Доктор Маҳиндер Ватса: Ҳиндистоннинг энг машҳур “сексперти” 96 ёшида вафот этди – Дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, Atul Loke/Panos
Газетада эълон қилиб борилган очиқ ва дангал ёзилган мақолалари билан ўзига хос афсонага айланган ҳиндистонлик сексолог 96 ёшида вафот этди.
Асли акушер гинеколог сифатида таълим олган доктор Маҳиндер Ватса ўн йилдан ортиқ вақт давомида машҳур "Секспертдан сўранг" номли рукнни юритган.
У минглаб ҳиндистонликларнинг хавотир билан йўллаган саволларига жавоб қайтарар, уларга зукколик ва аниқлик билан маслаҳат берарди.
Фарзандлари берган расмий баёнотда "у [доктор Ватса] шараф билан, ўз шартларига мувофиқ яшади" дейилади.
У ўлими олдидан бирор касаллик билан оғриганмиди - маълум эмас.
Доктор Ватса "Mumbai Mirror" газетасида ҳозир машҳур бўлиб кетган жинсий масалалардаги маслаҳат рукнини юритишни бошлаганида 80 ёшда эди. Аксар ҳинд хонадонларида секс табу мавзу эканини ҳисобга олсак, унинг рукни тезда қизиқиш уйғотди, танқидларга ҳам рўпара бўлди.
"Шу рукн очилгунга қадар Ҳинд медиаси онда сондагина "олат", "қин" каби сўзларни ишлатарди", деган эди газета муҳаррири Бағел хоним Би би сига 2014 йили.
Бағел хонимнинг айтишича, у бузуқликда айбланган, судлашувлар ва нафрат нутқларига йўлиққан, аммо рубриканинг юритилиши газета бошига тушган ташвишларни босиб кетадиган даражада фойдали бўлган.
"Mirror"нинг ўзида у [доктор Ватса] 20 000 ўқувчининг саволига жавоб берди. Жинсий масалаларда маслаҳатчи сифатида у саволига жавоб берган одамлар сони 40 000дан ошади. Булар у яқин муносабатда бўлган беморларидан ташқаридир", деб ёзди Бағел хоним доктор Ватсанинг профилига.
Доктор Ватсадан бир аёллар журнали "Ҳурматли Доктор" номли рукнни юритишга 1960 йиллардаёқ таклиф қилган эди. Ўшанда у қирққа яқинлашган эди.
"Тан олишим керак, тажрибам кўп эмасди", деганди у Би би сига 2014 йили.
Сўнг у ўқувчилар унга ёзаётган муаммоларнинг аксар қисми жинсий таълим йўқлигидан келиб чиқаётганини тушунди. У ўзига бир умрлик мақсад қўйди - жинсий таълим бериш. Аввал Ҳиндистон Оилани режалаш ассоциацияси (ҲОРА) билан, сўнг Жинсий таълим ва ота оналик кенгаши (ЖТООК) билан ишлади.

Сурат манбаси, Atul Loke/Panos
1974 йили - Ватса ҲОРАда консультант бўлиб ишлаётганда уларни жинсий маслаҳат бериш ва таълим дастурини йўлга қўйиш кераклигига ишонтирди. Ўша вақтда секс ҳақида гапириш табу эди - кўпчилик унинг гапларини порнографик деб қабул қилар, соғлиқни сақлаш мутахассислари эса уларни "ноилмий" дерди.
Шунга қарамай ҲОРА уни қўллаб қувватлади ва Ҳиндистоннинг биринчи жинсий таълим, маслаҳат ва терапия марказини ташкил қилди.
Мумбайдаги тиббиёт коллежида эканида доктор Ватса катта оила бўлиб яшади. Ўша ерда у бўлажак турмуш ўртоғи Промилани учратди. Промила асли Синддан бўлиб, Ватса панжоблик эди ва улар турли кастага мансуб эди.
Улар ўғиллик бўлди ва Британияда икки йил яшадилар, бу вақтда Ватса касалхонада регистратор бўлиб ишлади.

Сурат манбаси, Watsa
Улар Британияда бахтли эди, аммо ҳарбий доктор бўлмиш отаси бетоб бўлиб қолгач, Ҳиндистонга қайтди ва "Glaxo"да ишлай бошлади. Шу билан бирга у акушер ва гинеколог ҳам бўлиб ишлади. "Баъзида туни билан доялик қилардим, кейин куни билан ишлардим", деган эди у Би би сига.
"Секс жуда қизиқ нарса, аммо айримлар у ҳақда жуда жиддий ва ўта тиббий оҳангда ёзади", деганди у.
У ўқувчиларни қийнаган ва қизиқтирган масалаларни ҳамдардлик ва юмор билан ечишни афзал билди.
Савол: Икки йил аввал мен қиз дўстим билан ҳимояланмаган жинсий алоқада бўлдим. Ҳомиладорлик олдини олиш учун "i-Pill" [фавқулодда фойдаланиладиган контрацепция] сотиб олдик. Қизишиб турганда дорини у эмас, ўзим ичворимман. Менга бирор муаммо туғдирмайдими бу энди?
Жавоб: Келаси сафар презервативдан фойдаланинг, фақат уни ҳам ютиб юбормасликка ҳаракат қилинг.
С: Ҳар қандай турдаги кислота ҳомиладорлик олдини олади деб эшитгандим. Алоқадан кейин қиз дўстимнинг қинига лимон ёки апельсин шарбатидан томизсам бўладими? Унга зарар бермайдими?
Ж: Сиз ширинлик сотувчимисиз? Бунақа ғалати ғояни қаердан олдингиз? Ҳомиладорликдан сақлаш учун осон ва хавфсиз усуллар кўп ку! Ана презерватив ишлатинг.
С: Кунига тўрт марта жинсий алоқа қилгач, келаси куни бўшашиб юраман. Беш дақиқа кўз олдим қорайиб кетади, ҳеч нарсани аниқ кўролмай қоламан. Менга ёрдам беринг.
Ж: Нимани кутяпсиз? Ғалаба қийқириқлари ва мен бутун шаҳарча чемпиониман, шундайми?
С: Олатим жуда кичик, қиз дўстимни қондира олмайман деб қўрқаман. Мунажжим менга уни ҳар куни 15 дақиқа чўзиб, дуо ўқиб туришни маслаҳат берди. Бир ой шундай қилдим, аммо фойдаси йўқ. Нима қилай?
Ж: Агар у тўғри гапирган бўлса, кўп эркакларнинг олати тиззасига тушиши керак эди. Худо лақма, аҳмоқ эркакларга ёрдам бермайди. Сексперт олдига боринг, у сизга нима қилишни ўргатади.
С: Оилам уйланишимни талаб қиляпти. Мен уйланадиган қиз бокиралигини қандай аниқлайман?
Ж: Сизга уйланмасликни маслаҳат бераман. Агар бирор детективни ёлламасангиз, буни аниқлай олмайсиз. Шубҳачи миянгиздан бечора қизни озод қилинг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































