Афсуски, бу биринчиси эмас - ўзбек тўйи дунё нашрларида - Ўзбекистон, Сурхондарё, келин-куёв (видео)

Сурат манбаси, Social media
Ўзбекистондаги тўйда келинни уриш ҳодисаси дунё бўйлаб турли нашрларнинг диққати тортди. Афсуски, бу илк ҳолат эмас, деб ёзмоқда улар. Бош прокуратура келин-куёв бирга яшаётгани ва куёвга майда безорилик бўйича маъмурий иш очилганини билдирди.
Бош прокуратура хабаридан маълум бўлишича, шу йилнинг 6 июн куни Сурхондарё вилояти Узун туманида бўлган никоҳ тўйи маросимида келин ва куёвга ўралган ҳолда ширинлик берилиб, уни ким биринчи бўлиб очиш ўйини ўтказилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўйинда келин ютиб чиққан. Бундан ғазабланган куёв тўйга келган меҳмонлар қаршисида келиннинг бошига бир туширган.
Видео давомида келинни аёллар воқеа жойидан олиб чиқишга ҳаракат қилгани ва куёв асабий ҳолда ўз чап қўлини бир неча маротаба қисгани акс этган.
Аввалига нима бўлаётганини англолмай қолган куёв жўранинг юзидаги кулги, бир муддатдан сўнг ҳайратга айланганини кўриш мумкин.
Куёвнинг бу ҳаракати нафақат жўрасининг балки, дунёдаги йирик нашрларнинг ҳам ҳайратига сабаб бўлди.
"Келин ютди, куёв урди" деб ёзди Германиянинг машҳур Билд нашри.
Британиядаги оммабоп бўлган бир йўла уч нашр ушбу тўй ҳақида ёзди.

Сурат манбаси, Screenshot
"Тўйдаги жаҳаннам - шок ҳолат: Куёв тўйига келган меҳмонларни ҳайратга солиб ўз рафиқасини урди", деган сарлавҳа қўйган The Sun нашри.
DailyMail эса "Даҳшатли лаҳза: Ўзбекистонда ўтган тўйдаги ўйинда келин ютганидан сўнг куёв уни урди", деган.
"Куёв тўйда ютқазиб қўйгани учун янги келинни муштлади", деб ёзди Metro.
"Афсуски, бу ҳолат Ўзбекистонда илк маротаба кузатилмаяпти", дейилади унда.
Ҳолатни Жанубий Корея телеканаллари ва Россиядаги нашрлар ҳам ёритди.
Унга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирди.
Бу материалга кириш имконсиз
Кўпроқ кўринг FacebookБи-би-си ташқи сайтлар мазмуни учун масъул эмас.Охири Facebook пост
"Мабодо "аёл эркакка ён босиши шарт", "ўзи айбдор, тили узун бўлса керак" каби гапларни эшитаётган бўлсангиз, мана бу ҳақиқий фалокатдир.
Биз ҳаммамиз ривожланган, маданиятли юртда, бой ва бахтли яшашни хоҳлаймиз. Демак, ҳар биримиз аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини англашимиз ва шу қарашда қатъий туришимиз зарур.
Бундай ҳолатларни хотиржам кузатиш, бир-бир бўлиб туради-да, деб оддий қараш мумкин эмас", деган Саида Мирзиёева.
Мирзиёева аёлларни мустақил ва кучли қиладиган таълим зарурлигини таъкидлаган.
Блогер Шаҳноза Соатова бундай ҳолат Ўзбекистонда биринчи эмас, деган.
У аёлларга бўлаётган зўравонликлар жамиятда акс-садо бераётган бўлса-да, айрим давлат идоралари ва жамиятда бундай ҳолатни оқловчи аёллар ҳам борлигини ёзган.
"Аслида у куёв тўйда келинни урганларнинг биринчиси эмас, бундай видеоларни аввал ҳам кўрганмиз. Даҳшатлиси ундан кейин бўлган, келинларнинг аксари барибир ўша зўравонлар билан яшашган. Бунга уларни асосан аёллар кўндиришган. Янгалар, опа-сингиллар: "Эр деган шунақа бўлади, урса урибди, айб ўзингда, ютқизиб берсанг бўларди/тортни ўйин қилмай едириш керак эди ва ҳ.к..." гапларни келинга айтишган бўлса ҳам керак", дейди у.
Тўйдаги келинни уриш воқеаси туширилган видео тарқалиб, акс-садоларга сабаб бўлганидан сўнг ҳуқуқ тартибот идораларининг эътиборига тушди.
Бош прокуратуранинг хабар беришича, Сурхондарё вилояти Узун тумани ИИБ номи ошкор қилинмаётган куёвни майда безорилик бўйича маъмурий жавобгарликка тортган. Тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.
Бош прокуратура келин-куёвнинг мутасаддилар олдида турган расмини чоп қилиб, куёв ва келин ҳамда уларнинг ота-оналари билан профилактик суҳбат ўтказилганини ёзди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































