Коронавирус: Тўйга шошаётган уҳанликлар, очилишга ошиққан Трамп ва вирус туфайли ғалаба қозонган партия - янгиликлар

коронавирус
Published

Дунё бўйлаб коронавирус юқтирганлар сони 2 миллиондан ортган, 138 мингга яқин инсон қурбон бўлган.

Америка Қўшма Штатлари тезроқ очилиш масаласини кўриб чиқар экан, Буюк Британия ижтимоий масофаланиш ва чекловларни яна уч ҳафтага чўзишни режаламоқда.

Коронавирус ва сиёсат

коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Жанубий Кореяда коронавирусга қарши самарали чора-тадбирлар қўллаган қудратдаги партия аксарият овоз билан ғалаба қозонган.

Жанубий кореяликлар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда овоз берганлар.

Ёдингизда бўлса, Хитойдан кейин биринчилардан бўлиб вирус тарқаган мамлакатлар қаторида Жанубий Корея ҳам бор эди.

Вирус юқиши ва ўлимларнинг кундалик сони жуда оз қолмоқда ва бу сайловда Демократик партияга қўл келган.

Ҳиндистоннинг барча йирик шаҳарлари "вирус ўчоғи" деб эътироф этилган

коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Мамлакатнинг олтита йирик шаҳарлари, улар қаторида Деҳли ва Мумбай ҳам коронавирус тез тарқаётган "қизил ҳудудлар" деб эълон этилган.

Чоршанба куни ҳукумат коронавирус тарқалиши суръатини ҳисобга олиб, ҳудудларни рангли кодлар билан атай бошлаган.

Қизил - коронавирус тез тарқаётган

Сариқ - коронавирус мавжуд

Яшил - коронавирус йўқ

Хитойнинг вирус ўчоғида "тўй жазаваси"

коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Коронавируснинг маркази бўлган Уҳанда чекловлар бекор қилинар экан, уҳанликлар уйланишга ошиқишган.

11 ҳафталик карантиндан сўнг 8 апрелда яна очилган шаҳарда ойлаб кечиктирилган тўйлар бўлиб ўтмоқда.

Тўй фото суратчилари учун навбатлар пайдо бўлган.

Америка нима учун сабрсизлик қилмоқда?

коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

Америка Қўшма Штатларида коронавирусдан қурбонлар сони пасайгани йўқ. 24 соат ичида қарийб 2600 киши қурбон бўлган. Бу мамлакатда шу пайтга қадар энг кўп ўлим ҳолати эмас, аммо дунё бўйлаб ҳеч бир давлат бу қадар кўп қурбон бераётгани йўқ.

Президент Трамп эса "коронавируснинг янги ҳолатлари бўйича рақамлар инқирознинг энг юқори даражасидан ўтганимизни кўрсатмоқда", деди.

Трампга кўра, АҚШ иқтисодни қайта очиш учун мустаҳкам асосга эга ва пайшанба куни айни режа эълон қилинади.

Трамп маъмурияти аввалроқ 1 майда чекловлар бекор қилинишини маълум қилган, аммо президент Трамп баъзи штатлар бундан олдинроқ ҳам "нормал ҳаётга" қайтишини айтган эди.

АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 650 мингга яқинлашган, қурбонлар сони 30 мингдан ортган.

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek