Видео. Украина деб, Ўзбекистон яна жангари гуруҳлар таҳдиди остида қоладими? Афғонистон ва Толибон Video Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Афғонистондаги бугунги вазият

Сурат манбаси, Reuters

Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўзбекистонга чегарадош Афғонистон дунёнинг энг йирик ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топиб келган давлати бўлади. Агар Украина деб, Ғарб унутса ва Афғонистон Ер юзининг "жаҳаннами"га айланса, жангари гуруҳлар яна жонланадими?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Украинага берилаётган мислсиз кўмак қисқа вақтнинг ўзидаёқ Ғарб дунёнинг бошқа фожеаларини унутди, деган жиддий танқидларга ҳам сабаб бўлиб улгурди.

Яман, Сурия сирасида узоқ йиллик урушлардан энди-энди чиқаётган Афғонистон ҳам хосан тилга олинди.

Ғарб яқин-яқингача Афғонистоннинг энг йирик донорларидан бири бўлиб келган. Аммо...

Толибон қудратга қайтган кун

Ўтган йил 15 август куни Афғонистонда Толибон яна қудратга қайтган.

Ҳаракат бу гал ҳам мамлакатни қуролли йўл билан эгаллаган.

Хорижий иттифоқ қўшинларининг ортиқ Афғонистонда қолишларига изн бермаган, уларнинг қолиш муҳлатларини узайтирмаган.

Сўнгги АҚШ ҳарбийси Афғонистонни худди ўша йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Мозори Шариф шаҳри учун жанглар

Сурат манбаси, official

Афғонистонда ҳокимият тинч йўл билан алмашмаган.

Куч билан қудратга қайтишидан саноқли ҳафталар ўтиб, Толибон ўзининг муваққат ҳукуматини тузган.

Афғонистонни яна Исломий Амирлик, деб эълон қилган.

Ўзининг сиёсий қанотига ҳам эга Толибон минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади.

Халқаро ҳарбий доираларда ҳаракат сафларидаги доимий аъзоларининг сони юз мингга яқин экани айтилади.

Толибон ўз вақтида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистондаги илк ва яқин иттифоқчиси ҳам бўлган.

Халқаро ҳамжамият бундан аввал Толибонни Афғонистонни куч билан босиб олган тақдирда, иҳоталаб қўйиш билан огоҳлантирган.

Орадан 10 ойча вақт ўтган эса-да, дунёнинг бирор бир давлати уларнинг муваққат ҳукуматини ҳалича қонуний, деб тан олмаган.

Уни "инклюзив эмас"ликда ҳам кескин танқид қилган.

Четдаги миллиардлаб долларлик музлатиб қўйилган активларини ҳам ҳалича тўлиғича очмаган.

Янги таҳдид хавфи

Мозори Шариф

Ўзбекистонга чегарадош бу давлат ҳозир очарчилик ёқасида.

Аҳолисининг аксарияти - ўн миллионлаб одам оч.

Яқинда фавқулодда ёрдам кўрсатилмаса, Афғонистон "Ер юзининг жаҳаннами"га айланади, деган устма-уст огоҳликлар янграган.

Худди шу манзарада Афғонистон яна нафақат минтақа, балки дунё учун ҳам жиддий таҳдидга айланади, деган хавотирлар ҳам бўй кўрсатган.

Узоқ йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон ал-Қоида бўладими ёки ИШИД, дунёнинг турли жангари гуруҳлари фаол ва бошпана топиб келган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Ҳозир Афғонистонда қудратда бўлган Толибон ҳаракати ҳам яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ саналган.

Фазил Аҳмад Бургут

Сурат манбаси, Screenshot

Афғонистонлик таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургутнинг айтишича, айнан очарчилик ва очлик радикал ислом, фундаментализм ва террор тармоқларини кучайтирувчи омил бўлиб ҳам хизмат қилади.

Унга кўра, биргина террорчи тармоқлар эмас, гиёҳванд моддалар, одам ва инсон органлари ноқонуний савдоси ҳам кучайиши мумкин бўлади.

"Буларнинг барчаси эса, минтақа давлатларига жиддий таҳдиддир", - дейди эксперт.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Тошкентдаги музокаралар

Сурат манбаси, official

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга чегарадош бешта мамлакатидан биттаси бўлади.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Толибоннинг муваққат ҳукуматини биринчилардан бўлиб олқишлаб чиққан, улар билан расмий мулоқотларини фаоллаштираётган, инсонпарварлик ёрдамларини давом эттиришга қарор қилган дунёнинг саноқли давлатларидан бири.

Аксарият минтақавий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон шу йўл билан жангарилар бўладими ёки катта сондаги қочқинлар оқими - Афғонистондан келиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф ва таҳдидни юмшатиш ҳаракатида.

Шавкат Мирзиёев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг сўнгги саммитларидан бирида ҳам халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини Афғонистонга тортган.

Ўзбекистон раҳбари расмий ва юқори минбардан туриб, уларни Афғонистонни яккалаб қўймасликка чақирган.

Аксарият минтақавий таҳлилчилар ҳам расмий Тошкент бугун Толибон билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш ҳаракатида эканини урғулашади.

Яъни, уларнинг наздларида, Ўзбекистон ҳаракат Афғонистонда доимий барқарорликни ўрнатишга муваффақ бўлса, ўзининг узоқ йиллик йирик иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам кўз тиккан.

Қудратга қайтиши арафасида эса, ҳатто Хитой ҳам ҳаракатни "Афғонистон масаласида якуний сўзни айтувчи муҳим ҳарбий ва сиёсий куч"га нисбат берганди.

Ўқ отилмаса, бўлди

Ҳайратон кўприги

Ўзининг яқинда қилган чиқишларида президент Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, ҳар тонг Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги вазият билан қизиқади.

"30-40 дақиқа унга ўзаро чегарадаги вазият ҳақида хабар беришади".

"Ўтираверсак, вазиятни бизга ҳеч ким айтмайди", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти "қўшни танланмаслиги"ни таъкидлаган.

Яна бир бор "жафокаш афғон халқига қўлларидан келганча ёрдам беришлари"ни билдирган.

Ягона мақсадлари - "Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмаслиги" эканини қайта такрорлаган.

Афғонистоннинг "янги раҳбарлари билан музокаралар олиб бораётганликлари"ни Ўзбекистон президенти ўлароқ Шавкат Мирзиёев ҳам тасдиқлаган.

Ҳукумат ҳайъатининг ўтган йил 7 октябрь кунги ташрифи чоғида эса, Толибон томони расмий Тошкентга сўнгги йилларда бериб келган ваъдаларини яна бир бор такрорлаган.

Шимолий қўшниларини яна бир бор Афғонистон ҳудудидан Ўзбекистон хавфсизлигига бирор бир таҳдид бўлмаслигига қатъий ишонтирган.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги иқтисодий манфаатлари, йирик лойиҳалари ижроси, этник ўзбекларнинг тили ва маданиятини ҳам ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашга такроран ваъда берган.

Ўзаро чегара

Ҳайратон кўприги

Сурат манбаси, Screenshot

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси қолган ташқи чегараларининг ичида энг қисқаси бўлади.

Аммо Ўзбекистон билан икки ўртада Афғонистоннинг халқаро аҳамиятга молик ва Шимолий Таъминот тармоғининг энг муҳим узви бўлган Ҳайратон кўприги ва порти жойлашган.

Икки давлатни муҳим муҳим автомобиль, поезд ва сув йўллари боғлаб туради.

Ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларининг барчаси ҳам толиблар назорати остида.

Ўзбекистон ўтган йил 21 июнь куни Афғонистон билан чегарасини бир томонлама ёпган, буни қўшниларидаги ковид билан боғлиқ кескин ёмонлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Орада расмий Тошкент "Ўзбекистон Афғонистондаги Толибон режимидан қочганларга ўз чегараларини очишга тайёрлиги" ҳақидаги хабарларни рад этиб чиққан.

Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг 30 август кунги расмий баёнотида, "ҳозирда хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон-Афғонистон чегараси тўлиқ ёпилгани"ни маълум қилган.

"Яқин орада Ўзбекистон-Афғонистон чегарасидаги "Термиз" назорат-ўтказиш пунктини очиш кўзда тутилмагани"ни билдирган.

Яқинда Ўзбекистон томони чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича "Толибон" ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилган.

Худди шу манзарада айрим Ғарб нашрлари Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида ички ишлар, ҳарбийлар ва бошқа махсус хизматлар ходимларининг рейдлари фаоллашгани ҳақида ҳам хабар беришган.

Яқинда ўзининг сайловолди тарғибот кампанияси билан Наманган вилоятида экан, Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан чегарада бир аскарлари "қаҳрамонларча" ҳалок бўлганини ҳам маълум қилган.

Президент бунга Афғонистон томонидан давлат чегарасини бузиб ўтиш ҳаракати сабаб бўлганини билдирган.

Аммо воқеанинг бошқа тафсилотларини очиқламаган.

Афғонистондаги воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида бу ҳам ўша соатлардаёқ Ўзбекистонда сарлавҳаларга чиққан хабарга айланган.

Музокара ва мудофаа

президент

Ҳозирда марҳум Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқроқ бошқаруви давомида расмий Тошкент Афғонистонга хавфсизлик призмаси орқали кириб келган.

Ўзининг янгича минтақавий ташқи сиёсати билан халқаро миқёсда эътибор ва эътироф топган Шавкат Мирзиёев эса, ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари бўлган Афғонистон билан ҳам ҳар томонлама алоқаларни кучайтириш ва мустаҳкамлаш сиёсатини илгари сурган.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда қилган худди шу чиқишида чоғида ўзи лавозимга келган пайтида Ўзбекистоннинг 57 фоиз чегарасида муаммо бўлганини очиқлаган.

"Қўшни мамлакатлар билан музокаралар ёрдамида уларнинг аксариятини ҳал қилганликлари"ни билдирган.

Аммо ўтган йил сайловолди амалиёти билан Наманганда эканида, Афғонистон масаласида ўзларининг дахлсизлик мавқеида қатъий эканликлари, лекин керак бўлса, ўз чегаралари ҳимояси учун "қурол ишлатишлари"ни айтгани хабар берилган.

Унинг бу сўзларидан иқтибосни ўшанда Telegramдаги Ниҳол канали келтирган.

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Толибон жангариси

Афғонистон Толибон ҳаракати Ўзбекистонда расман "террорчи ташкилот", деб тан олинмаган.

Шавкат Мирзиёев шу йил 27 август куни Навоий вилояти қилган чиқишида Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тинчлиги учун, " ким бўлишидан қатъиназар, исталган томон билан гаплашиши"ни билдирган.

"Хавотир олишга ўрин йўқ"лигини таъкидлаган.

"Мудофаа қудратлари ҳар қандай вазиятга тайёр экани ва Афғонистонда вазиятни назорат қилиб туришгани"ни баён қилганди.

Ўзбекистон президенти худди шу чиқиши чоғида "ҳали ҳеч бир давлат бу ишни қилмаган бир пайтда" ўзининг нега толиблар билан мулоқот олиб боришга топшириқ бергани сабабини ҳам очиқлаган.

Президент Мирзиёев Толибоннинг Доҳадаги сиёсий лидери (ҳозирда муваққат Бош вазирининг биринчи ўринбосари) Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслигига ваъда бергани ва ўз ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқотда бўлишлари "табиий" эканини айтган.

"Афғонистон халқи ҳозир ёрдамга муҳтож" экани, "агар улар тинчлик сари ҳаракат қилишса, ўзларининг уларга кўмакчи бўлишлари"ни таъкидлаганди.

Афғонистон дунёнинг энг кўп - миллионлаб сондаги этник ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати сифатида кўрилади.

Аммо узоқ йиллик урушлар сабаб, Афғонистон аҳолиси бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган, худди шу боис ҳам, мамлакатдаги миллий озчиликларнинг аниқ фоизига оид ишончли рақамлар имконли эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek