Президентга табриклар: Путин Мирзиёевга хатида ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш ҳақида гапирди – Ўзбекистон Россия Янгиликлар

Халқаро саҳнада яккаланган Владимир Путин Ўзбекистон билан ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланишига умид билдиряпти.

Сурат манбаси, Prezident.uz

Сурат тагсўзи, Халқаро саҳнада яккаланган Владимир Путин Ўзбекистон билан ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланишига умид билдиряпти.
Published

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий сайтида 9 июлда бўлиб ўтган президентлик сайловларидаги ғалабаси ортидан хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарларидан қутловлар чоп этилди.

Хусусан, Россия Президенти Владимир Путиндан олинган табрикда у ўзбек ҳамкасби қўли остида икки давлатнинг «минтақавий ва халқаро масалаларда ўзаро мувофиқлашув»и таъминланишига ишончи комил эканлигини билдирган.

Путиннинг ёзишича, «бу, ҳеч шубҳасиз, Россия ва Ўзбекистон халқларининг орзу-умидларига мосдир.»

Мирзиёевни Эрон, Туркия, Озарбайжон, ҳамда Марказий Осиё давлатларининг амалдаги ва баъзи собиқ лидерлари, Беларусь президенти Александр Лукашенко ҳам қутлади. Европа Иттифоқи аъзоларидан ҳозирча фақат Венгрия Бош вазири Виктор Орбандан табрик хати олинган.

Украина Президенти Владимир Зеленский ҳали ўзбек ҳамкасбини табриклагани ё табрикламагани бўйича хабар йўқ.

Қуйида Россия президенти қутловининг тўлиқ матнини келтирамиз:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланганингиз билан чин дилдан қутлайман.

Сайловдаги ишончли ғалабангиз юксак сиёсий обрўйингизни тасдиқлади, мамлакатни янада жадал суръатда ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларингиз халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди.

Сизнинг Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги қатъий интилишингизни юксак қадрлаймиз. Ишончим комил, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил кенгайиб бораверади ҳамда минтақавий ва халқаро масалаларда ўзаро мувофиқлашув таъминланади. Бу, ҳеч шубҳасиз, Россия ва Ўзбекистон халқларининг орзу-умидларига мосдир.

Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги ғоят масъулиятли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

Ҳурмат билан,

Владимир Путин,

Россия Федерацияси Президенти»

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002