Янгиликлар. Ўзбекистон: Вазирлар маҳкамаси идораси цензура билан шуғулланяптими? Судлар жамоат ҳимоячиларини хуш кўрмайдими? Yangiliklar, O'zbekiston

Сурат манбаси, Rasmiy
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита журналистларнинг материалини қисқартириш билан шуғулланиб, конституцияга зид иш қилаётгани айтилди. Судлар жамоат ҳимоячиларини нега рухсат бермаётгани савол остига олинди. Куннинг муҳим хабарлари.
Цензурами экспертиза?
Kun.uz журналисти Фаррух Абсаттаров "Ўзбекистонда Америкадаги диний эркинликлар ҳақида гапириб бўлмас экан", деб Facebook саҳифасида пост қолдирди.
"Мана сенга янги Конституцияда мустаҳкамланган сўз ва эътиқод эркинлиги, мана сенга олтин қалам," дейди у.
Журналист ёзганларидан маълум бўлишича, у АҚШнинг Орланда шаҳрида жойлашган асосан ўзбек жамоати масжиди сифатида танилган "Ал-Бухорий" масжиди ва "Ал-Бухорий Ислом маркази" раҳбари Илёс Тошхўжаев билан қилган суҳбатига Дин ишлари бўйича қўмита экспертлик хулосасиини берган.
Диншунослик экспертиза бўлимидан Б. Каримов имзоси ва муҳри билан ёзилган хулосада 4 бетлик мақолага 10 та қисқартириш киритиш кўрсатилган.
Алоқадор мавзулар:
Эксперт, жумладан, kun.uz мухбири суҳбатдошининг "Биринчи маъмурият давридаги қўрқув ҳам бор эди", "тушгача дунёвий билимлар, мактаб дарслари бўлади, тушдан кейин диний илмлар берилади. Шанба-якшанба кунлари Қуръон дарслари бўлади, бундан ташқари, ёзги таътил пайтида 40 кунлик Қуръон таътили бўлиб, Американинг ҳамма жойидан ёшлар келишади. 120 тагача қабул қиламиз", "Диний эркинлик таъминлангани учун муаммо бўлмайди", "Ва ўша аёл ҳурмат юзасидан ҳижобда келди марказимизга" каби 10 та жумлани олиб ташлаш ҳақида кўрсатма берган.

Бундан ташқари эксперт Б. Каримов интервю видеосида 13 та жойни қисқартириш кераклигини айтган ва кесилиши керак бўлган вақтларни кўрсатган.
Журналист Фаррух Абсаттаров Дин ишлари бўйича қўмита ўзи ваколатидан фойдаланиб, журналистларнинг конституциявий ҳуқуқини бузаётгани ва цензура қилаётганини ёзди.
"Виждон эркинлиги тўғрисидаги янги қонунни қабул қилишаётганда юз марталаб ёздим, ҳамма нарсани экспертизадан ўтказиш мажбурияти халқаро нормаларга зид, ҳали буни цензура мақсадида ишлатишади, деб. Кимлардир роса ҳимоя қилишганди. Худди шундай бўляпти. Дин ишлар бўйича қўмита ўзи ваколатидан чиқиб, ОАВларнинг конституциявий ҳуқуқларни бузмоқда, цензура қиляпти. Шунчалик ҳам абсурд тақиқлар бўладими? Расмдаги хулосани ўқиб кўринг!", дейди у.

Сурат манбаси, Farrux Absattarov
Kun.uz мухбирининг ёзишича, қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда ҳар қандай диний материал Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертизасидан ўтказилиб, кейин тарқатилиши керак.
"Олдин Кун.уз ва Азон.уз ҳам ҳаттоки Рамазон табриги учун ҳам жаримага тортилган эди. Шунинг учун, ҳозир барча диний мазмун аралашган материаллар Диний қўмита экспертизага юборилиб, қайчиланиб, кейин чиқарилади", дейди Фаррух Абсаттаров.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертизасини ижтимоий тармоқдагилар "цензура" деб баҳо беришди.
"Цензура. Энг зўридан", дейди Ebrar Özbek..
"АҚШдагилар нима деб, нима қилишини ҳам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фаолияти абсурддан иборат бўлган Дин ишлари бўйича қўмита ҳал қилар эканми?" деб савол беради Musannif Adham.
Ҳуқуқшунос Botirjon Shermuhammad эса судлашиш кераклиги таъкидлаган.
"Бунинг номи цензура бўлади. Судлашиш керак".
"Адашмасам, аввал Австралиядаги полициячи аёлларга ҳижобда юришга имкон берилди деган хабар учун ё Кун, ё Азон.уз жарима тўлаганди. Энди Америка диндорлар учун сеҳрли диёр дейиш ҳам мумкин эмас экан). Ўзбек журналистикаси қандай шароитда фаолият юритаётганини бир кўринг: шаг влево, шаг вправо - растрел",дейди блогер Sardor Salim.
Tohir Murod "Ўзимни Шимолий Кореяда яшагандай ҳис қиляпман", дейди.
Сардор Т-ов "Диний экспертиза мажбурияти жудаям ўринли иш" эканлигини айтган.
"Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертизаси халқимиз овоз бериб амалга киритган Конституцияга янги қўшилган ҳеч бир тўсиқсиз ахборот тарқатиш деган модда билан қандай чиқишаркин деб кузатиб турибман", дейди Javohir Izzatulloh.
Журналист Abdulaziz Muborak конституция қани деган.
"Конституция қани? Цензурага йўл қўйилмайди, деб айтилган-ку? Меники, сеники деб ғавғо кўтармасдан ўзлари чиқарган қонунга ўзлари амал қилса бўлмайдими? Авваллари асосан жиҳод, ҳижрат деган сўзларни қисқартирарди. Энди тамомила, ёппасига кесишга ўтишибдию а?" дейди у.
Судлар жамоат ҳимоячиларини хуш кўрмайдими?

Сурат манбаси, Screenshot
Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов судларда жамоат ҳимоячиси сифатида қатнашишда тўсиқларга дуч келаётганини ёзди.
"Ташкилотимизга адвокатга қурбимиз етмайди, судда бизни ҳимоя қилинг, деган мурожаатлар бўлади. Табиий, ҳозир адвокатни ҳамманинг ҳам ҳамёни кўтаравермайди. Шу боис баъзан бизнинг ҳимоямизга ҳам муҳтожлар бор.
Адлия вазирлиги билан салкам бир йил ёқалашиб, янги Уставимизга умумий юрисдикция судларида қонунга мувофиқ иштирокимизга оид ваколатимизни белгилаб олдик. Энди эса олдимиздаги ягона баръер айрим судьялар қолди.
Бугун жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Жалақудуқ тумани суди раиси Зариф Раҳимов судда менинг жамоатчи ҳимоячи сифатидаги иштирокимни рад қилди. Сабаб агар ҳаммага рухсат берилаверса, ҳимоя кўпайиб кетармиш. Мен фақат ўзимнинг ташкилотим вакилларинигина ҳимоя қилолишим мумкин экан.
Мутахассислигим бўйича журналистман, ўзбек тилини нормал даражада тушунаман, деб ўйлайман. Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 42-моддасида: "Жамоат бирлашмалари ва жамоалар суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси тариқасида иштирок этиш учун ўз вакилларини юборишлари мумкин" дейилади.
Бу ерда судланувчининг бундай ҳимояга эга бўлиши учун жамоат бирлашмаси аъзоси бўлиши шарт, дейилган сўзлар йўқ. Ёки адашяпманми? Ёки ЖПКда ёзилган нарса бошқа-ю, яна бизга номаълум нарсалар борми? Ёки қонун тили шунақа ғализ, у томонга ҳам, бу томонга ҳам тортавериш мумкин бўлган сақичми?..
Ушбу эътирозга Судялар Олий кенгаши ёки Олий суд ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.
"Аслида "Судланувчига ўзини ҳимоя қилиши учун шароитлар яратиб берилиши»га оид тамойилнинг ўзи етарли бўлиши керак, аммо... Қонунда белгиланган «ҲИМОЯЧИ» мақомининг (2009 й) чеклаб қўйилиши; кейинги 2~3 йилда судларда Назорат инстанциясининг бекор қилиниши, Кассация бериш тартиби мураккаблаштирилиши... Хуллас, Инсон ҳуқуқларини ҳимоялашдан кўра, ҳимоясиз қолдириш илдамлашганига очиқ далил!", деб ёзади журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Dilmurod Sayyid.
"Мен хам ташкилотдаги фаолиятим жараёнида шундай холатларга кўп дуч келганман. Судлар жамоат химоячиларини кўпам хушламайди, чунки жамоат химоячилари амалдаги қонунларда белгилаб қўйилган кўрсатмалари асосида талаб қилади ва хеч қандай келишувга бормайди. Шунинг учун хам судьялар иш кўриши жараёнида жамоат химоячиларидан узоқроқ юришга харакат қилишади", дейди Karim Bazarbaev.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002































