Валентина Чупик: Ўзбекистон ўзгарувчанлиги билан ҳам ишончсиз - видео

Москванинг Шереметьево аэропортида қўлга олингани хабари ортидан Валентина Чупикни озод этиш талаблари янгради

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Москванинг Шереметьево аэропортида қўлга олингани хабари ортидан Валентина Чупикни озод этиш талаблари янгради
Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Тошкентлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик айтишича, у ватанига қайтишни истайди, аммо Ўзбекистон ўзи учун ҳали ҳам хавфли мамлакатлигича қолаяпти.

- Менга паспортнинг қандай шартлар эвазига келганини камчилик инсонлар билади. Қисқа қилиб айтсам, сайловолди даврда ортиқча муаммолар туғдирмаслигим учун беришаётгани айтилди.

У ерда вазият ўзгарган, ҳали минг марта ўзгаради, турланаверади. Шуниси билан ҳам ишончсиз, - деди Валентина Чупик Би-би-си ўзбек хизмати билан суҳбатда.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россиядан 30 йилга депортация қилинган Валентина ҳозирда Арманистонда туриб, Россиядаги мигрантларга (уларнинг катта қисми ўзбекистонликлар) ёрдам қилишда давом этаяпти.

«Қамалганимнинг шовқини озодликдагилигимдан оз бўлмайди», дейди таниқли юрист.

"Валяпа" ким?

Валентина Чупик

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Валентина Чупикни Россияда «мигрантларнинг онаси» дейишади.

У ҳақиқатдан ҳам ярим тунми тонг саҳарми, қай вақтлигига қарамай, меҳнат муҳожирларнинг ёрдам сўраб қилинган телефон қўнғироқларига жавоб беради. Уларни полиция маҳкамаларидан олиб чиқади, қулликка тушиб қолган мигрантларни қонуний йўл билан халос қилади, ишлаб ҳақига алданиб қолганларнинг маошларни ундиришда, Россияга киришга ноҳақ тақиқ қўйилган, ёки чиқариб юборилганларни суд орқали ҳуқуқини тиклашда ёрдам беради.

Ҳайитларда, байрамларда ҳайрия акциялари эълон қилиб, озиқ-овқат, кийим-кечак, кундалик зарур эҳтиёж нарсалари тўплашга киришади. Уларни йиғиб, Россияда миграция қонунчилигига риоя қилмагани ортидан «спецприёмник»ларга тушган мигрантларнинг ҳолидан хабар олади. Карантин даврида оғир вазиятда қолган мигрантларга уйма-уй юриб, озиқ-овқат маҳсулотлари ташишни ташкиллаштирди.

Турли миллат вакилларидан иборат меҳнат муҳожирларининг болалари рўйхатини тузишга киришиб қоларди, сўнг совға-саломлар билан уларга байрамлар уюштиради.

Мигрантлар ўз ҳуқуқини яхши билишлари ва зарур вақтда талаб қила олишлари мақсадида «Мигрантлар мактаби» ташкил этган. Ҳар ойда муҳожирларга миграция қонунчилиги, полиция ёки ноҳақликка тўқнаш келганда ва фирибгарлик ҳолатларида тўғри ҳаракат қилишдан сабоқ беради.

Россияда энг ҳақ-ҳуқуқсиз қатлам - меҳнат муҳожирлари ҳимояси билан шуғулланарди. Ва буларнинг барчасини бепулга бажарарди.

Унинг «Тонг жаҳони»

Валентина Чупик, Ботиржон Шермуҳаммад

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Тошкентлик Валентина Чупик 2006 йилда хавфсизлик идоралари томонидан ўзига нисбатан тазйиқлар, қийноқлар бўлгани ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мужбур бўлганини айтади.

Валентина «Тонг жаҳони» номли МЧЖ очиб, Россияда мигрантлар учун бепул юрист сифатида фаолият олиб бормоқда. Ташкилот халқаро грантлар ҳисобига фаолият юритади.

Юридик фанлари доктори даражасига эга Валентина Чупик 2009 йилдан буён Россияда қочқинлик мақомида эди.

Валентинага ёрдам сўраб мурожаат қилувчилар асосан Россияда ишлаётган Ўзбекистон, Тожикистон ва қирғизистонлик меҳнат муҳожирларидир.

Валентина Чупик йилига ўн минглаб мигрантларга ҳуқуқий ёрдамлари билан Россиядаги меҳнат муҳожирлари нақадар оғир аҳволда эканлигини кенг жамоатчиликка кўрсатди. Россия полицияси ва бошқа давлат идоралари томонидан ҳақлари топталаётган муҳожирларга қонун доирасида қарши туриш тизимини ишлаб чиқди. Меҳнат муҳожирларининг энг катта муаммоси рус тилини билмаслик эканлигини ҳисобга олиб, ташкилотга 5 тилда (ўзбек, тожик, қирғиз, рус ва инглиз тилларида) ёрдам бериш учун турли миллат вакиллари бўлган юристларни жалб қилди.

«Тонг жаҳони» Россиядаги меҳнат муҳожирларининг бепул амалий ёрдам кўрсатаётган ягона ташкилот бўлиб қолмоқда. Чупик ва унинг шогирдлари томонидан Россияда охирги йилнинг ўзида 70 мингга яқин муҳожирга ҳуқуқий ёрдам кўрсатган.

«Бутун бошли элчихонаю консулликлар қилиши керак бўлган ишларнинг катта қисмини Валентина Чупик бажарарди», дейди унинг ҳамкасби, юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

Аэропортдаги ҳибс

Шереметьево аэропортида ҳибс

Сурат манбаси, Social media

25 сентябрь куни Арманистонда семинарда иштирок этиб Москвага қайтаётган Валентина Чупик Шереметьево аэропортида ушланган. Унга ФХХ ходимлари қочқинлик мақоми бекор қилингани ва 2051 йилгача Россияга кириш тақиқланганини айтиб, расмий хужжат беришган. Унга кўра, Чупик «Қочқинлар тўғрисида»ги қонуннинг 9 -моддаси, 2-банди («қочқин мақомини олиш учун қасддан ёлғон маълумот ёки сохта ҳужжатлар тақдим этиш») асосида қочқинлик мақомидан маҳрум қилинган.

Бу ҳақда юристнинг ўзи журналистларга хабар берган ва аэропортнинг махсус ҳибсхонасига жойлаштирилганини маълум қилган.

«Бир умр сохта хужжатлардан нафратланадиган ва уларга қарши курашадиган юристга бундай айбнинг қўйилиши мантиқсизлик», - дейди Валентина Чупик.

Юристнинг ҳамкасблари, журналистлар унинг тақдиридан жиддий ҳавотирга тушишди. Аксар кузатувчилар Валентинанинг ушланиши ва 30 йилга депортация қилинишини унинг инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолияти билан боғлиқлигини билдиришди.

«Мигрантлар ҳимояси учун полициянинг тинчини доимий равишда бузиб келганлиги учун ундан шу зайлда ўч олишди», деб ёзишди Чупикнинг россиялик ҳамкасблари.

ФХХ қасосими?

Валентина Чупик

Сурат манбаси, Social media

Ҳуқуқ фаолининг ўзи ҳам бу ишлар айнан Россия ИИВдаги коррупция билан доимий курашиб келаётгани ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланишига боғлиқлигини тахминлаётганини айтди. Ва ФХХ ходимларидан бири унга бу ҳақда очиқ айтганини матбуотга билдирди.

- Менга «Сиз Ички ишлар вазирлиги тизимидаги коррупция ҳақида жуда кўп гапирдингиз, ҳамиша муҳожирларни ҳибсга олишда полиция ходимлари устидан шикоят қилардингиз. Улар ҳам доим устингиздан шикоят қилишарди. Хўш, биз қандай муносабатда бўлишимиз керак?, дейишди, - дейди юрист Россия нашрларига аэропортда тутиб турилган чоғида.

Чупик аэропортнинг махсус ҳибсхонасида 8 кун тутиб турилди. Унинг ёнига адвокат киритилмади, юрист ўзига нисбатан сохта айбловлар билан мамлакатдан депортация қилинаётганини таъкидлади.

Шу билан бирга унинг Ўзбекистонга депортация қилиниши ортидан ватанида эҳтимолий таъқиблар ва қийноқлар, ҳибс кутаётган бўлиши мумкинлигидан юристнинг ўзи ҳам, ҳамкасблари ҳам хавотирланиб, учинчи давлатга юбориш кераклигини айтишди.

Уйдаги тинтув

Валентина Чупик мигрантлар билан

Сурат манбаси, Social media

Валентина аэропортда тутиб туриларкан, шогирдлари унинг Москва яқинидаги яшаб турган уйига полиция ходимлари боришганини хабар қилди. Чупикнинг ёрдамчиси Александр Кимнинг билдиришича, уйда Валентинанинг 84 ёшли бетоб онаси Любовь Коденцова бўлган ва унга ҳамшира келиши учун эшик очиқ қолдирилган.

Валентинанинг ўзи уйига 9 нафар махсус хизматлар ходимлари бориб, тинтув ўтказишганини айтади.

- Бирлари онамга ўзини ФХХ полковниги деб таништирган. Онам ётиб қолган, қўлтиқтаёқда 5 метргина юра олади. Улар ҳамма хоналарни тинтиб менинг хужжатларимни излашган, ҳеч нима топа олишмаган. Аммо бирон нима ташлаб қўйишлари ҳам мумкин эди. Онам «қизимсиз ҳеч нимани ўқимайман, қўл қўймайман, ҳеч нима қилмайман», деб туриб олган, - дейди Валентина.

Россия учун жавобгарликни истамайман

Юрист ўзининг Россиядаги хуқуқий мақомини мустаҳкамлаш имконияти бўлганини ва ундан фойдаланишни рад этишини билдирди.

- «Менга фуқароликни кўп марта таклиф қилишган. Россиянинг 3 та қизил дипломи, бу матахассисликдаги кўп йиллик иш тажрибам билан вақтинча яшаш гувоҳномаси ва унинг ортидан дарров Россия фуқаролигини олиш мен учун қийин эмасди. Ёки Уралда туғилган боболарим, рус тили қўлланувчиси эканлигим каби бошқа асосларим ҳам етарли эди, хужжатларим ҳам сақланиб қолган.

Аммо истамайман. Ҳеч қачон Россия фуқароси бўлишни - Россия қилаётган ишлар: коррупция, миллатчилик, агрессив урушлар, Конституцияси ва ўз фуқароларини оёқости қилишларига фуқаровий жавобгар бўлишини истамаганман. Менга Ўзбекистонимдаги зулмлар учун фуқаровий жавобгарлигим етарли. Менинг мамлакатим ҳеч бўлмаса, тажовузкор урушлар ўтказмайди ва миллатчиликдан ҳоли, - дейди Валентина Чупик.

Янги паспорт ва озодлик

Қийноқларга қарши қўмита Чупикнинг қўлга олиниши ва Россиядан бадарға қилиниши эҳтимоли масаласида зудлик билан Европа судига мурожаат қилди. Мурожаатномада Страсбург судидан 39-қоидани қўллаган ҳолда, Россия ҳукумати зиммасига Чупик ёнига адвокатини киритиш ва уни депортация қилмаслик мажбуриятини юклаш сўралган.

30 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси расмийлари аэропорт махсус хонасида тутиб турилган Валентинанинг ёнига унинг хужжатларини расмийлаштириш учун келишган.

2 октябрь куни Россия ҳукумати Валентина Чупикни Шереметьево аэропортидаги хибсхонадан озод этди.

- Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Валентинани Ўзбекистонга депортация қилинишини тақиқлаганидан сўнг, унга Арманистонга учишга рухсат берилди, - хабар берди Александр Ким.

Ўзбекистон Валентина Чупикка янги хорижга чиқиш паспортини берган. Валентина Чупик Фейсбукдаги саҳифасида паспортини олишда ўз лавозими ва меҳнат фаолиятини хатарга қўйиб бўлса ҳам ёрдам берган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Москва ваколатхонаси раҳбари ва консуллик ҳодимларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, унинг вазияти нисбатан ижобий якун топишида россиялик ҳамкасбларининг ва ОАВнинг ўрни катта бўлганини таъкидлади.

Қамалганимнинг шовқини озодлигимдагидан оз бўлмайди

- Россия талаб қилганидек, мени олиб кетиб ертўлага қамаш ўрнига ДХХ ни менга паспорт бериб имкон қадар узоқроққа жўнатишга кўндирган Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ва Москвадаги элчихонамизнинг консуллик хизмати ходимларига алоҳида рахмат. Ўзларини хатарга қўйишнинг ўзи бўлмайди. Менинг қамалишим шовқини озодликдагилигимдан оз бўлмасди, - дейди юрист.

Валентина ватанига қайтишни исташи, аммо Ўзбекистон ҳали ҳам у учун ҳавфли мамлакатлигича қолаётганини билдирди.

- Тўғри, улар менга паспорт беришди. Аммо бунинг қандай шартлар эвазига келганини камчилик инсонлар билади. Менга паспортни қисқа қилиб айтсам, сайловолди даврда ортиқча муаммолар туғдирмаслигим учун беришаётгани айтилди. У ерда вазият ўзгарган (мен учун яхши томонга дея олмайман). Ўзбекистонда вазиятлар ҳали минг марта ўзгаради, турланаверади. Шуниси билан ҳам ишончсиз, - деди Валентина.

У таваккал қилиб ватанига қайтиши билан ўз ҳаётини хавфга қўйишдан кўра, Россиядаги юз минглаб мигрантларнинг ҳимоясиз қолишидан ташвишланишини айтди.

- Мен мигрантларга керакман, бу ишимни ҳеч қачон ташламайман. Ҳозир мурожаат қилувчиларнинг кўпчилиги бўлиб ўтган воқеалардан хабарсиз. Келиб ёрдам беринг, дейишаяпти. Арманистонда эканимни айтсам, «қандай қилиб бизни ташлаб кетишга журъат қилдингиз?», ҳам дейишаяпти. Уларга вазиятимни тушунтириш жуда қийин, - дейди Чупик.

"Чупик? Сизни депортирация қилишганди-ку!"

Валентина Чупикнинг тақдири ҳозирча номаълум. У Европа мамлакатларидан бирига онаси билан кўчиб ўтишга ҳаракат қилаяпти. Чупикнинг кекса ва хаста онаси эса ҳамон Москва яқинида қолмоқда.

Чупик Арманистонда туриб ҳам Россиядаги мигрантларга ёрдам қилишда давом этаяпти. У кунига 200-250 тача ёрдам ёки юридик маслаҳатлар сўралган телефон қўнғироқларига жавоб бераётганини айтди.

- Арманистонга келиб телефонимни ишлатган биринчи куним 800 га яқин қўнғироқни қабул қилдим. Тасаввур қилаяпсизми?! 2-чи куни 600 атрофида, ҳозир эса яна олдингидек, кунига 200-250 атрофида қўнғироқларга жавоб бераяпман, - дейди Валентина.

Юрист яна муҳожирларга маслаҳатлар бераётгани, уларни полиция маҳкамаларидан олиб чиқаётгани, яна ноҳақликлардан шикоятлар ёзаётгани - уни бахтли қилаётганини билдирди.

- Полиция маҳкамаларига қўнғироқ қилаяпман. Кўпчиликнинг хабари йўқ. Аммо айрим навбатчилик қисмдагилар овозимни эшитиб, ваҳимага тушишди: "Чупик? Сизни депортирация қилишганди-ку! Қандай қўнғироқ қилаяпсиз?!" Халқаро телефон алоқалари 115 йил олдин ихтиро қилинганини тушунтиришга тўғри келаяпти, - дейди Валентина Чупик.

Арманистон ҳам хавфсиз эмас

«Тонг жаҳони» ҳам Москвада ўз фаолиятини давом эттираяпти. Валентина ташкилотда ҳозирда 6 нафар мутахассис меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатишда давом этаётганини айтди. Ходимларнинг хавфсизлиги учун қайғураётганини билдирди. Шунингдек, ўзининг хавфсизлиги борасида ҳам ишончи комил эмас.

- Арманистон у қадар хавфсиз давлат эмас, Россия уларга Ўзбекистонга ўтказгани каби босим ўтказса, мени бериб юборишлари мумкин. Украина ҳам шундай. Балки яна узоққа кетишимга тўғри келиши мумкин. Ҳа, мен қашшоқ ва уйсизман - аммо мен инсонларга ёрдам бера оламан. Демак, яшашга ҳаққим бор, менга меҳр қўйишларига арзирли хизматим бор. Мен курашаман ва ғолиб бўламан, гарчи бу кимларгадир ёқмаса ҳам!

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek