Янгиликлар, Ўзбекистон: "Президентга ялинманг": Суд нашид учун қамалган Жаҳонгир Улуғмуродовни яна қамоқда қолдирди Yangiliklar

Сурат манбаси, Taqdim
Нашид тарқатганликда айбланган 21 ёшли талаба Жаҳонгир Улуғмуродов ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда диний айбловлар кўпаймоқда.
Тошкент вилояти апеллация инстанция суди нашид тарқатганликда айбланиб, 3 йилга қамалган Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича биринчи босқич суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани суди Тошкент давлат Иқтисод унирверситетининг 2-курс талабаси Жаҳонгир Улуғмуродовни Жиноят Кодексининг 244¹-модда, 3-қисм, "г" банди бўйича, яъни диний қўшиқ, нашид тарқатганликда айбдор деб топиб, 3 йил озодликдан маҳрум қилганди.
Апелляция суд жараёни бир ой давом этган ва уни маҳаллий журналист ҳамда блогерлар яқидан кузатиб борган.
- HRW: "Экстремист деб қамашни бас қилинг, қамалганлар озод қилинсин", Ўзбекистонда диний аҳвол бўйича ҳисобот чиқди
- Ўзбекистон: Нашид учун қамалган талабанинг онаси ИИВни ёлғон хабар беришда айблади, вазирлик рад қилмоқда
- Ўзбекистон: "Етимларни зўрлаган амалдорга уй жазоси, нашид юборганга 3 йил қамоқ" - адолат тарозиси савол остига олинмоқда
"Бу иш устидан киритилган шикоятни Тошкент вилоят судининг Ашурматов Сагдулла Нигматович бошчилигидаги судлов ҳайъати, гарчи адвокатлар Жаҳонгирни айбсизлигини далиллар билан тўлиқ исботлаган бўлсада, ўзгаришсиз қолдирди. Суд ҳукми ўқилгач, судья қабул қилган қарорини тушунтирмади ҳам", деб ёзади блогер Олимжон Ҳайдаров.
Суд жараёнини бошидан бери кузатиб келаётган блогер Жамолиддин Муҳаммаджоннинг ёзишича, расман очиқ бўлган суд мажлиси матбуот учун чекловлар билан ўтган.
ОАВ вакилларининг жараённи фото ва видео тасвирга олиш сўрови прокурор қаршилиги билан қаноатлантирилмаган. Тасвирга олишга рухсат берилмаган.
"Жаҳонгир Улуғмуродовни тўрт нафар адвокат ҳимоя қилди ва судга инкор қилиб бўлмас фактлар билан вазнли аргументлар келтирди. Жаҳонгир Улуғмуродовдан олинган материаллар процессуал тартибга хилоф равишда олингани, материални экспертиза қилган эксперт процессуал талабларни бажармагани, Улуғмуродовга қўйилаётган айблов моддаси лингвист берган кўрсатмага асосан нотўғри қўлланаётгани ва қатор бошқа сабабларга асосан айбсиз деб топилиши ва суд залидан дарҳол озод қилиниши сўралган эди", дейди Жамолиддин Улуғмуродов.
Унинг таъкидлашича, келтирилган шунча далиллар судга ҳукмни ўзгартиришга етарли бўлмаган.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост
"Кутилган конституциявий ислоҳотлар, референдум олдидан тарғиботларда айтилган кўпгина гаплар аслида шунчаки сўзлар бирикмаси экан деган хулоса келяпти.
Биз ишни кейинги инстанцияга кўтарамиз ва ҳақиқатни талаб қилишда давом этамиз. Фақат онасига бу жараён оғирлик қиляпти. Онасининг соғлиги ва ишончи сўниб боряпти", деб ёзган у.
Президентга ялинманг!
Суд ҳукми ўзгаришсиз қолганидан сўнг Жаҳонгирнинг онаси Гулчеҳра Умаровaнинг мазаси қочган, суд биноси ёнига тез тиббий ёрдам машинаси чақирилган.
Ижтимоий тармоқларга чиққан видеода онанинг боласини чақириб йиғлагани ва Президент Мирзиёевга мурожаат қилмоқчи бўлган турмуш ўртоғига қараб "ялинманг президентга, керак эмас" деб дод солганини кўриш мумкин.
Жаҳонгир Улуғмуродов ҳукмининг ўзгаришсиз қолдирилиши ижтимоий тармоқларда норозиликка сабаб бўлган.

Сурат манбаси, facebook
Муносабат билдирганларнинг аксарияти ушбу ишга сабабчи бўлган ва ҳукм чиқарганларни дуоибад қилганини кўриш мумкин.
"Тушуниб тушунмасдан диний қўшиқ эшитгани учун, 2-3-4 йиллаб оммавий қамалаётганлар, дунёда фақат Ўзбекистонда бўлса керак. Мусулмон бўлмаган диктатураларда ҳам, диний қўшиқни тушуниш даражаси, онгга таъсири, ҳаракатларга таъсири ўрганилади. Лекин, Ўзбекистонда эмас", дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
Раббимов Олий суд чоп қилган статистик маълумотларга таяниб Ўзбекистонда қамашлар сони йилига 100 фоиз ўсиб бораётганини айтган.
"Мисол учун, 2019 йилда 6900 одам жиноий айбловлар билан қамалга бўлса, 2022 йилда 18 минг одам қамалган. Маъмурий қамоқлар, 2019 йилда - 27 минг бўлса, 2022 йилда 80 мингдан ошган. Бу просто дахшат, қўрқинчли статистика! Ёки ҳокимиятда кимлардир бу маъмуриятни зимдан, оммавий норозиликлар орқали йиқитиб, супуриб-сидириб ташламоқчимикин? Шунга замин яратаяптимикин?" дейди таҳлилчи Раббимов.

Сурат манбаси, facebook
Кўпчилик Улуғмуродовга яиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолганини танқид қилган бўлса-да, жамиятда диний қўшиқлар таъсирига тушиб қолиш ҳолати учраб туришини айтганлар ҳам бор.
"Мен кўрган кўплаб видеолардада ўзини портлатмоқчи бўлган террорчиларга ҳудкушликдан олдин нашидалар эшиттирилгани, шу орқали тўлқинлантирилгани акс этганди. Ўзини портлатмоқчи бўлганлар, террористик ҳужумга тайёрланаётганларни диний ашулалар билан психологик таёрлаш усули кенг ёйилган. Буни махсус хизматлар жуда яхши билишади. Шу сабаб ҳам диний/террористик ашулаларни, маърузаларни тарқатганлар, бош кесиш ва одам ўлдиришга ундайдиган материалларни тарқатганлар қаттиқ жазо олади", дейди Bahrom Rahman.
Ўтган ойда Human Rights Watch ташкилоти ўзбек расмийларини Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича апелляция судининг адолатли кўриб чиқишга чақирганди.
Баёнотда айтилишича, диний қўшиқ HRW томонидан ўрганиб чиқилган ва ташкилот уни бевосита зўравонликка даъват қилмайди, деб ҳисоблайди.
Олдинроқ Жаҳонгир Улуғмуродовнинг онаси ИИВни ўғлига нисбатан ёлғон ишлатиб, туҳмат қилишда айблаганди.
Вазирлик Би-би-сига Гулчеҳра Умаровaнинг даъволари асоссиз деб билдирди.
Тошкент вилояти ИИББ 10 май куни Жаҳонгир Улуғмуродов ишига расмий муносабат билан чиқди.
Kun.uz нашри расмий баёнотдаги 3 нуқтага эътибор қаратган ва ушбу ҳолатлар айблов хулосасида йўқлиги учун уларни Улуғмуродовга нисбатан туҳмат бўлиб қолганини таъкидлаган.
Тошкент вилояти ИИББ 21 ёшли йигитни "Сурияда фаолият олиб бораётган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террористик ташкилот жангарилари томонидан тайёрланган маърузаларни интернет орқали тинглаши давомида уларнинг ғоявий таъсирига тушиш ҳамда ушбу ҳаракатларни қўллаб-қувватлашни бошлаган"лигини таъкидлаган.
"Ваҳоланки, суд ҳукмида ҳам, айбланувчининг яқинлари Kun.uz'га тақдим қилган, Янгийўл туман ИИБ терговчилари имзоси билан тасдиқланган айблов хулосасида ҳам бундай маълумот йўқ", деб ёзади kun.uz нашри.
ИИББ Жаҳонгир Улуғмуродовни "халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида интернет орқали "жиҳод" ва "шаҳидликка чорлов" маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган"лигини таъкидлаган.
Суд ҳукмида бундай маълумот йўқ. Кун.узга кўра, айблов хулосасида ҳам бу маълумотлар йўқ.
"Улар менинг ўғлимга туҳмат қилишган, ҳатто судда ҳам бу маълумотлар кўрсатилмаган. Баёнот берганларнинг фарзанди борми? Туҳмат қилишдан олдин Худодан озгина қўрқинглар", деган Гулчеҳра Умарова.
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Би-би-сига айтишича, Гулчеҳра Умарованинг туҳмат дейиши асоссиз.
"Тезкор қидирув фаолиятига оид маълумотлар суд хукмида кўрсатилмайди. Ёлғон, туҳмат каби сўзлар асоссиз ишлатилган", дейилади расмий жавобда.
Ортаётган диний айбловлар
Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 244 -1 моддасида кўрсатилган диний эктремистик материалларни сақлаш ва тарқатишда айблаб фуқароларни жинояий жавобгарликка тортиш ҳолатлари сўнгги вақтлара кўпайгани айтилади.
Кузатувчилар сўнгги йилларда ушбу модда билан айбланганларнинг сони 1,5 минг атрофида бўлиши мумкинлигини таъмин қилишади.
Бироқ расмийлар ушбу маълумотларни ҳозирча очиқлашмаган.
Шунга қарамасдан Олий суд маъмурий жавобгарлик кодексидаги 84-2-моддаси билан (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) жазоланганлар статистикасини келтирган.

Ундан маълум бўлишича, сўнгги 2,5 йилда ушбу модда билан 5,5 мингга яқин шахсга маъмурий иш очилган. Маъмурий ишлар сони йилдан йилга кескин ортаётганини кўриш мумкин.
- 2020 йилда - 1 070 та шахс;
- 2021 йилда - 1 396 та шахс;
- 2022 йилда - 1 960 та шахс;
- 2023 йил 5 ойида - 1 022 та шахс.
Адвокат Жамшид Усмоновнинг айтишича, ушбу айбловлар аксари радикалликка йўғрилган адабиётлар ҳақида эмас, балки диншунослик экспертизасидан хулосасини олмаган материаллар ҳақида.
"Диний мазмундаги материалларни тарқатилиши кимнинг ҳуқуқини бузади? Диққат қиламиз, бу ерда гап ақидапарастлик, радикализм билан йўғрилган, давлат ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материлаллар ҳақида эмас, балки фуқароларга ҳам, давлатга ҳам жамиятга ҳам фойдали бўлиши мумкин бўлган материаллар ҳақида кетаяпди. Масалан, бирор диний китобдан иқтибос келтирган холда ўғрилик қилишдан қайтариш, бировнинг молига, жонига, соғлиғига зарар етказишни қоралаш, одоб ахлоқни, оилавий муносабатларни мустаҳкамлашни ва шу каби жамиятни ислоҳ қилиш учун фойда келтирадиган ишларни тарғиб қилиш учун шундай материалларни тарқатиш фуқароларга, давлатга, жамиятга зарарми ёки фойдами?, дея савол беради у.
Май ойи охирида Human Rights Watch Ўзбекистон ҳукуматини "экстремизм" атамасига қонунчиликда аниқ таъриф беришга чақирди ва бу модда билан қамалганларни озод қилиш тавсияларини берди.
Инсон ҳақлари ташкилотининг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати дин эркинлигини таъминлашга ваъда берганига қарамасдан, кўплаб чекловлар сақланиб қолмоқда.
Ҳукумат диний ташкилотларни рўйхатга олишга тўсқинлик қилмоқда, собиқ диний маҳкумларни ўзбошимчалик билан назорат қилмоқда ва мусулмонларни қарши ҳаддан зиёд кенг кўламда экстремизмда ноаниқ айбловлар билан айблаб жиноий жавобгарликка тортмоқда.
Ташкилот чоп қилган ҳисоботда айтилишича, 2021 йили қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонунда ҳамон инсон ҳуқуқларини чекловчи ва бузувчи меъёрлар бор. Бу вақтда расмийлар қамоқлардаги ваколатни суиистеъмол қилиш ҳақидаги даъволарни эътиборсиз қолдириб, Ўзбекистон жиноят кодексининг диний экстремизм билан боғлиқ бандлари бўйича одамларни жавобгарликка тортмоқда.
"Ўзбекистонда диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотлар бошлаган президент Мирзиёев обрў қозонди, аммо бугун биз жиддий қонунбузарликлар давом этса-да, ҳеч ким жавобгарликка тортилмаётган ноаниқ вазиятга нувоҳ бўляпмиз", дейди Human Rights Watchнинг Марказий Осиёдаги катта тадқиқотчиси Мира Ритман.
Унга кўра, Ўзбекистон ҳукумати ҳануз диний қарашлар ва эътиқоднинг қонуний ифодасини "экстремизм" деб ҳисоблайди. "Бундан тинч диний жамоалар билан бирга оддий диндорлар ҳам азият чекмоқда".
Инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш ташкилотига кўра, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Ислом Каримов даврида кенг ёйилган мусулмонларни оммавий ҳибсга олишларга чек қўйди. Тинч диний амалларини бажаргани учун жиноий жавобгарликка тортилган юзлаб инсон озодликка чиқди, минглаб инсон хавфсизлик хизматларининг "қора рўйхати"дан ўчирилгани айтилди.
"Шунга қарамасдан, ҳукумат динда ҳамон таҳдид кўрмоқда ва шунинг учун ҳам тинч диний жамоалар ва диндорларга нисбатан асоссиз чекловларни сақлаб қолмоқда", дейилади ҳисоботда.
Ташкилотнинг мусулмон фаоллардан иқтибос келтиришича, Ўзбекистонда "дин расман давлатдан ажратилган бўлса-да, диндорлар, диний ташкилотлар доим муфтият ва Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари қўмитаси назорати остида туради. "
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002





























