийинчиликларни стресс билан кечиради, чунки орадан кўп вақт ўтгани йўқ, - дейди Варденис шаҳри мэри Арам Мелконян. - Сўнгги можаро пайтида шаҳримиздан 17 киши вафот этди, уларнинг 14 нафари 20 ёшгача бўлган йигитлар эди."

Биз Арманистоннинг шимоли-шарқида жойлашган 15 минг аҳолилик Варденисга этиб борганимизда шаҳар мэри у ерда йўқ экан - урушда ўлган, танаси уч ой деганда топилган бир йигитнинг дафн маросимига кетган экан.

Урушдан олдин Варденис орқали Ереванни Степанакерт билан боғлайдиган янги йўл ўтган эди. Бу Тоғли Қорабоққа борадиган энг қисқа йўл эди, шунинг учун ҳудудга келган маҳаллий аҳоли, сайёҳлар ва журналистлар шу йўлдан юрарди. Арманистон урушда мағлуб бўлганида, Варденис транзит шаҳардан боши берк кўчага айланди, йўлда транспорт ҳаракати кескин камайди, меҳмонхоналар, дўконлар, кафелар ва ёқилғи қуйиш шохобчалари ёпила бошлади.

Шаҳар мэри уруш натижасида Вардениснинг иқтисодий йўқотишларини йилига 500-700 миллион драмга (1.1-1.3 миллион доллар) баҳолади.

Aram Melkanyan

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Арам Мелконян эртами-кечми икки мамлакат аҳолиси бир-бирларига кўникиб кетишади, деган фикрда

"Авваллари бу вақтда автоуловлар, сайёҳлар бўлган автобуслар шаҳар бўйлаб доимий ҳаракатланар, кичик бизнес ривожланиб борар эди, энди бизга фақат сизнинг ҳамкасбларингиз ва Қизил Хоч келади, - дейди шу ерлик Павлик. - Кўплаб ишбилармонлар ва аҳоли аллақачон тўрва халтасини йиғиб, бошқа шаҳарга кўчиб ўтиш тараддудига тушган."

Урушдан сўнг 56 та оила, 200 дан ортиқ киши Озарбайжонга қайтарилган ҳудудлардан Варденисга кўчиб келди, шаҳар маъмурияти уларнинг барчасига уй ва иш топишига кўмаклашишга ҳаракат қилмоқда.

Аммо Вардениснинг муаммолари битта йўлнинг тўсилиши билан чекланмайди. Урушдан олдин Арманистондаги энг йирик олтин қазиб олинадиган Сотк кони мамлакат бюджетига йирик солиқ тўловчилардан бири бўлган. Урушдан кейин коннинг 70 фоиз ҳудуди Озарбайжон томонига ўтиб кетди ва ҳозирда иш тўхтаб қолган.

Арам Мелконяннинг айтишича, Соткда 1000 га яқин одам ишлаган, улардан 550 нафари варденислик. "Сўнгги бир неча кун ичида пасайишлар юз берди, бу шаҳар учун, маъмурият учун, шаҳар мэри учун оғир қийинчилик", - дейди у. - Биз бу одамлар энди нима қилиши ҳақида ўйлашимиз керак, уларнинг барчасида тўлаши керак бўлган кредитлар бор, бу жуда катта муаммо".

Oltin koni

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Арманистондаги энг йирик олтин кони бўлган Сотк урушдан олдин мамлакат бюджетига энг катта солиқ тўловчиларидан бири бўлган

Кон бир нечта офшор компаниялар орқали россияликларга тегишли бўлиб, мэрнинг айтишича, улар кон яна камида икки йил ҳозиргидек ишлаши учун Озарбайжон томони билан музокаралар олиб бормоқда. Аммо музокаралар тафсилотлари номаълум.

Ҳозирча Озарбайжон ҳарбийлари ўз томонларидаги кон устига ўз байроқларини кўтаришди. Россиядан келган кон қўриқчилари бизга айтишича, компания раҳбариятидан бирор одам билан гаплашиш деярли имконсиз, чунки улар доим йиғилишларда бўлади.

Урушдан кейин маҳаллий аҳоли чорва молларини боқиб келган кўплаб яйловлар ҳам Озарбайжон ҳудудига ўтиб қолди. Уларнинг кўпчилиги сигир сутини маҳсулотининг 99 фоизини Россияга юборадиган "Экокат" пишлоқ заводига сотарди. Завод йилига қарийб 600 тонна пишлоқ ишлаб чиқаради. Корхона кунига 40 тоннага яқин сут қабул қилар эди, аммо энди, Варденис раҳбари айтишича, ҳажм камаяди, аҳоли боқишга жой бўлмагач, сигирларини сотишни бошлайди.

Yuk mashinasi

Сурат манбаси, YEVGENY ZHURAVLEV/BBC

Сурат тагсўзи, Озарбайжон юкларини Нахичеван ва ундан кейин Туркияга элтишга имконли бўлиши лозим, Арманистон эса, Озарбайжон орқали Россияга элтувчи транспорт йўлагига эга бўлиши керак

Завод асосчиси ва эгаси Артур Мовсисян уруш унинг бизнесига қаттиқ зарба берганини тан олади, аммо у бу ҳақда гапиришни истамайди: "Мен йиғлаб ўтирадиган одам эмасман. Биз кучли бўлишимиз ва ўзимизга йўл топишимиз керак".

"Одамларнинг кайфияти йўқ ва бу энг катта муаммо. Бирор нарса қилиш, сармоя киритиш учун одамларда кайфият бўлиши керак." Артур Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги янги чегараларга қарши. Унинг фикрича, дунёда мамлакатлар ўртасида давлат чегаралари кўринишида чекловлар бўлмаслиги керак. "Улар нима учун керак? Мамлакатлар шуларни деб жанжаллашади, бу ҳар доим тўқнашувларга олиб боради. Чегаралар - барча соҳаларга чекловдир", дея қўшимча қилди у.

"Вақт ўтади, яралар битади"

Варденис шаҳри мэри Мелконян билан шаҳар атрофида айланамиз, у ёпиқ дўконларни, дорихоналарни, ёқилғи қуйиш шохобчаларини кўрсатиб, уч томонлама ҳукуматлараро комиссия ишига умид боғлашини айтади. Комиссия тузишга Илҳом Алиев, Никол Пашинян ва Владимир Путин 11 январь куни Кремлдаги учрашувларида келишиб олдилар.

1 мартга қадар Арманистон, Озарбайжон ва Россия ҳукуматлари Бош вазир ўринбосарларидан тузилган ишчи гуруҳ минтақадаги транспорт артерияларини блокдан чиқариш режасини тақдим этиши керак. Озарбайжон юкларни Нахичеванга ва ундан Туркияга, Арманистон эса Озарбайжон ҳудуди орқали Россияга чиқиш имкониятига эга бўлиши керак.

"Уч томонлама гуруҳ муҳокама қиладиган асосий масалаларидан бири бу Ереван-Варденис-Келбажар-Степанакерт йўлидир, - дейди Варденис мэри. - Ана шу йўл танланади, чунки у Россия чегарасига энг яқин, жуда яхши қурилган, бунга жуда кўп маблағ сарфланган. Менимча, улар бу йўл шунчаки йўқолиб кетишига йўл қўймайдилар. Агар сиз бу ердан Озарбайжон орқали - Ганжа орқали Россия чегарасини кесиб ўтсангиз, бу 160-180 км бўлади. Умид қиламанки, бу йўл яқин келажакда очилади ва шаҳримиз яна нафас олади. Шаҳар ҳозирча турибди."

Арам Мелконян шаҳар мэри бўлгунча бокс билан шуғулланган, армияда эса разведкачи бўлган. Ҳозир Варденисда бокс мактаби қуриб битказилмоқда.

Уруш пайтида учрашганимизда, шаҳар мэри ҳарбий форма кийган, фронтга боришни жуда хоҳлаётганди. Ереван унга жанг қилиш учун рухсат бермаётганидан шикоят қилганди, чунки у ўз шаҳрига қараши керак эди. Энди у олдинги чизиққа эмас, балки Арманистон ҳарбийлари турган янги чегара томон боряпти.

Унинг айтишича, қўмондонлик ҳарбийларга душман билан алоқа қилишни тақиқлайди, аммо улар орасида қандайдир алоқа ҳали ҳам бор: "Одамлар бир-бирларидан 20 метр узоқликда туришади. Эрталаб улар ўрнидан туриб, саломлашишлари мумкин. Бирон нарса керак бўлса, улар беришади. Бу яхши, мана шунинг учун ҳам келажак бор".

Икки мамлакат аҳолиси бир кун келиб, бир-бирини қабул қилишни ўрганади деган фикр ҳозир у қадар кенг тарқалмагандир эҳтимол, дейди Мелконян, аммо: "Арманистон ва Озарбайжон ўртасида алоқа бўлади, албатта. Вақт ўтади, яралар битади... Ўйлайманки, қўшничилик муносабатлари қайта тикланади, бу жуда зарур. Албатта, яралар узоқ вақт даволанади, бу ўнлаб йилларни талаб қилади, аммо одамлар яшаши, ишлаши керак. Бунинг учун қўшнидек бўлиш керак."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek