Янгиликлар. Россия: "У ерга пул учун боролмайсиз, тақдир жазолайди". Раҳмат ёки лаънат - ким ва нима учун Украинанинг босиб олинган шаҳарларига бормоқда? O‘zbekiston Rossiya Yangiliklar

Мариуполь. 2023 йилнинг марти

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Сурат тагсўзи, Мариуполь. 2023 йилнинг марти
    • Author, Олеся Герасименко
    • Role, Би-би-си
  • Published

2022 йил баҳоридан бери Россия ҳукумати мамлакатнинг барча ҳудудларига мурожаат қилмоқда: Украинанинг босиб олинган шаҳар ва қишлоқларига шифокорлар, ўқитувчилар, полициячилар, қурувчи ва қўриқчилар йўлланмоқда. Кадрлар танқислиги юқори даражада. Аксарият пул ишлаш учун, камбағаллик сабабли боради. Бошқалар эса "тарихий воқеалар гувоҳи бўлиш" учун. Яна кимдир урушда ҳалок бўлган қариндоши учун ўч олгиси келади. Аммо ҳозир бу жараён тўхтаб қолган: минтақаларда Украина қарши ҳужуми кутилмоқда. Ким ва нима учун босиб олинган ҳудудларга кетяпти - Би-би-си ойдинлик киритади.

Алоқадор мавзулар:

Россия ҳукумати Украинанинг босиб олинган ҳудудларида 600 минг квадрат метрдан ортиқ уй-жой қуришни режалаштираётганини эълон қилганида, илк шартномаларни имзолаган қурилиш компаниялари Мариуполь, Мелитопол ва Херсонга жўнатиш учун юзлаб ишчиларни ёллашни бошлади.

Яқин-яқингача уларга яхши маош тўлашарди. Ғишт терувчилар, электрчилар, монтажчилар ойига 100 минг рублдан ортиқ пул оларди. Мелитополга борган қурувчиларнинг Би-би-сига айтишича, улар ҳар сменада 5000 рублдан олган. Мариуполга келган малакасиз ишчилар, агар улар Россиядан келган бўлса, натижаси қандай бўлишидан қатъиназар, кунига 2500 рублдан маош олишарди: "Шунинг учун у ерда ҳамма тайинли ишламайди, фақат маош олади", дейди ишчилардан бири.

Маҳаллий ишчиларга икки баравар кам тўланарди. "Маҳаллий аҳоли бизга 50х50 муносабатда бўлишди. Раҳмат ҳам айтишади, лаънатлашади ҳам. Россия рақами бўлган машиналарга ўт қўйиш ҳолатлари ҳам бўлган. Айрим бригадаларда қурувчиларни автомат билан қўриқлашади. Танишларимдан бири у ерда бўлган, ракета келиб тушган экан. У бинонинг бошқа қисмида бўлгани учун тирик қолган. Қисқаси, унга уч кун давомида 90 минг рубль тўлашди ва улар уйларига жўнатилди".

Мариуполь.

Сурат манбаси, VALENTIN SPRINCHAK/TASS

Сурат тагсўзи, Мариуполь. Янги турар-жой мажмуаси ҳудудини ободонлаштириш

Кўпчиликда меҳнат шартномалари йўқ - кимдир оғзаки равишда сменага рози бўлади, кимдир Whatsapp'да шартномасини олади. Москва ва Санкт-Петербург компаниялари ишчиларни "кўпинча алдайдиган" кўплаб субпудратчиларни ёллашади. Маошни Россиядаги амалдорларнинг қабулхоналарига қўнғироқ қилишдан ёки Yandex.Zen'да пост ёзишдан қўрқмайдиганлар ундириб олади - бу ишчилар айтишича, маошни ундиришнинг энг самарали воситасидир.

"Агар пост тарқалиб кетса, улар дарҳол қўнғироқ қилиб, пул таклиф қилишади ва постни олиб ташлашни сўрашади", деб тушунтиради қурувчилардан бири. Иш ҳақини агар олсалар, Мариуполь ва Мелитополда пулни ёнларида сақлашади - банклар йўқ ва шаҳар бўйлаб кўплаб уйсиз оч одамлар бор.

Қурувчилар: "Носоғлом муҳит"

Тўққиз йил армияда хизмат қилган петербурглик профессионал қурувчи Денис Суворин Мариуполга пул учун бормаган. Мен "тарихий воқеалар"га гувоҳ бўлмоқчи эдим. Келгач, "носоғлом ҳолат"ни кўрдим: ҳаммаси бетартиб, ишга олинган маҳаллий ишчилар ишни ташлаб кетади. Санкт-Петербургдан фақат раҳбарлар келди - директор, ўринбосарлар, прораб: "Мен ягона ишчиман".

Масалан, оддий асбоб ускуналар, шрупбурагичлар ҳам йўқ эди - ҳамма нарса қўлда қилинарди, деб эслайди қурувчи. "Ёки диаметри 10 бўлган бур йўқ эди. Биз 8 таликда тешик очардик, кейин уларни 10 гача амаллаб кенгайтирардик. Қандай ишлаб бўлади бунақада?"

Суворин Мариуполда бир ой ўтказди. "Мен битта уйни тугатдим, кейин бутун тўққиз қаватли бинони ўз қўлларим билан иситиш тизимини қилдим." Ишни тугатиб, у Санкт-Петербургга қайтди, лекин маошнинг ҳаммасини олмади. Суворин прокуратура, тергов қўмитаси, меҳнат инспекцияси, губернатор, президент маъмурияти ва ДХР раҳбари Денис Пушилинга хат ёзди. "Мен ҳатто хорижий агентларга муаммоларни ёритиб бериш учун ёзишни бошладим. РEН-ТВ, НТВ телеканалларида ёздим. Бари беҳуда эди."

Мариуполь

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESCHENKO/TASS

Сурат тагсўзи, Мариуполь. Кўчалардан бирида турар-жой биноси қурилиши

Меҳнат инспекциясидан компания ҳисоблари блоклангани учун тўловни амалга ошириш иложи йўқлиги ҳақида хабар келди: 2023 йил 17 октябрдан бошлаб банк уларнинг Мариупол билан боғлиқ операцияларини "шубҳали" деб ҳисоблаган ва "терроризмга шериклик"ни текширишни бошлаган. Компания ҳам пул йўқлигини айтган.

2023 йил февралида Суворин компания директорига овозли хабар жўнатган - қўпол сўзлар ва умумий маънода "тўламасанг, ўзингдан кўр". У полицияга шикоят қиламан деди, аммо охир-оқибат, 17 февраль куни Суворинни офисга чақиришди ва ваъда қилинган 150 минг рублни тўлашди. Одатда у бу пулни Санкт-Петербургда ҳам топарди. Шартномада камида 35 000 рубль миқдорида тўлов кўзда тутилган. "Пул муаммоси ҳали ҳам бор. У ерда фақат нақд пул айланади. Мариуполга пул олиб бориш учун Таганрог ёки Ростовдан машиналар буюртма қилинади, қопларга солиб олиб кетишади".

- Қолган жамоадошларингиз маош олдими?

- Билмайман, менга қизиқ эмас. Маҳаллий аҳолини ташлаб кетиш осонроқ. У ерга мутахассисларни жалб қилиш қийин, тажрибалилар кам.

- Нега бордингиз ўзи? Катта пул ваъда қилишмаган экан.

- Хўш, бу шундай саргузашт бўлди. Борганимга афсусланмадим. Фақат кўргани бордим, қизиқдим, бу тарих. Кўп нарсага бошқа томондан қарадим. 40 йил орқага қайтгандек ҳис қилдим ўзимни. Ваҳоланки, ёшим энди 30 да. Аслида 21-асрда бундай нарсаларни кўриш мумкин деб ўйламагандим. Бу ҳақиқатан ҳам Сталинград. Фақат вайрона.

- Буларнинг барини бошлаган юртдан келганингиздан ноқулай бўлмадингизми?

- Бу провокацион савол. Бу борада ҳеч кимга шикоятим йўқ. Ҳеч ким қандай бошланганини умуман билмайман, чунки ўша пайтда мен умуман телевизор кўрмасдим.

-Телевизор орқали билса бўларди.

- Шундай қилиб, мен 2022 йил март ойидан бери шу уч ой давомида тинимсиз, кеча кундуз, 24х7 ишладим. Телевизор ёки янгиликлар кўришга вақт йўқ эди. Ҳеч нарсани билмасдим. У ердаги одамларга ачинаман. Мен маҳаллий аҳоли билан гаплашдим, уларга осон эмас. У ерда, асосан, кета олмаган кексалар қолган.

Vayron bo'lgan turar-joy

Сурат манбаси, DENIS SUVORIN

Суворин тўққиз қаватли бинонинг ертўласида иситиш тизимини қандай қургани тасвирланган ўзи суратга олган видеони кўрсатди. Тош деворлар, ҳожатхона челаклари, матраслар, кўрпа-тўшаклар ўрнига ифлос латталар, болалар туваклари, пушти қўғирчоқ уй кўринарди. "Бу ердаги болалар ўқлар остида шундай яшаб, ўйнашарди, - дейди қурувчи ва ярим бақирган овозда, - Минг лаънат ҳаммасига". Афтидан, у рус армиясини назарда тутмади.

Кейинчалик Суворин Мариуполдаги танишларига қўнғироқ қилиб, у ерга яна бориш-келмаслиги ҳақида ўйлаётганини айтган. "Яна борсам, пулни аввалдан сўрайман". Аммо улар унга ҳозир иш йўқлигини айтишди.

Қурувчилар бу ҳолни " Украинанинг яқинлашиб келаётган қарши ҳужуми ёки Россиянинг ҳужуми" билан боғламоқда: "Мариуполни қайтариб олишмайди, аммо жанговар ҳаракатлар бўлиши аниқ. Ва бу катта хавф. Бизга куч, пул керак, шунинг учун қурилишга вақт қолмаслиги мумкин."

Хусусий қўриқлаш хизматлари: "Йўқсилликдан кетмоқда"

Тўловлар тўхтатилгани ва бекор қилинган давлат шартномалари ҳақидаги миш мишлар хусусий қўриқлаш компаниялари ходимлари орасида ҳам тарқалмоқда. Ёздан бери улар босиб олинган ҳудудлардаги мактаблар, боғлар, банклар ва давлат муассасаларини қўриқлаш учун фаол ёлланган. Иш ҳақи ойига 170 минг рублдан бошланарди. Ҳозиргача Россиядаги энг йирик профессионал гуруҳлардан бирини ташкил этувчи қўриқчилар пул топиш учун Херсон, Запорожье вилояти, Мариуполь, ЛХР ва ДХРга бажонидил боради.

"Улар йўқсилликдан кетмоқда. Бу ерда [Россияда] яхши маош ва лавозимга эга бўлиш имконияти деярли йўқ. Улар умидсизликдан кетишяпти, умуман олганда. Ҳеч бўлмаганда мен таниганларнинг бари шу", деб тушунтиради Би-би-сига шундай компаниялардан бирининг ходими.

Херсон автовокзалида йўловчиларнинг юкларини текшираётган қўриқчи. 2022 йил июли

Сурат манбаси, SERGEI BOBYLEV/TASS

Сурат тагсўзи, Херсон автовокзалида йўловчиларнинг юкларини текшираётган қўриқчи. 2022 йил июли

Қўриқчи Алексей Трегубов 2022 йил сентябрь ойида Самарадан Мелитопол яқинидаги Веселое қишлоғига тўрт ойга кетди. Хусусий хавфсизлик компаниясидан яна беш нафар ҳамкасби у билан бирга жўнади. Самарада улар ойига 35 минг олишарди, ишғол қилинган ҳудудда эса давлат шартномаси бўйича 170 минг ваъда қилинган эди.

"У ерда ҳаёт нормал, осойишта, ҳудудлар озод қилинган. Отишмалар ва портлашлар эшитилади, лекин ҳеч нарса учиб келмайди. У ердаги маҳаллий аҳоли, албатта, ҳаммаси ҳар хил. Ҳамма уруш тугашини кутмоқда, ҳамма тинчлик хоҳлайди", дейди Трегубов.

Болалар боғчаларини қўриқлашди. Ҳар бир боғчада икки киши тун-кун ҳудудни кўздан кечиради. "Асосийси, портловчи моддаларни ўтказиб юбормаслик, эҳтимолий теракт олдини олиш". Шундай ҳолатда, ҳудуд ўраб олиниб, болалар олиб чиқилади ва полиция чақирилади. Алексейда бунақа бўлмади, лекин қўшни боғчада портловчи моддалар макетлари топилган. Улар у ерда, болалар боғчаси хонасида яшашарди. Ижарага, егулик сотиб олишга пул сарфлаш шарт эмас эди.

- Россиядан бўлганингиз учун муаммо бўлганми?

- Айтмоқчисизки, менинг у ердан бўлганим учун ёқтирмасликми?

- Йўқ, Россия бу ерни босиб олгани учун.

- Йўқ, ҳеч қандай муаммо бўлмади.

- Ўзингизни бегона юртда бўлгандек ҳис қилдингизми?

- Хўш, мен келганимда Украина эди, лекин ҳали референдум бўлмаганди. Аммо одамларнинг ярми кетиб қолганди. Бўш квартиралар ва уйлар кўп эди. Аввалига пул топиш учун бордим, оиламни боқишим керак. Лекин ҳаммасини ўша ерда кўрганимда... Тўғриси, болаларга ачинаман... Улар шундай аҳволга тушиб қолганки... Албатта, пул топмоқчи эдим, ўзим ҳам фарзандлиман, уни боқишим керак. Аммо кейин мен у ерда кўпроқ болаларни кўрдим. Уларнинг айби йўқ. Уларга қийин. Биз уларни қутқаришимиз керак.

Тюмендан сафарбар қилинганларни Украинанинг ишғол остидаги ҳудудларига юбориш

Сурат манбаси, MAXIM SLUTSKY/TASS

Сурат тагсўзи, Тюмендан сафарбар қилинганларни Украинанинг ишғол остидаги ҳудудларига юбориш

Ҳарбий хизматдан сўнг яна уч йил шартнома бўйича хизмат қилган Трегубов 2016 йилда нафақага чиқди ва бошқа армия ҳақида ўйламади. Мелитопол яқинига у сентябрь ойида жўнаб кетди ва бир ҳафта ўтгач, чақирув идорасидан чақирув қоғози келди - урушга сафарбарлик. "Опам уларга айтди - Леша йўқ, у Украинада дебди. Айнан шу тўрт ойни муваффақиятли ўтказган эдим. Акс ҳолда улар мени албатта олиб кетишарди - мен танкчи бўлганман."

У тўрт ойдан сўнг, сафарбарлик суръати пасая бошлаган Янги йил арафасида қайтиб келди. Унинг ўрнини бошқа қўриқчилар эгаллади.

Баҳорда Трегубов хусусий қўриқчилик компаниясидан пенсияга чиқди. Ойига 170 мингдан кейин одатдаги иш ҳақи унга жуда кам туюлади, барибир уни босиб олинган ҳудудларга юборишмайди энди. Унинг айтишича, ҳозир энг кўп сафарбар қилинганлар олмоқда, аммо " албатта, улар у ерда болалар боғчасини қўриқламайди".

2023 йилда босиб олинган ҳудудларда ишлаш учун давлат билан шартнома тузган хусусий қўриқлаш компаниялари муаммоларга дуч кела бошлади. Би-би-си суҳбатдошларидан бири бунчалик пул топишга улгурмаганлардан: "Мен ҳали ҳам Москвадаман. Ампираторда (у Путинни киноя билан шундай атайди - Би-би-си) урушга етарли маблағ йўқ, шунинг учун мактаблар ва болалар боғчаларини қўриқлашга маблағ йўқ."

Унга кўра, 1 январдан бошлаб қўриқлаш компаниялари давлат бюджетидан пул олиши тўхтади. Аввалига менежерлар буни вақтинчалик кечикиш дейишди ва ходимларга ўз маблағларидан 170 минг рубль тўлашди.

"Уларни қандай алдашаётганини тасаввур қилаверинг. Ўтган йили молиялаш бор эди, аммо бу йилдан бери йўқ. Январь ўтди. Февраль ўтди... Қўриқлаш компаниялари раҳбарлари савол бера бошлади. Янги йилдан бери уларни қуруқ ваъда билан боқишяпти. Компаниялар ўз ёнларидан 100 000 рублдан маош тўлаяпти. Москвада эса қуролли қўриқчи кўпроқ олади, камига кимдир граната отмайди, ракета келиб тушмайди. Ҳозир Россияга қайтишяпти."

Полициячиларнинг аҳволи баттароқ

Агар хусусий қўриқчилар раҳбарларининг босиб олинган ҳудудларга бориш таклифига бажонидил рози бўлишса, полиция билан вазият бошиданоқ анча ёмон эди. 2022 йил ёзидан бошлаб Ички ишлар вазирлигининг кадрлар бўлимлари босиб олинган шаҳар ва қишлоқларга ишга жўнатиш бўйича эълонлар чиқарди. Аммо ҳозирча, камдан-кам одам унга жавоб бермоқда ва жуда эҳтиёткорлик билан. Айниқса, Украина Херсон вилоятининг ярмини ва маркази билан бирга қайтариб олгандан кейин.

"Ички ишлар вазирлигидан кичик хатолари туфайли ишдан бўшатилганларни ҳам жўнатишди. Агар ишга борса, уларнинг унвонини тиклашга, иш стажини қайтаришга ваъда беришяпти. Пенсияга чиқишга бир неча йил қолганлар, агар улар тўсатдан ишдан бўшатилса, режа бундай: пенсияга чиққунга қадар ҳудудларда жимгина ўтириш".

Би-би-си суҳбатдошларидан бири иш жойида гиёҳванд модда истеъмол қилганликда гумон қилинган краснодарлик катта сержантни мисол келтиради: "Хизматда танбеҳлар бўлмаган, интизомий жазолар олмаган, ҳаммаси яхши бўлган. Битта ноқонуний модда ва тамом." Хавфсизлик хизмати ходимлари милиция ходимига ўз сменасида келиб, текширувдан ўтиши кераклигини айтишган. Сержант рад жавобини берган, у томонларнинг келишуви билан ишдан бўшатилган. Илгари унинг Ички ишлар вазирлигига қайтиш имконияти деярли йўқ эди, энди бор, уни қабул қилиб, босиб олинган ҳудудларга ишга юборишади.

Яна бир мисол, Белгородлик полициячи, у беш йил давомида "жиддий қоидабузарлик" туфайли ишлай олмаган, Херсонга уни дарҳол бошлиқ ўринбосари сифатида жўнатишган.

Ишда мастлиги, ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилингани, пора учун ишдан олинган, аммо жиноят иши очилмаганлар чақирилган дейди Би би сига Москва полициясидаги манба. Тўғри, Навальнийни қўллаб-қувватлагани учун ишдан бўшатилганлар ҳатто босиб олинган ҳудудларга ҳам юборилмайди. "Уларни ҳеч қандай йўл билан милицияга қайтаришмайди. Ҳатто урушга ҳам олиб кетишмайди".

Rossiya harbiysi

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS

Тажрибали ва "тоза" ходимларни ўзига тортиш учун босиб олинган ҳудудлардаги кадрлар бўлимлари ва Россия ҳудудларидаги кадрлар бўлимлари ўзаро курашмоқда. Ички ишлар вазирлигининг сўнгги коллегияси маълумотларига кўра, Россияда 109 минг полициячи етишмайди. Департаментнинг турли ҳисоб-китобларига кўра, босиб олинган ҳудудлар яна 29-42 минг ходимга муҳтож. Бошлиқлар тажрибали участка нозирлари ёки тезкор ходимини Россиядан чиқариб юбормоқчи эмас, чунки ўзлари ҳам кадрлар камлиги сабабли генераллардан сўкиш эшитади, дейди Би-би-си суҳбатдошлари.

Ўз ҳудудидаги хизматда муаммоларга дуч келган ходимлар ЛХР ва ДХРга кетмоқда. Украина улар учун янги Кавказга айланган, дейди Би би сига Ички ишлар вазирлигидан суҳбатдошлар. Илгари, бошланган текширувлар муддати ўтиб, муаммолар енгиллашгунча полициячилар Доғистон ёки Чеченистонга узоқ хизмат сафарига жўнаб кетарди. Энди худди шу мақсадда улар ЛХР ва ДХРга кетмоқда.

"Кетаётганлар ўз ҳудудида кети тоза бўлмаганлардир. Хизмат текширувларида очилиб қолиши мумкин. Шунинг учун улар бажонидир кетишади", деб тушунтиради собиқ тезкор ходимлардан бири.

"Ўз ҳолати ҳақида, УСБ ёки ФСБ ички хавфсизлик бўлими билан муаммоси борлигини яхши билганлар жанубий шаҳарларни тарк этишди. Улар керак жойда керакли одамларнинг оғзини мойлашди, уларни тинчгина қўйиб юборишлари учун пул беришди, текширув кечиктирилди. Сўнг улар ЛХР ёки Херсонга гум бўлишди", деб тасдиқлайди бошқа бир суҳбатдош.

Аммо бундай ходимлар кам. Босиб олинган ҳудудларда Ички ишлар вазирлигига ёллаш учун масъул бўлган бир қримлик полициячи Би-би-си билан суҳбатда вазиятни "юмшоқ қилиб айтганда, қониқарсиз" деб атайди. "Белгиланган режалар 10 фоизга ҳам бажарилмади, бу бўлимларга ходимларни қандай қизиқтиришни ҳеч ким билмайди".

Унинг вазифаси ҳозир нафақага чиққан собиқ полиция ходимларини топиш ва уларни шартнома имзолашга кўндиришдир. "Бу шартномада пул миқдори, ижтимоий нафақалар аниқ кўрсатилмаган, мен чақираётган 50 кишидан, худо кўрсатмасин, беш киши рози бўлиши мумкин холос".

Полиция ходимларининг етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларни маҳаллий Ички ишлар вазирлигида ишлайдиган Донецк аҳолиси ҳам тасдиқлайди. "Мен ДХРда Россиядан бизга келиб, ишга жойлашган бирорта ҳам полициячини кўрмадим. Одамлар ишга жойлашиш ҳақида маълумот олиш учун кадрлар бўлимига қўнғироқ қилаётгани ҳақида маълумотлар бор, лекин уларга маош миқдори ҳақида ҳеч нарса айтишмайди".

Биз Россиядан ДХРга ишлаш учун чақирилган қўриқчиларнинг маошларини солиштирдик - маълум бўлишича, улар маҳаллий полициячилардан кўра кўпроқ олади. "Хусусий тузилмалардаги маошлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига қараганда анча юқорилиги ДХРда жуда кенг тарқалган. Бундай парадокснинг сабаби аниқмас."

Qo'riqchi

Сурат манбаси, SERGEI BOBYLEV/TASS

Онлайн иш эълонларида иш ҳақи 50-90 минг рубль экани кўрсатилган. Унга 2023 йил 1 январдан бошлаб Бош вазир Михаил Мишустин томонидан тайинланган "хизматнинг махсус шартлари учун" қўшимча тўловни ҳам қўшишингиз мумкин. Офицерлар учун бу 16500 дан, сержантлар учун - 12 мингдан.

"Тешикни кетингиз билан ёпишнинг ўзи етарли эмас", деб хўрсинади Би-би-си суҳбатдошларидан бири. Бўш иш ўринлари постига изоҳ ёзганлар унинг фикрига қўшилади: "50 минг учун ... миналар остига тушиш ... жуда кулгили". "Бу бироз қизиқ бўларди, лекин 90 дан 150 гача бўлса, ҳаҳаҳа?" "Йўқ, майли, кимдир 50-90 мингга таваккал қилиб қолар. Умуман олганда, вазият кўрсатдики, борадиганлар орамизда кўп".

Би-би-си Ички ишлар вазирлиги бошқармаларига Украинада ходимлар етишмаётгани ва ишга олишда қўйиладиган шартлар енгиллаштирилгани ҳақида сўров юборган ва жавоб кутмоқда.

2022 йил кузидан бошлаб Херсон, Мелитопол ва Донецк полицияси ходимлари учун қўйиладиган талаблар соддалашди. Номзоднинг мумкин бўлган ёши 55 ёшгача белгиланди.

"Мен биринчи марта бундай ёш чегарасини кўриб турибман. Кўриниб турибдики, ходимлар ҳақиқатан ҳам керак!" - деб изоҳлайди Би би си билан суҳбатлашган ходимлардан бири. Март ойидан бошлаб синов муддати ва психологик тест бекор қилинди. Тиббий комиссия олиб ташланди - рўйхатдан ўтган жойингиздан маълумотнома олиб келсангиз кифоя. Аммо одамлар ҳали ҳам етишмаяпти.»

Ҳозир ДХРда полициянинг 80 фоизи пенсия ёшидагилар, дейди донецклик Би-би-си суҳбатдоши. Кадрларнинг ўта даражада етишмаслиги мавжуд. Аммо жиноятчилик даражаси - талончилик, ўғирлик тахминан беш йилдан бери анча камайган.

Полициячи буни аҳолининг чиқиб кетиши, комендантлик соати жорий этилиши ва тунги патрулларнинг кучайтирилиши билан изоҳлайди. "Бошқа томондан, иқтисодий жиноятлар юқори даражада. Бюджет турли даражаларда ўғирланади. Асосий коррупцион схемалар, айниқса, божхона соҳасида, ДХРда божхона бекор қилингунча мавжуд эди. Ҳозир ҳарбийлар томонидан содир этилаётган жиноятлар кўпайди."

Шифокорлар: "У ерга пул учун боролмайсиз, тақдир жазолайди"

Полициячилардан кўра шифокорлар ишғол қилинган ҳудудларга боришга интилади. Ҳудудларда уларга яхши йўлланмалар таклиф этилади, смена бир неча ой давом этади ва қайтиб келганларида уларни қаҳрамон сифатида кутиб олишади.

Вилоят болалар клиник шифохонаси бош шифокори ва унинг ўринбосарлари Челябинскдан, фельдшерлар ва жарроҳлар, кардиологлар, эндокринологлар, рентгенологлар, онкологлар, травматологлар, оториноларингологлар, акушерлар ва ЛОР шифокорлар Кемероводан, жарроҳлар Волгограддан ва педиатрлар Туковла вилоятидан. Россиянинг камида 20 та ҳудудидан мутахассислар босиб олинган шаҳар ва қишлоқларда аллақачон ишлаган ёки ишлаяпти.

Shifokorlar

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESCHENKO/TASS

Иркутск яқинидан бир ҳамшира урушда ҳалок бўлган эри учун қасос олгани ДХРга ишлаш учун жўнаб кетди. Бу ҳақда Би-би-сига унинг вилоят касалхонасидаги раҳбари айтди. Екатеринбургдан шифокорлар таътил пайтида Запорожье вилоятига отланишди, чунки уларнинг ўзлари ўша ҳудудларда туғилган.

"Олтита танишим бўш вақтларида ихтиёрий шаклда кетишди, - дейди маҳаллий шифокорлардан бири. - Кўпчилик уларни қоралайди, нега кетишади, буларнинг бари сиёсат дейдилар, лекин мен ўзим армияга бориб, ҳарбий ҳаракатларда бўлганман. Шунинг учун менимча, ҳеч ким шифокорни экстремал шароитда одамларни даволагани учун қоралай олмайди, мен буни фақат қўллаб-қувватлайман. Тиббиёт нуқтаи назаридан, биз муҳтожларга, улар қаерлик бўлишидан қатъи назар, ёрдам берамиз."

Унинг айтишича, Запорожье вилоятига 500 киши керак, аммо зўрға 100 киши тўпланмоқда. Отишмалар вақтида айрим касалхоналарга ҳам зарар етади. "У ерга танишлари ёки қариндошлари бўлганлар, ўз кичик ватанларининг чақириғи билан боради. Қанча олишади, буни сўрашга тилим бормади. Улар бизнинг тизимимиз бир қисми бўлишди".

Бир вақтнинг ўзида бир нечта шифокор Би-би-сига айтишича, бундай иш сафарида бир кунлик иш 8500 рублни ташкил қилади. Шифокор ойига 400 минг рублгача, ҳамшира 300 минг рублгача маош олиши мумкин. Тахминан 25 минг рубль маош олиб ишлаб юрган шифокорлар учун бу ақл бовар қилмайдиган миқдор, дейди Би-би-си суҳбатдошлари.

"Аммо у ерга пул учун боролмайсиз, тақдир жазолайди. Бу пул топиш йўли эмас, - дейди Би-би- сининг санкт-петербурглик суҳбатдошларидан бири. - Кейин чиқиб кетолмайсиз, айниқса уруш авж олганида. Билимингиз керак бўлади, сизсиз кўпроқ йўқотишлар бўлиши мумкин. Фақат шуни англаб бориш керак, бошқа йўл йўқ. Пулни шу ерда ҳам топавераман." Аммо журналистлар билан гаплашган шифокорлар орасида бундай ўйлайдиганлар кам.

"Одамлар бизга мамнуният билан мурожаат қилишди, чунки ярим йил давомида улар шифокор кўрмаган, баъзилари қандай дориларни қабул қилганини ҳам эслолмайди, 200 қон босими билан келган беморлар ҳам бор эди, кўпларида тонометр ҳам йўқ, чунки кимдир эвакуация қилинган, бировнинг уйи портлаган, сотиб олгани имконияти йўқ. Кўп одамлар гипертония, остеохондроз билан келарди, 80 фоизи уйқусизликдан шикоят қиларди, улар асабни тинчлантирувчи нимадир керак дейишарди. Кимдир неврастениянинг ҳақиқий клиник белгиси билан келарди - одамлар қўрқиб қолган", дейди интервьюда ДХРдан қайтган жарроҳ.

"Яна борармиканман? - деб ўйлайди шифокор. - Ҳозирча дам олишим, фикрларимни жамлашим керак. Албатта, бу жуда қийин, ҳар кимга ҳам эмас. Агар махсус операция бўлмаганида, мен у ерга кўчиб ўтишни ўйлаб кўришим мумкин эди, иқлим жуда юмшоқ, октябрда ҳамма нарса яшил, илиқ, ҳар куни эрталаб янги ёнғоқ ердим. Лекин ҳозирча вазият жуда жиддий".

Kasalxona

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESCHENKO/TASS

"Биз иштирок этишни, ёрдам беришни хоҳлаймиз. Бу ватанпарварлик туйғуси - ўз халқимизга ёрдам бериш", деб тушунтиради Псков вилоят клиник шифохонаси жарроҳи. У босиб олинган ҳудудларга икки марта сафар қилган.

Маҳаллий журналистларнинг таъкидлашича, Псков вилояти 2022 йил охирида шифокорлар билан таъминланганлик бўйича аутсайдер минтақалар қаторига кирди - ҳар 10 000 аҳолига 30 дан кам шифокор тўғри келади. 2023 йил 15 январь ҳолатига вилоятда тиббиёт ходимлари учун 481 та бўш иш ўрни мавжуд эди. Шундан 266 ўрин шифокорлар, 215 ўрин ўрта ва кичик тиббиёт ходимларига мўлжалланган.

Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам вазият яхши эмас. Би-би-сининг Свердловск вилоятидаги суҳбатдоши минтақада бўш иш ўринларини ёш мутахассислар билан тўлдириш учун ўнлаб йиллар керак бўлиши ҳақида гапиради: "Аммо одамларни ҳозир даволаш керак".

2023 йилда Иркутск вилоятида шифокорлар етишмаслиги деярли 40 фоизга этди. Челябинск вилоятида 10 000 шифокор ишлайди ва яна шунча одамни ишга олиш керак, дейди маҳаллий соғлиқни сақлаш вазири.

Шу сабабли ишғол қилинган ҳудудларга шифокорлар жўнатиш ҳақидаги ҳар бир хабарга, ҳатто ҳукуматпараст оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларида ҳам юзлаб норози шарҳлар ёзилиши ажабланарли эмас.

"Йил. ЙИЛ!!!! Кардиолог қабулига ёзилолмаяпман. Бу интервью остига яна қандай изоҳ ёзишим мумкин?" - деб ёзади фойдаланувчилардан бири ишғол қилинган ҳудудларга жўнатилган шифокорлар ҳақидаги хабар остига. "Волгоградда даволайдиган ҳеч ким йўқ, шифокор тополмайсиз, булар яна кетишади. Хўш, пул учун бундай нарсаларга рози бўлмайсиз", дейди бошқа бири.

"Болалар шифокорлари Волхованкага жўнаб кетишди, ўтган ҳафта ўғлим кардиолог қабулига талон олган - қабул эса уч ойдан кейин! Тиббиётимизни ким кўтаради?!» - дейди челябинсклик бир одам. «Умуман олганда, мен даволаниш учун ДХРга бораман. У ерда мутахассислар бор ва бепул, лекин Челябинскда навбат кутасиз ва ҳамма нарса қиммат", дея қўшимча қилади қўшниси.

Ўқитувчилар: "Худога шукур, бизни боришга мажбурлашмаяпти"

Шифокорлардан фарқли ўлароқ, босиб олинган ҳудудларда россиялик ўқитувчилари деярли йўқ. 2022 йил ёзида Запорожье, ДХР ва ЛХР мактабларида ишлаш учун таклифномалар мамлакатнинг кўплаб ҳудудларига юборилди. Юзлаб ўқитувчилар жавоб берди - улар хоҳловчилар базасига қўшилди, аммо бори шу, дейди Қалмикиялик мактаб ўқитувчиларидан бири Би-би-сига.

- Мен боришни истайман. Менга пул керак, мен ёрдам бера оламан.

- Булар урушда босиб олинган ҳудудлар экани сизни безовта қилмайдими?

- Йўқ, Украинада деярли барча қариндошларим бор. Асосан Харковда. Ва улар шундай бўлганидан жуда хурсанд.

- Харков бомбаланаётганидан хурсандмисиз?

- Йўғ ей. Аммо улар Россия томонда. Улар менинг Запорожьега бориш истагимни қўллаб-қувватладилар. Аммо кейин у ерда яна уруш бошланди ва охир-оқибат бизни ҳеч қаерга таклиф қилишмади.

Maktab

Сурат манбаси, NIKOLAI TRISHIN/TASS

Кўпгина жойлардаги мактаблар босиб олинган ҳудудлардаги ўқитувчиларга масофадан туриб телефон орқали ёки интернет бор бўлса, Zoom орқали йўл йўриқ кўрсатиб ёрдам беради. Янги методикалар, украиналик мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳаётларида биринчи марта кўраётган дастур бўйича масалаҳатлар зарур бўлади, бутун тизимни қайта қуриш бўйича маслаҳат керак. "Аммо, Худога шукур, боришга мажбурлашмаяпти", дейди Челябинск вилоятидан келган ўқитувчилардан бири.

Би-би-си Россиядан келиб, Донецкдаги мактабларда ишлаётган бир нечта ўқитувчини топишга муваффақ бўлди. Улардан бири Бурятия Халқ Хуралининг собиқ депутати, қишлоқ мактабларидан бирининг собиқ директори Оксана Бухольцева. Мактабдан ҳайдалганидан сўнг, маҳаллий журналистлар айтганидек, "хафа бўлиб" Донецкка жўнаб кетган. У ерда Бухольцева учиб келаётган ракеталар ҳақида Facebook'да ёзади, Евгений Пригожинни қўллаб-қувватлайди, ўзи Вагнер гуруҳининг севимли қуроли - босқонни қўлга олишга тайёрлигини айтади. У Би-би-си саволларига жавоб бермади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002