Ўзбекистон: Қулаб тушган кўприк воқеасини ёритишга борган Zo’rTV ходимлари калтакланди Video O‘zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Тошкент аэропорти яқинида қурилаётган йўл ўтказгич тўсинларининг қулаб тушиши сабабларини ўрганишга борган Zo'rTV мухбири ва тасвирчиси калтакланган, камерасига зарар етказилган. Бу ҳақда Би-би-сига воқеадан бевосита бохабар манба маълум қилди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Манбанинг билдиришича, Zo'rTV жамоаси 14 август куни соат 13.00 - 13.30 оралиғида ҳолатни ёритиш мақсадида воқеа жойига борган.
Қурилиш манзилида номаълум шахс "Бу кун" информацион дастури мухбири Нурзодбек Воҳидов ва тасвирчи Сардор Йўлдошевнинг фаолиятига қаршилик кўрсатди, дейди манба.
Орадан бир оз вақт ўтиб, айни ҳолат тасвирланган бир ярим дақиқали видео ижтимоий тармоқда пайдо бўлган.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
Видеода оқ кепка ва оқ футболка кийган эркак лавҳа тайёрлашга ҳозирлик кўраётган матбуот вакиллари ёнига яқинлашгани ва қисқа салом-аликдан сўнг атрофдагиларга Zo'rTV ходимларини ҳудуддан "олиб чиқиб ташлаш"га кўрсатма бергани ҳамда камерага тўсатдан чангал солгани кўринади.
Мухбир ўзини таништиришини сўрашига қарамай, эркак камерага бир неча бор ташланган ва кадр ортида зарб овозлари эшитилган.
"Синдириб ташлайман! ******, **ингни чиқариб ташлайман! Опчиқиб ташла *****!», дея бақирган эркак камерага ташланиш жараёнида.
Эркак "Бу кун" информацион дастури логоси туширилган микрофон ва Zo'rTV логоси ёпиштирилган хизмат автомашинасини кўриб туришига қарамай, куч ишлатишдан тўхтамаган.
Шундан сўнг видеода маълум вақтдан кейинги ҳолат тасвирланган кадр пайдо бўлади.
Ушбу кадрда хизмат автомашинаси ёнида бурнидан қон келаётган тасвирчи Сардор Йўлдошев кўринади.

Сурат манбаси, .
Ҳолат тўғрисида Би-би-сига хабар берган манбанинг билдиришича, хусусий телеканал ходимлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази (халқ тилида 16-касалхона)га олиб борилган.
"Қўл кўтарган эркакнинг лавозими номаълум. Прораб бўлса керак. Операторнинг бурни синган, сотрясение олган. Мухбир мушт еган. Гематома", хабар қилди у.
Мазкур хабар чоп этилаётган пайтга қадар журналистларга қўл кўтарган эркакнинг шахси ва юз берган ҳолатга оид бирор расмий изоҳ берилмади.
Би-би-си ихтиёрида ушбу ҳолат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўрганилаётганига оид маълумот ҳам мавжуд эмас.
Шу соатларда АОКА юз берган ҳодисага ўзининг расмий муносабатини билдириб чиққан.
Унда ташкилот, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга эканлиги қатъий белгилаб қўйилгани»ни таъкидлаган.
Ушбу қонуннинг 14-моддасида ҳамда Маъмурий ва Жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда шахсни ҳақорат қилганлик, қасддан енгил шикаст етказганлик ҳамда мулкни қасддан нобуд қилиш ёки зарар етказиш учун ҳам жавобгарлик белгиланганини ҳам эслатган.
Агентлик журналистик фаолиятга тўсқинлик қилувчи ва ОАВ ходимларига нисбатан бўладиган ҳар қандай тазйиқни кескин қоралашини баён қилган.
Шунга кўра, Агентлик ўз ваколат доирасидан келиб чиқиб, бўлиб ўтган воқеликка ҳуқуқий баҳо бериш ва адолатли қарор қабул қилишларини сўраб Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллаганини билдирган.
Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда қонунчилик нормаларига зид хатти-ҳаракатларни амалга оширган шахсларга нисбатан тегишли чораларни кўради, деган ишончда эканликларини айтган.
Маълумот ўрнида, 12 август куни Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг 42 метрлик 5 дона тўсини қулаб тушган эди.
Расмий маълумотда айтилишича, бунинг ортидан 2 миллиард 760 миллион сўм зарар етказилган.
Транспорт прокуратураси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган, 3 нафар мансабдор шахс гумонланувчи тариқасида ҳибсга олинган.
tps://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002































