Янгиликлар: Тошкент ва Толибон тезроқ амалий ишга ўтмоқчи, Мирзиёев 37 йилдан бери эшакда бемор кўришга бораётган аёлга орден берди, Ўзбекистон жунчилик ва пиллачиликни ривожлантирмоқчи

Сурат манбаси, @FDMPM_AFG
Ўзбекистон делегацияси Кобулда Толибон билан нималарни муҳокама қилди? Ўзбекистон ҳукумати жунчилик ва пиллачиликни ривожлантиришга эътибор қаратмоқда. Президент Мирзиёев беморларини кўришга 37 йилдан бери эшакда қатнаётган ҳамширага орден берди. Куннинг муҳим хабарлари.
"Дунё" ахборот агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда борди.
Ўзбекистон ва Толибон вакиллари икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалаларни муҳокама қилган.
Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Кобулда Ўзбекистон делегацияси Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар, Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид, муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ва иқтисодий тузилмалар вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.
"Музокаралар чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалалар муҳокама қилинди", дейилади хабарда.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Афғонистон учун муҳим дейилаётган транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, "Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар" темир йўлини қуриш, "Сурхон-Пули-Хумри" йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортиш масалалари ҳам муҳокама мавзуси бўлган.
"Томонлар ишнинг амалий босқичига тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидладилар ва икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар", дейилади хабарда.
Бундан ташқари Ўзбекистон томони аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш, қизларнинг Афғонистонда таълим олишини таъминлаш каби масалаларни ҳам Толибон расмийларига кўтарган.
Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғон кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланган.
Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон ҳукуматини расман тан олмаган, бироқ шу билан бирга у билан муносабатларни узмаган.
Аҳолига ер берилади ва жунчилик, пиллачиклик ривожлантирилади

Сурат манбаси, President.uz
Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида озиқ-овқат маҳсулотлари ва баҳорги экин мавсуми бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда охирги икки йилда жаҳонда озиқ-овқат инфляцияси йилига 15-20 фоиздан пасаймаётгани, ўсимлик ёғи, сут ва гўштнинг жаҳон нархи сўнгги 30 йилдаги, дон маҳсулотлари ва шакар эса сўнгги 10 йилдаги энг юқори даражага кўтарилгани қайд этилган.
Бироқ Президент Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш учун 200 минг гектар ер ажратилгани, 500 минг гектар қўшимча ерлар фойдаланишга киритилгани ички бозордаги нарх-навони барқарор ушлаб туриш ва экспортни кўпайтиришга хизмат қилаётганини айтган.
"Лекин, аҳолимиз сони ўсиб бораётгани, жаҳондаги нобарқарор вазият, логистикадаги узилишлар озиқ-овқатни кўпайтириш бўйича олдимизга янада катта вазифаларни қўймоқда", деган Мирзиёев.
Мирзиёев пиллачилик ва жунчилик салоҳиятидан янада кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидлаган.
Шу муносабат билан аҳоли яшаш жойларига яқин лалми ва яйлов майдонни ўзлаштириб, пилла кластерларини ташкил қилиш борасида топшириқ берилган.
"Бу ерлар Вьетнам тажрибаси асосида аҳолига 1-2 гектардан ҳам тут, ҳам озиқ-овқат экиш учун берилади", дейилади расмий хабарда.
Мирзиёев 37 йил эшакда бемор кўришга бораётган аёлга орден берди

Сурат манбаси, SevimliTV
Президент Шавкат Мирзиёев маҳалла тизими ходимлари куни муносабати билан 37 йил тиббий чақириқларга эшакда қатнаётган ҳамширани орден билан тақдирлади.
Чироқчи туманидаги "Ўзбекистон" оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси Холбека Бобоқулова II даражали «Саломатлик» ордени билан тақдирланган.
Холбека Бобоқулова ишлайдиган "Даштқизилчорва" қишлоғи Туман марказидан 30 км узоқликда жойлашганлиги айтилади.
"2016 йилда эшакдан йиқилиб, ўпкам тешилган. Шифохонада 30 кун ётиб келганман. Аллоҳнинг қудрати, элимнинг олқиши билан омон қолганман дейманда, ўзимча", - дея Холбека Бобоқуловадан иқтибос келтиради uznews.uz сайти.
Эшак миниб беморлар ҳолидан хабар олиши ҳақидаги видео машҳур бўлиб кетгач, Бобоқулова яшайдиган қишлоққа тиббий контейнер ўрнатиб берилгани айтилмоқда.
Бироқ шундай бўлса-да ҳамшира беморларни кўриш учун ҳамон эшакда қатнаётгани маълум бўлди.
Sevimli телеканали тайёрлаган ва 22 март куни ижтимоий тармоқларга чиққан лавҳада Холбека Бобоқулова ҳамшира кийимларини кийиб, ҳамон эшакда юрганини кўриш мумкин.
Лавҳа охирида мухбир "хонадаги иши тугаган ҳамширага янги чақирув бўлди. Қаҳрамонимиз биздан уялди шекилли, бу сафар сумкасини елкасига осганича бемори ҳолидан хабар олиш мақсадида пиёда йўлга тушиб биз билан хайрлашди", дейди.
Олдинроқ Қашқадарё вилоят ҳокими Муроджон Азимов 37 йилдан бери эшакда бемор кўришга қатнаётган ҳамширага 8 март муносабати билан эсдалик совғаси бергани хабар қилинганди.
Ишига эшакда қатнаётган ҳамширага орден берилишини ижтимоий тармоқдагилар танқид қилган. Ҳамширага "нега машина берилмади", деган саволни қўйган улар.
"Пастлик ҳам эви биланда. Йилига бир миллиондан хисоблаб 37 миллион берса ҳам бир ойига 83 минг сўмдан тўғри келар экан", дейди Абу Билол Одил.
"Энди орденни тақволиб эшшакда қатнарканми! Ўша халиги нимайди, аланарса тенгдир аланарсага дегани шуми! Эшшакка бир қоп ем хам берилсин", дейди Фуркат Хамзалиев.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002































