“Дўстлик” чегараси: Қалбаки тест қоғозлари ва порахўрлик иддаолари - Ўзбекистон ва Қирғизистон Qirg'iziston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Ўшдаги "Дўстлик" чегара пункти Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги энг йирик назорат-ўтиш нуқтаси. "Дўстлик" орқали ҳозир кунига беш минг атрофида одам ўтмоқда. Аммо ўтаётганлар шикоятда. "Дўстлик"да нималар бўлмоқда? Вазиятга яқиндан бир назар.
Куни-кеча ўзбекистонлик блогер Исроил ижтимоий тармоқ орқали Қирғизистон президенти Садир Жапаровга очиқ мурожаат йўллаб, "Дўстлик" - қирғиз-ўзбек давлат чегарасидаги ноқонуний текширувлар ва қирғиз чегарачиларининг товламачиликларидан шикоят қилган.
У қўшни давлат раҳбаридан чегарадиги муаммоларни ҳал этишини сўраган.
"Ҳурматли Садир Жапаров, ҳозирги кунда хабарингиз бўлса керак Андижон-Ўш чегара постидан Ўзбекистон фуқаролари ўтиб, Ўш орқали Қозоғистоннинг Остона ва Олма-ота шаҳарларига учиб келишади. Чегарада бироз одамнинг жаҳлини чиқарадиган ва Қирғизистон мамлакатини шарманда қиладиган ҳолатлар бўлаяпти. Яъни солдатларингиз постда, ҳар бир одамдан 50 минг сўмдан олиб, кейин чегарадан ўтказаяпти. Агар пулни бермаса, ПЦР тестга топшириб, олган қоғозини қалбаки, деб баҳона қилиб қайтаради. Пул бермасликнинг иложи йўқ. Пул бермаса ўтказишмаяпти. Пулсиз ўтаман деган одамни шунақа қилиб ушлаб туриб, самолётдан кеч қолдириб, хуллас, қийинчилик ҳолат. Шунинг учун, сиздан илтимос, постдан бир хабар олиб, нима гап, нима сўз, билсангиз. Шу порахўрликнинг олдини олсангиз. Бошқа давлатдагилар ҳам эшитса, уят, кулгили ҳолат бўлаяпти. Қирғиз-ўзбек дўст деймиз, азалдан бир-бирига қуда-андачилиги бор, лекин мана бу бўлаётган ҳолат жуда кулгили ва уятли. Шуларга бир чора кўришларингизни илтимос қилардик. Ҳозирги кунда пандемия сабаб қийинчиликлар кўпайиб, кетиб, келмай деса иложи йўқ, бола-чақасини боқиш керак. Қирғизистон постида шунақа қийинчиликлар бўлаяпти", дейди блогер Исроил.
У ҳозирда Олма-ота шаҳрида яшашини, келган одамларнинг кўпини кутиб олишини, уларнинг деярли барчаси шундай муаммо, қийинчилик билан келаётганини айтади.
Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси Чегара хизмати ўзбекистонлик блогернинг айтганларига раддия бериб, "Дўстлик" чегарасида ноқонуний текширувлар ва порахўрликлар йўқлигини урғулаган.
"Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг чегара хизмати фақат давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни (фуқаронинг паспорти, вояга етмаганларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси) текширади. Сўнгги пайтларда қўшни давлатлар фуқаролари томонидан ПЦР тестининг салбий натижалари ва сохта Covid-19га қарши эмлаш сертификатлари билан давлат чегарасини кесиб ўтишга уринишлар кўпайган. Бундай фактлар ҳақидаги маълумотлар тегишли чоралар кўриш учун қўшни давлатларнинг чегара бўлимларига юборилади", дейилади расмий баёнотда.
Чегарадаги ҳолат

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг Чегара хизмати журналистлар учун "Дўстлик" чегарасида пресс-тур уюштириб, чегарадаги ҳолат билан таништирди.
Чегарада Қирғизистон ҳудудига ўтмоқчи бўлиб турган элликка яқин ўзбекистонликни учратдик.
Уларни Қирғизистон чегара чизиғидаги шифокорлар навбат билан ўтказар экан, қўлларидаги ПЦР тест қоғозларини бир кўришдаёқ ҳақиқий ёки қалбаки эканини айтмоқда. Қалбаки чиққанларни эса ортга қайтармоқда.
Навбатда турган онахон ва қизига ҳам чегарадан ўтишига рухсат берилмади. Улар нега бундай бўлганини тушуна олмаётганини айтади.
"ПЦР тест топшир, деяпти. Уч марталаб эмланганимиз ҳақида сертификат бор-ку. У ўтмайди, деяпти. Нега ундай деяпти, билмадим. Сертификат ўтмаса, нима учун олаяпмиз?", - дея ҳайрон суҳбатдошим.
У билан ортга қайтарилган яна бир суҳбатдош қўлидаги тест қоғозини кўрсатади.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Бу қоғозни кеча олдим. Муддати ўтиб кетмаган. Лекин бунинг Қирғизистонга ўтмайди. Алоҳида ПЦР тест топширасан деяпти", - дейди у.
Одамлар журналистларга ўз норозиликларини айтаётган пайтда, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили келиб, уларнинг қўлларидаги қоғозларнинг фарқи ҳақида тушунтириб берди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Бу ПЦР тест қоғози эмас, экспресс тест қоғози. Бу билан чегарани кесиб ўтиш мумкин эмас. Вакцина сертификати ўтмайди. Фақат ПЦР тест қоғози билан ўтиш мумкин. Ҳозир барча давлатларга шу қоғоз билан бориш рухсат берилган. ПЦР тест натижаси 6 соатдан кам чиқмайди, бир кунда чиқади. Қўлингиздаги қоғоз қалбаки. Ҳақиқийларининг муҳри кўк рангда бўлади. Қоғоз тагида бўрттириб ёзилган сонлар, голограмма ва шифокор имзолари ҳам бошқача. Қоғоздаги QR код ҳам бошқа одам номига чиқаяпти. Сизларга бу қоғозни бераётганларга арз қилинглар. Тест қоғозларини фақат расмий, лицензияси бор лабораториялардан олинглар. Бундай қалбаки ҳужжат билан келсангизлар ўтказмаймиз", дейди қўлида ҳақиқий тест қоғози борларни чегарадан ўтказаётган Транспорт санэпидемиология назорат хизматининг бош шифокор муовини Санжар Абдукаимов.
Унинг сўзларига кўра, кунига чегарадан ўтаётган ўзбекистонликларнинг 80 фоизи қўлларидаги тест қоғозларининг қалбаки эканлиги сабаб ортга қайтарилмоқда. Бу ҳақда ўзбекистонлик ҳамкасбларига хабар берилганини қўшимча қилади у.
Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда "Дўстлик" қирғиз-ўзбек чегарасидан 5000га яқин одам ўтмоқда.
Порахўрлик иддаолари
Андижонлик Моҳидил Ғоипова ҳам кун ора "Дўстлик" чегарасини кесиб ўтаётганлардан бири. У чегарадаги порахўрликдан нолийди.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Қўлимдаги тест қоғозини Ўзбекистон чегарасида бераяпти. Бу Қирғизистон фуқаролари учун ҳам берилаяпти. Лекин биз бу билан Қирғизистонга кира олмаймиз. Бошқа ердан, вагондан қоғоз олиб келсак, гуллигини олиб келишни, бугун кўк муҳр бўлса, эртага қизилини олиб келишни айтади. Агар биз ўшани қилиб бера олмасак, бу ерда, чегарада турибмиз. Уч кунлаб ўта олмай ҳам турдик. Тезроқ ўтиб кетишимиз учун 50 мингдан бериб ўтамиз. Кеча ҳам пул бериб ўтдим. 200 минг сўмга тест қоғозини қилиб бераман деганди, мен уни бера олмайман дедим. Унинг ўрнига 50 минг сўм бериб ўтиб кетдим", дейди суҳбатдошим.
Иддао қилаётганингиз порахўрлик бўйича тегишли идораларга арз қилдингизми, деган саволимизга: "Паспортимизни олиб, тест топширасизлар деб, хонасига олиб кириб, пул олиб, ўзимизни Ўзбекистондан олган қоғозимиз билан чиқариб юборди. Ўзбекистондан олган қоғозимиз бошқа чегара, аэропортларда ўтаяпти, нега Қирғизистонда ўтмаяпти? 130 минг сўмга олган тест қоғозимиз ўтмаётгани ҳақида Ўзбекистон чегарачиларидан ҳам сўрадик, улар, бу бизнинг ишимиз эмас, қирғиз чегарачиларидан ёрдам сўранглар деяпти", дея норози бўлади Моҳидил Ғоипова.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Тестни текширмайди ҳам, паспортингизни қарайди-да, ичида пулингиз йўқ бўлса, бунинг қалбаки деб туртиб чиқариб юборади. Кейин паспорт ичига пул солиб борсангиз, пулни олиб чўнтагига солиб, ўтказиб юборади. Чегарада одамлари бор. Улар 10-15та одамни тўплаб, паспортлар ичига пул солдириб, олиб боради. Тестни текшираётганлар кўрмасликка олиб, ўтказиб юборади. Кеча ҳам шундай қилиб ўтдим", дейди яна бир аёл.
Қирғизистон Чегара хизмати ўзбекистонликлар айтаётган иддаоларни рад қилиб, қўшни давлат фуқароларидан ҳеч қандай пора олинмаётганини айтади.
"Ўзбекистондан Қирғизистонга келаётган фуқорларнинг тест қоғозларини чегарада аввал санэпидемиология ходимлари текширади ва улар ўтказгандан кейин бизнинг чегарачилар навбат билан паспортларига муҳр босадилар. Бу икки дақиқага ҳам етмайди. Кузатув камералари ҳам ўрнатилган. Бизга нисбатан айтилаётган иддаолар асоссиз, пул олмаймиз", дейди "Дўстлик" ўтказиш пункти раҳбари Асқарбек Эрмекбаев.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Унинг сўзларига кўра, чегарадаги порахўрлик бўйича ишонч телефон рақамлари махсус таёқчаларга ёзиб қўйилган ва унга ҳар икки давлат фуқаролари мурожаат қилишлари мумкин.
"Дўстлик" чегарасидан Ўзбекистонга ўтаётган қирғизистонликлар ҳам қўшни давлат чегарасининг ўзида коронавирус тестидан ўтказилмоқда.
Ўшлик Соипжон Исроилов уч кун аввал Ўзбекистонга борган, бугун эса Ўшга қайтмоқда. У сафари олдидан Ўшдаги "Бонецский" лабораториясида коронавирусга тест топшириб, салбий натижа қоғозини олган. Бироқ у Ўзбекистонга ўтаётганда, қайта тест топширган.

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
"Тест қоғозимда штрих кодлари бор. Компьтерга солса чиқади. Лекин Ўзбекистон чегарачилари буни тан олмаслигини айтиб, 130 сўмга ўзларининг тест қоғозини чиқариб берди. Анализ олганга ўхшаб, қараб турсам уни чиқинди қутучасига ташлади. 130 минг пулимиз йўқ десак, чегарадан ўтмаслигимизни айтишди. 10-20 минг сўм кам савдолашсак, савдолашяпти. Агар уларнинг тести қонуний бўлганида, биздан 130 минг сўмдан олиб, қўлимизга чек ёзиб бериши керак эди. Лекин ундай эмас. Балки мен касалдирман, мумкин Ўзбекистонга бориб одамларга юқтирарман. Бу ерда одамларнинг соғлиги эмас, одамлардан пул олиш бўлаяпти, қийнаяпти", дейди суҳбатдошим.
Аммо туримиз давомида биз бу хусусда Ўзбекистон томонининг муносабатини олишга муваффақ бўлмадик.
Бугунги кунда Ўшдаги "Дўстлик" чегара пункти Ўзбекистон билан энг йирик ўтказиш маскани ҳисобланади.
Узоқ йиллар давомида бир тарафлама ёпиқ турган "Дўстлик" чегараси 2016 йилнинг сентябрида вафот этган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг иқтидорга келган Шавкат Мирзиеёвнинг Қирғизистон расмийлари билан ўрнатган яхши муносабатлари ортидан очилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































