Янгиликлар. Афғонистон: Чегара ортида вазият ўзгарди, қудратлар кучайди, Ўзбекистон ҳам, Путин нимани билади? O‘zbekiston Afg‘oniston Tolibon Yangiliklar

Охундзода ва Бародар

Сурат манбаси, Reuters/Afghan Islamic Press collage

Сурат тагсўзи, Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари ташкилотлар фаол бўлган саноқли давлатларидан бири бўлади, ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топиб келган, келаётган мамлакат саналади
Published

Россия ва Хитой Толибонга бас кела оладими? Ўзбекистон-чи?

Алоқадор мавзулар:

Толибон қудратда бўлган Афғонистонда вазият ўзгармоқда.

Бугунги афғон можароси ечимига дунёнинг бирваракайига тўрт ядровий қудрати қизиқиш билдираётир.

Россия бўладими ёки Хитой, Толибон муваққат ҳукуматига шу пайтгача кўрилмаган иқтисодий имтиёз ва лойиҳалар билан чиқаётганига оид хабарлар олинмоқда.

Бирови нефти, газию ғалласи, бошқаси эса, ўзининг узоқ йиллик сармоясини таклиф қилаётгани, ҳамкорликда бир неча юз миллионлаб долларлик дастлабки шартнома ва келишувларга бораётгани маълум бўлди.

Россия президенти эса, ўтган ой Афғонистондаги иқтисодий вазиятни барқарорлаштириши мумкин бўлган йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яхши режалар борлигини билишларини яшириб ўтирмади.

Москва Афғонистоннинг Кобулдаги раҳбарияти билан алоқа ўрнатганлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Россиянинг Толибонга тобора яқинлашиш саъй-ҳаракатлари ва Путиннинг айни мазмундаги баёнотлари Украина уруши ва айни шу уруш боис, Россия Ғарбнинг мислсиз санкциялари остида экани фонида кузатилаётгани билан янада хос аҳамият касб этди.

Россиянинг бу каби сиёсатига Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукуматини расман тан олмагани, ҳаракатнинг ўзини ҳануз "террорчилар" рўйхатида ушлаб тургани ҳам тўсқинлик қила олмагани кўрилди.

Бу Россиянинг халқаро иҳотадан чиқиш ва айнан Афғонистон оша ўзига янги бозору харидорлар топиш ҳаракатида қатъий эканига оид талқинларга ҳам сабаб бўлди.

Tolibon liderlari Rossiyaning maxsus vakili bilan muloqotda

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия президенти эса, ўтган ой Афғонистондаги иқтисодий вазиятни барқарорлаштириши мумкин бўлган йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича яхши режалар борлигидан бохабар эканликларини ошкора эътироф этди

Қудратлар Афғонистонда ўз элчихоналарини ҳам сақлаб туришибди, дипломатик жабҳада ҳам ўз саъй-ҳаракатларига зўр беришган, Толибон ҳокимиятга қайтган қисқа вақтнинг ичида Афғонистон масаласида Теҳрону, Исломобод, буёғи Деҳлию Москва ва яна Тошкент қадар устма-уст минтақавий анжуманларга мезбонлик қилишган, айримларига Толибон муваққат ҳукумати вакилларини таклиф этишгача боришган.

Сиёсийси бўладими, хавфсизлик ёки махсуси, Афғонистонга қўшни ва яқин давлатлар вакилларини қайта-қайта бир жойга йиғишган, Афғонистон иқтисоди қуласа, бундан бутун минтақа жабр чекиши билан огоҳлантиришган.

Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожини яқиндан кузатиб туришгани, бутун минтақа бу мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни исташини айтишган, амалдаги раҳбарияти билан қай йўсин мулоқотга киришиш масаласини муҳокама этишган.

Уларнинг бу мамлакатдаги мавжуд инсонпарварлик, инсон, айниқса, хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, террорчи гуруҳлар ва наркотиклар таҳдидидан жиддий хавотирда эканликлари кўрилган.

O'zbekiston mulozimlari va Tolibon liderlari muloqoti

Сурат манбаси, official

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон дунёнинг Толибон қудратга қайтиши ортидан ҳам Афғонистон билан фаол мулоқотда бўлган саноқли давлатларидан бири экани кўрилади

Минтақадаги ядровий, геосиёсий, геоиқтисодий қудратлар ва йирик минтақавий ўйинчи давлатларнинг бугунги Афғонистон масаласидаги бу яқин ўн йилликларда кузатилмаган бу қадар фаолликлари аксарият халқаро таҳлилчиларнинг ҳам эътиборларидан четга қолмаган, уларнинг хос таҳлилу талқинларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.

Афғонистонда, бир ярим йилдирки, Толибон ҳаракати қудратда. Ҳаракат 2021 йил августида ҳокимиятга қайтган, Афғонистонни яна ўзининг Исломий Амирлиги, деб эълон қилган ва мамлакат уларнинг муваққат ҳукумати бошқаруви остига ўтган.

АҚШ ва НАТО бошчилигидаги иттифоқ кучлари эса, Афғонистонни буткул тарк этишган, ўзларининг мамлакатдаги 20 йиллик ҳарбий ҳозирликларига якун ясашган, афғон можаросига на-да ҳарбий ва на-да дипломатик ечим топа билишган.

Бунга 2019 йилда Афғонистон Толибон ҳаракати ва расмий Вашингтон ўртасида имзоланган "тарихий" битим йўл очган, аммо толиблар қудратни куч билан эгаллашган, бу Афғонистондаги қолган сиёсий гуруҳ вакиллари билан кечаётган музокаралар ва толибларни ҳам ўз ичига олиши кўзда тутилган коалицион ҳукумат ғоясини чиппакка чиқарган.

Афғонистон дунёнинг энг кўп миллатли давлатларидан бири бўлади.

Воқеаларнинг бу каби ривожи ортидан, Ғарб Афғонистонга бериб келаётган молиявий кўмакларини кесиб қўйган, мамлакатнинг четдаги миллиардлаб долларлик активларини музлатган, халқаро ҳамжамият, дунёнинг бирор бир давлати Толибон муваққат ҳукуматини ҳали-ҳануз тан олмаган.

Amerika harbiylari

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳозир Афғонистонда бирор бир хорижий аскар қолмаган

Мавжуд вазият Афғонистон "Ер юзининг жаҳаннами"га айланиши, жангари гуруҳларнинг қайта бош кўтариши, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосининг янада кучайиши, қочқинлар бўҳронини пайдо қилиши ва буларнинг барчаси минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни издан чиқаришига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Афғонистонда қисқа вақтнинг ичида юзага келган бу каби вазиятдан, айниқса, унга қўшни ва яқин минтақа давлатларининг ниҳоятда ташвишда эканликлари кўрилган.

Афғонистондаги вазиятга бағишланган минтақавий анжуманларнинг энг сўнггисига Тошкент мезбонлик қилган, ҳайъатлар Ўзбекистоннинг БМТ шафелигида томонларнинг ўз мажбуриятларини босқичма-босқич бажаришга қаратилган алгоритмни тайёрлаш ва Афғонистонда амалда бўлган ҳукумат билан келишиш учун юқори даражадаги халқаро музокаралар гуруҳини ташкил этиш ташаббусига ижобий муносабат билдиришган.

Яқин-яқингача узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон дунёнинг турли жангари ташкилотлар фаол бўлган саноқли давлатларидан бири бўлади, ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топиб келган, келаётган мамлакат саналади.

O'zbekistonlik jangarilar

Сурат манбаси, Video

Сурат тагсўзи, ИШИД Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида байъат келтирган жангари гуруҳ бўлади

Толибон Афғонистонда қудратга қайтган қисқа вақтнинг ўзида мамлакатда ИШИД қайта фаоллашган, қатор ҳалокатли ҳужумлар уюштириш уддасидан чиққан, Россия ва Хитой манфаатларини нишонга олган, Афғонистон тупроғидан туриб, илк бор Ўзбекистонни ҳам ракета ҳужумига тутган, бутун минтақа ва ундан ташқарига ҳам кенгайиш ниятини айтиб, ўзининг пропагандасига ҳам зўр берган, АҚШ эса, масофадан туриб, "ал-Қоида"нинг лидерини ўлдиришга муваффақ бўлган.

Hayraton ko'prigi
Сурат тагсўзи, Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган

Муҳим транзит йўлида жойлашган, табиий захираларга бой, аммо иқтисоди таназзулга юз тутиш ёқасида қолган ва аксар аҳолиси қашшоқ Афғонистон Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари баробарида бир томондан, дунёнинг ядровий қудратлари саналувчи Хитойу Покистон, бошқа томондан, геосиёсий муҳим Эронга чегарадош, Россия ва Ҳиндистонга эса, яқин жойлашган, минтақанинг аксарияти ўзаро адоватда бўлган бу ўйинчи давлатлари, йилларки, ўз таъсирлари остига олиш, ўз манфаатларини парваришлаш илинжида бўлган мамлакат.

Хитой эса, яна дунёнинг энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудратларидан бири ҳам бўлади, минтақадаги энг йирик геоиқтисодий ўйинчи сифатида кўрилади, сўнгги йилларда жаҳоннинг ҳеч бир давлати қилмаган ишни қилган, Афғонистон илова бутун минтақани ўз ичига олувчи йирик иқтисодий лойиҳалар ташаббуси билан ҳам чиққан.

Ўзининг асосий ядровий, геосиёсий ва геоиқтисодий рақибларининг Афғонистондаги фаоллашувига қарши Ғарбнинг ҳозирча кескин баёнот билан чиққани кўрилмаган.

Ҳалича халқаро босимларга ён бераётгандек кўринмаётган Толибон муваққат ҳукумати эса, бугун айнан Афғонистон иқтисодини яхшилаш, мамлакатга кўпроқ халқаро сармоя жалб этиш ва ўзларининг савдо-тужжорий шерикларини турфалаштириш орқали халқаро иҳотадан чиқиш режаси ва ҳаракатида.

Ўзбекистон Тожикистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.

Минтақада бўй кўрсатиб турган ўзаро манфаат илинжи томонларни консенсусга ундаши, алал-оқибат афғон можаросининг якуний ечимига хизмат қилиши мумкин? Минтақадаги қудратлар ва ўйинчиларнинг бугунги асл истаклари ҳам шуми?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди шундай саволлар билан қатор минтақавий экспертларга мурожаат қилди:

Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамий:

Dovud A'zamiy

Сурат манбаси, .

"Шу пайтгача Толибоннинг Афғонистондаги муваққат ҳукуматини дунёнинг бирор бир давлати расман тан олмаган.

Бироқ ўндан ортиқ минтақа давлати, жумладан, Россия, Хитой, Эрон, Покистон, Ўзбекистон ва Туркманистон улар томонидан тайинланган дипломатларни қабул қилиб, аккредитациядан ўтказишган.

Лекин, шунга қарамай, бу давлатларнинг аксарияти Афғонистондаги Толибон муваққат ҳукуматининг таркиби ва муайян сиёсатидан хавотирда.

Афтидан, улар Толибон муваққат ҳукуматини бу яқин орада тан олишмайди, чунки маълум бир шартларни бажариши учун толибларга барибир босим ўтказишмоқчи.

Айни пайтда бу давлатлар Толибон муваққат ҳукумати билан мулоқотга ҳам киришишган.

Чунки сўз савдо ва тижорат масаласида кетганда, минтақа давлатлари минтақавий боғлиқликда катта ўрин тутишлари мумкин.

Айни ўринда Афғонистоннинг жўғрофий жойлашуви муҳим аҳамиятга эга.

Афғонистон Марказий Осиё ва Ғарбий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайди.

Савдо-сотиқ ва сармоянинг кучайиши эса, автомобиль, темир йўллари, нефть ва газ қувурлари, электр тармоқларини ривожлантиради.

Бу эса, фақатгина минтақанинг фаровонлигига эмас, бутун дунёда тинчлик ва барқарорликнинг кучайишига хизмат қилади.

Афғонистон можаросига асосан четдан аралашув сабаб бўлди.

Бу икки йўл билан амалга оширилди - Афғонистондаги урушга бевосита иштирок этиш ёки бу ишни Афғонистондаги бирор бир прокси гуруҳни дастаклаш орқали.

Минтақа давлатлари Афғонистонга аралашиб, нафақат можарони чўзишди, балки унга ечим топишни ҳам қийинлаштиришди.

Алал-оқибат, Афғонистондаги беқарорлик кўплаб муаммоларни, жумладан, трансчегаравий жангарилик, гиёҳванд моддалар ва қочқинлар муаммосини келтириб чиқарди.

Толибон 2021 йилнинг августида қудратга қайтиши ортидан, минтақа ва унинг ташқарисидаги аксарият давлатлар асосан уч нарсадан ташвишда.

Биринчидан, хорижий ҳукуматлар Толибон муваққат ҳукуматининг трансмиллий зўравон экстремист гуруҳлар билан алоқаларини батамом узиши, уларни қўллашни буткул бас қилишини исташади.

Шунингдек, бу гуруҳларнинг Афғонистон ҳудудидан туриб ўзларининг миллий хавфсизликларига таҳдид солишларига йўл қўймаслигини хоҳлашади.

Турли мамлакатлар турли гуруҳлардан хавотирда.

АҚШ ва умуман Ғарб учун бу ИШИД ва ал-Қоида; Хитой учун асосан Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати; Покистон учун Покистон Исломий Ҳаракати; Эрон, Марказий Осиё давлатлари ва Россия учун бу, асосан, ИШИД ва унинг Хуросон қаноти; Деҳли учун эса, ўзининг эътиборини Ҳиндистонга қаратган "Лашкари Тойиба" ва "Жайши Муҳаммад" каби минтақавий гуруҳлар, яна ал-Қоида тармоғи...

Бу гуруҳларнинг аксарияти кенг тармоқли ва минтақавий, шу боис уларга битта давлатнинг ўзи бас кела олмайди, уларни пароканда қилиб, йўқ қилишга бир мамлакат ўзининг қурби етмайди.

Уларнинг фаолиятларини эса, фақат қўшма минтақавий механизм ва ҳамкорлик орқали назорат қилиш, жиловлаш мумкин. Шунинг учун ҳам минтақанинг роли муҳим.

Аксарият хорижий, хусусан, минтақавий давлатларнинг асосий ташвиши Толибон муваққат ҳукуматининг табиати ва таркибидир.

Улар Афғонистонда Толибон яккаҳоким бўлмаган, инклюзив ва кенг қамровли ҳукумат бўлишини хоҳлашади.

Шу боис ҳам, минтақавий давлатлар ҳокимиятни Афғонистондаги бошқалар билан ҳам бўлишиши, сиёсий жараёнлар ва бошқарув тизимининг янада инклюзив бўлиши учун Толибонга босим ўтказишмоқчи.

Хорижий ҳукуматлар, асосан Ғарб давлатларининг учинчи асосий ташвиши Толибон муваққат ҳукуматининг хотин-қизларнинг таълими, ишлаши ва сўз эркинлиги каби инсон ҳуқуқларига нисбатан сиёсати билан боғлиқ.

Бу мамлакатларнинг аксарияти бу хусусда Кобулдаги янги ҳукуматга ўз пайғомларини етказиб қўйишган, ўзларини ташвишга солаётган хавотирларга барҳам бермаса, Толибон тузумини расман тан олишлари қийин бўлишини айтишган".

Камолиддин Раббимов,

Сиёсий таҳлилчи, Ўзбекистон

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, .

Камолиддин Раббимов: Афғонистон можаросининг ечимини ҳамма истайди.

Чунки Афғонистонда стратегик тинчлик ва барқарорлик ўрнатилса, бу минтақанинг тараққиётига жиддий бир даражада ижобий таъсир қилади.

Лекин томонларнинг бу ечимга қаратилган турфа, баъзан зиддиятли геосиёсий лойиҳалари вазиятни чигаллаштиради.

Яъни, қудратли давлатлар, баъзан қўшнилари ҳам Афғонистон муаммосининг ечилишини истайди.

Аммо ҳар бир томон ўзининг манфаати билан боғланган шартлари остида ечим кўришади.

Аслида, шу пайтгача узоқ давом этган Афғонистон можаросининг давомийлигига сабабчи омиллардан бири ҳам ушбу давлат атрофидаги, минтақадаги геосиёсий рақобат ҳисобланади.

Мисол учун, Афғонистонда 1979-89-йилларда давом этган фуқаролик уруши ва хорижий интервенциянинг мақсади - собиқ СССР учун қулай бўлган ҳукумат ўрнатиш бўлган эди.

Бу даврда коллектив Ғарб ва мусулмон ўлкалари жиддий куч сарфлаб, Афғонистонда Совет лойиҳаси йиқилишини исташди.

2001-21 йиллардаги Афғонистон урушининг асосий ҳомийси бу сафар АҚШ ва НАТО кучлари бўлди.

Россия Федерацияси каби давлатлар эса, Толибон билан сиёсий-маънавий иттифоқчилик мақомига қадар алоқаларини илитиб, Ғарб қўшинларини ушбу давлатдан тезроқ чиқиб кетишини талаб қилиб келишди.

Ҳокимиятга толиблар қайтгач, Афғонистон ва унинг янги ҳокимияти билан баъзи қудратли давлатларнинг яширинча ва ошкора алоқалари анча ижобий бўлса, қолганларининг Афғонистонга таъсири жиддий қисқарди ёки деярли йўқолди.

Афғонистон ҳали бери ички сиёсий, этник ва бошқа зиддиятлар босимидан чиқиб кета олмас экан, минтақа атрофидаги қудратли давлатлар ўзларининг бу мамлакат борасидаги узоқ муддатли лойиҳалари, режаларини парваришлаб бораверишади.

Истиқболда - глобаллашув. Ўзаро боғлиқлик фақат ошиб боради.

Демак, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Россия, Покистон ва Хитой Халқ Республикаси, қолаверса, Марказий Осиё давлатлари Афғонистон атрофидаги фарқли, зиддиятли, ёки манфаатлар тўқнашувига асосланган лойиҳаларини парваришлаб бораверишади.

Би-би-си: Йилларки бир-бирига рақиб бўлиб келган бу қудратларнинг нисбатан тарқоқдек кўринаётган бугунги уринишлари афғон можароси, Афғонистоннинг тинчишига хизмат қиладими ёки бунинг аксига?

Камолиддин Раббимов: Афғонистонда қудратга толибларнинг қайтиши ушбу давлатда стратегик тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишини кафолатламайди. Сабаблари бир қанча.

Аввало толиблар кўптаркибли Афғонистонда "пуштунлар" ва "қаттиққўл консерваторлар" ҳокимияти сифатида қабул қилинади.

Бу ҳолат этник камчиликларни, нисбатан дунёвий қарашда бўлган аҳоли қатламини жорий ҳокимиятга бўлган ишончсизлигини англатади.

Ушбу ишончсизлик кейинги йилларда кутиладиган иқтисодий зўриқишлар фонида янги ва жиддий сиёсий ҳаракатга, янги қаршилик кўрсатиш тўлқинига айланиб кетиш потенциалига эга.

Қолаверса, афғон жамияти ичидаги этник, сиёсий, мафкуравий турфа хиллик, ташқи дунё билан ҳам жиддий бир шаклда боғланган.

Масалан, Афғонистондаги пуштунларнинг Покистон билан, тожикларнинг форс-тожик дунёси билан, ўзбекларнинг туркий дунё билан, шиа мазҳабида бўлган ҳазораларни Эрон билан тарихий алоқалари анча мустаҳкам.

Бу алоқалар сиёсий-мафкуравий узвийлик, ҳамкорлик ва иттифоқчилик кўринишидаги муносабатлар кўринишига ҳам эга.

Шунингдек, ташқи қудратли давлатларнинг тарқоқ ёки турфа лойиҳаларининг марказида афғон халқи, аҳолисининг тинчлиги ва фаровонлиги эмас, энг аввало ушбу давлатда кўпроқ ўзларининг геосиёсий рақибларини заифлаштириш, ўзларининг хусусий манфаатларини шакллантириш, парваришлаш туради.

Бу дегани - қудратли давлатлар Афғонистон заминида ҳам ҳамкорликка эмас, кўпроқ рақобатга ориентир олишади.

Би-би-си: ИШИД хавфи ва йирик иқтисодий манфаатлар афғон можаросининг ечимида бу давлатларнинг бир ёқадан бош чиқаришларига сабаб бўлмайдими?

Камолиддин Раббимов: Афсуски, йўқ. Қудратли давлатларнинг сиёсий қарашлари, давлат раҳбарларининг психологияси, махсус хизматларнинг лойиҳалари ҳамкорликни эмас, кўпроқ рақобатни, муқобил лойиҳаларни назарда тутади.

Чунки, қудратли давлатлар учун ИШИД ёки иқтисодий тангликлар - қулай ёки ноқулай инструмент сифатида қабул қилиниши эҳтимоли юқори.

Қолаверса, ИШИД Афғонистон ичида ҳам Толибонга муқобил бўлган асосий сиёсий-диний куч сифатида кўрила бошлади.

Толибондан ҳайдалган, чиқиб кетишга мажбур бўлган собиқ жангарилар ёки олдинги ҳукумат таркибида мулозим, ҳарбий ё-да ходим бўлиб ишлаган ва толибларга ишончсизлик билан қарайдиган шахслар учун ИШИД эшиклари борган сари кенгроқ очилиб боравериши мумкин.

Сабаби, ИШИД собиқ жангарилар ва мулозимлар билан фақат кучайиб, салоҳияти ошиб боришини яхши тасаввур қилади.

Афғонистондаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий зўриқишлар ҳали бери бу давлатда жамиятни бирлаштирувчи сиёсий консенсус шаклланишга имкон бермайди.

Қудратли давлатлар эса, Афғонистондаги ИШИДни эмас, геосиёсий позицияси пасайишини ўзи учун асосий мағлубият ёки таҳдид сифатида кўради.

Би-би-си: Афғонистон атрофида кучайиб бораётган минтақавий дипломатик саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон ҳам фаол ўрин тутмоқда, дунёнинг қудратлари мезбонлик қилаётган музокараларга қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳам ўз вакиллари билан бирга иштирок этишмоқда. Уларнинг бугунги мақсад ва манфаатлари нима?

Камолиддин Раббимов: Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонга жиддий таъсир қилиш имкониятлари чекланган.

Афғонистонга таъсири юқори бўлган асосий давлатлар бу - Покистон, Хитой Халқ Республикаси, Эрон, Россия, Ҳиндистон ва АҚШ.

Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон атрофидаги асосий стратегик манфаати бу тинчлик, барқарорлик, иқтисодий ва геоиқтисодий лойиҳалар ҳисобланади.

Шунинг учун, Афғонистон борасидаги анжуманларда Марказий Осиё давлатлари, энг аввало, кузатувчи мақомида иштирок этишади.

Афғонистон - минтақа давлатлари билан бевосита чегарадош ёки минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигига бевосита таъсир салоҳиятига эга экан, Марказий Осиё давлатлари қудратли мамлакатлар лойиҳаларини ўрганиш, ушбу лойиҳаларни ўз манфаатлари тарозисига солиб кўриш учун ҳам бундай анжуманларда иштирок этиши табиий.

Қудратли давлатлар учун ҳам Афғонистоннинг қўшниларини ўз лойиҳаларига жалб қилиш, ўз геосиёсий қарашлари ва лойиҳалари билан боғлай олиш муҳим дипломатик ва сиёсий муваффақият ҳисобланади.

Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002